Юртга қайтган генерал

/
Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон тарихи давлат музейи мамлакатимизнинг йирик ва ноёб тарихий ашёларга бой хазиналаридан бири ҳисобланади. Музей ташкил этилгандан бери орадан ўтган 140 йилдан ошиқ вақт мобайнида 300 мингдан зиёд тарихий-маданий бойликлар тўпланган.
Ана шу бойликларнинг 72 мингтаси археология, 100 мингтаси нумизматика, 18 мингтаси этнография соҳаларига оид, 17 мингтаси нодир буюмлар, 70 мингтаси ҳужжатлар, фотосуратлар, 1300 таси бадиий асарлар ва бошқа тарихий ашёлардан иборат. Ана шулар орасида юртимиз ҳудудларида 1,5-1,6 миллион йил илгари яшаб ўтган одамлар суяклари намуналари, 6 минг йиллик тарихга эга кўза, ниҳоятда қадимий икки бошли илон тасвири акс эттирилган тош тумор, сакларнинг ҳайвонлар тасвирлари ишланган қозони, муҳр ва туғлар, тош қуроллар, лашкар дубулғаси, Будда ҳайкали, Сурхондарёдан топилган ноёб деворий суратлар, Бухорода, Хоразмда ишланган оссуарийлар, кичик ҳайкалчалар — терракоталар, сўғд, хоразм, бақтр ёзувлари, Самарқанддан топилган сак маликасининг тилла фолгали кўйлаги, олис ўтмишга мансуб ҳунармандчилик буюмлари ва бошқа осори-атиқалар музейнинг ноёб кўргазмалари саналади.
Музейнинг асосий илмий-маданий фаолияти тарихий-маданий бойликларни тўплаш, сақлаш, ҳужжатлаштириш, ўрганиш ва ўзбек давлатчилик тарихини, халқнинг бунёдкорлигини акс эттирувчи экспозициялар яратиш, илмий-тадқиқот экспедициялари ташкил этиш, миллий меросимизни дунёга танитиш каби ишларни амалга оширишга қаратилган. Музей кейинги йилларда хорижий мамлакатлардаги музейлар, илмий-тадқиқот марказлари, университетлар, археологик бирлашмалар билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамламоқда. Жумладан, музей билан Токио университети музейи, Чикаго университетининг Шарқ институти, Хитойдаги Шанхай музейи, Қозоғистон миллий музейи, Мўғулистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти, Уммон султонлиги миллий музейи, Россия Фанлар академияси Археология институти, Давлат Эрмитаж музейи ўртасида 2018-2023 йилларга мўлжалланган 10 дан ортиқ меморандум ва келишувлар имзоланган. Бу меморандум ва келишувларга кўра, Ўзбекистон тарихи давлат музейи кўргазмалари хорижда, чет эллардаги музейлар кўргазмалари эса юртимизда намойиш қилинади. Айни пайтда, бу музейлар ўртасида илмий алоқалар давом этмоқда. Музейнинг халқаро алоқалар борасидаги режалари орасида Хитой Халқ Республикаси музейлари, институтлари билан ҳамкорликлар алоҳида ўрин тутади.
Жумладан, Хитой Халқ Республикаси Шанхай, Лоян музейлари, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Археология институти билан ҳамкорлик битимлари ўрнатилган. Ушбу ҳамкорлик натижаси ўлароқ, пойтахтимиздаги давлат музейида хитойлик музейшунослар ташаббуси билан 2018 йилда “Мовий ва оқ: Буюк Ипак йўли улуғворлиги рамзи”, 2019 йилда “Чанғандан Вандугача”, “Юэчжи ва қанғларнинг археологик аниқланиши” мавзуларида халқаро кўргазмалар намойиш қилинди. Жорий йил охирида Пекин шаҳридаги Гугун музейида ўзбек-хитой археологик қазишма ишлари натижаларига бағишланган кўргазма ташкил этиш режалаштирилган. Айни шу кунларда эса Ўзбекистон тарихи давлат музейида Хитой Халқ Республикаси Лоян шаҳри музейи томонидан тайёрланган “Бухорога қайтиш” деб номланган кўргазма намойиш этилмоқда.
Ушбу кўргазма ташкил қилинишининг ўзи алоҳида тарихга эга. Маълум бўлишича, 1981 йилнинг баҳорида Хитойнинг Лунмен Дуншан тоғида қурувчилар пиво ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш учун ҳудудда қазиш ишларини олиб бораётганда ер остига қўмилиб кетган иншоот — қадимий мақбарага дуч келадилар. Мақбаранинг кулранг кўкимтир рангли тошдан ясалган эшиги ўймалар билан нақшланганлиги ва унга 400 иероглиф белгидан иборат марсия битилганлиги маълум бўлади. Мақбара ичидаги қабрнинг устига қўйилган тошга эса “Буюк Тан сулоласининг Динюан провинцияси бош қўмондони генерал Ан Пу” деган ёзув битилганди. Эшикка битилган марсия ҳам ана шу генералга бағишланганлиги, унинг ҳаёти, фаолияти, аждодлари ва авлодлари тақдири қаламга олинганлиги аниқланади. Мақбара ва қабрдан 129 та нодир ашёлар — қадимда Римда зарб қилинган тилла тангалар, Византияда тайёрланган шиша идишлар, Ўрта Осиёга хос сопол буюмлар, терракоталар ва бошқа осори-атиқалар топилади.
Хўш, генерал Ан Пу ким бўлган, у қандай улуғвор ишларни амалга оширган, хитойликлар унга нима учун алоҳида эҳтиром кўрсатишган ва қабридан турли мамлакатларга оид нодир ашёларнинг чиқиш сабаблари нимада, деган саволлар туғилади. Бу саволларга жавоб бериш учун сўзни тарихнинг қадимийроқ қатламларидан бошлашга тўғри келади.
Тарихий маълумотларга кўра, Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорликлар милодий эрадан олдинги даврлардан бошланган. Бу ҳақда Хитой ёзма манбаларида — муаррихлар Си Ма Цяннинг “Тарихий хотиралар”, Бан Гунинг “Биринчи Хан династиясининг тарихи”, Довон (Фарғона)га келган элчи Чжан Цяннинг ҳисоботларида маълумотлар берилади. Улар асарларида Қанғ (Канцуй) давлати, Довон (Данюан) мамлакати, Бақтрия (Дахя) ўлкаси, бу ўлкалардаги Битьян, Сусие, Фуму, Юни, Ги, Юеган шаҳарлари ҳақида, ушбу масканларда яшайдиган халқлар ва уларнинг Хитой ҳамда хитойликлар билан муносабатлари хусусида турли фикрларни ёзиб қолдирганлар. Милодий эра бошларида дунё харитасида “Буюк Ипак йўли”нинг очилиши Шарқни ўарбга, ўарбни Шарққа боғлашга хизмат қиладиган воситага айланди. Ана шу йўлнинг марказида бўлган Ўрта Осиё — Сўғдиёна, Хоразм, Бақтрия ҳудудлари Шарқ ва ўарб орасидаги савдо-сотиқ ҳамда маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилувчи чорраҳага айланди. Бу борада сўғд савдогарлари етакчилик қилдилар. Улар Шарқдан, жумладан, Хитойдан олиб келган маҳсулотларни Европага, Ўрта ер ва Қора денгиз орқали Европадан келган савдо молларини Хитойга, унинг Синсзян ҳудудидаги Лоян, Дунхуан, Ланжоу, Сучжоу каби шаҳарларига қадар олиб бориб сотганлар.
Хитойда VII-X асрларда ҳукмдорлик қилган Тан империяси қудратли давлатлардан бири бўлган. Лоян шаҳри империянинг шарқий пойтахти сифатида шуҳрат қозонган. Бу шаҳар Буюк Ипак йўлининг бошланғич нуқтаси, Хитойнинг жанубий-шимолий ҳудудларини боғлайдиган Гранд каналининг бандаргоҳи (порт) бўлган ва савдо-сотиқ борасида йирик марказга айланган. Лоян, Ланжоу, Дунхуан савдо шаҳарлари деб улуғланган. Ушбу шаҳарларда дастлаб Сўғдиёнадан келган савдогарларнинг дўконлари, расталари, карвонсаройлари бунёд этилган. Кейинчалик бу шаҳарларда сўғдлик савдогарлар яшайдиган даҳалар, мавзелар, алоҳида шаҳарчалар ва кентлар пайдо бўлган. Юқорида айтилганидек, хитойликлар сўғд шаҳарларини хитойча номлар билан атаганлар. Бухоро — Ан, Тошкент — Ши, Бойкент — Би, Ўзган — Юченг номлари билан юритилган. Шу сабабли Бухородан келиб, Хитойда яшаган савдогарлар Ан Пу, Тошкентдан келганлар Ши Ку, Бойкентдан келганлар Би Му каби номлар билан юритилган. Хитойдан мақбараси топилган генерал Ан Пу ҳам ана шундай тижоратчилардан бири бўлган. Уни Ан Пу — Бухородан келган одам ёки бухоролик Пу деб аташган. Генералнинг сўғдча асл исм-шарифи ҳақида ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.
