Мактаб ҳам саводхона, ҳам фикрхона бўлсин

/
Мактаб, ўқувчилик йиллари ҳақида гап кетганда, кўп нарсалар ёдга тушади. Кўпдан-кўп воқеалар худди куни кеча юз бергандек кўз ўнгингдан ўта бошлайди. Бунинг сабаби меҳнат фаолиятимни ўқитувчиликдан бошлаганим бўлса ажаб эмас. Бугун, ҳаётимизнинг барча соҳалари жиддий ислоҳ қилинаётган, таълим-тарбия тизимини замонавийлаштириш, ўқитувчиларнинг ижтимоий-маънавий мавқеини ошириш миллий юксалишга эришишнинг ягона йўли бўлиб турган бир пайтда, ўтган эллигинчи-олтмишинчи йилларнинг ғаройиб педагогикасини эслаш зарурмикин, деган савол туғилиши табиий. Бундай иштибоҳларга қийинчиликсиз жавоб қайтарса бўлади.
ИЛЛАТЛАР ИЛДИЗИ
Бунинг сабаби шуки, юртимиздан чиққан, номлари ҳамон дунё илмий-маънавий ҳаётида юлдуз янглиғ ёрқин чақнаётган алломаларнинг ҳаммалари бошланғич таълимни оилада ота-онадан, мактаб-мадрасаларда заҳматкаш мураббийлардан олишган. Беназир Навоий бобомизга, Ибн Синога, Беруний, Бухорий, Замахшарийдек алломаларга ҳам ўз касбининг фидойи усталари сабоқ беришган. Бугун давлатимизнинг фахру ғурури бўлиб турган, номлари дунё кенгликларига чиққан олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ижодкорлар тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин. Демакки, “эски” ўқитиш услубида кейинчалик қаттол замонанинг зўри-зуғуми билан унут бўлиб кетган нималардир бўлганки, улар таълимда бундай юксак натижаларга эришишган, тажрибалари дунёга ёйилган. Иккинчи жаҳон урушидан майиб-мажруҳ бўлиб қайтган, бор-йўғи уч ёки олти ойлик педагогика курсларида таҳсил олган, анкеталарига умрларининг охиригача маълумоти “тўлиқсиз ўрта”, деб ёзилган домлаларимиз бизларни ўша олтмишинчи йиллари қандай ўқитишган? Наҳотки бунга қизиқмасак?
Хотирамга муҳрлангани шу: она тили, арифметика, география, жисмоний тарбия, меҳнат дарслари ҳаётий мисоллар, қишлоқда ёки ён-атрофимиздаги қишлоқларда бўлиб ўтган хуш-нохуш воқеаларнинг тафсилоти, ўрнак бўладиган ва бўлмайдиган жиҳатлари билан боғланган ҳолда ўтиларди. Тўғри талаффуз, равон нутқ, ифодали ўқиш, эркин баён қилиш ва шу орқали қулоқни динг, хотирани мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилган. Туман миқёсида ўтказиладиган танловларда ғолиб чиққан ўқувчиларнинг устозлари, синф раҳбарлари, ота-оналари рағбатлантирилган.
Таассуфки, кейин-кейин бундай халқона усулларнинг барчаси бирин-кетин барҳам топди. Ура-урачилик замонлари келди. Дарсларга келмайдиган, фанларни ўзлаштирмайдиган суст ўқувчилар ҳам синфдан-синфга бемалол кўча бошлади. Ҳамма иллат шундан бошланди. Билса ҳам, билмаса ҳам ўқитувчи баҳо қўйиб бериши керак. Бунга қўшимча, мактаб деган муассасага халқ маорифи бўлимидан ташқари ўша пайтлари мавжуд бўлган хўжалик ташкилотларининг катта-кичик раҳбарлари ҳам бошчилик қила бошлашди. ўўза яганаси, қатқалоқ, чопиқ, ўрим-йиғим, қўзилатиш, пичан ўриш каби тоғ-дала ишлари мактаб зиммасига юкланди. Таълим-тарбия иши бутунлай издан чиқди. Дарсларнинг савияси, ўқитувчининг обрў-эътибори кескин тушиб кетди. Эркак ўқитувчилар бошқа соҳаларнинг этагидан тутишди.
