Бойкентми ёки Пойкент?

/
Тилимиз олис ўтмишдан бошлаб шаклланган. Турли даврларда ҳар хил ўзгаришларга учраган. Ундаги сўзларнинг қайси даврда пайдо бўлгани, келиб чиқиши, қандай маъноларни англатиши, тилимизга қандай янги сўзларнинг кириб келиши билан боғлиқ масалалар тилшунос олимларимиз томонидан атрофлича тадқиқ этиб келинмоқда. Тилдаги сўзларнинг маъноларини англаш бу тарихимизни, тилимиз тараққиётини, сўз бойликларини, бугунги ҳолатини ва умуман, ўзлигимизни англаш демакдир.
Тилдаги ўзгаришлар, янгиланишлар, сўз ясалиш ҳолатлари, ҳар бир сўзнинг қандай пайдо бўлиши кабилар аҳоли яшайдиган жойлар номлари — топонимларда ҳам аксини топади. Юртимизнинг қайси нуқтасига борманг, турли хил топонимик номларга дуч келасиз. Масалан, Оқчахонқалъа, Бўзсув, Кичиксой, Боғолон, Чўболон, Қарнаб, Занжирсарой, Кўкбулоқ, Данғара, Хатирчи, Нарпай, Пойкент ва бошқа шу каби номларда ҳам тарих, ҳам турар-жой масканлари, ҳам аҳолининг касб-кори билан боғлиқ ҳолатлар, ҳам одамларнинг воқеликка муносабатлари ифодасини топган.
Айтайлик, Пойкент топоними иккита сўздан ташкил топган. Пойи кент. Шаҳарларнинг охирида жойлашган кент мазмунини беради. Манбаларда айтилишича, бу шаҳар Зарафшон дарёсининг тугалланиш нуқтасида жойлашган. Шу сабабли унга шундай ном беришган, дейилади. Баъзи манбаларда у Бойкент — бой шаҳар маъносида ҳам ишлатилади. Х асрда яшаган муаррих Наршахий унинг номини асарида Бойкент шаклида келтиради. Муаррихнинг ёзишича, бу шаҳар аҳолиси ниҳоятда бой бўлган ва ушбу топонимик атама олис ўтмишдан тарихий ном сифатида етиб келган.
Юртимиздаги ҳар бир жойнинг номи ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Улар ё тарихий, ё жой номи билан, ё бошқа сабаблар билан аталиб, бизнинг кунларгача етиб келган. Бугун халқимизнинг ўзлигини англаш жараёни давом этаётган экан, ҳар бир инсоннинг ўзи яшайдиган ва яқин атрофдаги жойларнинг номларини, уларнинг мазмунини, тарихий келиб чиқиши билан боғлиқ маълумотларни билиши муҳим ҳисобланади. Шу маънода бугун турли жойларда кўп учраб турадиган баъзи топонимик номлар хусусида фикр билдиришни маъқул топдик.
Шайхислом. Бу топонимик атама ислом динидаги “Шайх ул-ислом” деб аталган унвоннинг қисқартма шакли. Ундаги “ул” изофаси тушириб қолдирилган, натижада шундай сўз пайдо бўлган.
Халқобод. “Халқ” сўзи от туркумига, “обод” сўзи эса сифат туркумига оид лексемалар. Икки хил сўз туркумига оид сўзларнинг ўзаро қўшилиши натижасида янги — Халқобод топоними юзага келган.
Дамариқ. Дам — сув равон оқмасдан, тўпланиб қоладиган жой. Суви яхши оқмайдиган, дамланиб турадиган ариқ дамариқ, дейилади. Дам сўзининг “тўғон”, “кўл”, “ариқ” маънолари ҳам бор. Бу сўз от туркумига тегишли бўлиб, сувнинг оқувчи йўли маъносини билдиради. Сўзларнинг ўзаро қўшилишидан Дамариқ топоними пайдо бўлган.
Қорача. Ўзбекларнинг қирқ, лақай, сарой қабилалари таркибида, қозоқларнинг жетирув, қирғизларнинг мундуз қабилалари таркибида қорача (қарача) уруғи қайд қилинган.
Хонақа. Тилимизда хонақоҳ деган сўз бор. Бу сўз форсчадан олинган бўлиб, хилватхона, узлат, дарвешлар макони, деган маънони билдиради. Хонақоҳ масжиднинг намоз ўқиладиган, одатда кенг ва катта хонаси маъносида ҳам қўлланилади. Хонақа топоними “хонақоҳ” лексемасидан келиб чиққан. Сўзлашув тилида хонақоҳ хонақа тарзида талаффуз қилинган ва бу сўз тарихий жараёнда топоним бўлиб шаклланган.
Тойтуёқ. Бу той+туёқ шаклидаги қўшма сўз бўлиб, семантик, грамматик ўзгариш асосида Тойтуёқ топоними ҳосил бўлган. Туёқ эса, албатта, тойга тегишли. Улар қўшилганда “тойнинг туёғи” сўз бирикмаси ҳосил бўлади.
Қозоқовул. Ушбу топоним ҳам юқоридагилар каби сўз бирикмаси бўлиб, қозоқларнинг овули ёки қозоқ халқига тегишли бўлган овул, деган маънони англатади. Ундаги иккита ном конверсия ҳодисасига учраб, сўзлардаги қарашлилик, эгалик аффикслари тушириб қолдирилган ва “Қозоқовул” топонимини ҳосил қилган.
Муҳаммад Ҳайдаров,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бозорда рўзғор учун зарур маҳсулотларни танлаб, сифатига қараб, нархини савдолашиб олиш имкони бор....
01 янв 1970
Олий суд ОАВ томонидан эълон қилинаётган турли хил фикрлар илгари сурилган материалларга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлиб келган....
01 янв 1970
Коррупция — мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Унинг асосида хуфёна равишда қўлга киритиладиган иқтис...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида оналик ва болалик муҳофазаси мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди....