Маликанинг жасорати

/
(Биринчи мақола)
Ранг-тасвир намуналари, киноленталар, бадиий асарларда шоҳлар, султонлар, қиролларнинг аҳли аёллари — маликалар, қироличалар, маркизалар ҳақида сўз борса, улар баъзан эрка, тантиқ, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиган, ақли қосир хонимчалар ёки дунё бехабар бойвуччалар тарзида акс эттирилади. Албатта, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ҳукмдорларга қарашли аёллар, уларнинг қизлари, подшоҳларнинг опа-сингиллари орасида юқоридаги каби хислатларга эга маликалар яшаб ўтган бўлса ажаб эмас. Лекин бундан барча маликалар ана шундай бўлган, шундай ҳаёт кечирган, деган хулоса чиқармаслик керак. Аксинча, ҳукмдорлар ўзларига умр йўлдош танлар экан, уларнинг гўзаллигидан ташқари, ақлли-ҳушли, зиёли, иболи, оила ва давлат ишларида яқин маслаҳатгўй, шаҳзодалар ва бўлғуси валиаҳдларни етук қилиб тарбиялай оладиган хусусиятларга эгалигига ҳам эътибор берганлар. Малика бўладиган аёл эса ҳар жиҳатдан етук қилиб тарбияланган. Улар ҳукмдорларнинг оила ишларида етакчилик қилишдан ташқари салтанат ишларида ҳам хожаларига яқиндан ёрдам берганлар.
Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо темурий маликаларнинг Соҳибқирон салтанатида тутган ўрнига, хорижий меҳмонларни қабул қилиш, уларга давлат миқёсида маликалар номидан зиёфатлар уюштириш, шаҳзодалар тўйларидаги етакчилик фаолиятига юксак баҳо беради. Ёки араб сайёҳи Ибн Батутта Хоразмга ташриф буюрар экан, бу ерда малика Тўрабекхонимнинг шаҳардаги бунёдкорлик фаолиятини улуғлаб, хонақолар, масжидлар, мадрасалар барпо эттиргани, илм-фан, тасаввуф таълимотининг ривожи учун катта ҳисса қўшганлигини эҳтиром билан қаламга олади. Ёхуд Наршахий “Бухоро тарихи” асарида бухорхудотлар сифатида донг таратган аёл ҳукмдорни улуғлайди. Булардан англашилиб турибдики, ҳаётда маликалар ҳамма вақт ҳам эрка, тантиқ, қўлидан ҳеч иш келмайдиган хонимчалар бўлмаган, Шарқ аёллари эса ғарб тарихчилари битганидек, тўрт девор орасида ҳақ-ҳуқуқсиз сақлаб келинмаган, аксинча, улар барча даврларда давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этган. Бошқаларга ҳар жабҳада ўрнак кўрсатган. Ана шундай аёллардан бири — малика Ойчечак ҳисобланади.
XII аср охирлари XIII аср бошларида яшаб ўтган, Хоразмшоҳ Оловуддин Муҳаммаднинг хотини, Жалолиддин Мангубердининг онаси бўлган бу аёл ҳақида тарихий асарларда кам маълумот берилган. Унинг исмини муаррихлар асарларида ҳар хил келтирадилар. Баъзилари уни Ойчечак деб атасалар, бошқалари Ойчечан, яна бирлари эса Ойчаман деб ёзадилар. Булар орасида Ойчечак номини унинг асл исми деб қабул қилиш мумкин. Бунинг сабаби бор. Жалолиддин Мангубердининг шахсий муншийси, котиби бўлган, унга оид барча маълумотларни мукаммал билган Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий “Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти” асарида унинг онаси исмини Ойчечак номи билан битади.
