Пирёйвалийнинг мангулик сўз майдони

/
Милодий 1406 йилда Ҳиротда ўз даврининг етук алломаси Камолиддин Ҳусайн Гузаргоҳийнинг “Мажолис ул-ушшоқ” (“Ошиқлар мажлиси”) тазкираси қўлёзмасига китобот шаклида тартиб берилади. Бу қўлёзмада XI-XIV-асрларда Шарқда яшаб ўтган 300 га яқин улуғ инсонлар ҳаёти, фаолияти ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, китобга ўша даврда яратилган элликка яқин миниатюралар изоҳлари билан киритилади. Миниатюралардан бирида полвонларнинг курашдан кейинги ҳолати аксини топган. Унда бир неча кишининг тасвири намоён бўлади. Шулардан иккитаси белигача яланғоч ҳолдаги полвонлар, бири йиқилган, иккинчиси ғолиб тарзда тасвирланган. Бир томонда подшоҳ ўз хизматчилари билан, иккинчи томонда томошабинлар кўрсатилган. Унинг бир чеккасида икки қўлини кўкка кўтариб Яратгандан мадад сўраётган аёл кўриниши акс этган. Миниатюрага “Паҳлавон Маҳмуднинг ҳинд полвони билан кураш тушуви” деган изоҳ ёзилган. Ана шу тариқа улуғ аждодимиз, буюк мутасаввуф шоир, кураги ерга тегмаган полвон — Паҳлавон Маҳмуднинг қиёфаси ва сийратига хос белгилар номаълум мусаввир мўйқалами орқали бизнинг давримизгача етиб келган.
Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар тўла сақланиб қолмаган. Унинг ҳаёти билан боғлиқ баъзи воқеалар “Ҳазрат Паҳлавон ҳикоятлари”, “Маноқиби Паҳлавон Маҳмуд” каби рисолаларда тилга олинади. Бу рисолаларда воқеалар ярим диний, ярим афсонавий тарзда келтирилгани сабабли аниқ далиллар, фактлар кам учрайди. Муаррихларнинг маълумотларига кўра, Паҳлавон Маҳмуд ҳижрий 645, милодий 1247 йилда таваллуд топган. Унинг ота-онаси шу йили Хоразмнинг қадим пойтахти Гурганждан Хивага кўчиб ўтади. Улар Хива шаҳрига яқинлашганларида йўлда, Қиёт қишлоғида фарзанд дунёга келади. Унга Маҳмуд дея исм қўйишади. Шунинг учун тазкираларда унинг туғилган жойи сифатида Хивақ шаҳри эътироф этилади. Маҳмуднинг аждодлари ҳунарманд бўлишган. Отаси пўстиндўзлик ва телпак тикиш билан шуғулланган. Маҳмуд ҳам ота касбини давом қилдиради. Хивада етук уста сифатида эъзозланади. У аввал оила даврасида, кейин шаҳардаги етук уламолар ҳузурида илму адабни ўрганади. Мантиқ, фалсафа, риёзиётдан сабоқ олади. Кўнглида шеъриятга ҳавас уйғонади. Кейинчалик рубоийларидан бирида бу хусусда шундай ёзади:
Маърифатнинг тили — чолғу нойимдир,
Ақлим — қилич, сўзим ўқу ёйимдир.
Имтиёзлар мулкин шоҳи билурким,
Сўз майдони — ишғол қилган жойимдир.

