Бахшичилик санъати ривож топаётганидан мамнунмиз

/
Қорақалпоқ халқи маданияти ва санъати тарихида бахшичилик эл орасида ўзининг кўп сонли мухлисларига эга бўлиб келган. Бахшилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кишига завқ улашувчи лирик куйлар ҳисобланади.
Дуторга ғижжак, баламан ва шу каби соз асбобларининг жўр бўлиши бахши ижросидаги куй-қўшиқларга ўзгача руҳ беради.

Бугун бахшичилик санъати янада гуркираб ривож топиши учун барча имконият эшиклари очилганидан биз, ёш бахшилар беҳад мамнунмиз. Президентимиз ташаббуси билан биринчи бор Сурхондарё заминида ташкил этилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали ушбу санъат ривожига дунё халқлари эътиборини қаратишга қўйилган илк қадам бўлди.
Қувонарлиси, ушбу фестивалда Қорақалпоғистон халқ бахшиси Гулнора Алламбергенова фахрли учинчи ўринга лойиқ топилган бўлса, мен ўзбекистонлик бахшилар ўртасида ўтказилган ички танловда биринчи ўринга сазовор бўлдим.
Эсимда, 2-синфдан бошлаб мусиқа мактабининг дутор тўгарагига қатнашдим, устозим Д.Сейдановдан олти йил мобайнида дутор чалиш сирларини ўргандим. Ўрта мактабни тугатиб, Нукус маданият ва санъат коллежида устозим Ўролбой бахши Ўтамбетовдан достон ижрочилигидан сабоқ олдим. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг мусиқий таълим йўналишига ўқишга кириб, қатор бахшичилик танловлари ва концерт дастурларида иштирок этдим.
Айниқса, эл севган ҳофиз Отажон Худойшукуров хотирасига бағишлаб ўтказиб келинаётган анъанавий танловда икки марта фахрли ўринларга сазовор бўлдим.
Айни кунда “Саятхан-Ҳамра” достонини тўлиқ ёд айтиб, достонсевар мухлисларни хушнуд қилаётганимдан хурсандман. Шунингдек, “Гўрўғли” достонини ёд олиш устида ишлаяпман, ўндан зиёд достонлардан парчалар ижро этиб келмоқдаман.
Устозлар анъанасини давом эттириб, Нукус педагогика коллежида шогирдлар тайёрлаб, уларга бахшичилик ва достон ижрочилиги сирларини ўргатишга ҳаракат қилаяпман. Қувонарлиси, ёшларнинг достонларимизга муҳаббати чексиз.
Мамлакатимизда маданиятга ва маънавиятга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётган бир пайтда биз, ижодкор-бахшилар нафақат шогирдларимиз, балки барча ёшлар онг-шуурига дуторнинг жарангдор куйи орқали достонларимиздаги муҳаббат ва вафо туйғулари, мардлик ва донишмандлик хислатларини сингдириб боришимиз зарур.
Ҳар бир хонадон тўрида дутор чирой бериб туриши, унинг майин овози доимо кўнгилларга хушнудлик улашишини истайман.
Ерисбай АСҚАРОВ,
Нукус педагогика коллежи ўқитувчиси, бахши 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ватанни ҳимоя қилиш, унинг сарҳадларини дахлсиз сақлаш туйғуси онг-шууримизга меҳрибон оналаримизнинг мафтункор алласи, оқ сути, пок нияти билан си...
01 янв 1970
Ўзбекистон республикаси Конституцияси Қабул Қилинганининг 25 йиллигига
01 янв 1970
Ўтган икки ҳафтада марказий нашрлар ва марказий телевидениеда Бўка тумани ҳақида бот-бот янгиликлар берила бошлади....
01 янв 1970
Раҳима Бухоро шаҳрига ишга жойлашиш мақсадида қишлоғидан келган эди.