Ойчечак асли ўғузларнинг Бекдили уруғи оқсоқолининг қизи эди. Бой, бадавлат оилада ўсган Ойчечак етук даражада билим олади. Ақлли-ҳушли, иболи, адолатпарвар, ҳақиқатпарвар қиз бўлиб вояга етади. Муаррихларнинг баъзилари у ҳақда тўхталиб, “Ойчечак ниҳоятда ғурурли, доно, илм-маърифатни улуғлайдиган, адаб илми, санъат, қиссахонликка меҳр қўйган аёл бўлган. У тарих илмига алоҳида эътибор берган”, деб ёзади. Унинг хоразмшоҳлар хонадонига келин бўлиб тушишининг маълум сабаблари бор. XI асрнинг охирларида ҳукмдорлик фаолиятини бошлаган Ануштегин — хоразмшоҳлар сулоласи ўғузларнинг Бекдили уруғидан етишиб чиққан эди. Ануштегинларнинг Хоразмдаги ҳукмдорлик фаолиятида давлат бошқарувида ёзилмаган, лекин сулола қатъий амал қиладиган бир қонун бор эди. Ануштегин хоразмшоҳларнинг валиаҳдлари, ҳукмдорлари уларнинг Бекдили уруғига мансуб хотинларидан туғилган фарзандларидан тайинланарди. Бошқа уруғ, қабила, халққа мансуб аёллардан туғилган шаҳзодалар ҳукмдорлик мансабига лойиқ кўрилмасди. Бундай тартиб мамлакатда уруғлар, қабилалар ўртасида тахт учун курашларни камайтиришга, ануштегинларнинг ҳукмронлик қудратини оширишга, Хоразмнинг империя даражасига кўтарилишига хизмат қилди. Бу ҳолат 1077 йилда Ануштегин ўаржойининг давлат тепасига келишидан токи 1200 йил Оловуддин Такаш ҳукмдорлиги охиригача давом этди. 1200 йилда Такашнинг ўғли Оловуддин Муҳаммад хоразмшоҳлар тахтига ўтириши билан бу ёзилмаган қонунга путур етди.
Муаррихларнинг маълумотларига кўра, Такашдан кейин тахтга унинг ўғли Носириддин Маликшоҳ ўтириши керак эди. У Такашнинг Бекдили уруғига мансуб хотинидан туғилган, бу сулоланинг ички қонун-қоидаларига мос тушар эди. Лекин Носириддин Маликшоҳ 1197 йилда вафот этади. Натижада Оловуддин Такаш ўзига валиаҳд қилиб Оловиддин Муҳаммадни тайинлайди. Оловуддин Муҳаммад Такашнинг қипчоқ уруғига мансуб хотини Туркон хотундан дунёга келган. Аммо Такаш ҳокимият тўлалигича ярим қипчоқ Оловуддин Муҳаммад қўлида қолиб кетишини истамайди. Уни Бекдили уруғига мансуб Ойчечакка уйлантиради. 1199 йилда улар оиласида Жалолиддин Мангуберди туғилади. Такаш аждодлари анъаналарини давом эттириш, ёзилмаган қонунга амал қилиш ниятида Жалолиддинни Оловуддин Муҳаммаднинг валиаҳди деб эълон қилади. Шу тариқа у хоразмшоҳлар тахтида Бекдили уруғига мансуб ануштегинлар сулоласи ҳукмронлиги давом этишини орзу қилади. Афсуски, унинг орзулари рўёбга чиқмайди.
Шу ўринда тарихчилар ёзиб қолдирган бир воқеани эслаш ўринли. Унга кўра, Оловуддин Такаш умрининг охирги йилида ҳаммомда канизаклар ёрдамида чўмилаётганда ҳаммом эшиклари қулфланади. Такаш ўлимига бир баҳя қолганда мулозимлари томонидан қутқариб қолинади. Кейинчалик бу эшик қулфланиш воқеаси Туркон хотун томонидан амалга оширилгани маълум бўлади. Тарихчилар бу ҳолатни Туркон хотуннинг эри Такаш канизаклар билан чўмилишига қарши ғазаби натижаси эди, деб ёзадилар. Аслида бу ҳолат Туркон хотуннинг эрини ўлдириш қасди, яъни Такашнинг Жалолиддинни валиаҳд этиб белгилашига қарши исёни эди.
1200 йили Такашнинг вафотидан сўнг ўғли Оловуддин Муҳаммадни ҳам, у бошқарган Хоразмшоҳлар давлатини ҳам Туркон хотун қўлга олади. Ҳокимият тепасидаги Бекдили уруғига мансуб беклар, саркардаларни мансабларидан четлаштириб, юқори лавозимларга қипчоқ уруғидан бўлган ўз яқинларини қўяди. Ўғли Оловуддин Муҳаммадни эса қипчоқ хонларининг қизларига уйлантиради. Улардан туғилган фарзандларни тахт ворислари этиб белгилайди. Эри Такашнинг васиятига қарама-қарши ўлароқ Жалолиддинни валиаҳдликдан четлаштиради, унинг ўрнига Муҳаммаднинг қипчоқ хотинидан бўлган ўғли Ўзлоғшоҳни валиаҳд қилиб тайинлатади. Шу тариқа Ойчечак ва унинг ўғли Жалолиддин билан Туркон хотун ўртасида қарама-қаршилик кучаяди. Мамлакат ҳаётида қўшҳокимиятчилик юзага келади. Хоразмшоҳлар давлатини бир томонда — Гурганжда туриб Туркон хотун, иккинчи томонда — Самарқандда туриб Оловуддин Муҳаммад бошқаради. Лашкарлар, саркардалар, “давлат устунлари” ўртасида зиддиятлар авж олади, мамлакатда якдиллик, бирлик йўқолади.
Худди ана шу ҳолат — мамлакатдаги уруғлар, қабилалар ўртасидаги зиддиятлар, ўзаро қарама-қаршиликлар мўғулларнинг Хоразмшоҳлар давлатини осонлик билан босиб олишига хизмат қилади. Ана шу жараёнда Ойчечак ўзини ниҳоятда фаҳм-фаросатли, оқила аёл сифатида намоён қилади. Ўғли Жалолиддинни тахт учун курашлардан, мамлакатни, давлатни заифлаштирувчи низолардан асраб қолади. Қайнонасининг ўзига ва ўғлига нисбатан зимдан адоватининг алангаланишига йўл бермайди. Бу камдан-кам аёлларга насиб этадиган олижаноб хусусият эди.
Шиҳобиддин Муҳаммад Насавий “Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти” асарида Хоразмшоҳ Оловуддин Муҳаммад давлати, хусусан, Хоразмни мўғуллар босиб олишидаги бир айёрлик хусусида маълумот беради. Бу маълумотга кўра, ўша айёрлик асли ўтрорлик бўлган, юртига, халқига сотқинлик қилиб, мўғуллар хизматига кирган Бадриддин Амид томонидан ўйлаб топилади. Бу айёрликнинг асоси бундай эди. Бадриддин Амид тавсиясига кўра, Чингиз аъёнлари томонидан бир мактуб тайёрланади. Мактуб гўё қипчоқ беклари, саркардалари, нуфузли лашкарбошилари томонидан Туркон хотун номига битилади. Унда “Биз — қипчоқ беклари, лашкарбошилари, саркардалари ўғлингиз Оловуддин Муҳаммадга кўп йиллар давомида сидқидилдан хизмат қилдик, бошқа давлатларни, шаҳарларни босиб олишда жонимизни аямадик. Лекин ўғлингиз совғалар, ҳадялар беришда, бизларга вақф сифатида ер ажратишда ўғуз беклари, саркардалари билан тенг кўрмади, камситди. Шунинг учун бундан буён ўғлингиз Султон Оловиддин Муҳаммадга хизмат қилишни истамаймиз”, деган сўзлар ёзилади.
Бу мактуб бир неча юзлаб нусхаларда кўпайтирилиб, Оловуддин Муҳаммад қўшини ичида тарқатилади. Мактуб ўз таъсирини кўрсатади. Мамлакатининг бир қисми қўлдан кетганидан кейин Оловуддин Муҳаммад Хоразмни мўғуллардан ҳимоя қилиш учун Амуя (Чоржўй) шаҳри яқинида қўшин тўплай бошлайди. Лашкарининг бир қисми йиғилади. Шунда Султон айғоқчилари қўшин орасида хиёнаткорлар пайдо бўлганини, улар Оловуддин Муҳаммадни ўлдиришга чоғланаётгани хабарини етказиб, султонни ҳарбий юришларда фойдаланиладиган оқ чодирда ётмасликка кўндирадилар. Эртасига эрталаб айғоқчиларнинг фикри ҳақ эканлиги исботланади. Оқ чодир мингларча камон ўқларидан илма-тешик бўлади. Шу билан бирга 20 мингдан ошиқ қипчоқ лашкарлари қўшин сафини тарк этиб, мўғулларга бориб қўшилади.
