Муаммо давоматда эмас...

/
Маълумки, азал-азалдан таълим-тарбия инсониятнинг энг яхши хусусиятлари, олижаноб мақсадлари, беқиёс маънавияти, илмий тафаккурини ўзида уйғунлаштирган ҳолда шаклланиб келган. Унда ҳар бир давр, жамият, тизимга хос белгилар, мамлакатлар, халқлар, миллатларнинг урф-одатлари, мероси, анъаналари ва бошқа жиҳатлар ҳам мужассамлашади.
Айни пайтда, таълим-тарбия индивидуал ҳодиса ҳисобланиб, бу жараён ҳар бир шахс, оила, маҳалла, таълим муассасаси, ташкилот ва ҳоказоларнинг фаолияти орқали мукаммаллашиб боради. Шунинг учун ҳам бу жараён билан боғлиқ ҳолда турли фикр-мулоҳазалар айтилиб, ҳар хил мушоҳадалар билдирилиб, баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Кейинги йилларда матбуот саҳифаларида таълим-тарбия борасида турфа мулоҳазалар ўртага ташланаётгани, "Adolat" газетаси эса бу мавзуда баҳс-мунозара бошлаб бергани сабаби ҳам ана шундадир.
Қирқ йилдан ортиқ мактабда ўқитувчилик қилдим. Минглаб болаларга сабоқ бердим. Мактаб тизимини, таълим-тарбия билан боғлиқ жараёнларни, ўқитувчилар ва ўқувчилар муносабатларини озми-кўпми англаб етдим. Айни пайтда нафақадаман. Шу сабабли таълим-тарбия борасида кўнглимда туғилган баъзи мулоҳазаларни айтишга ҳаққим бор, деб ўйладим.
Маълумки, мактабларнинг асосий фаолияти ўқувчиларга таълим бериш, уларнинг илмий иқтидорини шакллантириш, билимли ёшлар қилиб етиштиришдан иборат тарзда белгиланган. Шу билан бирга, уларга таълим бериш, илмий иқтидорини камол топтириш орқали тарбиясини юксалтиришга ҳам эътибор қаратилган. Бошқача айтганда, мактабларда таълим-тарбия тизими фаолиятнинг асоси қилиб олинган. Лекин собиқ шўролар даврида бу тизим тарбия-таълим шаклида ўзгартирилди. Негаки, коммунистик мафкурачиларга илмли, иқтидорли, тафаккурли ёшлардан кўра, ҳар бир топшириқни қулоқ қоқмай бажарадиган, интизомли, итоатгўй фуқаролар керак эди...
Эндиликда тарих янгиланди. Мустақиллик мамлакатнинг, халқнинг, миллатнинг ҳаётида катта ўзгаришлар ясади. Кўп жабҳаларда янгиланишлар юзага келди. Лекин ҳамон таълим соҳасидаги эскича йўналишлардан, қолиплардан, мактабдаги қотиб қолган тарбия+таълим тизимидан қутула олмаяпмиз. Маориф соҳасида асосий эътиборни ҳамон таълимга эмас, тарбияга қаратиб ётибмиз. Фикрим асоссиз бўлмаслиги учун бир мулоҳазани келтириб ўтай. Эътибор беринг, ҳар йили туман, шаҳар, вилоят таълим бошқармалари, таълим вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан мактаблар фаолиятини текшириш учун камида 10 марта комиссия юборилади. Яъни ҳар бир мактаб йилига камида 10 марта текширувдан ўтади. Ана шу текширувларнинг асосида комиссия аъзолари нималарга эътибор беради? Биринчи навбатда, мактабнинг умумий ҳолатига, таъмирдан қандай чиққанига, синф хоналарининг ўқишга яроқли-яроқсизлигига, озодалигига, ўқувчиларнинг давомати, мактабда турли тадбирларнинг қандай ўтказилаётгани, ўқувчиларнинг мактаб дарсликлари билан қандай таъминланганлиги, уларнинг тартиб-интизоми ва бошқа ишлар назоратдан ўтказилади. Шундан кейин, имкон бўлса, ўқувчиларнинг фанлардан қандай ўзлаштираётгани борасида савол-жавоблар қилинади, синф журналлари текширилади. Бошқача айтганда, таълим масканига келадиган комиссиялар 8 марта мактабда тарбия масалаларини текширади. Бор-йўғи бир ёки икки марта (баъзан бу иш икки-уч марта бўлиши ҳам мумкин, лекин ундан ошмайди) ўқувчиларнинг фанлардан қандай ўзлаштираётганига эътибор қаратади, холос...
