Гап шаклдами ёки моҳиятда?

/
Ҳуқуқий-демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг асосий омилларидан бири, шубҳасиз, эркин ва мустақил фикрни билдириш имкониятининг мавжудлиги саналади. Инсон борки, эркин яшаш ва фикр билдиришдек ҳуқуқидан фойдаланишни истайди. Бироқ бу истак бошқа инсоннинг ажралмас ҳуқуқ ва эркинликларига, урф-одатлари ва қадриятларига дахл қилмаслиги лозим. Афсуски, кейинги вақтларда айрим ҳамюртларимиз, аниқроқ айтганда, баъзи раҳбарларимиз мана шу оддий ҳақиқатни унутгандек кўринади. Йўқса, “рўмолда ўтирганини кўрсам...” қабилидаги таҳдидлару пўписаларга гувоҳ бўлмаган бўлардик.
Сўнгги ҳафтанинг энг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлган бу “таҳдид” ўз ортидан жамоатчиликнинг салбий ва ҳақли эътирозини етаклаб келди. Бу масала юзасидан билдирилмаган фикрлару ўринли киноя ва писандалар қолмагандек гўё. Ҳатто ушбу ҳолат юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилиши ўтказилгани, “ҳафта қаҳрамон”ига нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилгани, халқимиздан навбатдаги кечирим сўрагани – буларнинг барча-барчаси мамлакатимизда жамиятнинг фаол аъзолари, зиёлилар, умуман олганда, халқимизнинг ҳар бир асосли фикри беэътибор қолмаётганидан далолатдир.
Назаримда, юқоридаги узрлару эълон қилинган “ҳайфсан”лар, эҳтиросли баҳсларнинг барчасига бокс бўйича жаҳон чемпионатида юксак натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийларга юксак мукофотларни топшириш маросимида Президентимиз томонидан билдирилган биргина эътироф мантиқий нуқта қўйди. Давлатимиз раҳбари томонидан “Рўмол ўраган аёл муқаддас, меҳрибон ўзбек аёлининг тимсолидир. Ўзбекистонда рўмол ўрашга ҳеч ким ҳеч қачон қарши бўлмайди” дея билдирилган хулоса ибо, ҳаё, орият, иффат сингари фазилатларни барча ўткинчи ҳою ҳавас ва нарсадан устун деб биладиган ҳар бир онахон ва опа-сингилларимизни тўлқинлантириб юборганига ишончимиз комил.
– Президентимизнинг спортчи йигитнинг онасига қарата айтган сўзларидан кўзларим қувонч ёшига тўлди, – дейди андижонлик меҳнат фахрийси Маҳфуза ая. – Миллий либосларимиз биз, ўзбекистонлик аёлларга нақадар ярашишини қайта-қайта такрорлаганида гўёки менга, қизларим, келинларимга қарата “дунёнинг энг гўзал аёлларисиз” деб айтгандек бўлди. Ҳақиқатдан ҳам, биз, ўзбек аёллари рўмолимиз билан, ибо, иффатимиз билан дунёнинг манаман деган давлатларининг хотин-қизларига намуна бўла олишимиз мумкинлигини ич-ичимдан ҳис қилдим. Ҳаяжоним кучлилигидан шу куннинг ўзидаёқ Ҳайит муносабати билан яқинда набирам совға қилган янги рўмолни ўраб олдим.
Дарҳақиқат, ўзбек аёлларининг аксариятини рўмолсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, каттаю кичик ҳурмат кўрсатадиган, ҳар бир маслаҳати олтинга тенг кекса, нуроний онахонларимизнинг асосий либосларидан бири рўмол эканлигини барчамиз яхши биламиз. Фарзандларимиз ҳам, ўзимиз ҳам ана шу рўмолли аёлларнинг алласини эшитиб вояга етдик.
Бир ўйлаб кўринг-а, хотин-қизларимизни муқим иш билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилаш, илм-фан билан шуғулланишлари учун етарлича шароит яратиш, оилалар ўртасида ажримларни камайтириш борасида қилинадиган ишларимиз ошиб-тошиб ётган айни замонда уларнинг рўмолини муҳокама қилиш, камига рўмол ўраб йиғилишга кирган аёлларга нисбатан дўқ-пўписа қилиш қанчалик мантиққа тўғри келади?! Диний экстремистик оқимга берилиб кетаётган фитнакорларга қарши курашиш мақсадида “рўмолли”ларни тафтиш қилиш қанчалик тўғри ечим? Бундай ноўрин, асоссиз тарғиботлар билан халқимизнинг ҳукуматга нисбатан ишончини сусайтириб қўймасмиканмиз? Ахир, рўмолини ечган билан аёлларнинг ташвишини енгил қилолмаймиз. Ёки эътиқоди, дунёқарашини ўзгартира олмаймиз.
Яқинда ижтимоий тармоқда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси Русланбек Давлетовнинг “Америка овози” мухбири Навбаҳор Имамова билан қисқача суҳбатини томоша қилдим. Суҳбатнинг асосий мавзуси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган амалий ишларга бағишланган бўлиб, ҳамкасбимизнинг бир саволи юртимизда “соқол” қўйган ва “рўмолли”ларга нисбатан ҳукуматнинг муносабати қандайлигига қаратилди.
— Ҳар бир масалага қонуний ёндашишга одатланганим боис, бу саволга қонунда белгиланган меъёрга мувофиқ жавоб бераман, — деди адлия вазири, партиядошимиз ўз чиқишида. — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Шундай экан, ҳеч кимга бошқа бир инсонни соқол қўйгани ёки рўмол ўрагани учун таъқиб қилишига йўл қўйилмайди. Айни пайтда айрим давлат ташкилоти ва идораларида қабул қилинган меъёрлар, ички тартиб-қоидалар ходимлардан у ёки бу кўринишдаги “дресс-код”га амал қилишни назарда тутади. Масалан, тиббий лаборатория ёки суд-тиббий экспертиза муассасаларида соқолли инсонларнинг ишлаши ишнинг сифатига таъсир кўрсатиши мумкин. Лекин бошқа ҳолларда ходимнинг рўмол ўраши ёки соқол ўстиришига тўсқинлик қилиши мумкин эмас.
Хулоса ўрнида қайд этиш лозим, партиямиз хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этиши муқаррар. Ким қандай тушунишидан, қабул қилишидан қатъи назар, хотин-қизларимизнинг миллий либоси туфайли тазйиққа учрашига муросасиз муносабат билдирамиз. Айни пайтда бу каби ҳуқуқбузарликларга нисбатан белгиланадиган маъмурий чораларни ишлаб чиқиш ва амалдагиларини янада кучайтириш партиямизнинг бош вазифаси бўлиб қолаверади.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон дунёга келар экан, ҳазрат Навоий айтганидек, комилликка интилиши, ўз атрофидаги инсонлар таъсирида, устозлар кўмагида камолот пиллапояларидан...
01 янв 1970
Мамлакатимизда юқори салоҳияти эътироф этилган олимлар кўп.
01 янв 1970
Куни кеча Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Сиёсий жараёнларда Ўзбекистон “Адолат&rd...
01 янв 1970
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшаётганлиги халқимизнинг нақадар бағрикенглигини ифодалайди....