Кўнгилларга қувонч бағишлаётган обод манзиллар

/
Яқинда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан бир гуруҳ ёшлар Бўка туманида бўлиб, туманда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус асосида Бўка туманида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар туфайли маҳаллалар кундан-кунга обод бўлиб, замонавий, кўркам қиёфа касб этаётганига гувоҳ бўлдик. Бир ойга яқин вақт ичида туманда юз берган янгиланишлар, бунёдкорлик, маънавий-маданий ишлар аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ҳаётига янгича мазмун олиб кираётганини кўриб, дилимиз ғурур ва ифтихорга тўлди. Қуйида бир кунлик сафаримиз давомида кўрган-кечирганларимиз ҳақида ҳикоя қиламиз.
Беш ташаббус ижроси доирасида туманда ташкил этилаётган китоб ярмаркалари, таниқли адиблар билан учрашувлар, маънавий-маданий ва спорт тадбирлари фуқароларнинг фаол иштирокида кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда. Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари У.Муҳаммадиев, Қ.Қуронбоев, Президент маслаҳатчиси ўринбосари Ф.Маҳмудов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли адиблар, ёшлар ва фаоллар иштирок этишмоқда. Туманда ҳар куни янгилик, кунда бир ўзгариш, десак муболаға қилмаймиз. Янги бинолар барпо этилмоқда, мавжудлари замонавий талабларга мос равишда капитал таъмирланаяпти.
Аввал хабар қилганимиздек, тумандаги “Янгиқўрғон” маҳалласида беш ташаббус доирасида олиб борилаётган қурилиш-ободончилик борасидаги улкан ишлар, маънавий-маданий янгиланишлар бугун ҳам давом этмоқда. Яратилган иш ўринлари ёшлар ва хотин-қизларнинг ўз қобилиятини намоён этишга, ҳалол меҳнат қилиб, туман равнақига ҳисса қўшишга имкон бермоқда. “Китоблар карвони”да ёшларга тақдим этилган тафаккур дурдоналари ҳам тенгдошларимизни хурсанд қилмоқда.
Президентимиз илгари сурган беш ташаббусдан бири хотин-қизларни иш билан таъминлашдир. Бўка туманидаги Ёшлар боғида янги очилган Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ҳамда Аёллар ижтимоий мослашув маркази фаолият олиб бормоқда.
— Ҳозирги кунда марказимизга ташаббускорлик лойиҳалари асосида банк муассасасидан кредит олган 350 нафар аёллар аъзо бўлишди, — дейди Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Сайёра Тошматова. — Эндиликда улар билан мунтазам иш олиб борамиз ва ҳар бирининг ўзи танлаган йўналишда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб, яхши натижаларга эришиши учун яқиндан ёрдам кўрсатишни мақсад қилганмиз. Шу билан бирга, марказимиз қошида тикувчиликка қизиққан аёллар учун ўқув дарслари ташкил этилади.
Туманда истиқомат қилаётган опа-сингилларимиз учун хизмат қилаётган Аёллар ижтимоий мослашув марказида эса тиббий, психологик ҳамда ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш учун махсус хоналар мавжуд. Бу масканда мутахассислар мазкур йўналишларда иш олиб бориб, хотин-қизларнинг яқин маслаҳатгўйи, кўмакчиси бўлишга интилмоқда. Мутахассис кадрларнинг интеллектуал салоҳиятидан жамият ва аҳоли манфаатлари учун фойдаланиш, уларнинг бандлигини таъминлашда ушбу марказлар ҳам ўз ўрнига эга бўлмоқда.
Бу каби хайрли ишлар кўлами кенг.
— Ишга тополмай юргандим, — дейди Покиза Икромова. — Ишсиз хотин-қизлар рўйхатга олинаётганидан хабар топиб, мурожаат қилдим. Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг тикувчилик йўналиши ўқитувчилари Гулбаҳор Жўраева ва Машҳура Абдуғаффорова кўмагида тикувчилик сир-асрорларини ўргандим. Яқинда ишга тушадиган фабрикада ишлаш ниятидаман. Ҳозир ўқув амалиёти ўтаяпмиз.
Ўқув амалиёти жараёнида устозлар назоратида трикотаж буюмларини тикаётган аёлларнинг ўз ишидан мамнунлигини англаш қийин эмас. 133 нафар опа-сингилларимиз бичиш-тикиш, дазмол қилиш, мато тозалаш ва тайёр маҳсулотни сўнгги назоратдан кейинги тахлаш ишларини ҳозирданоқ бекам-кўст бажаришмоқда.
Тумандаги “Бўстон” маҳалласида қуриб битказилган фабрикага 112 та тикув машинаси келтирилди. 300 нафар хотин-қизлар тикувчилик бўйича ўқитилмоқда, улардан 133 нафари ўқув амалиёти ишларини ўташаяпти. “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан “Чавлисой” маҳалласидаги фабрикага ҳам 100 та тикув машинаси ўрнатилиб, тикувчилик мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган аёлларга эндиликда шу жойда ўқув амалиётини ўташ имкони яратилди.
Ташаббускор тадбиркор Мўмин Муродовга берилган фабрика яқин кунларда тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди. Бу эса ҳар бир ишчининг оиласи фаровон, рўзғори бут бўлади, деганидир.
3-сектор ҳудудидаги “Катта Равот” маҳалла фуқаролар йиғинида 490 та хонадон мавжуд бўлиб, унда 2460 нафар аҳоли истиқомат қилади.
— Бунёдкорлик ишларидан кўнгиллар обод бўлмоқда, — дейди маҳалла раиси Эркин Исматов. — Марказий кўчада жойлашган маданият саройи таъмирланаяпти. Кичик ўйингоҳ, кутубхона, компьютердан фойдаланиш учун махсус жой, маҳалла фуқаролар йиғини биноси барпо этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг кўз ўнгида давом этаётган бундай улуғвор ишларнинг ибрати беқиёс. Ушбу янгиланишлар тенгдошларимизнинг қалбига ғурур бағишлаб, юксак орзу-мақсадларни кўзлашга ундамоқда.
Зебунисо РАҲМАТОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир инсон оиласи, жамиятга нафи тегишини, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишни истайди....
01 янв 1970
Ҳуқуқий-демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятининг асосий омилларидан бири, шубҳасиз, эркин ва мустақил фикрни билдириш имкониятининг мавжудл...
01 янв 1970
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди. 
01 янв 1970
Вобкентдаги “Чашмаи Айюб” мақбараси пештоқидан бундан 8 йил (!) аввал ўғирлаб кетилган ноёб кошин ўз жойига қайтарилади...