Келинг, масалага чуқурроқ ёндашайлик. Хўш, бугун умумтаълим мактабларида таълим бериш замонавий талаблар даражасида амалга оширилаяптими? Академик лицей, махсус фанларга ихтисослашган мактаблардан ташқари умумтаълим мактабларини битирган ёшлар олий ўқув юртларига репетиторлар ёрдамисиз кира олаяптими? Умумтаълим мактаблари ўқувчилари орасидан халқаро олимпиада ва илм-фан беллашувлари ғолиблари чиқаяптими? Чиқаётган бўлса, улар неча фоизни ташкил этмоқда? Бундай саволларни яна кўплаб келтириш мумкин. Бироқ уларга ижобий жавоб бермоқ осон эмас.
Мактабларда таълимдан кўра тарбияга кўпроқ эътибор қаратилаётганини кўрсатувчи яна бир далилни келтириб ўтаман. Кейинги пайтларда матбуотда таълим тизими ҳақида эълон қилинаётган аксарият мақолаларда мактабларда тартибсизлик қилган ўқувчиларга танбеҳ берган ёки уларни жазолаган ўқитувчиларни ота-оналар судга бераётгани, раҳбарлар эса уларни ишдан бўшатиб, жазолаётгани ҳақида маълумотлар берилмоқда. Бир қарашда бу жараён оддий ҳолдай кўринади. Аммо масалага жиддийроқ ёндашсангиз, мактабларда тарбия-таълимдан иборат эски тизим сақланиб қолганлиги, ўқитувчилар ўқувчиларга билим беришдаги камчиликлари, хатолари учун эмас, балки тарбия борасидаги амаллари учун жазоланаётганлигини англайсиз. Ваҳоланки, бу жараён бутунлай бошқача бўлиши, ўқитувчилар ўқувчиларга яхши таълим бермаганликлари, етарли даражада ўқитмаганликлари учун жазоланиши керак. Ота-оналар, таълим муассасалари раҳбарлари ўқитувчилардан, биринчи навбатда, ўқувчиларга юксак таълим беришни талаб қилишлари зарур. Эҳтимол, бундай талаблар бўлаётгандир. Аммо шу пайтгача бирорта ўқитувчининг болаларга яхши таълим бермагани учун жазоланганини кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ.
Бугун мактаб ва унинг муаммолари ҳақида сўз борса, бу масканда энг асосийси давомат, яъни ўқувчиларнинг дарсларга тўлиқ қатнашишини таъминлаш биринчи даражали иш деб қарайдиганлар кўпайиб кетди. Давоматни таъминлаш эса тўлалигича ўрта таълим муассасалари, ўқитувчиларнинг вазифаси, деб мулоҳаза юритувчилар ва ҳукм чиқарувчилар ҳам истаганча топилади. Тўғри, мактаб учун давомат керак. Ҳар бир ўқувчи дарсга қатнашиши шарт ва бу ўқувчиларнинг ҳам, ота-оналарнинг ҳам бурчи. Аммо бу масала ўқитувчининг биринчи даражали муаммосига айланмаслиги керак. Агар ота-она боласининг ўқиши билан қизиқмаса, бола ўқишни истамаса, ўқувчи мактабга келмаса, ўқитувчи нима қилсин?! Ўқитувчининг елкасига болаларни мактабга олиб келишдек мураккаб вазифани юкламаслик керак.
Мактабларда давоматни биринчи даражали вазифа деб қарайдиганлар, асосан, унинг тарбиявий томонига эътибор қаратадилар. Жумладан, Раҳимжон Жалилов "Adolat" газетасининг шу йил 3 май сонида эълон қилинган "Ўқувчи дарсга келмаса, ота-она айбдорми ёки муаллим?" сарлавҳали мақоласида шундай ёзади: "Бирор мактабда ўқувчилар давомати 90 фоиз бўлса, қолган 10 фоиз ҳисобидаги болалар қаерда, уларнинг сони қанчани ташкил этади? Агар республика миқёсида жами 5 миллион 800 минг ўқувчи бўлса, демак, бундан 10 фоизи нақ 580 минг ўқувчи деганидир. Бундан ташқари, эрталаб дарсга келиб, учинчи, тўртинчи соатдан кейин "қуён" бўладиган ўқувчилар ҳам бор. Бир фоиз ўқувчилар ана шундай йўл тутади, деб фараз қилсак ва "прогулчилар" сонига қўшиб ҳисобласак, дарс вақтида жами 638 минг ўқувчи мактабдан ташқарида бўлиб чиқади. Демак, вояга етмаган, ҳаётда ҳали оқ-қорани яхши танимаган ярим миллион бола мактабда ҳам, уйда ҳам бўлмаса, билиб-билмай жиноят қилиши мумкин, кимларгадир алданишига имкон пайдо бўлади. Жиноятларнинг эса турларию шаклу шамойили кўп. Айниқса, бугунги глобаллашув даврида бу борада мураккабликлар ортиб бормоқда. Демак, биз мактабдаги давомат 99 фоиз бўлганда ҳам "жуда зўр" деб айтишга ҳаққимиз йўқ".
