Ислоҳотлар халқ фойдасига ишламоқда

/
Самарқандда қиймати 47 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳанинг биринчи навбати ишга тушди.
Мамлакатимизда кейинги икки-уч йил давомида ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги шиддатли ўзгаришлар халқ манфаатларига тўла мос келиши ва унинг узоқ йиллар кутилган ҳаётий эҳтиёж-мақсадларини рўёбга чиқараётганлиги билан чуқур аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш, саноатни ва аграр соҳани юксалтириш баробарида мамлакатни илдам тараққиёт йўлига олиб чиқишда давлат бошқарув идоралари ва фуқароларнинг ҳамкорлиги тобора салмоқли натижалар бермоқда.
Самарқанд вилоят ҳокимлиги инвестициялар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳод Мажидовнинг таъкидлашича, 2019 йил давомида вилоятда умумий қиймати 278 миллион АҚШ долларига тенг 119 та инвестициявий лойиҳани амалга оширишга киришилган. Бу вилоят иқтисодиётини кескин соғломлаштириш, четдан олиб келинаётган импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, истеъмол бозорида рақобатни кучайтиришни, инновацияга асосланган янги юқори даромадли иш ўринларини яратиш орқали ислоҳотларни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқишга кўмаклашиши билан алоҳида мазмунга эга бўлмоқда.
Самарқанд шаҳрининг Хишрав қўрғонида барпо этилаётган қиймати 47 миллион АҚШ долларини ташкил этаётган “Азия-Металл-Проф” корхонаси ана шундай истиқболли лойиҳалардан бири ҳисобланади. Бу ерда полимерланган ва рух қопламали металл ўрамалар, шунингдек, металл қувурлар, профиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун Хитой Халқ Республикасининг “Кинг оф салес Ко ЛТД” компанияси билан ҳамкорликда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Шуни айтиш лозимки, саноатда ва қурилишда кенг ишлатиладиган полимерланган ва рух қопламали металл ўрамалари республикамизга четдан валюта ҳисобига олиб келинмоқда.
Самарқанддаги “Азия-Металл-Проф” корхонаси эса йилига 60 минг тонна полимерланган ва 60 минг тонна руҳ қопламали металл ўрамалар ишлаб чиқариб, мамлакатимиздаги маҳаллий буюртмачиларнинг шу турдаги маҳсулотга бўлган эҳтиёжини 20 фоизга қоплай олади. Бундай маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи мазкур саноат гиганти Марказий Осиёда ҳам ягона эканлигини назарда тутсак, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш экспорт имкониятларини ҳам кенгайтиришга хизмат қилишини тушуниш қийин эмас.
Корхона бош технологи Бахтиёр Тўраевнинг айтишича, полимерланган ва рух қопламали металл ўрамаларини тайёрлаш ниҳоятда аниқликни ва юқори касбий малакани талаб этадиган иш. Шу боис корхонанинг биринчи навбатини ишга тушириш чоғида Хитой, Россия сингари мамлакатлардан 50 нафар юқори малакали мутахассис ишга жалб этилди. Улар уч йил давомида технологик ускуналарнинг юқори унум билан бенуқсон бошқарилишини таъминлаш билан бирга, ёшларга касб сирларини ҳам ўргатишади.
Ҳозир корхонада қиймати 16 миллион АҚШ долларига тенг Европа ва Хитой технологик қурилмаларини монтаж қилиш пешма-пеш ниҳоясига етказилмоқда. Қурилиш ишлари тезкорлик билан амалга оширилиб, асосий цехлар ва ёрдамчи иншоотлар сифатли барпо этилмоқда. Четдан қараган кишига илгари шаҳарнинг улкан чиқиндихонасига туташиб кетган 15 гектарлик майдон салобатли бинолар билан кўркам қиёфа касб этаётганлиги чуқур қониқиш пайдо қилади. Аввал битта ҳам дарахт экилмаган, паст-баланд ташландиқ ерда энди чинакамига ҳаёт қайнамоқда. Айни чоғда бу ерда 300 га яқин қурувчи, мутахассис, техник, лойиҳаловчи меҳнат қилмоқда.
— Ургут эркин иқтисодий зонаси таркибида фаолият юритаётганимиз бизга кўпгина имтиёзларни таклиф этмоқда, — дейди корхона бош муҳандиси Шодмон Атауллаев. — Хусусан, мулк солиғи, ер солиғи ва фойда солиғидаги енгилликлардан фойдаланиш ишлаб чиқаришни янада кенг кўламда ривожлантиришимизга, молиявий имкониятларимизни мустаҳкамлашга кўмак беради. Ҳукуматнинг ана шундай ғамхўрлиги туфайли корхонанинг биринчи навбатини аллақачон ишга тушира олдик. Дастлабки маҳсулот сифатида металл қувурлар ва профиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Ана шу икки турдаги маҳсулотдан йил охиригача 40 минг тонна тайёрлашни режалаштирганмиз.
Дарвоқе, “Азия-Металл-Проф” МЧЖ корхонаси ноябрь ойида тўлиқ ишга туширилгач, бу ерда йилига 160 минг тонна полимерланган ва рух қопламали металл ўрамалар, шунингдек, турли ўлчамдаги қувурлар тайёрланади. Ёки истеъмол бозорига етказиладиган маҳсулотнинг умумий қиймати 130 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 450 та янги иш ўрни яратилади. Талаб эса — фақат инновацияга асосланган замонавий ишлаб чиқаришга, юқори сифат ва даромад!
— “Азия-Металл-Проф” ва унга ўхшаш истиқболли лойиҳалар ислоҳотлар халқ фойдасига ишлаётганини яққол намоён этмоқда, — дейди халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати Муҳиба Бобобекова. — Аслини олганда ҳар битта лойиҳанинг ташаббускори тадбиркорларнинг ёки фуқароларнинг ўзлари. Давлат ва бошқарув идоралари эса уларни қўллаб-қувватлаяпти. Демак, фаровон ҳаёт учун кураш ва изланишлар ўзаро мустаҳкам ишонч ҳамда ватанпарварлик туйғулари мужассам бўлган бундай ҳамкорлик тараққиётимизга хизмат қилиб, албатта, биз кутган натижаларни бераверади.
Зохир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Баъзан оддий бир қўшиқ ҳам инсон қалбига илҳом бахш этиши, кўнгилларда бир олам туйғуларни жўш урдириши мумкин экан....
01 янв 1970
Газетамизнинг ўтган сонида «Тўғрисини айтганда...» рукнида чоп этилган мақоладан кейин ўқувчиларимиз бизга турли долзарб мавзуларда мур...
01 янв 1970
Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги уйлар орасида турган гаражларда ёнғин содир бўлган....
01 янв 1970
Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг сал кам беш ярим аср илгари битган чўнг мазмунли фалсафий фикрларида нафақат ўз даври шоҳлари, султонлари, б...