Улуғ таянч, адолат мезони

/
Йиллар ўтган сайин Асосий қонунимизнинг ҳаётимиз, тараққиётимиз учун аҳамияти қанчалик катта эканлигини чуқурроқ англамоқдамиз. Ватан равнақи, мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечириши, тинч-тотувлигини таъминлаш, халқимизнинг буюк мақсадларини рўёбга чиқаришда Бош қомусимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлаётганига истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқларимиз яққол далилдир.
Қоровулбозор туманидаги саноат-транспорт касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қоровулбозор туман кенгаши томонидан ўтказилган “Конституция – менинг тақдиримда” мавзусидаги тадбирда шулар ҳақида фикр билдирилди.
— Асосий қонунимиз халқимизнинг кўп асрлик маънавий ҳамда умуминсоний қадриятлари, бой тарихий мероси ва халқаро андозаларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир, — деди коллеж директори ўринбосари Баҳодир Жамолов. — Ҳаётимиз қомусининг ёрқин мазмуни, ўзига хос жиҳатларини ўқувчилар онгига чуқур сингдириш орқали уларда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини юксалтириш, ёшларнинг фуқаролик бурчи ва масъулиятини, ҳуқуқий маданиятини оширишни мақсад қилганмиз.
— Мен мустақиллик фарзандиман, бу қутлуғ неъмат бизга жуда катта имкониятларни берди. Конституция биз ёшларнинг келажагимизни янада мустаҳкам бунёд этишимизда улуғ таянч бўлади, — дейди коллеж ўқувчиси Лазиза Рустамова. — Унда битилган ҳар бир сўз бениҳоя қадрли ва муҳим, уларни онг-шууримизга мустаҳкам жо қилишимиз шарт. Конституцияда ҳуқуқ ва эркинликларимиз, фуқаролик бурчимиз қонун йўли билан кафолатланган. Айниқса, унда “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, деб қайд этилгани ҳар биримизнинг орзу-мақсадларимизга қанот, қалбимизга ишонч, ғурур бағишлайди. Дарҳақиқат, юртимиз ёшлари учун кенг имкониятлар, шароитлар яратилган. Шу боис ҳар биримиз ўз ҳуқуқимиздан эркин ва унумли фойдаланган ҳолда ҳаётда ўз ўрнимизни топиб, эл-юртга наф келтирадиган инсон бўлишимиз даркор. Бош қомусимизнинг XI бобида фуқаролик бурчларимиз тўғрисида тўлиқ ва батафсил айтиб ўтилган. Биз ўз фуқаролик позициямизга эга бўлиб, мустақил фикрлай олишимиз, ҳуқуқий маданияти юксак ёшлар бўлиб камолга етишимиз зарур. Бугунги тадбирда шундай фикр ва хулосаларни яна бир бор англаб, сиёсий билимларимизни оширдик.
Партиямизнинг “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари” лойиҳаси доирасида бўлиб ўтган ушбу тадбирда сўзга чиққанлар Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги аҳамияти хусусида таҳлилий фикр-мулоҳазаларни баён қилишди. Халқчил, инсонпарвар ғояларни ўзида мужассам этган Конституциямизда белгиланган меъёрлар адолат мезони эканини таъкидлашди.
Партия фаоллари билан самимий мулоқотлар, савол-жавобларда эса ўқувчи-ёшларнинг Конституциямизга оид билимлари синовдан ўтказилди.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги олдидан
01 янв 1970
Турмуш ўртоғим ва икки нафар вояга етмаган фарзандим билан 2011 йилдан буён ўзимиз қуриб олган уй-жойда истиқомат қилиб келамиз. ...
01 янв 1970
Вилоят норкология диспансерига даволанишга ҳам ётқизди, фойдаси бўлмади...