Ёхуд газетанинг шу сонида эълон қилинган халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибоевнинг "Ёш авлод тарбияси — халқ фаровонлиги, бахт-саодати кафолати" мақоласида бу масала янада жиддийроқ талқин қилинади: "Биз кўпинча болам мактабда, ўқишда деб хотиржам юрамиз, — деб ёзади у. — Лекин бизнинг бундай соддалигимиз, бепарволигимиздан душманлар маккорлик билан фойдаланмоқда. Жону жаҳонимиз бўлган фарзандларимиз улар қўлида қуролга айланиб қолса, бунинг учун ким айбдор? Ўзимиз эмасми? Шунинг учун мактаб, лицей ва коллежлардаги, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия, биринчи навбатда, давомат масаласига ниҳоятда жиддий эътибор беришимиз шарт".
Бир қарашда ҳар икки муаллиф ҳам масалани тўғри қўяётгандек кўринади. Юқорида айтилганидек, ўқувчилар мактабга келишлари шарт! Лекин ўқувчиларнинг мактабга келиши шунчаки давоматни яхшилашга хизмат қилишдан иборат бўлиб қолмаслиги, мактаб эса ўқувчиларни жиноят ёки ёмон йўллардан вақтинча асрайдиган "қамал қўрғони"га айланмаслиги керак. Эндиликда мактаблар болаларга ҳақиқий таълим, билим берадиган масканга айланиши зарур. Чунки мактабда яхши билим берилса, давомат ҳам яхшиланади, ёшларнинг ёмон йўлларга кириб кетишининг ҳам олди олинади. Негаки, таълим олган, билимли, илмий савияси юксак ёшлар ҳаётни яхши англайди, ёмон йўлларга кирмайди. Демакки, сиз-у бизнинг ҳадиксирашимизга ҳам ўрин қолмайди. Бугунги кунда ёшлар ўртасида рўй бераётган йўлдан адашишлар мактабларда давоматнинг пастлиги учун эмас, билимсизлик туфайли юзага келмоқда. Билимсизликнинг сабаби эса давомат эмас. Негаки, ўқувчилар мактабга юз фоиз қатнаб ҳам билимсиз бўлишлари мумкин.
Эндиликда умумий ўрта таълимда мактаб тизимига қайтилгани яхши бўлди. Аммо мактабларнинг бугунги савияси, нуфузи, обрў-эътибори замонавий талаблар даражасида эмас. Очиғини айтиш керак, мактабларнинг ҳозирги фаолиятидан ўқувчилар, ота-оналар, аксарият ўқитувчилар, ҳатто давлатимиз раҳбари ҳам қаноатланаётгани йўқ. Шу сабабли умумий ўрта таълим тизимини яхшилаш борасида турли таклифлар билдирилмоқда, қатор-қатор қарор, фармон, фармойишлар имзоланмоқда. Албатта, мактаб фаолиятининг талаб даражасида эмаслигини келтириб чиқараётган сабаблар кўп. Эндиликда бу сабабларни санаб кўрсатиш эмас, уларни бартараф этиш йўлларини топишимиз керак. Шунинг учун бу борада баъзи таклифларимни билдирмоқчиман.
Аввало, таълим тизимидаги энг асосий вазифа, такрор бўлса ҳам айтай, мактаблардаги ҳозирги мавжуд тарбия-таълим шаклидан воз кечиб, таълим-тарбия шаклини яратиш керак. Яъни, таълимни биринчи ўринга олиб чиқиш ҳаётий зарурат. Ўқувчиларга қуруқ панд-насиҳат қилиш, уларни одобли, интизомли бўлишга ундайдиган таъсирсиз чақириқлардан ўзимизни тийиб, илм беришимиз, тафаккурини ўстиришимиз лозим. Ўқувчилар ҳам, ота-оналар ҳам ёшлар мактабда берилган таълим асосида билимли, етук инсон, жамиятда фаол шахс бўлиб етишишига, ЎЗ БИЛИМИ БИЛАН олий ўқув юртига кириш имкониятига эга бўлишига ишонсин. Акс ҳолда тизимда амалга оширилаётган ҳар қандай ислоҳот натижа бермайди.
