Ташаббус: маҳаллада қурилган кутубхонага 2000 та китоб туҳфа этилди

/
Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг бир қатор лойиҳалари асосида ўз сайлов округларида муайян ишларни амалга оширмоқда.
Хусусан, шаҳар ҳудудидаги “Ўрикзор” қишлоғида депутатлик гуруҳи ташаббуси билан янги кутубхона фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу зиё масканига партия депутатлари ва ҳомийлар томонидан 2000 дона китоб туҳфа этилди.

Маҳалла фаолларининг фикрича, аҳолининг яшаш жойи яқинида кутубхона ишлаб турса, бу бебаҳо имконият барчага татийди. Маҳалла аҳли бир-биридан ибрат олиб, китоб дурдоналаридан баҳраманд бўлади. Буни янги кутубхона гавжум бўлаётганидан ҳам англаш мумкин.
Очиқ мулоқотлар чоғида депутатлик гуруҳи раҳбари Дилором Меҳмоновага “Зебуннисо” МФЙда яшовчи фуқаролар болалар ўйингоҳи ва спорт майдончаси барпо этишга эҳтиёж борлигини айтишди. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари натижа берди. Шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар кўмагида “Зебуннисо” МФЙ ҳудудида 3 та болалар ўйингоҳи ва спорт майдончаси қад ростлади.
Ушбу маҳаллада яшовчи 30 нафар хотин-қизлар ҳам депутат ёрдами билан шаҳардаги кичик саноат зонасида фаолият олиб бораётган корхоналарга ишга жойлашдилар. Шунингдек, ҳозирда тадбиркор бўлишни истаган 56 та хотин-қизлар рўйхати депутат Д.Меҳмонова бошчилигида шакллантирилди, эндиликда уларга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси жамоат фондидан 3 йил муддатга 8 фоизлик кредит ажратилиши режалаштирилди. Хусусан, Маҳбуба Султонова, Мунирахон Қаюмова иссиқхона қуриш учун 10 миллион сўмдан, Шоирахон Қамбарова эса тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиш учун 25 миллион сўм миқдорида кредит олиш истагини билдиришган.
— Имтиёзли кредит олиш учун керакли ҳужжатларни тайёрладик, — дейди Маҳбуба Султонова. — Иссиқхона ташкил қилиб, у ерда бодринг, помидор ва турли кўкатларни етиштириш ниятидамиз. Ҳалол меҳнатимиз орқали оиламиз даромадини кўпайтирамиз.
Партия депутатлари шаҳарнинг “Фурқат” кўчасидаги хонадонларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг мурожаатини ўргангач, ички йўлнинг 2 километрлик қисми асфальтланди.
Депутат Ўғилой Каримовага “Полмон” МФЙда яшовчи кам таъминланган фуқаро Сардор ўафуров уй-жойга эҳтиёжи борлиги ҳақида мурожаат қилди. Тез орада Сардор ўафуровнинг оиласи шаҳардаги эҳтиёжманд оилалар учун берилаётган хонадонлардан бирига ҳеч қандай тўловларсиз эга бўлди. Жамила Пўлатованинг эшитиш ускунаси борасида депутатга мурожаати ҳам ижобий ечим топди. Унга ҳомийлар кўмагида эшитиш ускунаси олиб берилди. “Полмон” МФЙга қарашли “Носиробод” қишлоғида яшовчи Ашурали Қаҳҳоровнинг мурожаатига кўра, унинг уйи ҳомийлар кўмагида қайта таъмирланди.
— Иш масаласида ёрдам сўраб депутат Ў.Каримовага қилган мурожаатим ижобий ечим топди, — дейди фуқаро Хосиятхон Сойипова. — Уч фарзандим билан моддий жиҳатдан қийналаётган эдим. Ниҳоят, жорий йилнинг январь ойида шаҳардаги “Кварс” АЖга ишга жойлашдим.
Рустам ўафуров нафақа ёшида. У ҳам таъмирга муҳтож уйида 3 та оила яшаётганини айтиб, депутатдан ёрдам сўради. Ҳомийлар кўмагида 12 миллион сўм маблағ эвазига унинг уйи қайта таъмирланиб, яшаш учун қулайлик яратилди.
Шаҳар партия кенгаши ва депутатлик гуруҳи аъзоларидан иборат ишчи гуруҳининг ўрганишларида 2-умумтаълим мактабининг ошхонаси белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди, партия фаолларининг ташаббуси билан ҳозирги кунда ҳомийлар кўмагида мактаб ошхонаси қайта таъмирланмоқда.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Зулфия Артиқовага тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида фуқаролар Раҳимжон ва Равшанжон Содиқов мурожаат қилиб, экин майдони учун ер ажратилиши борасида амалий кўмак сўради. З.Артиқова мутасадди ташкилотлар билан иш олиб боргач, айни пайтда тадбиркорлар томонидан шаҳардаги “Дўстлик” кўчасида фойдаланилмай турган ернинг 0,5 га майдонида иссиқхона ташкил этилди ва 5 та янги иш ўрни яратилди.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Зулфия Артиқованинг таъкидлашича, ҳар ойнинг 1-, 2-шанбасида депутат қабуллари ўтказилмоқда. Аҳолидан асосан ичимлик суви, иссиқлик таъминоти, йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, моддий ёрдам, иш билан таъминлашга доир масалаларда мурожаатлар келиб тушмоқда. Мазкур муаммоларни ҳал этишда мутасадди ташкилот ва корхоналар билан ҳамкорликда амалий ишлар қилинмоқда.
Нурбек МИРЗАЕВ,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаёт суръатининг тезлашуви деб аталаётган бугунги глобаллашув шароитида маънавий тарбия соҳасида жиддий муаммолар ҳам юзага келаётгани сир эмас.&nb...
01 янв 1970
Ўзбекистонда Шароф Рашидов раҳбарлик қилган давр республикамиз тарихида муҳим аҳамият касб этган. ...
01 янв 1970
Суд-ҳуқуқ соҳасида адолат тарозиси олдида ҳақнинг ҳақ, ноҳақнинг ноҳақ эканлиги ҳақида давлат номидан холис якуний сўзни айтувчи машаққатли касблар...
01 янв 1970
2012 йилда “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг амалий санъат йўналиши бўйича вилоят босқичида I ўринни эгалладим....