Буларнинг ҳаммаси охир-оқибат Хоразмшоҳнинг ўз юртини тарк этишига ва мамлакатнинг мўғуллар истилосига тушишига сабаб бўлади. Мана шундай оғир дамларда, юрт ҳукмдорсиз, султонсиз қолганда ҳам, эри Оловуддин Муҳаммад уни тақдир ҳукмига ҳавола этиб ташлаб кетганда, қайнонаси Туркон хотун бошқа яқинларини олиб, уни сафига қўшмай Гурганжни тарк этганида ҳам Ойчечак руҳан чўкмайди, мўғуллар бостириб келаётган пойтахтда қолади, ўғли Жалолиддинни кутади. Ўғлининг Гурганжга келишига, уни мўғуллардан ҳимоя қилишига ишонади. Бу борада ўғлига кўмакдош бўлишга интилади. Лекин унинг бу борадаги орзу-умидлари ҳам ушалмайди.
Оловуддин Муҳаммад мўғул қўшини таъқибидан қочиб, Хазар (Каспий) денгизидаги Обескун оролига бориб паноҳ топгач, оғир касалга йўлиқади. У ўлими олдидан ўзи билан бирга бўлган ўғиллари Жалолиддин, Ўзлоғшоҳ, Оқшоҳни ҳузурига чорлаб, “мўғулларнинг қонли панжаси мамлакат танига қаттиқ ботди, бу панжадан юртни фақат акангиз Жалолиддин қутқара олади”, дея белидаги султонлик камари ва қиличини Мангуберди белига тақади. Ўзлоғшоҳ ва Оқшоҳни унга содиқ бўлиб хизмат қилишга қасамёд қилдиради. Оловуддин Муҳаммад бу билан аввалдан онаси Туркон хотун ва унинг яқинлари истаги асосида тахт вориси қилиб белгиланган Қутбиддин Ўзлоғшоҳни валиаҳдликдан четлаштиради, ўрнига Жалолиддин Мангубердини белгилайди.
Отаси ўлимидан кейин ўғиллар Хоразмга келишади. Давлат таянчларидан ажралган (Оловуддин Муҳаммад вафот этгач, Туркон хотун ўз яқинлари билан Гурганжни тарк этади) халқ уларни шод-хуррамлик билан кутиб олади. Мўғулларга қарши курашда халқни бирлаштирадиган йўлбошчи пайдо бўлганидан қувонадилар. Лекин ўша пайтда Хоразмда етакчилик қилган қипчоқ беклари, лашкарбошилари Қутбиддин Ўзлоғшоҳнинг валиаҳдликдан четлаштирилганини, унинг ўрнига Жалолиддин Мангуберди тайинланганини тан олмайдилар. Улар бу борада Жалолиддинни айбдор ҳисоблаб, уни яширин равишда ўлдириб юбориш ҳаракатига тушадилар. Хоразм пойтахти Гурганж остонасида мўғуллар қилич кўтариб турган, уни босиб олиш ҳаракатига тушган оғир бир шароитда бир халқнинг икки табақаси — ўғузлар ва қипчоқлар ўртасида бундай зиддиятнинг кучайиши улар орасида азалдан давом этиб келган қарама-қаршиликнинг ва бу қарама-қаршиликнинг мўғуллар қароргоҳида амалга оширилган айёрлик натижасида янада алангаланиши оқибати эди. Бошқача айтганда, ўғузлар ва қипчоқлар ўртасидаги зимдан адоват, Чингиз қўшинига бориб қўшилган хоинлар, сотқинларнинг ҳаракатлари, душманлар халқимизнинг турли уруғлари орасига солган нифоқлари юртимизнинг мўғуллар босқини сабабли топталишига замин тайёрлади. Хоразмшоҳларнинг мағлубиятлари ана шундай бошлаган эди.
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. ...
01 янв 1970
Ҳаёт доимо ўсишда, ривожланишда. Лекин уни янада тараққий эттириш, юксалтириш учун илм-фан ривожи алоҳида роль ўйнайди. ...
01 янв 1970
...Қудрат Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида ўқир, дарсдан бўш вақтларида шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган ошхонада ишларди....
01 янв 1970
Асосий қонунимизда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ижтимоий гуруҳ ва қатламнинг манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари эътибордан четда қолмаган....