“Youtube маънавиятимизни ютиб юбормаяпти(ми)?!”

/
Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай, ижтимоий тармоқлар, айниқса, бугун ёшлар орасида жуда катта аудиторияга эга бўлган Youtube ҳақида мақола ёзишдан аввал уни ўргандим. Тенгдошларим ва устозларнинг бу тармоқ ҳақидаги фикрлари билан қизиқдим. Ана шу ўрганиш жараёнида бир нарсага амин бўлдимки, кўпчилик бундай “бошоғриқ” мавзуларда ёзишни истамайди ёки тармоқ фаолларининг “маломат” қилишидан чўчийди. Нима бўлганда ҳам амалиётчи-талаба, қолаверса, бўлажак журналист сифатида таҳририят менинг олдимга қўйган илк топшириқни бажардим. Ва юқоридаги сарлавҳа остида мақолам эълон қилинди. Шундан сўнг газетада чоп этилган маколани Facebook аудиторияси билан баҳам кўрдим.
Гуруҳларнинг, умуман, Facebook ижтимоий тармоғи аудиториясининг фикрини ўрганиш, бугунги кунда долзарб мавзуларга одамларнинг муносабатини билиш ва таҳлил килиш учун ўзимнинг Facebookдаги профилим ва мен савияли деб биладиган “Китобхонлар давраси” гуруҳига мақолани улашдим. Аввалги мақоламда ҳам Youtube ёмон ёки яхши, деб баҳо бермаганман. Аксинча, атрофдагиларнинг фикри билан қизиққанман. Сабаби, устозлар бизга журналист ҳамиша холис бўлиши керак, деб сабоқ беришади. Шунинг учун ҳам мақола муҳокамасини яна кўпчиликнинг эътиборига ҳавола қилдим.
Мақолам ҳақидаги фикрлар билан танишар эканман, ҳайратда қолдим. Шу боис гапни нимадан бошлашгаям ҳайронман. Тўғриси, бу даражада қаттиқ танқидга учрайман, деб ўйламаган эдим. Нима ҳам дердим, танқид — келажак меваси. Очиғини айтиб қўя қолай, биринчи марта мақола остига ёзилган баъзи фикрларни ўқиганимда аввал жаҳлим чиқди, иккинчи марта ўқиганимда кўникдим, шекилли, жаҳлимдан тушгандай бўлдим. Учинчи марта ўқигач эса, улардан айримларини газетхонлар эътиборига ҳавола этиш фикри уйғонди.
Мана, фикрлар билан танишиб, хулосани ўзингиз чиқаринг.
Кўпчилик тенгдошларимиз (Агар улар ўз профилларида қўйилган суратлари каби ёш бўлишса?), “Биз, ёшларга “запретсиз” дунё керак”, деган талабни илгари суришган. Ваҳоланки, биз аввалги мақолада бирон-бир ижтимоий тармоқ, жумладан, Youtubeни тақиқлаш ҳақида фикр билдирмаган эдик. Бор-йўғи айрим блогер ва влогерлар Youtubeга нимадир жойлаштирганда орқа-олдини ўйлаб, мушоҳада қилиб жойлаштирса яхши бўларди, деган фикрни илгари сурган эдик, холос. Агар Youtubeда ўз халқимизнинг устидан ўзимиз кулсак, бизни хориждан кузатаётганлар нима дейди, деган саволни ўртага ташлаган эдик. Ана шу оддийгина мулоҳазаларимиз айрим юртдошларимизни шу даражада жазавага туширади, деб ўйлаб ҳам кўрмагандик. “Запрет”сиз дунё” ҳақидаги фикрлар ўз йўлига экан. Айрим Youtube ҳимоячилари жаҳл устида “барча хорижий сайтларни блоклаб, ўз маънавиятимизга ўзимиз қоришиб ётаверайлик”, деб “холис” маслаҳат ҳам беришди.
Қизиқ, улар нега бунчалик жазавага тушишаяпти? Яна қайтариб айтамиз, аввалги мақолада Youtubeни “блоклаш” ҳақида бирон-бир сўз йўқ эди. Ахир бирор мақола ёки мавзу ҳақида фикр айтишдан аввал уни сабр билан охиригача ўқиб чиқиш керак эмасми?!
Майли, эркин фикр айтиш ҳар кимнинг ҳуқуқи. Биз бировга мана бу фикрни айтинг ёки айтманг, деб кўрсатма бермоқчи ёхуд ақл ўргатмоқчи эмасмиз. Лекин қуйидаги фикр(Агар уни фикр, деб бўлса?!)ни айнан келтириб ўтишни лозим топдик. “Ижтимоий тармоқлар маънавиятчилар учун эмас. Ҳар соҳага маънавиятни тиқиштиравериш маънавий мутаассибликдир. Шу сўзни эшитсам иситмам чиқадиган бўлди. Маънавият йўқ нарса! У тепада ўтирганлар ўйлаб топган сафсата! Сиз эса ўша сафсатани ёзибсиз. Маънавият сўзини кўп ишлатганлар учун эса Жиноят кодексига “маънавий ақидапарастлик”, “маънавий экстремизм” каби жазо моддаларини киритиш керак...” деганга ўхшаш таклифлар ҳам бўлди. Тўғрисини айтсам, ҳали булар анча-мунча жўнлари. Айрим ҳақоратомуз сўзларни ёзишга қўлим бормади...
Мана шу қораламани қоғозга тушира туриб англадимки, ҳали бизнинг маънавият борасида қиладиган ишларимиз жуда-жуда кўп экан.
Ҳа, айтганча, ҳақорат қилганлар, маънавият деган сўздан “кўнгли ағдариладиган” юртдошларимизга ачиндим, холос. Гапим рост, ишонинг, чин юракдан ачиндим уларга.
Хулосани эса яна газетхонларга қолдирамиз...
Нодира РОМАНОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси
Shand 08:23, 14 января 2023
債務重組、債務舒緩專家 -

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тўй... У ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда азиз, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштирадиган, шодлик бағишлайдиган ма...
01 янв 1970
Хоразмшоҳлар — Ануштегинийлар давлати илк ташкил топишидан, яъни 1097 йилда хоразмшоҳ Қутбиддин Муҳаммаднинг тахтга ўтиришидан бошлаб то 1231...
01 янв 1970
Абдубакир ота келини сузиб келган ошга қўлини ҳам теккизмади.
01 янв 1970
Неча асрлар мобайнидан шаклланиб, сайқал топиб, турмуш тарзимизга сингиб кетган урф-одатларимиз, анъаналаримиз билан бир қаторда, кундалик мулоқотл...