Миллатнинг ойнаи ҳаёти

/
Менинг касбим ўқитувчи, айни пайт­да нафақадаман. Илгари мактабда “Ўзбек тили ва адабиёти” фанидан дарс берганман. Шу боис Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу ҳафта аввалида, 21 октябрь — Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини тинглаганимда ҳамда ўша куни имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини ўқиганимда бошқалардан кўра кўпроқ севиндим. Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда айни санага пухта ҳозирлик кўрилгани ва юқоридаги фармоннинг қабул қилиниши чиндан ҳам она тилимизнинг ҳамда бу йилги байрамнинг нуфузини тоғлар қадар юксалтирди. Айниқса, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” дея белгилангани ҳар биримизнинг қалбимизда фахру ифтихор туйғуларини уйғотди.
Агар тарих солномаларини варақласак, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит турк” асари ёки ҳазрат Алишер Навоий туркий тилда 26 мингдан ортиқ сўз қўллаб, шеърият мулкининг султонига айлангани ҳам тилимизнинг нечоғлик теран илдизга эга эканлигини англатади. Буни Абдураҳмон Жомий ҳам ўзининг “Баҳористон” асарида “...туркий тилда ҳеч ким Навоийдек кўп ва хўп шеър айтмаган ҳамда назм гав­ҳарларини сочмаган эди” дея эътироф этади. Ёхуд дунёнинг мана-ман деган давлатларида буюк мутаффаккиримизнинг бой маънавий мероси чуқур ўрганилиши ҳамда у кишига ҳайкал қўйиб, ҳурмат бажо келтирилиши ҳам халқимизга, унинг тилига бўлган юксак эҳтиром белгиси эмасми? Ёки минглаб хорижлик олим ва мутахассисларнинг ўзбек тилини ўрганишга бўлган иштиёқини айтмайсизми?
Шу ўринда кичик бир мисол келтираман. Бундан ўн йилча илгари япониялик олим (айни пайтда Чибу университети профессори) Сейка Вазаки бизнинг қишлоғимизга — Поп туманининг Санг қишлоғига келиб, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, қадриятларимиз бўйича тадқиқот олиб борди. Ундан аввал эса Сейка ўзбек тилини мукаммал ўрганибди. Ҳамқишлоқларимиз уни тўю тантаналарга, ҳайиту байрамларга, турли маросимларга таклиф қилишди. Кўпчилик у билан дўстлашди. Тарих фани ўқитувчилари унга Ватанимизнинг бой ўтмиши, қадимий анъаналари ҳақида сўзлаб беришди ва этнографик маълумотларни тақдим этишди. Яқинда Сейка Вазакининг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан халқимизга ўзбек тилида йўллаган видеотабриги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг веб сайтида эълон қилинди.
Эътироф этиш керак, ўтган ўттиз йил мобайнида она тилимиз равнақи йўлида бир мунча ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, Президентимиз таъкидлаганидек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилди. Айни пайтда минглаб ёшларимиз мазкур университетда она тилимизнинг сир-асрорларини ўрганиш баробарида унинг жаҳон миқёсидаги нуфузини юксалтириш мақсадида изланишлар олиб боришмоқда. Миллий адабиётимизнинг нодир дурдоналарини турли хорижий тилларига таржима қилиб, юртимиз довруғини, тилимиз латофатини дунёга таратиш уларнинг эзгу мақсади.
Аммо айрим юртдошларимиз ёки корхона, ташкилот, муассасалар ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳали-ҳануз тилимизга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, унинг қоидаларини бузиш ҳоллари кўзга ташланмоқда. Буни Юртбошимиз ҳам ўз маърузасида “Жамиятимизда тил билан боғлиқ энг кўп муҳокама қилинаётган, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган мавзу – бу жой номларини белгилаш масаласи, десак хато бўлмайди. Афсуски, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топономик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шакл­ларда акс эттирилмоқда. Бу давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписандликдан, умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради” дея алоҳида таъкидлади.
Чиндан ҳам айрим кўчаларда юрсангиз, бинолар пештоқидаги номлар, реклама ва эълонларни кўриб, гўёки ўзингизни хорижда юргандек ҳис қиласиз. Бошқача айтганда, “OPEN”, “Supermarket”, “Bear Hous”, “Alkomarket”, “EVOS”, “Business centre”, “Family shop”, “Салон красоти”, “Мы открылись” деган ёзувлар фақат меҳмонлар учун ёзилгандек. Ҳатто ёзув жараёнида лотин ва крилл алифбоси ҳарфларини аралаштириб юборадиган “саводхон”лар ҳам йўқ эмас орамизда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг юқоридаги фармонига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаментининг ташкил этилгани ҳам барчани бирдек қувонтирди. Энди давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, хусусан, тил қоидаларининг бузилиш ҳолатлари, давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга оид ишлар мазкур департамент томонидан назорат қилинади, “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш чора-тадбирлари мувофиқлаштирилади. Янги ташкил этиладиган Атамалар комиссияси эса тилга олингани каби муаммоларга чек қўяди. Зеро, Президентимиз таъбири билан айт­ганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Усмонали СУЛТОНОВ,

Поп тумани Санг қишлоғи   


Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, ҳар бир халқнинг ўзига хос нуфузини унинг икки қаноти – тарихи ва тили белгилайди. Шу маънода айтганда, тил инсон зийнати, ...
01 янв 1970
2019 йилнинг 21 октябрь санаси мустақил Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди! Чунки айнан шу куни пойтахтимиздаги Халқаро Кон...
01 янв 1970
Эътибор берганмисиз, тўрт-беш одам йиғилган жойда кўп  муҳокама қилинадиган масалалардан бири, шубҳасиз, тўй-маъракалар ҳамда уларнинг...