53 йил деганда таъмирланган мактаб ошхонасига пул ажратилмаганмиди?

/
Ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбиясида умумтаълим мактаблари алоҳида ўрин эгаллайди. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар таълим сифатини ошириш, ўқув масканларида зарур шарт-шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда бир қатор умумтаълим мактабларида қайта таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хўш, қайта таъмирдан чиқарилиб, фойдаланиш учун топширилган мактабларнинг янги ўқув йилги ҳолати қандай? Шу саволга жавоб топиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов ҳамда Тошкент шаҳар партия кенгаши вакиллари Шайхонтоҳур туманидаги 192-умумтаълим мактабидаги шарт-шароитларни ўрганишди. Мазкур таълим маскани биноси 1966 йилда қурилган бўлиб, сўнгги йилларда таъмирталаб аҳволда эди.
Жорий йилда мазкур мактаб биноси давлат дастурида белгиланган вазифаларга мувофиқ қайта таъмирланиб, янги ўқув йилида фойдаланиш учун топширилди. Бироқ шу ўринда саволлар туғилади. Мактаб биносида таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилдими? Реконструкциядан сўнг мактабдаги шароитлар белгиланган талабларга жавоб бера оладими? Ўқувчилар учун синфхоналарда қандай қулайликлар яратилди?
— Ўрганишлар жараёнида тегишли мутасаддилар томонидан бинодаги капитал таъмирлаш охирига етказилмаганлигига гувоҳ бўлдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов. — Хусусан, мактабнинг Ахборот-ресурс маркази, спорт зали, кийиниш хоналаридаги таъмирлаш ишлари талаб даражасида эмас. Бу эса ўқитувчи ва ўқувчиларга таълим жараёнида ноқулайликлар келтириб чиқаради.
Шунингдек, кимё ва физика лабораториялари техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги кузатилди. Мавжуд ускуналар ҳам ўтган йиллар ичида яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги аниқланди. Энди бир ўйлаб кўринг, ана шу эскирган техника билан кимё, физика ва биология дарсларида лаборатория машғулотларини қандай ўтказиш мумкин?
“Тегма, тўкиламан” ҳолидаги асбоблар билан лаборатория машғулоти ва дарс сифатли ташкиллаштирилишига ким кафолат беради? Албатта, бу ачинарли ҳол. Бироқ, айни дамда бизнинг фарзандларимиз мана шу хоналарда билим олишмоқда. Шунингдек, 960 ўринга мўлжалланган мактаб ошхонасида гигиеник қоидаларга риоя қилинмаслиги маълум бўлди. Ўқитувчилар билан суҳбат чоғида ушбу ошхона ишчи-ходимлар ҳамда маҳалла аҳли билан ҳашар йўли орқали қурилганлиги аниқланди.
Синфхоналар кўздан кечирилар экан, “Информатика” хонаси ҳам назардан четда қолмади. Очиғи, бугунги технология ривожланган даврда мактабда компьютер етишмаслиги кишини ҳайрон қолдиради.
— Мактабимизда 1088 нафар ўқувчи таълим олмоқда, — дейди ўқитувчи Наима Мансурова. — Бироқ дарс жараёни учун бор-йўғи 15 дона компьютер ажратилган.
— Ўрганиш давомида синфхоналар пол қисмининг яроқлилик ҳолатини текшириб кўрдик, — дейди Тошкент шаҳар партия кенгаши раиси Баҳром Валиев. — Шунингдек, ювиниш хонасида қайта таъмирлаш ишлари охирига етказилмаганига гувоҳ бўлдик.
53 йил деганда таъмирланган таълим масканида ишлар тўлиқ охирига етказилмагани адолатданми? Бунга ким масъул эди? Ижрочи мутасаддиларми ёки мактаб маъмурияти?
Аниқланган ҳолатлар юзасидан ҳозирда ишчи гуруҳ вакиллари масъул ташкилотлар билан зарур ишларни олиб бормоқда. Умид қиламизки, яқин кунларда чала қолган таъмирлаш ишлари ижрочилар томонидан охирига етказилиб, мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар учун барча қулайликлар яратилади.
Моҳимбегим ТЕШАБОЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар кенгаши ижрочи котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар сони жадаллик билан ўсиб бормоқда
01 янв 1970
Халқимизда “Аёл билан олам мунаввар”, “Аёл борлиги учун гўзалдир башар” деган пурҳикмат гаплар бор....
01 янв 1970
Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига
01 янв 1970
Истиқлол туфайли халқимиз онгида, тафаккурида янгича дунёқараш шаклланди.