Патронаж хизмати: фаолият қониқарлими?

/
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар кўлами янада кенгайди. Ушбу соҳани замон талаблари даражасида такомиллаштиришда мутасадди ташкилотлар билан бирга мамлакатимиз парламентининг ўрни, шу билан бирга, жамоатчилик назорати муҳим аҳамият касб этади. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам соғлиқни сақлаш соҳасига Қонунчилик палатаси кўмакчи бўлиши зарурлиги таъкидланган эди.
Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришда тўғри йўл танлангани натижаси ўлароқ жойларда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланди. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. 2017 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор амалиётга йўналтирилди. Қарор ижроси доирасида соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи асосида яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш бўйича ихтисослаштирилган бўлимлар ташкил қилинди.
Президентимизнинг “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳа тараққиётида янгиланишларга йўл очди. Асосийси, тиббий хизматга фуқароларнинг ишончи ҳамда аҳолининг тиббий саводхонлиги ошиб бормоқда.
Шу ўринда ҳудудларда партия Сайловолди дастури лойиҳасининг муҳокамасига бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда ҳам кўплаб фикр ва таклифлар айнан соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Демак, соҳадаги ислоҳотлар жараёнида халқимиз яна нималарга эътибор бериш зарурлигини айтмоқда, мазкур таклифлардан келиб чиқиб, аниқ чора-тадбирлар ва уларнинг амалий механизмларини ишлаб чиқиш ҳаётий вазифамиз ҳисобланади.
Бунда асосий эътибор қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолиятини яхшилаш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга қаратилмоқда. Аммо мазкур соҳада ютуқлар билан биргаликда ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан ташкил этилган “Шифокорлар ва патронаж ҳамширалар томонидан ўтказилаётган режали патронаж ишлари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги давра суҳбатида ана шу муаммоларни бартараф этиш, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш мақсадида давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, шу мақсадда давлат бюджетидан 2018 йилда 2017 йилга нисбатан 40 фоизга кўп маблағ ажратилган бўлса, 2019 йил учун 2018 йилга нисбатан қарийб 30 фоизга кўп бюджет маблағлари йўналтирилган.
Бугунги кунда аҳолининг тиббий ва санитар-гигиеник маданияти даражасини юксалтиришга қаратилган амалий ишлар изчил олиб борилмоқда. Жумладан, мамлакатимизда аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жисмоний фаолликни оммалаштириш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда патронаж хизматининг ҳам ўз ўрни бор.
Бугунги кунда туман, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктларида тиббий патронажлар сифатида умумий амалиёт шифокорлари (УАШ), патронаж ҳамширалар ва зарур ҳолатларда тор мутахассислар қўшимча жалб қилинмоқда. Аммо патронаж ва УАШ, ҳамшира фаолияти тўлиқ манзилли амалга оширилаяпти ва у ўз самарасини бераяпти, дея олмаймиз. Ушбу соҳада ҳам ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжуд.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 сентябрдаги 718-сонли қарорига илова сифатида тасдиқланган марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги Низомда уй хўжаликларининг тиббий ижтимоий ҳолатини ўрганиш мақсадида патронаж ҳамшира ойига 144 та хонадонга бориши белгиланган. Бу эса, кунига 6 та хонадонни ташкил этиб, натижада айрим аҳволи оғир беморлар ҳолидан хабар олиш имконияти камайишига сабаб бўлмоқда.
Партия депутатлари қайд этганидек, шифокорлар ва патронаж ҳамширалар томонидан ўтказилаётган режали патронаж ишларини қайта кўриб чиқиш, уларни замон талабига мослаштириш, эркин фаолиятини амалга оширишига замин яратиш зарур. Давра суҳбатида патронаж ҳамшираси томонидан тизимли патронаж хизмати билан аҳоли қамраб олиниши лозим бўлган контингентни ва хизмат кўрсатиш даврийлигини аниқ белгилаш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, умумий амалиёт шифокори томонидан хонадонга ташрифлар режаси ва даврийлигини ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида тўхталиб ўтилди.
Фракция томонидан ушбу масала юзасидан жаҳон тажрибаси ўрганилганида, Италия, Испания, Греция, Германия каби мамлакатларда асосан ўзгалар парваришига муҳтож қариялар ва руҳий касал беморларгагина ижтимоий патронаж хизмати амалга оширилиши маълум бўлди. Россияда 46 та поликлиникада махсус автомобиль билан таъминланган бригадалар ташкил қилинган бўлиб, уларда 120 нафар шифокор, 264 ўрта тиббий ходимлар фаолият олиб боради. Қозоғистонда эса эксперимент тарзида универсал ва такомиллашган патронаж тизимлари йўлга қўйилган бўлиб, бунда асосан болалар ва ҳомиладор аёлларга такомиллашган патронаж хизматлари кўрсатилади.
Депутатлар фикрича, бугунги кунда ушбу соҳага эътибор кучайганини инобатга олиб, патронаж ҳамшираси ва шифокор юкламаларини қайта кўриб чиқиш долзарб вазифалардан саналади.
Шунингдек, давра суҳбатида патронаж хизмати тўғрисида Низом ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўтарилди. Низом доирасида патронаж хизмати учун алоҳида ҳақ тўлаш механизмларини жорий қилиш ҳамда амалдаги меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар киритиш зарурлиги таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари соҳа мутахассисларининг аҳоли билан мулоқотини янги мазмун билан бойитиш орқали тиббиёт муассасаларини халққа янада яқинлаштириш, касалликларнинг профилактикасини кучайтириш диққат марказида бўлиши лозимлигини қайд этишди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклифларни умумлаштириб, мутахассислар томонидан қайта кўриб чиқиш ҳамда мутасадди вазирликларга тақдим қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан “Электрон рақамли имзо олиш учун ...
01 янв 1970
Маълумки, 2015 йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори қабул қилинди....
01 янв 1970
Бугунги дунё — мураккаб ғоявий зиддиятлар дунёси, унда “мафкуравий полигонлар ядро полигонларига қараганда кучлироқ ва хавфлироқдир&rdq...
01 янв 1970
Одамларнинг оғирини енгил қилиб, уларни эзгуликка, бунёдкорликка ундай олган депутат кўпчиликнинг ишончига сазовор бўлади....