Аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш – барчамизнинг устувор вазифамиз

/
Иссиқ жонмиз. Ўзимиз истамаган ҳолатда носоғлом яшаш тарзимиз ёки эҳтиётсизлигимиз оқибатида у ёки бу касалликни “чақириб” оламиз.. Шундай вақтда ўз ишининг фидойилари бўлмиш шифокорларга мурожаат қилсак-ку, яхши, лекин надоматлар бўлсинки, орамизда ўз-ўзини даволашга киришиб кетувчилар учраб туриши ҳам айни ҳақиқат. Ўзимизга ўзимиз ташхис қўйиб, нотўғри даволаниш оқибатини бартараф этишнинг юки барибир шифокорларга тушади. Хуллас, “Адолат” социал-демократик партиясининг энг фаол аъзолари саналмиш шифокорларнинг зиммасидаги масъулият янаям ошишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Бугун ана шундай фидойи касб эгаси, пойтахтимиздаги 30 мингдан зиёд аҳоли, 8200 дан ортиқ хонадонларга бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатиб келаётган Яшнобод туманидаги 29-оилавий поликлиника бош шифокори, олий тоифали терапевт Дилфуза ТУРДИЕВА билан суҳбатимиз халқимизга кўрсатилаётган малакали тиббий хизмат ва бошқа мавзуларга бағишланди.
 
Дилфуза Нигмановна, истиқлол йилларида сиз каби шифокорларнинг аҳоли саломатлигини сақлаш, халқимизнинг тиббий саводхонлигини ошириш борасидаги масъулиятли ва хайрли фаолиятингиз натижасида халқимизнинг ўртача умр кўриши 6-7 йилга узайди, оналар ва чақалоқлар  ўлими  3,1 баробар  камайди. Бу қувонарли ҳол, албатта, тўғрими?
 
— Халқимиз саломатлигига, мамлакатимиз равнақига оз бўлса ҳам ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан хурсандмиз. Давлатимизнинг бизга қаратаётган эътибори ва яратаётган имкониятлари туфайли халқимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилаяпмиз.
 
Ишонч ҳақида сўз борганда, кейинги вақтларда учраб тураётган оғриқли вазиятларга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Гувоҳи бўлаётганимиздек, халқимизнинг баъзида шифокорлардан, айниқса, бирламчи тиббий муассаса ёки шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ходимлари фаолиятидан норози бўлаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Энг ачинарлиси, гоҳида бу эътирозлар беморларнинг яқинлари томонидан тиббий ходимга нисбатан зўравонлик, тажовуз қилиш орқали билдирилаётгани кенг жамоатчиликни, шу жумладан, партиямиз фаолларини ҳам ташвишга солмоқда.
 
— Ҳақиқатдан ҳам, кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда сиз тўхталаётган масалага оид бир қатор видеотасвирлар, хабарлар кенг тарқалаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Тўғри, ўзига яқин инсоннинг касаллангани, унинг жисмонан қийналаётганига гувоҳ бўлган инсоннинг руҳан зўриқиши, асабийлашиши табиий ҳол. Бундай ҳолатда тиббиёт ходими яқин инсонига қўполлик қилгандек ёки малакали хизмат кўрсатмагандек бўлиб туюлиши мумкин. Шундоқ ҳам асабийлашиб турган одамнинг бундай ҳолатда ўзини тутиб туролмаслигини ҳам тўғри тушуниш мумкин. Шу билан бирга, беш бармоқ баравар бўлмаганидек, барча тиббий ходимлар ҳам аҳоли билан муносабатда хушмуомалалик билан малакали тиббий хизмат кўрсатади, деб айта олмайман. Аммо бу дегани, ҳар қандай инсон  мутахассисга нисбатан куч ишлатиши, ҳақорат қилиши, таҳдид қилиши мумкин, дегани эмас.
 
Юртимизда шифокорлар доим эҳтиромда. Яқинда қонунчиликка “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари ташаббуси билан шифокорга тажовуз қилганлик учун муайян жазо чораларини белгилашни назарда тутувчи меъёрларнинг киритилиши ҳақида эшитиб, бутун жамоамиз билан хурсанд бўлдик. Ҳақиқатдан ҳам, умрини инсон саломатлигига бахшида этган шифокорларнинг ўз жаҳлини жиловлай олмайдиган бош­қа шахсларнинг қурбонига айланишига йўл қўйиб бўлмайди.
 
Ўрни келганда айтиб ўтиш керак-ки, баъзан оилавий поликлиникамизда ҳам навбат кутишга сабри чидамай, бошқа беморларнинг шифокор қабулида узоқ вақт қолиб кетишидан эътироз билдирадиган беморларимиз ҳам учраб туради. Ҳамиша муассасамизга ўрнатилган камералар орқали уларни кузатаман, агарда ташриф буюрувчилар ўртасида оз бўлсада норозилик юзага келаётганини сезсам, дарҳол улар олдига чиқиб, хушмуомалалик билан мавжуд ҳолатни тўғри тушунтириб, муаммонинг олдини олишга ҳаракат қиламан. Шу билан бирга, жамоамизнинг барча аъзоларидан хушмуомала бўлишларини талаб қиламан.
 
— Мамлакатимизда, хусусан, пойтахтимизда жуда кўплаб замонавий типдаги хусусий тиббий муассасалар, клиникаларнинг фаолият юритиши қувонарли ҳолат. Аммо, айни пайтда халқимизнинг оилавий поликлиникаларга бўлган ишончи сусайиб кетмаяптими?
 
— Тўғри, ҳозирча муассасамизда улардагидек тўкис шароит, замонавий тиббий техникалар мавжуд бўлмаслиги мумкин. Лекин ишонч билан айта оламанки, бизнинг оилавий поликлиникамизда меҳнат қилаётган 37 нафар шифокоримиз ва 78 нафар ҳамшираларимиз билими, малакаси, маҳорати жиҳатидан хусусий клиникаларда ишлаётган ҳамкасбларимиздан асло қолишмайди, ҳаттоки тажрибалироқ ҳам.
 
Шуни қувонч билан айта оламан-ки, 2020 йил Наврўз байрами арафасида оилавий полик­линикамиз барча замонавий шарт-шароитларга эга уч қаватли янги бинога кўчирилиши мўлжалланган. Ҳозирда бино қурилиши давом этмоқда. Фойдаланишга топшириладиган янги бинода кенг ва шинам хоналар замонавий тиббий техникалар билан жиҳозланади. Натижада аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматимизнинг сифати янада яхшиланишига эришамиз.
 
— Юқорида ўзингиз таъкидлаганингиздек, хусусий клиникалардаги мутахассислар билан оилавий поликлиникаларда ишлайдиган шифокорларнинг малакаси ва тажрибаси орасида деярли фарқ йўқ. Шу ўринда бир савол туғилади: давлат тиббий муассасасидаги тажрибали шифокорлар иш ҳажми кўплиги, иш ҳақи миқдори иш ҳажмига нисбатан камлиги боис хусусий клиникаларга кетиб қолиши ҳолатлари ҳам учраяпти. Бу масалага муносабатингиз қандай?
 
— Очиғини айтганда, кадрлар қўнимсизлиги масаласи кўпчилигик қатори мени ҳам ташвишга солади. Лекин орамизда фидойи, ўз ишини севадиган ҳамкасбларимиз кўплигидан хурсандмиз. Қолаверса, давлат тиббий муассасалари, хусусан, оилавий поликлиника шифокорларининг иш ҳақи миқдори кейинги 1-2 йил ичида қарийб 50 фоизга оширилди. Ҳатто 1,5 ставкада ишлайдиган айрим умумий амалиёт шифокорларининг иш ҳақи хусусий клиникалардаги ҳамкасбларимизникидан кам эмас. Ходимларимизнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш, уларнинг мавқеини юксалтириш бўйича кўплаб ислоҳотлар амалга оширилгани ўз натижасини бермоқда.
 
Яна бир масалага эътибор қаратишни жоиз билардим. Жорий йилнинг декабрь ойида ўтказиладиган парламент сайловларига “Адолат” СДПдан қўйилган номзодларнинг 17,4 фоизи, яъни 26 нафари тиббиёт ходимлари эканлиги биз, шифокорларнинг мавқеи билан бирга, бизга билдирилаётган ишонч ортиб бораётганлигидан далолатдир. 
 
Эътиборингизни яна бир масалага қаратмоқчи эдим. Кейинги пайтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган яна бир мавзу — жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб мамлакатимизда ўсмир қизларни одам папиллома вирусига (ОПВ) қарши эмлаш ишлари бошланиши билан боғлиқ. Янги эмлаш тури кўпчилик ота-оналарни қувонтириши билан бирга айримларида хавотир уйғотмоқда. Шу масалада ҳам фикрингизни билмоқчи эдик.
 
— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё миқёсида 370 минг нафардан ортиқ аёлда бачадон бўйни саратони биринчи бор қайд этилади, улардан 190 минг нафари ушбу касаллик оқибатида вафот этади. Дунёда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва кенг тарқалган хасталик ҳисобланади. Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратонидан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15–44 ёш) орасида иккинчи ўринда туради.
 
ОПВга қарши режали эмлаш 92 давлатда, улар орасида ЖССТ Европа минтақасидаги 36 давлатда ҳам қўлланиб келинмоқда. Эмлашнинг бачадон бўйни саратонини камайтиришдаги юқори самарасини клиник синовлар даврида, шунингдек, ушбу вакцина кўп йиллардан бери қўлланиб келинаётган давлатлар (Австралия, Канада, Дания, Ирландия, Швеция, Финляндия, Янги Зеландия, Шотландия, АҚШ) мисолида кўриш мумкин.
 
Ўзигизга маълум, ҳар қандай янгиликни ҳар ким турлича талқин қилади ва қабул қилади. Бунинг устига бу эмлаш турига оид бўлмағур гап-сўз, миш-мишларнинг урчиб кетганлиги одамларимизнинг унга бўлган ишончини бироз сусайтирди. Поликлиникамиз мутахассислари томонидан ҳудудимиздаги 203 нафар эмланувчи ўсмир қизлардан 116 нафари эмланишига эришдик. Қолган қизларимизнинг ота-оналари эмлашга розилик билдиришмаяпти. Аслида рози бўлмаганлар сафи бунданда кўпроқ эди. Шифокорларимизнинг тушунтириш, тарғибот ишларидан сўнг кўпчилик ота-оналар ўз фикрларини ўзгартиришди.
 
Шу ўринда, сиз, оммавий ахборот воситалари ходимлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари фаоллари, умуман бугунги ва эртанги кунимизга бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизни халқимизнинг тиббий саводхонлигини ошириш, уларга тўғри ва ишончли маълумотларни тарқатиш борасида биз, шифокорлар билан ҳамкорлик қилишга чорлайман. Ота-оналаримизга, хотин-қизларимизга эмлашнинг самараси ҳақида ишончли, холис маълумотларни етказсак, кенг тарғибот ишларини олиб борсак, келажакда хотин-қизларимиз ўртасида онкологик касалликлар камайишига эришишимизга шубҳа йўқ.
 
— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.
 
“Adolat” мухбири
Саодат СОДИҚОВА
суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
...Қудрат Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида ўқир, дарсдан бўш вақтларида шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган ошхонада ишларди....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган камчилик...
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўр...