«Оқчаси йўқни этди ҳайрон тўй...» иккинчи мақола

/
Исрофгарлик томошаси
Олимларнинг таърифича, саховат муносиб нарсани муносиб инсонга бериш, ўзи ишлаб топган маблағдан бир қисмини савоб йўлига сарфлаш бўлиб, бу энг яхши хулқлардан бири. Энг қиммат ресторанда базм уюштириб, танишу нотаниш, маст-аласт оломоннинг хурмача қилиқларини виқор билан томоша қилиш эмас энг яхши хулқ.
Юртимиз тинч, турмушимиз фаровон, ҳаётимиз тўкис. Қанча тўй қилсак, ярашади. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини соғлом ва баркамол этиб тарбиялашни, унинг бахту иқболини кўришни истайди. Ана шундай эзгу мақсадда меҳнат қилиб, яхши кунлар учун йиғинамиз, “топган-тутганимизни” тўйларга атаймиз. Бироқ сўнгги пайтларда бундай ҳою ҳаваслар миллий қадрият ва урф-одатларимиз кўзгуси бўлган тўй-ҳашамларимизни дабдабабозлигу “кимўзар” пойгага, исрофгарлик томошасига айлантириб қўяётгани кўпчиликни ташвишга солиши табиий. Чунки дабдаба билан ўтказилаётган тўй-ҳашамлар оқибати турли муаммоларга, энг ачинарлиси, ёш оилаларнинг ажралишига ҳам сабаб бўлмоқда. Яқинда бир танишим: “Бир тўйни кўриб, ҳавасим келди. 60 чоғли одам таклиф қилинган тўй, шу қадар гўзал ўтдики, бўларкану икки қуда келишиб, ихчамгина тўй қилса?!” деб қолди. Демак, ақлли одам ҳар қандай вазиятда ақлни ишлатиб иш юрита олади.
Миллий урф-одатларни эл қатори амалга оширмоқни ният қилган ота-оналар чақалоқ туғилгандан бошлаб келин ёки қизларига атаб сарпо йиға бошлашади. Табиийки, савол туғилади: фарзанд­лари ризқидан қийиб, ўзлари ва оила аъзолари соғ­лиғига беэътибор бўлган ҳолда тўпланадиган бундай “бойлик” қанчалик ўзини оқларкан? Ҳозир бўлғуси келин ёки куёвлар тиббий текширувдан ўтиши шарт. Ота-оналари яхши емай-ичмай, топган пулларига сарпо йиғиш билан овора бўлган оила фарзандларининг кўп ҳолда носоғломлиги аниқланмоқда. Организмда витамин етишмаслиги, камқонлик, буқоқ ва бунинг асоратида келиб чиқадиган бошқа турли касалликлар шулар жумласидандир...
 
Тўй шахсий иш эмас...
Юқоридаги салбий ҳолатларнинг тобора авж олиши минг-минглаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётганидан кўз юмиб бўлмайди. 
Бугунги кунда барча маросимлар камтарона, ортиқча дабдабасиз ўтказилиши лозимлигини ҳамма билади. Аммо, ажабланарлиси шундаки, мана шу “билиш”га амал қилиш қийин кечмоқда. Кейинги пайтларда, айниқса, пойтахтимизда маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг, маҳалла фаолларининг қарши чиқишларига қарамасдан, тўй-маросимларни дабдабали ўтказиш кучайиб бораяпти. Кўрпага қараб оёқ узатмаслик оқибатида эса тўй эгаларининг турли нохушликларга учраётганлари ҳам топилади. Албатта, тўйни камчиқим ўтказишдан асосий мақсад, оилаларнинг бир текисда ҳаёт кечириши, кейинчалик икки қуда ўртасида туғиладиган эҳтимолий жанжалларнинг олдини олиш, келин-куёвлар учун қилинадиган сарполарнинг, тўй харажатларининг меъёридан ошмаслиги учундир. Ёшларимизга қўша-қўша гиламлар ёки қиммат мебеллар эмас, энг аввало, бахтли-саодатли ҳаёт зарур.
Тўй-маросимларни қай тартибда ўтказиш ҳар бир кишининг шахсий иши, дегувчилар ҳам топилади. Бироқ унинг қандай ўтказилиши атрофдаги одамлар ҳаётига, уларнинг руҳиятига, қолаверса, шу оиланинг бугуни ва келажагига салбий таъсир кўрсатар экан, энди бу шахсий иш эмас, балки жамиятнинг иши ҳисобланади. Узоқ йиллардан буён ўғли ёки қизининг тўйини ўзи орзу қилгандек ўтказмоқ ниятида юрганлар бу хусусда яна бир карра мулоҳаза юритсалар, яхши бўларди, назаримизда. Шу нуқтаи назардан  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши ва Олий Мажлис Сенати кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинганлиги мақсадга мувофиқ бўлди. Дарҳақиқат, ортиқча ҳашамларга чек қўйиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида тўй­лар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни қатъий тартибга солишни даврнинг ўзи тақозо этаётган эди.
Шубҳасиз, ушбу қарор  оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни бар­қарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Қарор тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш; халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга ўргатиш; оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олишга кўмаклашади, албатта. Энди тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши, қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин. Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чарлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш”, “пул сочиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.   Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар шартнома асосида хизмат кўрсатади. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 2 нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига  изн берилмайди.  Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди. Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим. 
Энди ҳамма гап қарор ижросида қолган. “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари зиммасига юксак масъулият юклайди. Халқимизнинг фаровонлиги ва эртанги келажагини таъминлаш ишига хизмат қиладиган қарор бажарилиши учун биз — депутатлар оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан доимий депутатлик назоратини амалга оширишимиз зарур ва шарт.
Ташпўлат МАТИБАЕВ,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
социология фанлари доктори, профессор

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча минтақаларида бўлгани каби Наманган шаҳрида ҳам кенг кўламда бунёдкорлик ва ободончилик ишлари олиб борилмоқда. Кў...
01 янв 1970
“Бир тўйни кўриб, ҳавасим келди. 60 чоғли одам таклиф қилинган тўй, шу қадар гўзал ўтдики, бўларкану икки қуда келишиб, ихчамгина тўй қи...