Бобурийлар сулоласига мансуб ижодкорлар

/

Бобурийлар сулоласига мансуб ижодкорлар

 

Фахрий Ҳиротийнинг “Равсат ус-салотин” номли етти бобдан иборат тазкирасининг учинчи боби темурийлар, Бобур ва бобурийларга бағишланган. Фахрий Ҳиротий тазкирасида Комрон Мирзо мадҳ этилади. Унинг “Девон” тартиблагани ҳақида маълумот берилиб, Мавлоно Жомийга татаббуъ ғазалидан бир байт ва форсийдаги икки ғазали келтирилган. Ҳасан Нисорийнинг “Музаккири асбоб” тазкирасида Ҳумоюннинг табиати, шижоати, саховати, нужум илмида билимдонлиги ҳақида муфассал лавҳалар ва бир неча форсий байтлари берилади. Нисорий Ҳиндол Мирзонинг ҳуснихатга ва китоблар жамлашга ихлосманд бўлгани, “ака-укаларнинг низолари боис жангу жадалларнинг бирида ҳалок бўлгани” ҳақида ёзган ва форсийдаги бир рубоийсини келтирган. Унинг қабри тарихий манбаларга кўра, отаси Бобур Мирзо мақбараси ёнидадир.

 

Мутрибий Самарқандийнинг “Нусхаи зебойи Жаҳонгир” тазкираси муқаддимасида Ироқ подшоҳларидан бири «Нусхаи Ҳумоюний» номли қўлёзмадан нусха кўчириб юборишни сўрабди. Мутрибий шу қўлёзмани Абдуллоҳхон китобхонасида кўрган ва муаллиф хати эканлигига амин бўлган экан.

 

Ҳумоюн Мирзонинг катта ўғли Акбаршоҳ ҳам илм-маърифатга ғоят ташна, тасвирий санъат — рассомлик, наққошлик корхоналари, кутубхоналар ташкил қилган эди. Унинг ўғли Жаҳонгиршоҳ (шаҳзода Салим) “Тузуки Жаҳонгирий” номли асар ёзган. У ҳам олиму шоирлар, мусиқачиларга ҳомийлик қилган. Унинг завжаси Нуржаҳон бегим (Меҳринисо) ҳам яхши шоира бўлган. Унинг Жаҳонгир билан мушоиралари шоиралар ҳақидаги тазкираларда келтирилади. Маълум бўладики, Жаҳонгир ҳам шеърлар ижод қилган. Унинг яна бир завжаси Ором бегим, яна бир завжаси Фано бегим ҳам шеър­лар ёзган.

 

Жаҳонгирнинг ўғли Шоҳжаҳон ва унинг ўғли Муҳаммад Доро Шукуҳ (онаси Аржуманд бону) илм-маърифатга муҳаббати ёниқ бўлган, адабиётда ўчмас из қолдирган. Унинг “Сафинат ул-авлиё”, “Сакинат ул-авлиё”, “Ҳақнома”, “Ҳасанот ул-орифин” (“Шайхиёт” ҳам де­йилган), “Мажмаъ ул-баҳрайн”, “Сирри Акбар” номли асарлари ва девони маълум. Шунингдек, унинг ирфоний номалари, тариқатга оид “Рисолаи маориф”, “Савол-жавоб” рисоласи ҳам бор.

 

Гулчеҳра бегимнинг қизи Салима бегимнинг диний эътиқоди ниҳоятда мустаҳкам бўлган. У “хони хонон” унвони билан машҳур Байрамхонга узатилган. Байрамхон вафотидан кейин уни Акбаршоҳ ўз никоҳига олган. Ёшлигидан шеър ёза бошлаган.

 

Жаҳоноро бегим — Шоҳжаҳоннинг қизи, онаси Мумтоз Маҳал номи билан машҳур Аржумандбону бегим, ғоят гўзал, зарифа, ирфоний эътиқодида изчил, оқила бу малика турмуш қурмаган. Отаси Шоҳжаҳонни ўғли Авранг­зеб ҳибс — қамоққа солганда унинг ёнида бўлган.


У 1681 йили вафот этган.

 

Жаҳоноро бегимнинг “Соҳибия” номли рисоласида тасаввуф тариқатлари (чиштия ва қодирия) ҳақида, ўзига муршид ахтариб, азоблар чеккани қаламга олинган. Ана шу рисола сўнггида унинг ўнта байти келтирилган.

 

Аврангзебнинг қизи Зебуннисо ҳақида кўп ёзилган. Унинг синглиси Зийнатнисо ҳам шеърлар ёзган.

 

Бобурийлар сулоласига мансуб ижодкорлар — тарихчи, илму ирфон намоёндалари, шоирлар адабиётимиз, маънавиятимиз юлдузларидир. Улар қолдирган излар нурли ва ўчмасдир. Уларнинг асарларини топиш, таржима қилиш, ўрганиш, истиқболдаги муқаддас уҳдалардир.

 

 

Эслатма:Атоқли адабиётшунос олима Суйима ғаниеванинг ушбу мақоласини у киши ҳаётлигида олган эдик. Бошқа мақолалари газетада эълон қилинди. Бу мақолани баъзи қисқартиришлар билан газетхонлар эътиборига энди ҳавола қилишни лозим топдик.
 

Суйима ғаниева


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимиз тарихи ўзига хослиги, мўъжизавийлиги билан барчани қизиқтириши табиий.
01 янв 1970
Аёллар орасида ўзи дунёга келтирган норасидасини пулга сотаётганлар учраётганини эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Афсуски, орамизда баъзида шундай кимсал...
01 янв 1970
Таклифим — бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа пулини тайинлаш ва тўлаш тартиби қайта кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ ...
01 янв 1970
Маълумки, ўзининг буюк иқтидори билан ҳамма замонларнинг тенгсиз устози бўлган Мир Алишер Навоий ҳазратлари оила қурмай, ҳаётини фақат қариндош...