Мақсадимиз — халқни рози қилиш

/
Инсон саломатлиги ҳамма нарсадан азиз. Одам ўзининг ёки яқинларининг саломатлиги хавф остида қолганда, албатта, шошилинч тез тиббий ёрдам марказига мурожаат қилади. У етиб келгунигача бўлган ҳар бир дақиқа қийматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Чунки йўқотилган ҳар бир дақиқа инсон ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин. Мамлакатимизда аҳолига замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича шаклланган ўзига хос тузилмалардан бири, шубҳасиз,“тез ёрдам” тизимидир.
 
Хўш, аҳолига шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишнинг бугунги аҳволи, ютуқ ва муаммолари нималардан иборат? Ўзбекистон Республикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган анжуман шу мавзуга бағишланди ва унда  тегишли вазирлик, соҳа вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
 
— Кейинги 3 йилда тиббиётнинг бошқа йўналишлари қатори ушбу соҳани ривожлантириш бўйича ҳам қатор фармон ва қарорлар асосида мазкур тизимнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди ҳамда моддий-техник базаси янгиланмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида тубдан ислоҳотлар олиб бориш учун 2018 йилда 9 триллион сўм ажратилган бўлса, 2019 йилда 12 триллион сўм маблағ ажратилганлигининг ўзи давлатимизнинг соҳани ривожлантиришга қаратаётган эътиборининг яққол исботидир, — деди Ўзбекистон Республикаси соғ­лиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Абдуҳаким Хаджибаев журналистлар учун берган маълумотномасида. —  Жумладан, шошилинч тез тиббий ёрдам тизимида диагностика ва даволаш ишлари жаҳон тиббиёти билан ҳамқадам ривожланмоқда десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам шифохоналарида суяк синиши ва жароҳатларида янгича жарроҳлик амалиётлари, эндопротезлаш амалиётлари, асаб ва юрак қон-томир тизими, ошқозон-ичак касалликларида юқори технологиялар асосида даволаш тадбирлари ўз самарасини бераяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тиббиётимизга трансплантация амалиётининг кириб келиши натижасида РШТЁИМда трансплантология бўлими ташкил этилиб, ҳозирги кунгача фақат мазкур бўлимнинг ўзида 80 дан ортиқ беморларга яқин қариндошлари буйраги кўчириб ўтказилишига ва унинг ижобий самара беришига эришилди. Шу билан бирга, бугунги кунда аҳолига хизмат сифатини яхшилаш мақсадида тизимда икки ярим мингга яқин турли русумдаги замонавий тез ёрдам машиналари хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда тез ёрдам автопаркини замонавийлаштириш ишлари давом этмоқда. 2021 йилгача  “Дамас” автомашиналаридан тўлиқ воз кечилиб, халқаро андозалар даражасида жиҳозланган замонавий тез ёрдам машиналарига ўтилиши билан аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими янада яхшиланади.
 
Тадбирда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам тизимига ишончи ортаётганлиги, буни 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни, 2017 йилда 8,7 миллионни, 2018 йилда 9,8 миллионни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич мазкур йилнинг 10 ойида 9 миллиондан ошганлигида ҳам кўриш мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, 2017-2019 йилларда шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган бўлса, шулардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи амбулатор тиббий ёрдам олишган. Шу билан бирга, стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғида юқори сифатли технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилган.
 
Анжуманда соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам борлиги, ечимини кутаётган муаммоларнинг мавжудлиги ҳам айтиб ўтилди. Тадбирда иштирок этган журналистларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар жавоб берди.
 
Тадбир иштирокчилари томонидан баъзида беморнинг яқинлари шифокорларга тажовуз ва таҳдид қилиш ҳолатлари учраётганлиги, бунга маълум маънода баъзи шифокорларнинг уқувсизлиги, қўполлиги ва масъулиятсизликлари ҳам сабаб бўлаётганлиги айтилди. Мутасаддилар бундай ҳолатларни инкор этмаган ҳолда,  беморлар ўз норозилигини, ҳақ-ҳуқуқларини қонун йўли билан талаб қилишлари лозимлигини таъкидлади ва айни пайтда тиббиёт ходимларининг малакасини, муомала маданиятини, билим савия­сини ошириш мақсадида хорижлик мутахассислар иштирокида “маҳорат дарслари” ўтказилаётганлигини, тиббий хизматни халқаро талаблар даражасида яхшилаб, халқни рози қилиш — соҳа ходимларининг асосий мақсади эканлигини алоҳида эътироф этишди.
 
Саодат РАҲИМОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир инсон оиласи, жамиятга нафи тегишини, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишни истайди....
01 янв 1970
Мактаб, ўқувчилик йиллари ҳақида гап кетганда, кўп нарсалар ёдга тушади. Кўпдан-кўп воқеалар худди куни кеча юз бергандек кўз ўнгингдан ўта бошлайд...
01 янв 1970
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз эркин, демократик жамият қуриш йўлига ўтганидан бери орадан йигирма олти йил ўтди....