“Coca-cola” ва “Fanta”нинг сохтаси фош қилинди

/
Республикамиз божхоначилари томонидан мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, ички бозоримизни тартибга солиш, товарлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда кенг кўламли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Яқинда Жиззах вилояти божхона бошқармаси ҳодимлари томонидан олинган тезкор маълумотлар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Жиззах туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида сохта тадбиркорлар фош қилинди.
Мазкур туманда истиқомат қилувчи К.Бектурдиевнинг (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган) яшаш хонадони кўздан кечирилганда, у ўз хонадонида яширин цех фаолиятини йўлга қўйгани аниқланди. Бу ерда қўлбола усулда оддий ичимлик сувига турли синтетик аралашмалар қўшилган ҳамда ҳосил бўлган суюқлик кислород баллони орқали газланган. Сўнгра “тайёр” маҳсулот “Coca-cola”, “Fanta” каби таниқли савдо белгиларининг ёрлиғи туширилган 1,5 литр ҳажмдаги елим идишларга қуйилган. Шу тариқа контрафакт маҳсулотлар савдо расталарига йўл олган ва харидорларни алдаш йўли билан пуллаб келинган.
Тезкор тадбир давомида ушбу “цех”да қиймати салкам 2 миллион сўмлик қўлбола усулда тайёрланган ва табиийки, истеъмолга яроқсиз 124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқа воситалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Шунингдек, Жиззах туманида яшовчи яна бир фуқаро Ж.Болтаеванинг ҳам қинғир қилмишларига чек қўйилди. Амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида унинг хонадони кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам яширин цех фаолият олиб бораётгани аниқланди. Юқоридаги “ҳамкасби”дан фарқли ўлароқ Ж.Болтаеванинг тутган йўли бироз бошқача. У бозорда нисбатан арзон бошқа номдаги, яъни “Aqua-cola” ичимликларини “Coca-cola” идишларига қуйиш ва қўшимча газлантириш орқали қимматроқ пуллаш билан шуғулланиб келган.
Ушбу хонадондан қиймати 1,2 миллион сўмдан ортиқ қўлбола усулда тайёрланган, истеъмол учун яроқсиз 213 дона “Coca-cola” ичимликлари ва кислород баллони ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Хонада учта одам – ота, она ва ўғил суҳбатлашмоқда.
01 янв 1970
Мен қишлоқ хўжалигида 49 йилдан бери ишлаб келаман. Оддий тракторчиликдан иш бошлаган эдим. ...
01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти бор. Уни чуқур ҳис қилган одам асло ўз бурчига хиёнат қилмайди. Кимки ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилса, албатт...