Маҳмуд ёшлигидан жисмоний бақувват бўлиб вояга етади. Байрамларда, тўй-томошаларда кураш тушиб, халқ орасида полвон сифатида танилади. Хоразм, Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда полвонлар билан беллашиб ғолиб бўлади. Бирор марта ҳам кураги ерга тегмайди. Шу сабабли халқ орасида “Паҳлавон Маҳмуд”, “Полвонпир”, “Ҳазрат Паҳлавон” номлари билан улуғланади. Баъзи манбаларда унинг номи Маҳмуд Пирёрвалий ёки Маҳмуд Пирёйвалий тарзида ҳам келтирилади. Айрим тадқиқотчилар Пирёрвали унинг тахаллуси деса, бошқалари отасининг исми дейишади. Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотларда унинг Пирёйвалий номи тўғри эканлиги аниқланди. Масалан, “Чароғи ҳидоят” луғатида “Пирёйвалий — паҳлавонлар пирига бериладиган лақаб” деб изоҳланади. “ўиёс ул-луғат” китобида эса “Пирёйвалий — Маҳмуд Хоразмийнинг лақаби. Баъзан бу сўз мажозий маънода паҳлавонлар бошлиғи бўлган кекса полвонларга ҳам нисбат берилади”, деган маълумот келтирилади. Булар унинг Шарқда паҳлавонлик борасида ниҳоятда машҳур бўлганлигини кўрсатади. Паҳлавон Маҳмуд полвонлик мартабасини ниҳоятда улуғ тутган. У полвонлик курашда ғолиб бўлишдангина иборат эмас, юрт корига, хизматига яраш, халқ бошига ташвиш тушганда уни кулфатлардан фориғ қилиш, ҳар бир одамнинг инсонийлик мартабасига эришишдан иборат ҳол, деган хулосага келади. Мардлик унинг назарида инсонийликнинг буюк унвони. Унинг эса ўзига хос мезони бор.
Ўз нафсингга бўлгин амир, шунда мардсан,
Ўзгаларга бўлма ҳақир, шунда мардсан.
Йиқилганни тепиб ўтиш мардлик эмас,
Афтодага бўлсанг дастгир, шунда мардсан.

Маҳмуд Пирёйвалийнинг паҳлавонлик шуҳрати Шарқ халқлари орасида кенг тарқалган. Шунинг учун у ҳақда кўп ривоятлар тўқилган. Маноқиблардан бирида унинг Ҳиндистонга сафари билан боғлиқ ривоят келтирилади: у ҳинд подшосининг таклифига кўра кураш тушиш учун шу юртга боради. Кураш тушишдан олдин одатига кўра қабристонни зиёрат қилади. Бу ерда ҳинд полвони онасининг ўғлининг мағлуб бўлмаслигини истаб, Яратганга илтижо қилаётганни эшитиб, унинг ўғлини йиқитмасликка ваъда беради. Ваъдасига мувофиқ уни йиқитмайди. Баногоҳ бошланган урушда Паҳлавон Маҳмуд ҳиндлар томонида туриб жанг қилади. Қаҳрамонликлар кўрсатади. Ҳинд подшоси Рай Ропой Чўнани муқаррар ўлимдан қутқариб қолади. Паҳлавонлар ўртасидаги муносабатдан хабар топган Чўна уларни қайтадан кураш майдонига чорлайди. Паҳлавон Маҳмуд ҳақиқий курашда уни йиқитади. Подшо Паҳлавон Маҳмуднинг мардлигига тан бериб “тила тилагингни” дейди. Ҳазрати Паҳлавон подшодан бойлик эмас, бир пайтлари Ҳиндистонга банди тарзида олиб келинган юртдошларини озод этишни илтимос қилади. Подшо уни синаш мақсадида бир мол териси доирасига сиққудек одамни озод қилишга ваъда беради. Шунда Маҳмуд Пирёйвалий ҳунармандлик санъатини ишга солиб, мол терисидан катта доира ҳосил қилади ва бу доирага ҳамма юртдошларини сиғдиради. Ҳинд подшоси Паҳлавон Маҳмуднинг мардлигига, юртига, халқига муҳаббатига, инсоний етуклигига, олижаноблигига тан беради. Уни ватандошлари билан юртига жўнатади. Бу ривоятда Паҳлавон Маҳмудга хос барча хислатлар — полвонларга хос олижаноблик, бошқа халқларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром, адолат тантанаси учун кураш, ўз юртига, халқига садоқат, ҳунармандчилик соҳасидаги етуклик, инсонийлик фазилатлари тўла намоён бўлган. Шунинг учун ҳам ушбу воқеалар асосида номаълум мусаввирнинг юқоридаги каби ғаройиб миниатюраси яратилган бўлса, ажаб эмас.
Маҳмуд Пирёйвалий ҳаётда нафақат паҳлавон, етук ҳунарманд, олижаноб инсон, балки улуғ мутафаккир шоир сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Ундан 500 дан ошиқ рубоийлар, “Канзул ҳақойиқ” деб номланган маснавийда битилган асар, фардлар, ғазаллар мерос қолган. Бу мероснинг оз қисми — 300 дан ошиқ рубоийлар бугунги кунгача етиб келган, холос. Аммо бу рубоийларда шоирнинг юксак бадиияти, фалсафий мушоҳадаларининг теранлиги, ҳаётни чуқур идрок қилиши, сўзга ҳассослиги яққол сезилиб туради. У тўрт мисрадан иборат кичик жанрда қалбидаги юксак туйғуларни, тафаккурни ёрқин намоён этади:
Тупроқни ватан тутгувчи бир эр менман,
Ўлмак нима, билмай ўкраган шер менман.
Юз йил яшабон, бўлсада бошим осмон,
Ер менман... ер менман... ер менман...

