Ҳимматнинг нархи қанча?

/
Халқимизда “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи” деган пурҳикмат нақл бор. Бу тушунган, қадрини билган инсон бир марта хато қилгандаёқ ундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олишига ишорадир. Аммо орамизда ҳар қанча қоқилмасин, қинғир ишдан ўзини тия олмаган кишилар ҳам йўқ эмас.
Бир куни Поп туманининг Олтинкон шаҳарчасида яшовчи Шокиржон Холбожонов таниши Ҳожиакбар (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) билан тортишиб қолди. Охир-оқибат тортишув шу даражага бориб етдики, Ҳожиакбар Шокиржоннинг ўнг биқинига пичоқ санчди. Бу воқеа кечки соат 21:30ларда Ш.Холбожоновнинг дарвозаси яқинида содир бўлганди. Шу боис у “Мени пичоқлаб қўйди” дея биқинини чангаллаган кўйи уйидагиларни чақирди.
Шаҳарча “Тез тиббий ёрдам бўлими” ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг хотини Дилором ва укаси Шуҳратжон уни дарҳол туман марказий шифохонасига олиб боришди. Ўша пайтда шифохонанинг “Шошилинч тиббий ёрдам бўлими”да жарроҳ Ҳусан Мирҳамидов тунги навбатчиликда эди. Рентген кўригидан кейин у беморни операция қилди.
Операция тунги соат 02:30ларда якунланди. Бироз нафасини ростлагач, Ҳ.Мирҳамидов Шуҳратжонни хонасига чақирди.
– Мен акангни оёққа тургизиб бераман, кўрмагандек бўлиб кетади. Аммо эвазига мени рози қиласан, – деди у.
– Раҳмат, ака, яхшилигингизни ерда қолдирмайман. Хизмат ҳақингизни айтаверинг, – деди жабрланувчининг укаси.
– Ҳиммат қилиб, шароитингга қараб бераверасан.
Мана шу суҳбат боис Шуҳратжон уйига бориб, эрталаб қайтиб келди. Келди-ю, навбатчиликни топшираётган Ҳусан Мирҳамидовга учраб, унинг чўнтагига 50 000 сўм пул солиб қўйди. Шифокор эса пулни санаб ҳам ўтирмади. Қачонки у туман деҳқон бозоридан рўзғорига ул-бул харид қилгандагина ўша пулнинг миқдорини билди.
Орадан 3 кун ўтгач, Ҳ.Мирҳамидов Шокиржон ётган хонага кирди.
– Шуҳратжон келмадими? – деб сўради у.
– Йўқ. Тинчликми, дўхтир, нима гап? Бирор гап бўлса, менга айтаверинг, – деди Шокиржон оғриққа базўр чидаб.
– Укангиз операция учун бор-йўғи эллик минг сўм бериб кетибди. Мен оддий кўричакни ҳам юз эллик минг сўмга операция қиламан. Сизники эса кўричакдан оғирроқ эди.
– Майли ака, яна қанча беришимиз керак? – сўради бемор.
– Ҳеч йўқса, юз минг сўм – кўричакнинг ҳақини беринглар, – деди шифокор дангалига.
– Хўп. Аммо ҳозир ёнимда пулим йўқ эди. Укамга айтаман, пул олиб келади.
Лекин нафси ўпқон Ҳ.Мирҳамидов бунга кўнмай, Дилоромхонга буюрди:
– Хўжайинингизга ҳамширалар қараб туради. Сиз уйингизга бориб, пул олиб келинг.
Шифокорнинг гапи аёлни эсанкиратиб қўйди. Ахир анча-мунча бағритош инсон ҳам бундай сурбетлик қилмаса керак. Шу боис Дилоромхон уйига эмас, СВОЖЖДЛҚК департаментининг Поп туман бўлимига борди. Яъни, Ҳ.Мирҳамидовга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб ариза берди. Натижада таъмагир шифокор тиббиёт бирлашмаси ёнида жойлашган туман ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими ҳовлисида, ўзининг “Тико” автомашинасида Шуҳратжон Холбожоновдан 100 000 сўм пулни олган вақтда ушланди. Пировардида унга нисбатан Жиноят кодексининг 214-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳ.Мирҳамидов тергов жараёнида ҳам, суд мажлисида ҳам қилмишидан пушаймонлигини билдириб, айбига тўлиқ иқрор бўлди. Бинобарин, Жиноят ишлари бўйича Чуст туман суди ана шу ҳолатларни ҳам инобатга олиб, қонуний жазо тайинлади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Шокиржонга оғир тан жароҳати етказган Ҳожиакбарга ҳам қонуний чора кўрилди.
Сўзимиз аввалида “Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи” деган нақлни бежиз келтирмадик. Чунки Ҳ.Мирҳамидов муқаддам касби юзасидан ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги оқибатида беморнинг ўлимига сабабчи бўлиб, Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми “а” бандига биноан жиноий жавобгарликка тортилган. Бироқ шунда ҳам кўзи очилмаган, шекилли, яна такроран жиноятга қўл урди. Энг ачинарлиси, айни нафақа ёшида оқ халатига яна бир карра қора доғ туширди.
Саиджон БАДРИДДИНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Чуст туман судининг судьяси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бухоро вилоятида солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чек қўйиш мақсадида мунтазам рави...
01 янв 1970
Одам савдоси бугунги кунда дунё халқларини ташвишга солаётган жиддий муаммолардан бирига айланди. ...
01 янв 1970
2017 йилнинг 19 май куни ота-онаси ва укалари билан Чирчиқ шаҳрида ижарада яшовчи қашқадарёлик Нодир Ўткиров Юнусободдаги “Универсам” б...
01 янв 1970
Жамият ривожига, мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат – коррупциядир. ...