ИЛМХАТ ЭҲТИЁЖИ
Истиқлол йилларида таълим-тарбия тизимини ислоҳ қилишга кўп бор киришилди. Маълум натижаларга эришилди ҳам. Аммо мактаб ҳаёти, унинг мамлакат, миллат тақдиридаги ўрни, ўқитувчининг мавқеи ҳамон пастлигича қолаётгани сир эмас. Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбари ушбу тизим фаолиятини тубдан яхшилаш, таълим савиясининг бугунги илғор дунёвий тажрибалардан кам бўлмаслигини таъминлаш, таълим сифатини аллома аждодларимиздан қолган илмий-маънавий мерос асосида янгилашни ўқитувчи-мураббийлар, халқ маорифи мутасаддилари билан бирга жамиятнинг фикрловчи, изланувчи, эртанги кунимизга бефарқ бўлмаган мушоҳадали аъзолари олдидаги муҳим вазифа деб белгилади. Бу борадаги залворли қадамлардан бири ҳукуматимиз таркибида мактабгача тарбия масалалари билан шуғулланадиган вазирликнинг ташкил этилиши бўлди десак, хато бўлмайди. Бу идорани умуммиллий таълим-тарбия иморатининг пойдеворига қиёслаш мумкин. У қанча мустаҳкам бўлса, олдимизга қўйилган вазифани талаб даражасида бажаришимиз шунча осон бўлади. Аммо... биргина пойдевор билан иш битмайди.
Биз ҳануз таълимни бирламчи, тарбияни иккиламчи деб ҳисоблаймиз, “таълим-тарбия” деб ёзамиз. Аслида тарбия бирламчи бўлиши керак. Ёшлигимизда кўча чангитиб юрсак, маҳалла оксоқоллари “Ҳай-ҳай, шовқин кўтарманглар, яқинда маҳалламизга келин тушади, куёв боланинг асабини бузманглар”, дейишарди. Йиллар ўтиб билдикки, бу танбеҳ туғилажак фарзанднинг соғлиғи тўғрисидаги ғоят муҳим эҳтиёткорлик экан. Демакки, тарбия ишини жуда эрта, никоҳдан ҳам аввал бошлаш, япон биродарларимиз каби, фарзандларимизни саводли қилишдан олдин уларнинг митти қалбларида тўғрилик, ростгўйлик, ҳалоллик, меҳнаткашлик, ватансеварлик каби соф миллий туйғуларни шакллантиришимиз, миллатимиз келажаги янада буюк бўлишига ишонтиришимиз зарур. Бунга эришмай туриб хорижий тиллар таълимини бошлаворсак, янглишган, тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйган бўламиз. Инглиз тилини ўрганишга алоҳида эътибор бераётганимизнинг сабаби бу тилнинг дунё халқлари тиллари ичида энг зўри эканлигида эмас, дунёнинг бугунги илми шу тилдалигида.
Мактабларда ўқув-тарбия ишинииг сифати паст эканлигининг бевосита ва билвосита сабаблари мавжуд. Сир эмас, кейинги пайтларда мактабларга турли касб эгалари, жумладан, собиқ ўқувчилар — бугун депутат, таниқли тадбиркор, санъаткор, олим, ҳокимият, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, ёзувчи ва шоирлар тез-тез келиб туришибди. Улар иштирокида таъсирчан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Бу — албатта яхши. Аммо...
ЎҚУВЧИНИНГ АЙБИ НИМА?