Иккинчидан, мактабда таълимни, ўқитишни яхшилаш учун ўқитувчиларни жиддий саралаш ишларини амалга ошириш зарур. Негаки, таълим муассасаларида ўқитувчиликка қизиқмайдиган, бу касбни маош олиб яшаш воситасига айлантирган ёхуд мактаб фақат тарбия воситаси деб фаолият юритадиган "муаллимлар" ҳам бор. Мактаблар бундайлардан тозаланиши ва бу соҳада ўз касбининг фидойилари бўлган, ёшларга таълим беришни, уларни илм-фан сирларидан воқиф қилишни истаган ҳақиқий устозлар ишлашлари керак. Ана шундагина таълим сифати яхшиланади. Билим учун йўл очилади.
Учинчидан, мактабларда шундай аҳвол юзага келдики, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ўзаро муносабатларини, ҳақ-ҳуқуқларини адолат нуқтаи назаридан кўриб чиқиб, бу жараёнга ҳаққоний баҳо бериш заруратга айланди. Эътибор беринг, ўқитувчи дарс пайтида тартибсизлик қилган ва таълим беришига халақит қилган ўқувчини жазолай олмайди ва дарсдан чиқариб ҳам юборолмайди. Агар ўқитувчи болани жазоласа, ё мактаб маъмуриятидан "ҳайфсан" олади, ё ота-она уни судга беради. Ҳеч бўлмаганда, ўқувчилари кўз ўнгида тартибсиз ўқувчисининг ота-онаси томонидан ҳақоратланади...
Дарсдан чиқариб юборса, мактаб маъмуриятидан тортиб, туман таълим бошқармаси томонидан жазоланади. Ўқувчи таълимни яхши ўзлаштира олмаса ҳам ўқитувчи унинг чораклик ва йилликларига қониқарсиз баҳо қўя олмайди. Шундай баҳо қўйса, унга яхши таълим бермагансан, деб яна жазога тортилади. Яъни бу жараёнда таълим-тарбия беришни истаган ўқитувчи ноҳақ, таълим-тарбия олишни истамаган ўқувчи ҳақ бўлиб чиқаверади.
Хўш, бундай ҳолда ўқитувчи қандай йўл тутади? Ёмон ўқийдиган болага қониқарли баҳо қўяди, тарбиясиз болага намунавий хулқ эгаси, деб тавсиянома беради ва шундай ўқувчиларнинг мактабни тезроқ битириб кетишини истайди. Натижада жамоада ҳам, ота-оналар орасида ҳам ўша ўқитувчининг обрўсига путур етади. Энг ёмони, чаламулла, тарбиясиз ёш қўлида "етуклик аттестати" билан катта ҳаётга йўлланма олади. Таълим тизими қонун-қоидаларида кўрсатиб ўтилмаган, лекин мактаблар ҳаётида рўй бериб турган бундай камчиликларни бартараф этиш фурсати етмадимикан?!
Тўртинчи масала ўқувчиларга таълим-тарбия беришда қўлланиладиган айрим чора-тадбирлар билан боғлиқ. Тўғрисини айтиш керак, мактабда яхши ўзлаштирмайдиган ва тарбияси оғир болалар ҳамиша бўлган. Уларнинг таълим-тарбиясини ижобий томонга ўзгартириш учун таълим тизимида турли чоралар қўлланилган. Қўшимча дарслар ўтилган, қолоқ ўқувчилар илғор ўқувчиларга бириктириб қўйилган, ота-оналар билан суҳбатлар ўтказилган ва қолоқ ўқувчилар бир синфда икки ёки ундан кўп йил ўқиши жорий қилинган. Ҳозир ҳам мактабда бу чора-тарбирларнинг аксарияти қўлланилмоқда. Фақат қолоқ ўқувчиларнинг бир синфда икки ёки ундан кўп йил ўқиши билан боғлиқ тартиб олиб ташланган. Назаримизда, ана шу тартибни мактаб таълим тизимига яна қайтадан жорий қилиш керак. Айни пайтда уни жорий қилиш тартибига ўзгартиришлар киритиш зарур. Яъни, аввал ўқувчи синфда қолдирилиб, кейинги йил такроран таълим олганда, унга яна давлат маблағи сарфланарди. Энди эса ўқувчилар бир синфда икки йил ўқийдиган бўлса, бунинг учун ота-онадан маблағ ундирилиши лозим. Ана шунда ўқувчида ҳам, ота-онада ҳам мактаб таълимига нисбатан масъулият кучаяди. Энг муҳими, жамоатчиликда устозларга нисбатан ҳурмат уйғонади. Билим қадрланадиган бўлади.
