Тарих такрорланмаслиги аниқ!

/
Ушбу тарихий тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев, шунингдек, сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият, спорт ва санъат намояндалари, ижодкор зиёлилар, тилшунос олимлар, ёшлар, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Тантанали тадбир Президентимизнинг нутқи билан бошланди.
Президентимиз ўзининг ОАВларда “Миллий ўзлигимиз ва мус­тақил давлатчилигимиз тимсоли” сарлавҳаси остида эълон қилинган нутқида бундан ўттиз йил муқаддам “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилиниши жараёнига алоҳида тўхталиб, жумладан, шундай деди: “...Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш биз учун осон кечмаган эди.
Қонун лойиҳаси икки марта муҳокамага қўйилган эди. Унинг атрофида қандай қизғин баҳс ва тортишувлар бўлиб ўтганини, ўйлайманки, кўпчилик юртдошларимиз жуда яхши эслашади. Шахсан мен ҳам ўшанда бу тарихий жараёнларнинг бевосита гувоҳи ва иштирокчиси бўлганман.
Бу муҳим ҳужжатнинг қабул қилинишида фидойи юртдошларимиз, кенг жамоатчиликнинг қатъий шижоати ҳамда Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг сиёсий иродаси катта ўрин тутди”.
Давлат раҳбарининг маърузасини тўлқинланиб тинглаяпман-у хаёлимнинг бир учи оний лаҳзаларга ўша, суронли ва олатасир 1989 йилга кўчади.
Худди кечагидек ёдимда, ушбу қонун умумхалқ муҳокамасига қўйилган кунларда ўша давр­нинг етакчи нашрларига айланган, салкам бир миллион ададда нашр этиладиган ва қўлма-қўл бўлиб ўқиладиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ва “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газеталарида кетма-кет бир-биридан шижоатли ва жасоратли мақолалар чоп этилар, улар газетхонлар орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлар, табиийки, бу жараёнда ўз она тилини ҳимоя қилиб, унга давлат тили мақомини беришни талаб қилиб мақола ёзган ижодкорларга, бундай ўтли мақолаларни нашр этган Бош муҳаррирларга ҳали у, ҳали бу идоралардан баъзан ошкор, баъзан яширин таҳдидлар ҳам бўлиб турарди. Лекин ўз тилини севган, ўз тилини улуғлаган ва ўз тили ҳимоясига отланган халқни ҳеч қандай таҳдид-у тазйиқ бу йўлдан қайтара олмайди. Бунга кечаги кунимиз гувоҳ, яққол далилдир.
Албатта, ҳар доим ва ҳамиша бўлгани каби ўша йилларда ҳам миллатдошларимиз орасида гоҳ икки тиллиликни ёқловчилар, гоҳ “ўзбек тили давлат тили бўлса, биз жаҳон ҳамжамиятидан узилиб қоламиз” қабилида “бировларнинг буюртмаси” билан аюҳаннос солувчилар ҳам бўлган...
Нима бўлганда ҳам халқ хоҳиши, ўша йилларда парламент­да фаолият юритган миллатпарвар депутатлар, қолаверса, мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаганидек, давлат раҳбарининг сиёсий иродаси ғалаба қозонди. Ҳали тоталитар тузум ҳукмронлик қилиб турган бир даврда Ўзбекистонда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинди ва ушбу қонунга асосан республикада ўзбек тили давлат тили сифатида эътироф этилди!
Ҳа, бу мустақиллик йўлидаги илк жиддий қадам эди!
Илк ғалаба эди!
Узоқ йиллар давомида истибдод занжирида яшаган миллатнинг уйғониши ва бирлашишидан далолат эди!
Шунинг учун ҳам 1989 йил 21 октябрь санаси янги ўзбек давлатчилиги тарихи саҳифаларида мангу қолажак!