Ўзингиз ҳам гувоҳ бўлгансиз: мактабга меҳмон ёки комиссия келадиган бўлса, дарслар тўхтатилиб, ўқувчилар кеч кузми, баҳор изғириними, бундан қатьи назар, енгил кийимда турнақатор бўлиб, ҳовлида соатлаб саф тортиб туришади. Келадиганлар кўп ҳолларда бир соат — ярим соат кечикиб келишади, аммо ҳеч ким сафни тарк этмайди. Собиқ тузумдан қолган бу номақбул маросимдан воз кечиш керак. Меҳмонлар сабоқни мароқ билан тинглаётган ёшларни, илҳом билан уларга дарс ўтаётган ўқитувчиларни, бийрон жавоб бераётган аълочиларни ўқув хоналарида кўришсин, кузатишсин. Дарс пайти ҳеч ким уларни чалғитмасин.
Она тили, адабиёт, тарих фанларидан, шунингдек, маънавият, одоб- ахлоқ, мусиқа, спорт йўналишлари бўйича сабоқ берадиган ўқитувчиларга ижодий эркинлик, яъни дарсга ўз билими ва тажрибаси асосида ёндошиш, қўшимча манбалардан унумли фойдаланиш, сабоқларга таниқли кишиларни таклиф этиш, ижодий сайрлар уюштириш ҳуқуқи берилса, айни муддао бўлар эди.
Шу ўринда педагоглик фаолиятимдан бир мисол келтирмоқчиман. Миллий университетимизнинг журналистика факультетида магистратура бўлими талабаларига публицист маҳорати фанидан сабоқ бераман. Ўқув йили бошланмай туриб, йил давомида қайси куни қайси мавзуни ўтишим аниқ бўлади ва тасдиқланади. Унга қатъий амал қилиш керак. Белгиланган тартиб-қоида шундай. Аммо мен халқимизнинг фидойи фарзандлари Одил Ёқубов, Пиримкул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов вафот этган кунлари режадаги мавзуда эмас, шу азиз устозларнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида, публицистик асарлари хусусида эркин дарс ўтдим. Давлатимиз раҳбарининг фармонига биноан фаол ижодкорлар олий мукофотларга сазовор бўлганларида ҳам шундай қилдим. Буни кимдир маъқуллади, кимдир хуш кўрмади.
Мактабни ислоҳ қилиш билан боғлиқ вазифаларнинг энг қийини ва энг зарури дарсликлар масаласидир. Бу муаммони ҳал қилмай туриб, кутилган натижага эришиб бўлмайди. Ҳамма ҳаракатларимиз зое кетади. Бу борада мутахассис эмасман, аммо кузатганим шуки, АҚШда, қатор Европа мамлакатларида мактаб дарсликлари матни биздагидай кўп ва оғир эмас: содда, қисқа ва тушунарли. Улар ҳар йили янгиланмайди, бир ёзилган дарслик мазмун-моҳиятига кўра кўп йиллар ўқувчиларнинг қўлида бўлади. Мактабларнинг қуйи синфларида узоқ йиллар ишлаган (ишлаётган), қанчадан-қанча болаларни саводли қилган тажрибали мураббийлар ўқув дарсликларининг асосий (ҳа, асосий!) муаллифлари бўлишади. Чунки, йигирма-ўттиз йил давомида бола билан ёнма-ён яшаган, бошида онадай парвона бўлиб, бирга нафас олган, турли холатларда кўзи қандай чақнаши, нималардан ҳайратланиши, болалик тафаккури қандай шаклланишини ўз кўзи билан кўрган, қалбан ҳис этган кишигина болаларбоп дарслик, дастур, қўлланма ярата олади. Бундай педагоглар ижтимоий ҳолати турлича бўлган оилаларнинг фарзандларига қандай муомала қилишни, улар билан ўзаро тил топишни ҳам яхши англашади.
ШАРҚДАН БОРГАН НУР
Тан олайлик: қадим мадрасаларда қандай фанлар ўқитилган, мударрислар талабаларга таълим беришнинг қандай усулларидан фойдаланганларига деярли эътибор бермаймиз, илмий жиҳатдан таҳлил қилмаймиз. Ачинарлиси шундаки, бу тажрибаларнинг кўпи узоқ йиллардан бери ғарб таълим тизимини безаб келади. Мана, мадрасаларда нималар ўқитилган:
Усули ҳижоия (савтия) — бўғинга бўлиб ўқиш.
