55 ёшимда олий маълумотли бўламан

/
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тинглар эканман, “Энг муҳими, ўқитувчи чинакам ватанпарвар инсон бўлиши зарур. Қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган ўқитувчигина ҳақиқий ватанпарвар шахсни тарбиялай олади. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак”, деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда”, деган сўзлари мени тўлқинлантириб юборди. Бу даъват биз, ўқитувчиларнинг ўз касбимизга бўлган масъулиятимизни янада оширди.
Болалик пайтларимда ука-сингилларимни, кўчамиздаги қўни-қўшниларнинг болаларини тўплаб, дарс ўтардим. Ўзимни мактабдаги муаллимим сингари тутишга ҳаракат қилардим, устозимдан эшитганларимни уларга айтиб берардим. Кичкинтойларнинг менга тикилиб ўтиришлари, ҳар бир гапимни жон-дили билан тинглашлари мени янада завқлантирарди. Орадан йиллар ўтиб, бу қизиқишим орзуга айланди.
Устозларимга ҳавас қилиб, ўқитувчи бўлиш мақсадида Тошкент педагогика коллежида таълим олдим ва чорак асрдан ошиқ Сергели туманидаги 317-ўрта таълим мактабида болажонларга сабоқ бердим. Иш жараёнида кўпроқ ўқиш ва изланишга, ўқувчиларга қўшимча маълумотлар беришга ҳаракат қилдим.
Ҳар куни ўз-ўзимга: “Бугун ўқувчиларимга қай даражада билим бера олдим? Уларнинг вақти самарали ўтдими? Мен берган билим уларнинг ҳаётида асқотадими?” каби саволларни бераман. Юзлаб шогирдларимнинг турли жабҳаларда меҳнат қилиб, эл-юрт хизматига камарбаста бўлаётганини, ҳатто баъзиларининг ўзим билан ёнма-ён меҳнат қилаётганини, ўз касбининг фидойиси эканлиги туфайли ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлаётганлигини кўриб, саволимга ижобий жавоб топгандай бўламан, меҳнатимдан қониқиш ҳосил қиламан.
Ҳар бир касбнинг ўзига яраша меҳнати ва улуғлиги бор. Аммо ўқитувчилик шундай шарафли касбки, кўчада, турли тадбирларда ҳам, корхоналару ташкилотларга борсангиз ҳам шогирдларингизни учратасиз. Улар сизни қўлини кўксига қўйиб кутиб олади, ҳурмат, иззат-икром кўрсатишади. “Яхшимисиз, устоз?”, “Мени танидингизми, устоз?”, “Сизнинг шогирдингизман, устоз”, “Сизлардан олган билим ва тарбиям туфайли шу даражага етдим, раҳмат устоз!”, дейишади. Орадан ўн-йигирма йил ўтган бўлса ҳам сизни устоз, дея алқашади. Аслида шу эмасми ўқитувчининг меҳнати туфайли топган қадр-қиммати! Шундай пайтларда қувончдан юрагим тўлиб кетади, касбимдан фахр туйғуси янада юксалади.
Бугунги кунда Президентимиз ва ҳукуматимизнинг эътибори туфайли она юртимизда ўқитувчи меҳнати янада қадр топди. Таълим муассасаларидаги шарт-шароитлар яхшиланиб бормоқда.
Чорак асрдан зиёд шу касбнинг нонини есам ҳам, устозлик мақомига эга бўлган бўлсам ҳам барибир кўнглимнинг бир четида кемтиклик бор эди... 2017-2018 ўқув йилида сиртқи таълим ҳақидаги хушхабар дилимдаги армонларни умидга айлантирди, биринчилардан бўлиб Тошкент давлат педагогика университетига ҳужжат топширдим. Шуни қувонч билан айта оламанки, 51 ёшимда университет талабаси бўлдим! Мен бу имкониятга, таъбир жоиз бўлса, бахтга — Юртбошимизнинг ўқитувчиларга қаратган эътибори туфайли эришдим!
Баъзилар “Ҳадемай, кексалик нафақасига чиқасиз-ку, ўқиб нима қиласиз?” дейишади. Уларга шундай жавоб бераман: “Президентим менга олий таълим даргоҳида ўқиш, ҳам нафақа пулимни, ҳам ойлик маошимни олиш ҳуқуқини кафолатлади. Шу азиз юртимга яна хизмат қилиш имконига эга бўлдим. Қадримни осмон қадар кўтарди! Куни кеча ўқиб эшиттирилган байрам табригида “Биз халқимизнинг энг катта бойлигини — миллионлаб фарзандларимиз, жондан азиз ўғил-қизларимизнинг тақдирини, Ўзбекистон истиқболини сизларга ишониб топширганмиз”, дея ўқитувчиларга катта ишонч билдирди, муаллимларнинг камтарин меҳнатига юксак баҳо берди. Бунга жавобан билимларимни янада мустаҳкамлаб, 2019-2020 ўқув йили ниҳоясида, яъни 55 ёшимда олий маълумот ҳақидаги дипломимни олиб, узоқ йиллар ёш авлодни она Ватаннинг муносиб фарзандлари қилиб тарбиялашга камарбаста бўламан!
Мукаррама ХУДОЁРОВА,
Сергели туманидаги 317-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тадеуш Доленга-Мостович қиссаси асосида суратга олинган “Табиб” фильмини қайта-қайта бўлса-да, барчамиз севиб томоша қиламиз....
01 янв 1970
Тил – мулоқот воситаси. Тилдан чиқувчи сўзларимиз билан биз инсонларга маълумот етказамиз, уларнинг гапи орқали янги билимларни ўзлаштира...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида сўзлаган нутқи депутатлик фао...
01 янв 1970
Ободлик, тозалик, бунёдкорлик, иқтисодиёт барқарорлиги, элимиз-юртимиз фаровонлиги, бир сўз билан айтганда, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида сувнинг алоҳ...