Маълумки, рубоий жанрининг юксак намуналари Шарқ адабиётида Умар Ҳайём ижодида кўзга ташланади. Шоир асарларида башарият ва коинот, олам эврилишлари, дунё сир-синоатлари, ишқ изтироблари, ҳаёт шаробидан лаззатланиш, инсонга муҳаббат туйғуларини улуғлайди. Шу тариқа рубоиятда “ҳайёмона” руҳ пайдо бўлган. Мана шу руҳни Шарқ адабиётида муваффақиятли давом эттирган Паҳлавон Маҳмуд бўлди:
Гуркираган олов — дилим йўлдоши,
Тўлқин урган дарё — кўзларим ёши.
Кўзагарлар ясаётган ҳар кўза,
Кўҳна дўстлар ҳоки — қўли ё боши.

Шоирнинг мана шундай гўзал, фалсафий асарлари барча даврларда ижодкорлар томонидан юксак баҳоланган. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат” асарида “Паҳлавон Маҳмуд Хивақдан, курашчиликда азим шуҳрат тутибдур. Шоирлик илмидан хўб эрмиш, назм битар эрмиш” деса, Лутф Алибек Озар “Оташкадаи Озарий” тазкирасида “Исми Паҳлавон Маҳмуд, Пирёйвалий лақаби билан шуҳрат топган. Паҳлавонликда ўз асрининг ягонаси бўлган. Шеъриятда қудратли. “Канзул ҳақойиқ” номли маснавийси бор. Кейинги вақтларда тасаввуф мавзуида ёзган рубоийлари ниҳоятда яхши чиққан”, деб ёзади. “Мажолис ул-ушшоқ” тазкирасида шоирнинг жанговор руҳдаги “Қитъоли” тахаллуси билан асарлар ёзгани эътироф этилади. Буларнинг бари шоирнинг адабиётимиз учун ўлмас маънавий мерос қолдирганини кўрсатади.
Давронда кўп кўзни мен гирён кўрдим,
Неки бало бўлса беомон кўрдим.
Нуҳ минг йил яшади, кўрди бир тўфон,
Мен Нуҳ бўлмасам ҳам минг тўфон кўрдим.

Шоир рубоийларидан бирида бундай деб ёзиши бежиз эмасди. У яшаган давр ниҳоятда оғир эди. Мўғулларнинг босқини натижасида юртга, халққа етказилган жароҳатлар ҳали битмаганди. Харобага айланган шаҳарлар, қишлоқлар, аёвсиз қирғин қилинган одамлар, Ватан бошига тушган даҳшатларни шоир ўз кўзи билан кўрди. Босқинчилик остида эзилаётган халқнинг ғамларига гувоҳ бўлди. Ана шундай шароитда у воқеаларнинг шунчаки кузатувчиси бўлиб қолмади. Халқ бошига тушаётган қийинчиликларни бартараф этишга интилди. Ҳиндистондан бир гуруҳ ватандошларини юртга олиб келиши ватанпарварликнинг юксак намунаси эди. Бундан ташқари, Хива шаҳри яқинида мўғул босқинчиларига қарши курашда шаҳид кетган хоразмликлар хотирасига бағишлаб ёдгорлик — улкан мақбара қурдиради. Бу ўша пайтда ҳукмдорлик тепасида турган мўғулларга қарши кураш, ўз даври учун мардлик, жасорат эди. Ушбу ёдгорлик қолдиқлари бугунги кунгача сақланиб келмоқда.
Паҳлавон Маҳмуднинг юрт учун улуғ хизматларидан яна бири — Хоразм заминини сув билан таъминлайдиган Хейконик ариғини катта қилиб қаздириб, каналга айлантириши, воҳанинг сув таъминотини яхшилаши бўлди. Буларнинг барини у ўз шахсий маблағи ҳисобига амалга оширган. Эндиликда бу Полвон арна сифатида халқ орасида машҳур. Шоирнинг йўллар қурдириб, боғлар барпо эттирганини муаррихлар эътироф этишган. Шунинг учун ҳам халқ уни авлиё даражасида эъзозлаб келган.
Паҳлавон Маҳмуд ҳаёти, фаолияти, ижодидаги юксак инсонийлик, халқпарварлик, ҳақгўйлик, бошқаларга мурувват кўрсатиш, мардлик каби қудратли руҳнинг сарчашмаси қаерда эди? Бу унинг эътиқоди ва бу эътиқод шаклланган тасаввуф таълимоти — футувват билан боғланганди. Маълумки, Паҳлавон Маҳмуд футувват аҳлидан бўлиб, унинг жавонмардлик тариқатига мансуб эди. Бу тариқат аҳли фаолиятини халққа сидқидилдан хизмат қилишга, ҳаётини Ватанига фидо қилишга интилган ва буларни амалда исботлаган инсонлар эди. Жавонмардлар гуруҳи одамларга марҳамат, шафқат, мурувват, саховат, олижаноблик кўрсатган ва бу ишларини ҳеч қачон миннат қилмасдан амалга оширганлар. Шу сабабли Алишер Навоий бир асарида:
Мурувват барча бермоқдур, емак йўқ,
Футувват барча қилмоқдур, демак йўқ,

деб бу тариқат аҳлини улуғлайди. Аллома Саид Нафисий “Тасаввуф сарчашмаси” асарида “Футувват — жавонмардлик гуруҳининг улуғ пешволаридан бири машҳур шоир Паҳлавон Маҳмуд Хоразмийдир”, дея унга юксак баҳо беради. Маълумки, тасаввуф аҳли ҳаётда бирор ҳунар орқасида кун кўришни афзал деб билган, паҳлавонлик Яратган томонидан халққа хизмат қилиш учун берилган қудрат, шоирлик маърифат йўлидаги буюк рағбат, деб эътироф этишган. Демак, Маҳмуд Пирёйвалийнинг бутун тақдири тасаввуф, футувват, жавонмардлик ғоялари билан мустаҳкам боғланганлигини ҳаёт йўли ҳам кўрсатади. Шоир рубоийларидан бирида кўнглидаги мақсадини тасаввуф ғоясига боғлаб шундай ёзади:
Кўнглим оппоқ, на кек ва на кинам бор,
Душманим кўп ва лекин мен ҳаммага ёр.
Мевали дарахтман, ҳар бир ўткинчи —
Тош отиб ўтса ҳам менга бўлмас ор.