Илми шарҳ — тафсир.
Илми таҳлил — таҳлил, шарҳ, тавсиф масаласи.
Илми мунозара — мунозара, баҳс, муносабат ифодаси.
Илми қироат — оҳанг ва сўз талаффузи
Илми фасоҳат (илми балоға) — сўз ва ибораларни ўринли қўллаш.
Илми баён — нозик маъноларни баён қилиш маҳорати.
Илми ғариба — кам сўз билан кенг маънони ифодалаш маҳорати.
Илми маоний — бирор воқеа ёки ҳодисанинг моҳиятини очиб бериш.
Илми наср ва иншо — ёзма иш услуби, мактуб, ёзув саводхонлиги.
Илми муҳозирот — ҳозиржавоблик, зукколик, қувноқлик.
Илми мантиқ — сўзлар замиридаги маъноларни чуқур англаш.
Илми калом — нақлий масалани ақлий идрок этиш, далиллаш, исбот қилиш (Қаранг: М.Турсунова. Қадим мадрасаларда таълим тизими. “Жаҳон адабиёти”, 2016, 4-сон).
Кўриниб турибдики, бу усуллардан бугун ўрта мактабларнинг юқори синфларида, янгидан ташкил этилган ижод мактабларида ва олий ўқув юртларининг ижодий факультетларида танлов предметлари сифатида фойдаланиш мумкин. Ажабланарлиси шундаки, бу усулларнинг номларида бугун адабиётимизда, хусусан, миллий матбуотимиз фаолиятида мавжуд бўлган жамики қусурлар ўз ифодасини топган.
Яна бир кузатганим шуки, бошланғич синфлар учун мўлжалланган дарсликларда бирламчи эътибор (юқори синфлар учун мўлжалланганларида қисман) ўқувчининг фаҳмлаш, фарқлаш, идрок этиш, ўзаро қиёслаш, дарсликнинг бир саҳифасига ёнма-ён жойлаштирилган расм, манзара, мева, барг, идиш, жиҳоз, техника воситалари ва ҳоказоларнинг ранги, ҳажми, тузилиши, кўриниши, бир-бирига алоқадорлиги ёки бунинг акси эканлигини, яъни атайин қилинган “хато”ларни топа олишига қаратилади. Биз ҳам шу йўлдан борсак, янглишмаймиз.
МАКТАБ МУҲИММИ, МАЙХОНА...
Миллатнинг интеллектуал даражаси, зеҳн қуввати унинг илм ва ҳунарни нечоғли эгаллагани билан ўлчанади. Исмоил Гаспринский “Илм ва ҳунарга эга миллат ва халқ энг улуғ, энг буюк халқдир”, дейди. Чўлпон мактабларимизнинг афтодаҳоллигидан куюниб, ёшларни илмли қилиш тўғрисида ўйламаётган одамлар тўғрисида қуйидагиларни ёзган эди:
Мактаб ўрнига очилди
ҳар маҳаллада майхона,
Нафрат этмак нари турсун,
шоду хандон бизни халқ.
Мактаба йўқ бир тийини,
тўйга минг сўмлаб берур,
Чораси мушкул касалга
мубталодир бизни халқ.
Мулоҳаза қиламиз. Миллат ва халқ илмли, ҳунарли бўлиши учун нима зарур? Тинчлик, осойишталик, раиятнинг адолатли бошқарилиши, ёшлар тарбияси, таълим-тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши, изланиш, бир жойда тўхтаб қолмаслик, кибрга берилмаслик, бало-қазолардан огоҳлик, миллий бирлик, ҳамжиҳатлик зарур. Борди-ю бу “занжир”нинг битта ҳалқаси узилса, муаммо келиб чиқади. Яна бир зарурат шундаки, таълим соҳасида дунёда ибратли, ўрганса арзийдиган тажрибалар кўп. “Оз-оз сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” деганларидек, таълим масаласида узоқ-яқинга тийрак назар солишимиз, самарали усулларни мактабларимиз, олийгоҳларимиз ҳаётига ижодий равишда татбиқ этишимиз обрўйимизга путур етказмайди. Европа кўп муаммоларни Шарқ мисолида ҳал қилиб олгани, бугунги Ўзбекистоннинг янгиланиш тажрибаси уларни жиддий қизиқтираётгани сир эмас-ку, ахир.
