Мактабимиз довруғи билимдон ўқувчиларимиз туфайли дунёга таралмоқда

/
Қувасой шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси фидойилик билан меҳнат қилмоқда. Бу қўлга киритаётган муваффақиятларимизда яққол намоён бўлмоқда.
Мактабимиз аниқ фанлар ва хорижий тилларга ихтисослашган бўлиб, айни пайтда 1497 нафар ўқувчи 82 нафар ўқитувчи ва мураббийлар қўлида таълим-тарбия олмоқда. Синфларимизнинг 18 тасида таълим рус тилида олиб борилади. Ҳар бир дарснинг янги педагогик услуб ва қўлланмалар ҳамда замонавий ахборот технологиялари асосида ўтилаётгани ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлигини оширмоқда. Қолаверса, 2018-2019 ўқув йилида 7 та бошланғич синфда куни узайтирилган гуруҳларни ташкил қилганмиз. Мазкур гуруҳларда ўқувчилар уйга берилган вазифаларни бажариш билан бирга инглиз ва рус тилларидан қўшимча сабоқ олишади. Шунингдек, Фарғона давлат университетидан таклиф этилган тажрибали профессор-ўқитувчилар ўқувчиларга қўшимча дарс ўтишмоқда. Ўқитувчилар саводхонлигини ошириш мақсадида эса ҳар ой якунида оммавий диктант ёзиш машғулотини ўтказамиз. Ўзим “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиси бўлганим учун диктантларни текшириб чиқаман. Кейин биргаликда таҳлил қиламиз. Бу тажрибадан ҳеч бир устоз хафа бўлмайди. Аксинча, ўз устида янада кўпроқ ишлайди.
Эътироф этиш керак, мактабимизда ташкил этилган 52 та фан, спорт ва касбий таълим тўгараклари ўқувчиларимиз билимини бойитиш ҳамда уларни жисмонан бақувват, руҳан тетик қилиб тарбиялашда жуда қўл келмоқда. Натижада ўқувчиларимиз турли фан олимпиадалари ва “Билимлар беллашуви”нинг туман, вилоят ва республика босқичларида муваффақиятли иштирок этишмоқда. Жумладан, 2018-2019 ўқув йилида 11-синф ўқувчиси Асадбек Одилов “Инглиз тили” фани олимпиадасининг республика босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Натижада унга халқ депутатлари Қувасой шаҳар кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, таълим ҳомийси Мўйсинжон Меҳмонов томонидан 50 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилди. Чунки М.Меҳмонов ўқув йили бошланишидан олдин, яъни анъанавий август кенгашида фан олимпиадаларининг вилоят босқичи ғолибига 20 миллион сўм, республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларга 50 миллион сўмлик мукофот берилишини эълон қилганди. Шунингдек, Асадбек Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг дипломи ва пул мукофоти билан ҳам тақдирланди. Вилоят ҳокимлиги томонидан эса ғолибга планшет туҳфа этилди. Қувонарлиси, А.Одилов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Жаҳон сиёсатшунослиги” факультетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди.
Албатта, Асадбек сингари ўз билими билан мактабимиз довруғини республикамизда, ҳамдўстлик мамлакатлари ва хорижий давлатларда таратаётган ўқувчиларимиз талайгина. Бу борада гапирганда, аввало, 86 нафар битирувчиларимизнинг 16 нафари олтин ва кумуш медалга сазовор бўлганини ҳамда 51 нафари турли олий ўқув юртларига давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ўқишга кирганини мамнуният билан тилга олиш лозим. Масалан, тажрибали инглиз тили фани ўқитувчиси Замира Бахтишева раҳбарлик қилган 11В-синфнинг 32 нафар битирувчисидан 27 нафари талабалик бахтига муяссар бўлди. Ёки 4 нафар битирувчимиз — Насиба Тоҳиржонова, Диёра Лутфуллаева, Мадина Абдунабиева ва Нўъмонжон Исмоилов ўзлари танлаган 3 та олий ўқув юртига ҳам ўқишга киришди. Ёки Зарина Ваҳобова Россиянинг Томск тиббиёт институти, Огер Мелана Москва иқтисодиёт академияси, Маҳкамбой Дадажонов Латвиянинг ИСМА университети, Муҳриддин Мамажонов Белград техника университети, Асадбек Исмоилов Жанубий Кореянинг Сеул халқаро алоқалар институти талабаси бўлди. Албатта, биз бу ўқувчиларимиз билан фахрланамиз. Бугун таҳсил олаётган ўқувчиларга уларни ибрат қилиб кўрсатамиз.
Жорий ўқув йили якуни бўйича тилга олинганидан ҳам юқори самарадорликка эришишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бунинг учун ҳозирданоқ она тили ва адабиёт, тарих, ҳуқуқ, инглиз тили, математика ва кимё фанларидан тайёрлов гуруҳларини ташкил этдик. Келгусида Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус ижроси доирасида, яъни битирувчи қизлар ва йигитларни оилага тайёрлаш мақсадида “Оила этикаси” фанини ҳам ўқув дастурига киритишни режалаштирганмиз.
Шу ўринда яна бир ютуғимизни айтмасам бўлмас. Йил бошида Халқ таълими вазирлиги томонидан “Обод мактаб” экологик ойлиги доирасида эълон қилинган танловда мактабимиз “Энг обод мактаб”, деб топилди.
Айни кунларда шаҳримиз Қувасой ўзининг 65 йиллик юбилейини тантана қилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, азиз юртдошларимизни ана шу тантаналарга, шаҳримизга меҳмонга таклиф этамиз. Қолаверса, барча ҳамкасбларимизни яқинлашиб келаётган “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами билан табриклаймиз.
Насибахон МЎМИНОВА,
Қувасой шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Дарҳақиқат, истиқлол туфайли кўплаб миллий қадриятларимиз каби халқ ўйинлари ҳам қайта тикланди....
01 янв 1970
Шу йилнинг 15-16 май кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йў...
01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...
01 янв 1970
Ватанни ҳимоя қилиш, унинг сарҳадларини дахлсиз сақлаш туйғуси онг-шууримизга меҳрибон оналаримизнинг мафтункор алласи, оқ сути, пок нияти билан си...