СОЦИАЛ-ДЕМОКРАТИЯ: инсонпарвар мафкуранинг ҳаётбахш кучи

/
Бугунги дунё — мураккаб ғоявий зиддиятлар дунёси, унда “мафкуравий полигонлар ядро полигонларига қараганда кучлироқ ва хавфлироқдир”. Бундай мафкуравий турфа хиллик шароитида фақат бунёдкор ва халқчил ғояларгина ҳаётда ўз ўрнини топа олади.
Замонамизнинг кенг кўламли таъсирга эга бўлган ана шундай прогрессив мафкураларидан бири бу, шубҳасиз, социал-демократиядир. Бу мафкура бугунги кунда сиёсий саҳнада сўл марказдан туриб ҳаракат қилаётган, мўътадил сиёсатга асосланувчи сиёсий кучларнинг ғоявий доктринасини ташкил этади. Социал-демократия ҳозирги замоннинг энг таъсирчан ва қудратли мафкураларидан бири бўлиб, у ижтимоий ислоҳотларни тадрижий йўл билан, яъни босқичма-босқич амалга ошириш орқали жамиятни тараққиёт сари бошлаш ва халқ фаровонлигини оширишни кўзда тутади.

Сўнгги бир ярим асрдан бери социал-демократия сиёсий тафаккурнинг илғор ютуқларини жипслаштириб, кенг аҳоли қатламлари, жумладан, меҳнаткашлар, зиёлилар, тадбиркорларнинг манфаатларини ифодалайдиган кучли мафкурага айланди. Социал-демократия жамиятда турли-туман гуруҳ ва табақаларнинг тинч-тотув ва аҳил ҳаёт кечириши, миллатлараро ва динлараро бағрикенглик тарафдори бўлиб, ташқи сиёсатда бошқа мамлакатлар билан ўзаро тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ёқлаб чиқади. Ижтимоий ва маданий-маърифий муҳитни муҳофаза қилиш, инсоннинг маънавий эҳтиёжларини қондириш, мустақил ва эркин шахсни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий муносабатлар тизимини жорий қилиш социал-демократиянинг энг муҳим қадриятлари ҳисобланади. Ушбу мафкура меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган аҳоли учун тенг имкониятлар яратишни, аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига меҳр-мурувват кўрсатишни кўзда тутади, бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналтирилган бўлиши лозимлигини, яъни инсоний қиёфасини тараннум этади.
Социал-демократия мафкурасини XIX аср охирида немис мутафаккир ва жамоат арбоблари К.Каутски ҳамда Э.Бернштейн каби олимлар илмий-назарий жиҳатдан кенг асослаб бердилар. Уларга кўра, янги жамиятга синфий кураш ёки инқилоб орқали эмас, балки жамиятни босқичма-босқич ислоҳ қилиш орқали ўтиш мумкин. Бу мақсадга эришиш учун давлат жамиятнинг иқтисодий ҳаётини тартибга солиб туриши, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаши, параллел равишда хусусий тадбиркорликни рағбатлантириб туриши ва шу асосда давлатнинг ижтимоий функциялари таъминланиши лозим.
Тарихан социал-демократик ҳаракат XIX асрнинг ўрталарида шакллана бошлади. Ўша даврда ўарбий Европанинг бир қатор мамлакатларида саноат ривожланиб, йирик корхоналар вужудга келди. Бу эса, ўз навбатида, ёлланма ишчилар меҳнатига бўлган талабнинг ошишига олиб келди. Ишчиларнинг оғир меҳнати ва ночор ижтимоий аҳволи уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тақозо этар эди. Бу вазифани социал-демократлар ўз зиммаларига олдилар. Дастлаб улар матлубот ва касаба уюшмалари тузиб, ҳаракат қилдилар, кейинчалик эса сиёсий партияларга бирлашдилар. Бундай партиялар фаолиятининг негизида демократик жамият учун кенг шароитлар яратиш, меҳнаткашларнинг ижтимоий (социал) ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ғояси ётар эди. Шу тариқа улар социал-демократик партиялар, деб ном олди.
Социал-демократлар ёлланма ишчилар ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш мақсадида ижтимоий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этдилар. Улар янги иш жойлари ҳам, юқори иш ҳақи ҳам, жамиятнинг ижтимоий эҳтиёжлари учун ундириладиган солиқлар ҳам пировардида бозор муносабатларининг самарали йўлга қўйилиши билан боғлиқлигини тўлиқ англаган ҳолда доимо тадбиркорлар ва кенг халқ оммасининг манфаатларини ўзаро мослаштиришга ҳаракат қилдилар.