АҚШда
АҚШда 5-6 ёшли болалар бошланғич синфларга (elementary school) қабул қилиниб, 6-синфгача арифметика, ўқиш, ёзув, табиий фанлар асосларини ўргатишади, болалар мусиқа, физкультура ва расм машғулотларида қатнашадилар, сўнг мактабнинг иккинчи босқичига ўтиб (middle school), математика, инглиз тили, тарих ва табиий фанлардан сабоқ оладилар. Ўқувчиларнинг хоҳишига кўра, уларга қўшимча икки-учта фанни мустақил ўрганиш тавсия этилади. Масалан, хорижий тил, санъат ва ҳоказолар. Бунда, албатта, ўқувчининг қизиқиш йўналиши, маълум лаёқати инобатга олинади.
Ўқувнинг учинчи босқичида (high school) ўқувчиларга ўрганиладиган фанларни эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Қўшимча предметлар сони ошади. 9-12 синфларда (14-18 ёшда) кўпчилик ўқувчилар келажакда қандай касбларни танлашлари маълум бўлади, бинобарин улар олий ўқув юртига киришда қўл келадиган фанларни танлайдилар. Баъзи ўқувчилар ўзлари танлаган фанларни чуқур ўргатадиган Аdvanced Рlacement курсларига қатнаб, олий ўқув юртининг биринчи босқичида ўтиладиган дарсларни деярли ўзлаштириб олишади.
Иккинчи хусусият — бошланғич таълимда ҳар томонлама шаклланган, фаол ҳаётий позицияга эга бўлган шахсларни (Ҳа, шахсларни!) тарбиялаш асосий мақсад ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг дарсдан бўш пайтларидан мақсадли фойдаланишга, жумладан, мустақил фикр юритиш лаёқатларини оширишга эътибор берилади. Ўқувчилар асосий вақтларини мактабда ўтказадилар. Юқори синфларда ҳар бир ўқувчи ўзига мақбул спорт турини танлаб, у билан жиддий шуғулланиши мумкин, мактабда бунинг учун имконият мавжуд. Бундан ташқари, мактабларда турли йўналишдаги клублар мавжудки, ўқувчилар ҳаваскорлик театр студиясида, баҳс-мунозара тўгарагида қатнашадилар, тасвирий санъат, лойиҳалаш, маълум бир режа тузиш билан шуғулланадилар. Мунозара клублари айниқса фаол. Шу боис, болаларда мунозара юритиш, одоб билан баҳслашиш маҳорати жуда эрта шаклланади.
Учинчи хусусият. Америка мактабларида камдан-кам ҳолларда уйга вазифа берилади ва у мактаб кутубхонасида бажарилади. Ўқувчилар шу ерда дарс тайёрлайдилар, мунозара клубларида қатнашиш учун маъруза ёзадилар, ижодий лойиҳалар тузишади, китоб ўқишади.
ФРАНЦИЯДА
Францияда бошланғич мактабларнинг талаб-қоидалари бир-биридан жиддий фарқланади, аммо умумий қоидалар ҳам бор. Чунончи, дарслар эрталаб соат 8.00 да бошланиб, 16.00–17.00 гача давом этади. Мактаб эшиги эрталаб соат 8.00да ёпилиб, 16.00да очилади. Шу вақт ичида ҳеч ким (!) ичкарига қўйилмайди. Эшик очилгач, махсус назоратчилар дарслар тугаганига ишонч ҳосил қилиш учун ўқувчиларнинг кундалигини кўришади, сўнгги дарсдан қочаётганларни қайтаришади. Ота-оналар бирор сабаб боис, болаларини эртароқ олиб кетишмоқчи бўлишса, бу ҳақда мактаб маъмуриятининг махсус журналида ёзув қолдиришади ва болаларини умумий эшикдан эмас, махсус эшик орқали олиб кетадилар. Машғулотлар пайти ота-оналар (бошқалар ҳам) мактаб ҳудудига сабабсиз киритилмайди. Мактабда суратга олиш, видеотасвирга тушириш, қўл телефонидан фойдаланиш тақиқланган.