Бугунги кунда мактабларда таълим тизимини яхшилашга алоқадор яна бир масала бор. Бу синфларда ўқитилаётган ўқувчилар сони билан боғлиқ. Эътибор беринг, республикамиздаги аксарият мактабларнинг бир синфида 30-35 нафардан бола таълим олмоқда. Аввало, бир синфда шунча ўқувчининг тартиб-интизомини таъминлашнинг ўзи қийин. Қолаверса, педагогик жиҳатдан юксак маҳоратга эга, энг билимдон, энг зукко ўқитувчи ҳам шунча болага мукаммал билим бера олмайди. Чунки 35 нафар боланинг билим олиш даражаси турлича бўлади. Айтайлик, улардан 10 нафари ниҳоятда яхши ўқийди, билимга чанқоқ. 15 нафари билим олишда ўртамиёна даражага эга бўлса, яна 15 нафари бутунлай қолоқ ёки ўша фанни ўрганишни истамайди. Бундай ҳолатда ўқитувчи мавжуд талаблардан келиб чиқиб, эътиборни таълимни ўзлаштиролмаётганларга қаратишга мажбур бўлади. Негаки, таълим тизими назоратчилари ўқитувчидан, биринчи навбатда, ўқувчиларнинг ҳаммаси фанларни тўла ўзлаштиришини талаб қилади. Натижада ўқитувчи асосий эътиборини қолоқларга қаратиб, қобилиятли ўқувчиларнинг билимларини янада кучайтиришга, ўртамиёна ўқийдиганларнинг илмини оширишга имкони қолмайди.
Ваҳоланки, илм-фаннинг тараққиёти иқтидорли ёшларнинг яхши таълим олиши орқали юзага келади. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, махсус фанлар ўқитиладиган мактаблар, академик лицейлар, илмий марказлар, Президент мактаблари ташкил этилмоқда. Уларга иқтидорли болалар танлаб олиниши, фанлар чуқур ўргатилиши, ихтисослаштирилиши, ҳар бир синфда ўқувчилар сони 15-20 нафардан ошмаслиги белгиланган. Буларнинг барчаси яхши, диққатга сазовор ишлар. Аммо Президентимиз саъй-ҳаракати билан ташкил этилаётган бундай мактаблар республикамиздаги барча иқтидорли болаларни бағрига қамраб олиш имконига эга бўладими? Шундай экан юқоридаги каби мактаблар, илм даргоҳларини кўпайтириш керак. Бугунги таълим талаблари ҳам шуни тақозо қилади.
Умуман, мактаб тизими билан боғлиқ муаммолар кўп. Уларнинг ҳаммасини бирма-бир келтириб ўтишга фурсат ҳам, имкон ҳам етишмайди. Лекин бир жараён кўнгилга таскин беради. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимидаги муаммоларни ҳал этиш учун кўплаб қарорлар, фармонлар қабул қилинди. Бу ҳужжатларда "таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражаси ва педагогик маҳоратини ошириш масалалари", "умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш, ҳар томонлама камол топган авлодни тарбиялаш, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш" халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари қилиб белгиланди. Демак муаммоларнинг бир қисмини ҳал этиш учун қарор ва фармонлар бор. Навбатдаги асосий масала ана шу қарор ва фармонларнинг қачон ва қай тарзда амалга оширилишида қолди.
Замира СОДИҚОВА,
ўқитувчи, Тошкент шаҳри

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Шу йилнинг 2-3 июнь кунлари мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Андижонга ташрифи пайтида вилоят амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади....
01 янв 1970
Қарши шаҳрида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган турар-жой биноси фойдаланишга топширилди....
01 янв 1970
Яқинда “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусини диққат билан томоша қилдим. ...
01 янв 1970
18 октябрь – Темурийлар тарихи давлат музейи очилган кун