Бизнинг давримизга келиб эркинлик, тенглик, адолат ва бирдамлик каби қадриятлар замонавий социал-демократиянинг ғоявий негизини ташкил этмоқда. Бир-бирига боғлиқ ушбу тушунчалар социал-демократияни бошқа сиёсий оқимлардан яққол ажратиб туради. Эркинлик инсон қадр-қимматининг пойдевори сифатида жамиятнинг бошқа аъзолари ва атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда эмин-эркин яшаш ҳуқуқини англатса, адолат — ижтимоий муносабатларнинг бош мезони дея эътироф этилади. Бирдамлик инсоний меҳр-оқибат тимсоли сифатида жамият аъзоларининг ўзаро аҳил ва баҳамжиҳат яшашини билдирса, тенглик — ижтимоий, миллий, ирқий, гендер ва бошқа турдаги тафовутлардан қатъий назар, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ва масъуллигини англатади.
Бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатларида социал-демократия ғоялари у ёки бу даражада таъсир кучига эга. Масалан, Скандинавия мамлакатларида ижтимоий бирдамлик ғояси бирламчи бўлиб, давлат аҳолининг бой ва камбағал қатламлари даромади ўртасида тафовутни қисқартириш чораларини кўрмоқда. Айниқса, солиқ тизимидан ижтимоий ҳимоя мақсадларида фойдаланилмоқда, яъни дифференциялашган мол-мулк ва бошқа солиқлардан давлат бюджетига келиб тушаётган маблағлар ҳисобига ижтимоий аҳамиятга молик дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари янада кучайтирилмоқда. Ушбу ҳимоя тизими, ўз навбатида, мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичлари ва хусусий тадбиркорликнинг ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Ҳозирда жамиятда давлат қанчалик даражада кучли бўлиши керак, унинг роли нечоғлик юқори бўлиши лозим, деган савол устида аксарият мамлакатларда, хусусан, европалик социал-демократлар ўртасида қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Айниқса, 2008-2011 йилларда юз берган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан сўнг давлатнинг жамиятдаги роли қайта таҳлил қилина бошланди. Социал-демократлар давлат томонидан кафолатланадиган кучли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлганликлари боис, давлат иқтисодий муносабатларни тартибга сола оладиган даражада фаол бўлишини ёқлаб чиқмоқдалар. Шу билан бирга, улар давлатнинг роли кескин кучайиб кетишига қаттиқ эътироз билдирадилар. Умуман, социал-демократлар давлатнинг шундай бир мўътадил, оптимал ва самарали шаклини топишга ҳаракат қилмоқдаларки, унга кўра давлат бир томондан жамиятдаги иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи регулятор вазифасини бажариши ва ижтимоий кафолатларни таъминлаши лозим. Иккинчи томондан эса, давлат иқтисодий ҳаётга ҳаддан зиёд аралашиб кетмаслиги, хусусий ташаббуслар эркинлиги ҳамда бозор муносабатларининг ривожланишига тўсқинлик қилмаслиги лозим.
Хусусий ташаббус эркинлигининг оптимал даражасига эришиш, иқтисодиётнинг истиқболли йўналишларини ҳимоя қилиш, параллел равишда миллий иқтисодиётнинг дунё бозорларига нисбатан очиқлигини таъминлаш — шак-шубҳасиз, барқарор ўсишга олиб келувчи омиллар ҳисобланади. Бундай ўта мураккаб, комплекс вазифаларни бажариш эса, ўз навбатида, давлатнинг етарли даражада кучли ва обрўли бўлишини тақозо этади.
Социал-демократлар томонидан илгари сурилаётган муҳим масалалардан яна бири — мамлакатда ишсизлар сонини камайтириш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қилувчи дастурларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу масала бўйича конструктив таклифларни ишлаб чиқишдир.
Таъкидлаш жоизки, бугунга келиб социал-демократиянинг халқчил ғоялари умумбашарий қадрият сифатида дунёнинг аксарият мамлакатларида қабул қилинган. Бугунги кунда жаҳондаги 150 дан ортиқ мамлакатда 230 дан зиёд социал-демократик йўналишдаги партиялар фаолият кўрсатмоқда. Улардан 160 га яқини социал-демократик партияларнинг халқаро уюшмаси — Социалистик Интернационалга бирлашишган.
Шу билан бирга, ҳар бир мамлакатда социал-демократиянинг ўз “миллий модели” мавжудлигини алоҳида қайд этиш зарур. Бу табиий ҳол, албатта. Зеро, ҳар бир мамлакат ўз халқининг тарихи, миллий қадриятлари ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда сиёсат юргизади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда ҳам ўтган чорак аср давомида социал-демократия мафкураси чуқур илдиз отди ва ўз миллий моделига эга бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Чунки социал-демократиянинг эркинлик, тенглик, адолат ва бирдамлик каби асосий ғоя ва қадриятлари ўзбек халқининг миллий-тарихий менталитетига ҳар томонлама мос тушади. Қолаверса, Ўзбекистон заминида кўпгина соҳаларда, хусусан, ижтимоий адолат ва маънавий-маърифий масалаларда ҳамиша кучли давлатга нисбатан эҳтиёж мавжуд бўлган. Инсон азалдан фақатгина ўз шахсий бахт-саодати ва роҳат-фароғати учун тинимсиз ҳаракат қилувчи индивид сифатида эмас, балки жамоанинг ажралмас бўлаги сифатида қараб келинган. Маҳалла институти, жамиятнинг эҳтиёжманд аъзолари тўғрисида қайғуриш ҳисси, меҳр-мурувват, саховат каби ўзбек халқининг юксак азалий қадриятлари бунга яққол мисол бўла олади.
Ўзбекистонда 1995 йилда ташкил этилган ягона социал-демократик партия — Ўзбекистон «Адолат» СДП, бир томондан, миллий ўзлигимиз, мустакил тарақкиёт йўлимизнинг асосий тамойилларига таянган ҳолда, иккинчи томондан эса, бутунжаҳон социал-демократия ҳаракатининг энг муҳим қадриятларини мужассам этган ҳолда фаолият кўрсатмоқда. Партия мафкураси илғор хорижий тажрибани буюк аждодларимиз қолдирган миллий фалсафий мерос билан уйғунлаштириш асосида ишлаб чиқилган.
Маълумки, адолатли жамият қуриш ғояси ҳамма даврларда Марказий Осиё ва Шарқнинг йирик олим ва мутафаккирлари диққат-эътиборида бўлган. Марказий Осиёда яшаб, ижод этган Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Ҳусайн Воиз Кошифий каби буюк олим ва мутафаккирлар адолатли жамият, юксак маънавият, аҳиллик, меҳр-мурувват ва саховат тўғрисидаги назарий билимларнинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган бўлсалар, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби улуғ бобокалонларимиз инсонпарварлик ғояларини нафақат ўз сиёсий қарашларида, балки амалий фаолиятларида ҳам мужассам этганлар.
Демак, биз қурмоқчи бўлган ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти илғор ривожланган мамлакатларнинг демократик тажрибаларига таяниш билан бирга, ўзимизнинг бир неча минг йиллик миллий қадриятларимиздан ҳам озиқланади.
Масалан, улкан илмий-фалсафий мерос қолдирган буюк мутафаккир Абу Наср Форобий одил жамият, адолатли тузум, одил ҳукмдор ҳақида орзу қилиб, барча инсонларни ҳамкорликка чақиради. У ўз давридаги турли мамлакатлар ҳаётий фаолиятига, уларни бошқарув усулларига баҳо берар экан, адолатли жамият ва давлатнинг олий мақсади — инсонларнинг том маънода бахт-саодатга эришувини таъминлаш эканлигини алоҳида таъкидлайди. Улуғ олим ва мутафаккир Абу Райҳон Беруний эса давлатнинг самарали фаолият кўрсатиши учун ўзаро ёрдам, тинч-тотув яшаш ва умум фаровонлиги сингари қоидаларга риоя қилиниши лозимлигини уқтиради. У давлат ва қонунлар инсон бахт-саодати учун хизмат қилиши, давлатни маърифатли кишилар бошқариши лозимлигини қайд этади.