Юқори синфларга ўтган ўқувчиларга бу мамлакатда ҳам баъзи фанларни ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилади. Маъмурият ота-оналарни фарзандларининг ўзлаштириши, дарсга қатнашиши, одоб-ахлоқи тўғрисида мунтазам хабардор қилиб туради. Ота-оналар билан камдан-кам ҳолларда мажлис ўтказилади. Тегишли маълумотлар ҳар бир ўқувчининг ота-онасига алоҳида-алоҳида (!) жўнатилади.
ФИНЛЯНДИЯДА
Финляндиянинг таълим тизими самарадорлик бўйича дунёнинг илғор тизимларидан бири. Бошланғич таълим мамлакат бўйича қабул қилинган мажбурий вақтдан бир йил аввал бошланади, олти ёшга тўлган ҳар бир бола мактабда, болалар боғчасида, оилавий боғча ёки шунга мос бошқа муассасада таълим олади. Буни ота-она билан биргаликда маҳаллий ҳукумат ҳал қилади. Мажбурий таълим 7 ёшда бошланиб, 16–17 ёшгача давом этади. Мамлакатда жорий этилган бепул таълим тизимига кўра, ўқиш, дарслик ва дафтарлар, ўқув қуроллари, овқатланиш мактаб ҳисобидан бўлади.
Учинчи синфдан бошлаб инглиз тили дарслари ўқитилади, тўртинчи синфда ўқувчилар ўзлари танлаган хорижий (француз, немис, рус) тиллардан бирини ўргана бошлайдилар. Еттинчи синфда швед тилини мажбурий ўрганишга киришилади.
Бир қарашда, анча мураккаб тизим. Аммо кўп йиллардан бери бу таълим тизими дунё миқёсида ўтказиладиган нуфузли рейтингларда биринчи бўлиб келмоқда. Фин ўқувчилари мактабда бошқа давлатлардаги тенгдошларидан анча кам вақт бўлсалар-да, табиий фанларни, масалан, математикани ўзлаштиришлари жуда юқори. Бунинг боиси, Финляндия ўрта таълим тизимида ўқув жараёни босқичма-босқич мураккаблашиб боради. Бирор фанни чуқур ўрганиш бошқа бир фан соатларини қисқартириш ҳисобига бўлмайди. Ўқитувчилар болаларнинг ота-оналари қайси касбда ишлашлари, ижтимоий, иқтисодий ҳолатлари қандайлигини билишга қизиқишмайди. Паст натижали ўқувчиларнинг ота-оналарини мактабга чақириш одат эмас. Ўқувчилар лаёқатли ва лаёқатсиз гуруҳларга ажратилмайди. Аълочилар ва улгурмовчилар, ногирон ва кўзи ожизлар ҳамиша бир синфда ўқишади, уларга тенг қараш таомили мавжуд. Янада муҳими, бу ерда ногиронлиги бор ўқувчиларни мамлакат ижтимоий ҳаётига фаол жалб этиш учун барча шароитлар мавжуд.
УМИДБАХШ ЯНГИЛИКЛАР
Хорижий мамлакатларнинг таълим тизимига доир маълумотларини келтиришдан мақсад улардан кўр-кўрона андоза олишга даъват эмас, албатта. Ҳар жойнинг ўзига яраша тош-тарозиси, тартиб-интизоми бор. Ҳар бир бола ўзи туғилган оила, маҳалла ёки жамиятдаги маънавий-ахлоқий муҳит, турмуш тарзи, урф-одат, миллий-маънавий қадриятлар, ота-онанинг ўзаро муносабатлари руҳида тарбия топади. Онг-шуурига ёшлигидан сингдирилган қадриятларга амал қилади. Шундай бўлса-да, хорижий тажрибаларда кўзга ташланадиган кўп жиҳатлар ҳам борки, уларни ўрганишимиз фойдадан холи эмас, деб ўйлайман.
Биринчи жиҳат мактабларнинг юқори босқич (синф) ўқувчиларига фанларни танлашда эркинлик беришдир. Ёдга олсак, авваллари мактаб дастурларида, аниқроғи, синфдан ташқари машғулотларда ўқувчиларни касбга йўналтиришга жиддий эътибор бериларди. Кейин-кейин бу муҳим таълим бир четда қолиб кетди. Юқори синф ўқувчиларининг аксарияти, агар мактабда, оилада касбга йўналтириш ишлари олиб борилган бўлса, ўқиш тугашидан анча аввал қайси соҳани танлашлари маълум бўлади. Ўқувчи математика ёки физикани танлади, дейлик. Сўнгги синфларда унга айни шу йўналишда кўпроқ билим олиш имконини бериш керак. Тил, адабиёт ёки тарихни танлаган ўқувчи билан ҳам шундай йўл тутса бўлади. Ҳозирча амалдаги дастурларда бу нарса ўз ифодасини топмаган.
Уйга вазифанинг мактабда бажарилиши, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мақсадли тўлдириш тажрибасидан ҳам фойдаланишимиз зарур. Хуллас, изланганга толе ёр деганларидек, давлатимиз раҳбари илгари сурган ғояни амалга ошириш ишига чуқур масъулият билан ёндошишимиз керак. Пойтахтимиз Тошкентда ва вилоятларда Президент мактаблари, Абдулла Қодирий, Ибрат, Огаҳий, Зулфия ва Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларининг ташкил этилиши ёшлар орасида нафақат гуманитар соҳада, аниқ фанлар йўналишида ҳам ижодкорлик руҳини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. Халқ таълими вазирлиги мактабларда меҳнат қилаётган ижодкор ўқитувчилар ўртасида ўтказиладиган (номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолган) республика кўрик-танловини тикласа, уларнинг энг яхши ижод намуналари нашр этилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Дунёнинг дунёлиги шундаки, гарчи у омонат ва ўзгарувчан бўлса-да (Азизиддин Насафий), мунтазам ҳаракат ва айланишдан тўхтамайди. Тарих ҳам шундай — воқеа-ҳодисалар қандай содир этилган бўлса, шундай қолади, аммо у ҳам дунё каби айланади, моҳиятан узоқлашади ва... қайтади. Бугун ёшларимиз хорижий мамлакатларнинг нуфузли илм даргоҳларида таҳсил олмоқдалар. Илмга чанқоқликда, истеъдодда ғарблик тенгдошларидан кам эмасликларини намоён этмоқдалар. Бир вақтлар бундай ёшлар ўарбдан Шарққа қараб интилишган, шу ерда камолга етишган эди. Бу билан ҳақли равишда фахрланамиз. Тошкент, Самарқанд, Бухоро олийгоҳларида таълим олиш, донишманд Шарқ тамаддунидан, Ўзбекистон саховатидан баҳраманд бўлиш ғарбликлар учун яна орзуга айланишидан, “Шарқдан ўарбга шовлаб оққан шон”нинг (Чўлпон) қайта тикланишидан, янги Уйғонишнинг мўътабар кунларини кўришдан умидвормиз. Зеро, бугун мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган жамики чора-тадбирлар замирида шу улуғ мақсад ётади.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий қонунимизда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ижтимоий гуруҳ ва қатламнинг манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари эътибордан четда қолмаган....
01 янв 1970
Деҳқон — ер султони, дейди доно халқимиз. Чиндан ҳам, ер билан тиллашган, унга меҳр берган киши борки, ўз олдига қўйган мақсадига эришади....
01 янв 1970
Фуқаро Д.Шерматова Самарқанд шаҳридаги давлат корхонасида ишлайди. Ҳар ой маошидан коммунал хизматлар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади....
01 янв 1970
Истиқлол йилларида оналик ва болалик муҳофазаси мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди....