Долларга келган диплом сариқ чақага арзимаса...

/
Бугун ижтимоий тармоқларда бир хил рекламага дуч келасиз: “Ёшлар, фалон давлатга бориб, имтиҳонсиз ўқишга киринг...” Бу тарғибот камдек вилоятларда уйма-уй юриб, ёшларни чет эллардаги олий ўқув юртларига ўқишга таклиф қилаётган, талаба бўлишига кафолат бераётган “ишбилармон”лар ҳам урчиб кетди. Албатта, бўлғуси талаба пулини тўласа бас экан. Долларда, нақд...
Балки бу бир қараганда жозибадор таклиф бўлиб туюлар. Ахир хорижда ўқиш яхши-ку.
Бироқ, масаланинг моҳиятига қарасак, бу ерда алдов юз бераётганига ишонч ҳосил қиламиз. Бу масалани имкон даражасида ўрганиб чиқдим. Маълум бўлишича, қўшни республикаларда таълим олаётган фарзандларимиз олий ўқув юртида 3 йил контракт пули тўлаб ўқишар экан. Ваҳоланки, Ўзбекистонда бакалавриат тизими 4 йиллик эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз-ку. Демак, хорижда 3 йил ўқиб қайтганларнинг дипломи юртимизда нострификация қилинмайди, бошқача айтганда, кераксиз бир парча қоғозга айланади.
Яна бир масала: роса тарғиб-ташвиқ қилинаётган масофадан таълим бериш тизими ҳақида ҳам худди шундай фикрни айтиш мумкин.
Эссиз, ёшларимизнинг ҳавога совурилган шунча вақти, эссиз шунча пул...
Нима, сиз ўйлайсизки, бу ишнинг бошида турганлар масаланинг бу жиҳатидан бехабарми? Асло йўқ! Улар буни жуда яхши билишади. Аммо ўртада катта пул бор. Ўзингиз ҳисоблаб кўринг. Яқинда тасодифан эшитиб қолдим, қўшни республикадаги шундай олий таълим муассасасидаги битта факультетда вилоятларимизнинг биридан 700 нафар талаба ўқир экан. Бу нима деган гап ахир?! Ёшлар иттифоқи, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қаёққа қарашаяпти? Ахир бу алдовларнинг ҳаммаси кўз олдимизда содир бўлаяпти.
Рекламалар кўча-кўйда, турли оммавий ахборот воситаларида давом этмоқда. Ҳақиқий ҳолатни кўра-била туриб, масъул давлат идоралари мутасаддилари ҳамон бирор чора кўрмаяпти. Бир кўрсатувда мутахассис “Фуқаролардан шикоят келиб тушмаса, тадбиркорларнинг фаолияти уч йилгача текширилмайди”, деди. Олий таълим даргоҳига кириши учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилишда воситачи бўлиш тадбиркорликмикан ўзи? Нега масаланинг бу жиҳатига ҳеч ким эътибор бермаяпти? Аслида бу муаммонинг ечими оддий, яъни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг хорижий таълим даргоҳлари билан алоқалар масаласига масъул бошқармаси барча шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда бу ишни марказлашган тарзда олиб бориши, ушбу масаланинг тадбиркорликка умуман алоқаси бўлмаслиги лозим. Шундагина ёшлар фирибгарларнинг қўлига тушиб қолмайди, чунки жавобгарлик, масъулият вазирликнинг зиммасида бўлади. Бу эса табиий ҳолдир.
Бундай молиявий фирибгарликни реклама қилаётганлар “Пулини тўласа бас” қабилида иш юритишаяпти, шекилли. Ахир ўша алданган ва алданаётган талабаларнинг ота-оналари не-не умидлар билан, сўнгги пулларини тўплаб ўқишга юборгандир?! Эртага уларнинг аҳволи нима кечади? Ота-она ўғли ёки қизини олий маълумотли бўлди, деб қучоқ очиб кутиб олса-ю, доллар эвазига келган дипломнинг сариқ чақалик аҳамияти бўлмаса?
Адолат бор жойда, қонун устувор жамиятда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояланган бўлади. Адолат — ҳар бир инсон учун. Айниқса, ўсиб келаётган ёшларимизни биз турли фирибгарликлардан, қонунбузарликлардан ҳимоя қилишимиз шарт. Шу сабабдан мен Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий ва Сайловолди дастурларида мана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилишини истайман. Токи, “Ўқитамиз, олий маълумот берамиз” деган ширин ваъдалар билан ёшларнинг бошини айлантираётган ташкилотлар ёки фуқаролар қонун олдида жавоб беришсин. Токи, ёшларни ҳимоя қилишга доир бундай ишни амалга оширишда партиянинг роли ва вазифаси дастурда қатъий белгилаб қўйилсин. Ана шундагина партиянинг “Инсон манфааатлари — олий қадрият” шиори амалиётга татбиқ этилган бўлади. Айни пайтда бундай саъй-ҳаракатлар партиянинг халқ орасидаги обрўсини ҳам оширади.
Ҳожиакбар МУҲАММАДИЕВ,
Жиззах шаҳар “Учариқ” МФЙдаги БПТ раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳақида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида турли муаллифларнинг чиқишларини ўқир эканман, камина ҳам шу мавзуда қалам т...
01 янв 1970
Сайлов халқ ҳокимиятчилигининг муҳим белгиси, фуқароларни давлат ҳокимиятига даврийлик асосида ўз муносабатини билдиришнинг муҳим воситаси, сайловл...
01 янв 1970
Инсон дунёга келар экан, ҳазрат Навоий айтганидек, комилликка интилиши, ўз атрофидаги инсонлар таъсирида, устозлар кўмагида камолот пиллапояларидан...
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳар дақиқада халқнинг фикрини илғашга, дардига дармон бўлишга интилди. ...