«Параллел мактаб тизими» бу ҳол қачонгача давом этади?

/
Бир ҳамкасбим деди: — Ўғлимнинг юқори синфда ўқиётганини эшитган танишим яхши репетиторлар борлигини айтиб қолди. Сабабини сўрасам, ишонч билан шундай изоҳ берди: “Репетиторга қатнамаса, ўғлинг ўқишга киролмайди...”
Ахир бизлар мактабда ўқиган эдик, у пайтлар репетитор деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Шунга қарамай синфдошларимизнинг деярли ҳаммаси институтларга ўқишга киришди, олий маълумотли бўлишди, улар орасида номзодлик, докторлик ишини ҳимоя қилганлар ҳам бор. Энди бўлса кўпчилик репетиторликни абитуриентни институт аудиториясига олиб бориб қўядиган ягона восита деб билади.
Аслида бундай бўлиши керак эмас-ку. Тест синовлари ҳам мактаб таълими дастури асосида тузилади. Демак, ўқувчида қўшимча билим олиш учун ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Аксинча, шу пайтгача жуда кўпчилик репетиторлар болаларга тест жавобларини кўр-кўрона ёдлатавериб, уларни фикрлашдан, ижодий мулоҳазакорликдан бенасиб қилмоқда.
Бироқ, биз барибир репетиторга маҳкам ёпишиб оламиз, уни халоскор деб биламиз. Ҳолбуки, замон ўзгарди. Энди мисол учун, қишлоқ ўқувчилари ойлаб далада юришмайди, уларнинг тўлиқ дарс ўтишлари кафолатланган. Ўқитувчилар ҳам мажбурий меҳнатга, жамоат ишларига жалб қилинмаяпти. Бундай эзгу ишларнинг ҳаммаси юрт раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилди. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари кескин оширилди. Шогирдлари халқаро танловларда иштирок этган устозлар алоҳида рағбатлантирилмоқда.
Шундай шароитда ҳам репетиторга суяниш уят эмасми? Энг қизиғи, аксарият ҳолларда ўқув марказларида ёки хонадонларда айнан мактаб ўқитувчиларининг ўзлари репетиторлик қилишаяпти. Табиийки, бундай шароитда ўқитувчи кучи ва вақтини мактабга эмас, қўл остида пул тўлаб ўқиётган болаларга сарфлайди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП таълим тизимининг янада ривожланиши учун ҳаракат қилиб келмоқда. Ўйлайманки, бу жараёнда репетиторлик муаммоси кичик масала бўлиб қолмайди. Партия бу масалага жиддий эътибор қаратиши ва унинг ечимини топиши лозим. Ахир қачонгача ўқувчи билимни мактаб ўқитувчисидан эмас, репититордан олади?
Қизиқ, ўқитувчи мактабда ўз фанидан яхши ўқитмаса-ю, репетитор сифатида ўқувчини ўқишга кирадиган даражада билимдон қила олса! Мактабнинг ўзидаёқ олаётган маошига яраша ёшларга таълим беришса бўлмайдими, деган савол туғилади. Шу билан бирга, репетиторга бериб ўқитган боласи ўқишга киролмаса, пулига куйиб қолаётган ота-оналар ҳам борлигини айтиш жоиз.
Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари бу борада назорат ўрнатиб, мактабларда таълим сифатини тубдан кўтаришга эришса, давлат тасарруфидаги мактаблардан кўра ўқувчиларни яхши ўқитаётган, таъбир жоиз бўлса, “параллел мактаб тизими”га айланиб улгурган репетиторлик хизматига асло ҳожат қолмасди. Катта ёшдагилар репетиторсиз ўқишга кирган экан, демак, бу имконсиз иш эмас.
Аслида бундай фикр-мулоҳазалар ОАВда бир неча бор кўтарилди. Аммо муаммога лозим даражада эътибор қаратилмаяпти. Шу боис ҳамон “параллел мактаб тизими” вакиллари — репетиторлар мактаб ёки лицейда ҳам, уйда ёки бирор ўқув марказида ҳам бир иш учун икки мартадан маош олишмоқда, дейиш мумкин. Бу ҳол қачонгача давом этади? Партиямиз бу борада назоратни кучайтириши, ўз дастурларида аниқ вазифалар белгилаши ва амалга ошириши керак, деб ҳисоблаймиз. Бундай ҳолатларнинг туб сабабларини аниқлаш вақти аллақачон келган.
Демоқчимизки, ҳар бир умумтаълим мактаби, академик лицей битирувчиларининг камида 50-60 фоизи ОТМларга ўқишга кира олишига кафолат бериши шарт — уларга ана шундай талаб қўйишга давлат ҳам, ота-оналар ҳам ҳақлидир, шундай эмасми?
Бугун мактабларда фан тўгараклари номига ишламоқда, холос. Улар фаолиятини ҳам йўлга қўйиш керак.
Умуман олганда, мактаб — билим ўчоғи. “Адолат” партияси мана шу ҳақиқатни амалиётга татбиқ этиши ва бу жараённи ўз дастурида, албатта, акс эттириши лозим.
Пиримқул ТОЖИДДИНОВ,
Ховос темир йўл шифохонаси поликлиника бўлими мудири,
шифокор-педиатр

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ватанпарвар инсонларни тарбиялашда халқимизнинг тарихий мероси катта аҳамиятга эга....
01 янв 1970
Энг қизиғи, куз-қиш мавсуми, ҳатто баҳор ҳам ўтиб, ёз кириб келди-ю боғ дарвозаси ҳамон қулф!!!...
01 янв 1970
Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....