Тарихий фактларга кўра, Ан Пу тахминан 600 йилларда Бухорода таваллуд топган. Отаси савдогар бўлган. 630 йилда ота-онаси билан Хитойга кўчиб келиб, Тан империясининг армиясига аскар бўлиб хизматга киради. Яхши хизматлари учун бешинчи даражали амалдор даражасига кўтарилади. Амалдор сифатида империянинг чегараларини қўриқлаш учун юборилади. Империянинг ҳарбий юришларида иштирок этиб, мардлик кўрсатади. Ҳарбий тактикани яхши эгаллагани учун жангларда бир неча бор ғалабага эришади. Натижада генерал унвони билан тақдирланиб, Динюан ҳудудининг бош қўмондони қилиб тайинланади. Генералнинг рафиқаси Хе Шининг келиб чиқиши ҳам сўғдиёналик савдогарлар оиласига бориб тақалади. Уларнинг Ан Цзинцан, Хуэй Пу, Сзи Са исмли учта ўғли бўлган. Ан Цзинцан Тан империясининг тахт меросхўри Ли Данюга мусиқачи сифатида хизмат қилган. Ли Даню ўша даврда сарой фитначиси сифатида қораланган ва уни Ан Цзинцан ҳимоя қилиб, ноҳақ айбловлардан қутқаради. Шундан кейин Ан Цзинцан ҳақида Тан империяси тарихчилари томонидан улуғ инсон сифатида тарихий асар яратилади. Ан Пулар оиласи Хитойда ана шундай юксак мартабага, эҳтиромга эга бўлишади.
Ан Пу 664 йилда Чанъанда вафот этади ва шу ерда дафн қилинади. Унинг рафиқаси Хе Ши 709 йилда ҳаёт билан видолашади. Уларнинг ўғли Ан Цзинцан Лунмен тоғида мақбара бунёд қилдириб, унинг ичида ота-онаси учун қабрлар қурдиради. Отасининг ҳокини Чанъандан олиб келиб, шу ерга дафн қилдиради. Археологлар томонидан 1981 йилда топилган бу мақбара ва қабрлар Ан Пулар оиласига мансуб тарихнинг олис ўтмишидан гувоҳлик беради.
Ўша давр тарихий маълумотларига эътибор берсангиз, Бухородан Лоянга келиб яшаган ва Хитойда хизмат қилган Ан исмли сўғдийлар кўп бўлганлиги кўзга ташланади. Масалан, 589 йилда Ан Бей ҳарбий хизматчи, 653 йилда Ан Йан генерал, 658 йилда Ан Жинг юксак иқтидор эгаси, 663 йилда Ан Ши шаҳзода саройида хизматчи, 937 йилда Ан Ванжип ҳоким, 954 йилда Ан Шонгуи олий прокурор, 1000 йилда Ан Шозхонг ҳоким сифатида фаолият юритиб, хитойликлар орасида улуғлик даражасига эришганлар. Айни пайтда, ўтган асрнинг 80-йилларидан кейин хитойлик археологлар мамлакатимиз ҳудудларидан олис ўтмишда Хитойга бориб қолган Ашина Зхонг, Ту Жу, Ан Юапшаз каби улуғ инсонлар мангу ором топган мақбараларни очиб, ўргандилар. Буларнинг ҳаммаси юртимиз ва Хитой ўртасида, халқларимиз орасида иқтисодий, савдо-сотиқ, ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорликлар, алоқаларнинг қадим тарихидан гувоҳлик беради.
Ўзбекистон тарихи давлат музейи залларида Лоян шаҳар музейи томонидан ташкил этилган кўргазманинг “Бухорога қайтиш: Тан сулоласи ҳукмронлиги даврига оид генерал Ан Пу ва унинг рафиқаси қабридан топилган тарихий-маданий мерос”, деб номланиши бежиз эмас. Бу рамзий маънога эга. Зеро, Бухорода туғилган, Хитойга бориб улуғ ишларни амалга оширган, хитойликларнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлган инсон тақдири, ҳаёти билан боғлиқ ноёб осори-атиқаларнинг юртимизда намойиш қилиниши Ан Пунинг ўз Ватанига, киндик қони тўкилган Бухорога қайтиши ҳисобланади. Кўргазмага Ан Пу мақбарасидан топилган 129 та буюмдан 75 таси қўйилган.
Буюмлар орасида сирланган сополдан ишланган ҳайкалчалар алоҳида ўрин тутади. От, туя, ит, хўроз, ғоз, ўрдак ва бошқа ҳайвонларнинг оқ гилдан ишланган ҳайкаллари — терракоталар одамни ҳайратга солади. Улар орасида қабр қўриқчиси бўлган жониворлар ажралиб туради. Шу ҳолатнинг ўзи қадимда Хитойда ҳам, юртимизда ҳам инсон вафот этганидан кейин уни қабрда ҳар хил инс-жинслардан, ёмон кучлардан ҳимоя қиладиган жониворлар бўлиши керак, деган ғоянинг мавжуд бўлганлигини кўрсатади. Қабрларга турли ҳайвонларнинг ҳайкалчалари қўйилишининг сабаби ҳам ана шундадир.
Булардан ташқари, мақбара ичидан турфа хил гиллардан ишланган кўзалар, хумчалар, гулдонлар ва бошқа чинни буюмлар ҳам топилган. От ва туя етаклаган одам, қалпоқ кийган савдогар қиёфаси, ҳарбий хизматчи, самовий қирол кўриниши, 18 та турли қиёфадаги инсонлар ҳолатлари Ан Пунинг, ҳақиқатан ҳам, савдогарлар оиласига мансублигини кўрсатади. Терракота ҳайкалчаларининг барчаси уч хил ранг бериб, мукаммал ҳолатда ишланган. Уларни томоша қилсангиз, милодий 700 йилларда эмас, айнан шу кунларда яратилгандек таассурот қолдиради. Шу билан бирга кўргазмада Хитой тарихига оид Диндинг дарвозаси, Сарой дарвозаси, Юнгтман дарвозаси, Минг зали, Тиан зали, Буддага ибодат қиладиган зал, Шимолий сарой, туя етаклаган хорижлик савдогарнинг деворий сурати, Диндинг дарвозаси олдидаги туяларнинг излари тушган йўл каби ноёб суратлар ҳам мавжудки, улар ўша давр руҳини яққол намоён этишга хизмат қилади.
Мақбарадан топилган буюмлар орасида руҳоният билан, имон-эътиқод билан боғлиқ ҳайкалчалар ҳам мавжуд. Зардушт, Будданинг инсонларни яхшиликка, дўстликка ундовчи қиёфалари турли қаҳрамонлар тимсолида намоён бўлади. Конфуцийга хос донишмандлик ҳам ҳайкалларда акс этган. Тан сулоласида Арш қироли дубулға ва ажойиб зирҳ кийиб олган ҳолда Будда билан ҳамкорликда шайтонга қарши курашиб ғолиб келади. Натижада ёвузлик устидан адолат тантана қилади. Ёхуд Зардуштнинг қора кучларга қарши кураши Анахита тимсолида тасвирланади. Ҳайкалчаларда ана шу ҳолатлар ҳам ўз аксини топган. Бошқача айтганда, мақбарадан топилган осори-атиқаларда зардуштийлик, буддавийлик, конфуцийликка хос ғоялар уйғунлашган ҳолда намоён бўлган.
Археологларнинг маълумотларига кўра, генерал Ан Пу бир қўлида Тан империясининг, иккинчи қўлида Шарқий Рим империясининг тилла тангаларини ушлаган ҳолда дафн этилган. Бу унинг Буюк Ипак йўлида тижорат бобида етакчилик қилганини билдиради. Мақбара ва қабрларнинг қурилиши, буюмларнинг яратилишида Сўғд маданиятига хос хусусиятлар намоён бўлган. Буларнинг бари қадим даврлардан бошлаб Ўрта Осиё ва Хитой ўртасида, умуман, Буюк Ипак йўлида иқтисодий, сиёсий, маънавий жабҳаларда ҳамкорликлар ниҳоятда юксак бўлганлигини кўрсатади.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда....
01 янв 1970
Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғи ҳамда Болалар боғида бир-биридан қизиқарли тадбирлар бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Термиздаги Археология музейининг кириш залида танга шаклидаги катта экспонат қўйилган. Бу экспонатда қайиқ ва лангар тасвири акс эттирилган. ...
01 янв 1970
Шу йил 13 июнда мамлакатимиз Президентининг “2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қи...