Абу Али ибн Сино ҳам адолатли жамиятнинг муҳим шарти сифатида инсонлар ўртасидаги маънавий-ахлоқий муносабатларни биринчи ўринга қўяди. Унинг комил инсонни шакллантиришга доир қарашларида маънавий қадриятларнинг моддиюнчиликдан устун қўйишга мойиллик кучлилиги сезилиб туради. Алишер Навоий эса ўз асарларида “юксак жамият” ташкил этишни орзу қилади; “одил шоҳ»ни улуғлайди, жамиятда юз бераётган ноҳақликлар, адолатсизликларни қаттиқ қоралайди. Ҳақиқий инсоний фазилатлар — адолат, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, тўғрисўзлик, ватанпарварлик, ҳалоллик, инсонпарварлик, қаҳрамонлик каби фазилатларнинг ижобий жиҳатларини кенг ва чуқур очиб беради. Унинг фикрича, адолатли жамиятни юксак фазилатли, маънавиятли инсонларгина барпо этишлари мумкин. Шунинг учун ҳам мутафаккир инсон маънавиятини юксалтириш асосида “юксак жамият” қуриш ғояларини илгари суради. У инсониятни иккига — «аҳли маъни» ва «аҳли суврат»га бўлиб, уларнинг ҳар бирини чуқур таърифлаб беради.
Улуғ саркарда ва давлат арбоби Амир Темур тузган йирик марказлашган давлат адолат, инсоф-диёнат, инсонпарварлик ва халқпарварлик билан чуқур суғорилган эди. Амир Темурнинг олим-у уламолар олдида айтган қуйидаги сўзлари ушбу фикрнинг яққол тасдиғидир: «Илм ва диннинг машҳур кишилари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келганлар. Сизлар эса менга нисбатан бундай қилмаяпсизлар. Менинг мақсадим — мамлакатда адолат ўрнатиш, тартиб ва тинчликни мустаҳкамлаш, фуқаронинг турмушини яхшилаш, юртимизда қурилишни кучайтириш, давлатимизни ривожлантиришдир. Сизлар бу ишларни амалга оширишда менга ўз маслаҳатларингиз билан кўмаклашишингиз керак. Мамлакатнинг аҳволи, девоннинг суиистеъмол қилинганлиги ва қилинмаётганлиги, оддий одамларнинг жойлардаги ҳокимлар томонидан эзилаётгани мендан кўра сизларга аёндир. Шулар ҳақида маълумот берингиз, бу каби адолатсиз ишларни бартараф этувчи ҳамда шариат ва қонунларга мувофиқ чора-тадбирларни айтсангизлар яхши бўлурди...»
Мустақиллик йилларида социал-демократия мафкурасининг асосий тамойиллари Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганлиги, ривожланишнинг “ўзбек модели”ни концептуал равишда ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш жараёнида эътиборга олинаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифалар социал-демократия ғоялари билан ўзаро ҳамоҳанг бўлиб, ҳаётимизга кенг жорий этилмоқда.
Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳозирда ўз тараққиётининг янги сифат босқичида турибди. Бу партия сафларининг ҳудудлардаги сонининг ортиши ва ташкилий мустаҳкамлашувида намоён бўлмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз сафларида 380 000 нафардан ошиқ аъзоларни бирлаштириб турибди. Бу эса, ўз навбатида, партия ижтимоий базасининг тобора кенгаяётганлигидан далолат беради. Инсон ҳуқуқлари устувор бўлган эркин, демократик давлатни ва адолатли фуқаролик жамиятини босқичма-босқич бунёд этиш тамойилларига оғишмай амал қилиш бундан кейин ҳам бизнинг бош вазифамиз бўлиб қолиши лозим.
Қодир ЖЎраев,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши аъзоси, сиёсий фанлар доктори 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асрлар оша яшаб келаётган миллий ва умумбашарий қадриятларни менсимаслик, ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига нисбатан беписандлик кишини ўзлигидан бегонала...
01 янв 1970
Сўзни нотўғри ёзган бир синфдошимиз “саховат” сўзининг ёзилиши ҳақида ўқитувчимиз билан баҳслаша бошлади:...
01 янв 1970
“Хотира ва қадрлаш куни”. Бошқа мамлакатлар, халқлар, давлатлар ҳаётида доимо эъзозланадиган, эҳтиром қилинадиган ана шундай ном билан ...
01 янв 1970
Газета — халқ минбари. Биз халқ депутатлари туман Кенгаши депутатининг мақоласини чоп этдик. ...