Тарихий манбаларда Паҳлавон Маҳмуд 79 йил умргузаронлик қилган деб кўрсатилади. Худойберди Қўшмуҳаммад ўғлининг “Дили ғаройиб” асарида шоирнинг вафоти ҳижрий 726 йилга тўғри келади, дейилади. Бу милодий йилга айлантирилса 1326 йил санаси келиб чиқади. Шогирдлари уни васиятига кўра ўзининг ҳунармандчилик устахонасига дафн этишади. Йиллар ўтиши билан унинг қабри устига уй қурилади. Уй ёнида зиёратхона тикланади. Кейинчалик мақбара ва зиёратхонани ўзига бирлаштирган катта гумбазли хонақо бунёд этилади. Хонақонинг олд қисмида бир неча ҳужра ва ёзги масжид қад ростлайди. Хива ҳукмдорлари учун хилхоналар барпо қилинади. Барча биноларни бирлаштирувчи пештоқли кириш йўлаги қурилади. Салкам 500 йил давомида тикланган бу иншоотлар Паҳлавон Маҳмуд мақбара мажмуаси сифатида шаклланади. Ушбу мажмуада халқимизнинг улуғ мутафаккир, буюк шоирга эҳтиромидан ташқари яна бир тарихий ҳақиқат намоён бўлади. Мақбаранинг катта гумбазли хонақоси ва зиёратхонанинг деворларидаги кошинларга шоирнинг 20 дан ошиқ рубоийлари чиройли қилиб настаълиқ ёзувида битилган. Шундан ўн иккитаси хонақо деворининг 8 метрлик нуқтасида ёзилган. Яна 8 таси хонақо гумбазининг 8 та қиррасидан жой олган. Рубоийларидан баъзилари зиёратхона деворлари ва эшикларида намоён бўлади. Энг муҳими, бу рубоийлар орасида шоирнинг қўлёзма асарларида мавжуд бўлмаганлари ҳам бор. Шу маънода бу мажмуани нафақат Паҳлавон Маҳмуд зиёратгоҳи, балки унинг асарларининг хазинаси ҳам дейиш мумкин:
Андишани сен ўзингга, дил, кор айла,
Умрингни совурма елга, бедор айла.
Манзур эса элга не, бари бор сенда,
Ўз қасрингга ўзинг ўзингни меъмор айла.

Хива! Осмонўпар миноралари, ложувард гумбазлари, гўзал иморатлари, масжиду мадрасалари билан Шарқнинг бетакрор мўъжизаси сифатида асрлар давомида инсониятни ўзига мафтун этиб келаётган афсонавий шаҳар. Унинг қадимий обидалари орасида маҳобатли, мовий гумбазли, улуғвор иморат — Паҳлавон Маҳмуд мақбараси қад ростлаган. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин бу қадимий, кўҳна шаҳар обидалари Юртбошимиз ташаббуси билан қайта қурилиб, таъмирланиб обод қилингани каби ушбу мажмуа ҳам асл тарихий ҳолида гўзал қиёфада юз очди. Шоирнинг ҳаёти, фаолияти, асарларини илмий тадқиқ этишга киришилди. Рубоийлари китоб ҳолида нашр қилинди. Унинг ҳоки жойлашган бу маскан халқимизнинг улуғ аждодимиз хотирасига, меросига эҳтироми сифатида эъзозланди. Эндиликда бу ердан авлодларнинг қадами узилмайди. Ҳаёт давом этар экан, улуғ мутафаккир, буюк шоирнинг мероси, Пирёйвалийнинг мангулик сўз майдони келажак авлодларни ҳам ўзига мафтун этиши, уларнинг ҳам ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлиши шубҳасиз.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жаннатмонанд ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб ...
01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...
01 янв 1970
Таклифим — бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа пулини тайинлаш ва тўлаш тартиби қайта кўриб чиқилса, мақсадга мувофиқ ...
01 янв 1970
Оловуддин Муҳаммаднинг ишончли бекларидан бири Инонжхон Жалолиддинга қипчоқ беклари томонидан суиқасд тайёрланаётгани ҳақидаги хабарни етказади....