Давлатимиз раҳбари “Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида бугун мамлакатимизда яна бир муҳим қадам қўйдик. Мен бугун “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекдим. Унга биноан “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди” деганида муҳташам сарой тадбир иштирокчиларининг қарсагидан ларзага келди. Бу қарсаклар иштирокчилар қалбида туғён ураётган ғурур, ифтихор, қувонч ва эртанги кунга ишонч туғёнлари эди десам, асло адашмайман...
Фарахбахш тадбирдан уйга қайтар эканман кўнглимдаги ғурур ва қувонч туйғулари орасидан ёқимсизгина хавотир ҳам бўйлаб-бўйлаб қўяётганини сездим. Сездим-у сесканиб кетдим.
Ахир бундан роппа-роса ўттиз йил муқаддам — “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган кунда ҳам худди бугунгидек ҳис-тўйғуларга ошно бўлганимиз, ғурурланганимиз, бир-биримизни қутлаганимиз рост-ку. Нега қонунда белгиланган талабларни шу кунгача бажармадик? Нега ҳали-ҳамон айрим ташкилот-идоралардаги ўзаро ёзишмалар рус тилида олиб борилмоқда? Нега турли-туман ташкилот-у идора, ошхона-ю ресторан, дўкон-у корхоналарнинг катта-кичик раҳбарлари ўзлари бош­қариб турган корхона пешлав­ҳасини ЎЗБЕКЧА ЁЗИБ ҚЎЙИШГА ҚИЙНАЛИШАДИ?! Нега турли даражадаги ҳоким-у мутасаддилар ўзлари раҳбар бўлган туман, шаҳар, вилоят кўчаларида турфа рангда “ЁНИБ” турган ажнабий номлар-у рекламаларни кўришмайди?!
Тан олиб айтишимиз керак, кейинги пайтларда бирон-бир муаммо ҳақида гап кетса, “Нега журналистлар шу пайтгача бу масалани кўтариб чиқишмаган?” деб иддао қилувчилар кўпайиб қолди. Аввалдан айтиб қўя қолай. Бу ўринда ҳамкасбларимни ҳимоя қилиш ниятим йўқ. Тўғри, узоқ йиллар давомида тилимизда тушов бор эди. Лекин давлат тили масаласини, унга тегишли муаммоларни кўтариб чиқишни ҳеч ким, ҳеч қачон тақиқламаган. Шу боис бўлса керак, бу муаммо оммавий ахборот воситаларининг барча турида, телевидиние, радио, газета-ю журналларда бирдек ёритилган, танқид қилинган. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, бирон-бир танқид “МЕВА” бермаган. Яъни на бир раҳбар, на бир мутасадди бу муаммога эътибор қаратмаган ёки шунчаки эътибор қаратишни истамаган...
Шу ўринда кичиккина бир мисол келтириб ўтай. Кейинги бир йил ичида шаҳар, туманлардан тортиб, чекка қишлоқлар номигача “Love you” қўшимчаси қўшиб ёзиш УРФга кирди. Ўзбекистонда УРФга кирган янги сўзни тан­қид қилмаган, ҳеч бўлмаса ЎЗБЕК ТИЛИда “Сени севаман, Ўзбекистон!” деб ёзиб қўя қолайлик, деган таклифни айтмаган ОАВ қолмади. Лекин минг афсуслар бўлсинки, “Love you”лар ҳамон кўрган кишининг кўзини “қувнатиб, порлаб” турибди...
Балки Президентимизнинг ўтли нутқи, янги фармони турли даражадаги раҳбар-у раҳбарчаларни ҳушёр торттирар...
Дилимда бош кўтарган хавотир: давлат тилига муносабатда тарих такрорланмасмикан?
Кўнглимда  ўйғонган ишонч: Йўқ! У энди ҳеч қачон такрорланмайди! 

Ислом ҲАМРОЕВ


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, ҳар бир халқнинг ўзига хос нуфузини унинг икки қаноти – тарихи ва тили белгилайди. Шу маънода айтганда, тил инсон зийнати, ...
01 янв 1970
Эътибор берганмисиз, тўрт-беш одам йиғилган жойда кўп  муҳокама қилинадиган масалалардан бири, шубҳасиз, тўй-маъракалар ҳамда уларнинг...
01 янв 1970
2019 йилнинг 21 октябрь санаси мустақил Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди! Чунки айнан шу куни пойтахтимиздаги Халқаро Кон...