Декларация топширишни унутмадингизми?!

/
Мамлакатимизда фуқароларга ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, фуқаролар асосий иш жойидан ташқари бошқа корхона ва ташкилотларда ўриндошлик асосида, ўзига тегишли мол-мулкни ижарага бериш орқали қонун билан тақиқланмаган фаолиятлар билан шуғулланиб, чекланмаган миқдорда даромад олишлари мумкин. Аммо фуқароларимиз декларация асосида солиққа тортиладиган даромадлари юзасидан доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига декларация тақдим этишни унутмасликлари лозим.
Бу борада Солиқ кодексининг 189-моддасида резидент жисмоний шахсларнинг декларация асосида солиқ солинадиган даромадлари таркиби аниқ белгилаб берилган. Мулкий даромадлар (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса), шунингдек, фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги, икки ёки ундан кўп манбадан олинган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар ҳамда солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлар декларация асосида солиққа тортиладиган даромадлар сирасига киради.
Солиқ тўловчилар ушбу даромадлар бўйича йиллик декларацияни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этишлари лозим. Солиқ агентлари солиқ даври тугаганидан ўттиз кун ичида давлат солиқ хизмати органларига даромад олган жисмоний шахслар тўғрисида (асосий иш жойи бўйича даромад олган жисмоний шахслар бундан мустасно) белгиланган шаклда маълумотнома тақдим этишлари шарт.
Декларация ҳақида гап кетар экан, яна бир нарсани таъкидлаш лозим бўлади. Бу мол-молкни ижарага беришдан даромад олаётган жисмоний шахсларга тааллуқли.
Мол-мулкини ижарага беришдан даромад олаётган жисмоний шахс, агар ушбу даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тўлов манбаида солиқ солинмаса, белгиланган муддатларда жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этиш билан бир қаторда ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки тарздаги декларация ҳам тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори билан солиқ қонунчилигига ва 2017 йил солиқ ва мажбурий тўловлар ставкаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, 2017 йил учун автотранспорт воситалари ижарасининг энг кам миқдорлари белгиланди. Автотранспорт воситалари турига қараб, яъни енгил автомобиллар учун ижара тўловининг энг кам қиймати 330 минг сўмни (2016 йилда — 220 минг сўм), бошқа транспорт турлари (микроавтобуслар, автобуслар, юк машиналари) учун — 645 минг сўмни (2016 йилда — 430 минг сўм) ташкил этади.
Худди шундай, 2017 йилнинг 1 январидан жисмоний шахслар томонидан ижарага бериладиган турар жой ва нотурар иншоотлар ижара тўловининг энг кам миқдори ҳам белгилаб берилди. Яъни нотурар жой ижарасининг энг кам қиймати 1 квадрат метр учун Тошкент шаҳрида 9 минг сўм (2016 йилда — 6 минг сўм), Нукус шаҳри ва вилоятлар тасарруфидаги шаҳарларда — 6 минг сўм (2016 йилда — 4 минг сўм), бошқа аҳоли пунктларида эса — 3 минг сўм (2016 йилда — 2 минг сўм) қилиб белгиланди.
Турар жой ижарасининг минимал ставкаси 1 квадрат метр учун бир ойга Тошкент шаҳрида — 4,5 минг сўм (2016 йилда — 3 минг сўм), Нукус ва вилоятлар тасарруфидаги шаҳарларда — 3 минг сўм (2016 йилда — 2 минг сўм) ва бошқа аҳоли пунктларида — 1,5 минг сўм (2016 йилда — минг сўм) миқдорида белгиланди.
Кези келганда айтиш лозим, жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида Бухоро вилояти бўйича тўққиз мингдан ортиқ фуқаролар томонидан солиқ қонунчилигига амал қилган ҳолда олган даромадлари тўғрисида декларация тақдим этилди. Таҳлилларга кўра, айни кунга қадар вилоятда мол-мулкини ижарага бериб даромад олган фуқаролар сони беш мингдан ошган. Эътиборлиси, Давлат солиқ қўмитаси томонидан йўлга қўйилган интерактив хизматлардан фойдаланиб, шу кунга қадар вилоятимизнинг 400 нафарга яқин фуқароси электрон декларация тақдим этган.
Гап даромадлар тўғрисида декларацияни тақдим этиш ҳақида борар экан, ундан бўйин товлаш, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унга атайин нотўғри маълумотлар киритилиши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси учинчи қисмида кўрсатилганидек, энг кам ойлик иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача миқдорда жаримага солинишига сабаб бўлади. Шунингдек, фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик ҳолати мазкур кодекснинг 159-моддаси биринчи қисми бўйича энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтиш керак, агарда декларация асосида ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ўз вақтида тўланмаса, кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиздан жарима (пеня) тўлайди. Солиқ қарздорликлари суд тартибида мажбурий ундирилади.
Шундай экан, ҳар бир фуқаро ўзи яшайдиган ҳудуддаги давлат солиқ хизмати органига ўзи учун қулай бўлган (ташриф буюрган ҳолда, буюртма билан, почта хизмати орқали ёки электрон шаклда) тарзда даромади тўғрисидаги декларацияни вақтида топширса ҳамда солиқларни белгиланган муддатларда тўлаб борса, ортиқча ташвиш ва харажатлардан холи бўлади.
Баҳодир ФАЙЗИЕВ,
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати бош мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳавога кўтарилган учоқ тушга яқин Тошкентга қўнди. Самолёт бортидан тушган йўловчилар бирин-кетин божхона назоратидан ўта бошлашди....
01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...
01 янв 1970
Давлат хизматининг барқарорлиги ва ишончлилиги мансабдор шахснинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда маънавий-ахлоқий фазилатларига ҳам боғлиқ....
01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик...