Ургут тиббиёт коллежида нима гап? ЁКИ РАҲБАРЛИК МАСЪУЛИЯТИ ВА УСТОЗ-ШОГИРДЛИК ОДОБИ ҲАҚИДА

/
Бу воқеадан ёқа ушламай, афсусланмай иложингиз йўқ. Коллеж ўқувчиси одобсизлиги учун уни тартибга чақирмоқчи бўлган устозини оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилди. Башарти, атрофдагилар аралашмаганида муаллимга қўл кўтаришдан ҳам тоймасди балки. Ҳамма ҳайратда, ҳамма таассуфда. Ахир устоз отангдан улуғ, деган нақлнинг қадри қаерда қолди? Ўз умрини заҳматга қўйиб, комил инсонни тарбияламоқчи бўлган кишига нисбатан беҳаёлик, андишасизлик ва ахлоқсизлик қилишни кечириш мумкинми?
Партиянинг бош вазифаси мамлакатимиз таълим тизимининг фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат.
(Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастуридан)

Хулоса чиқаришга шошилмайликда, бўлиб ўтган воқеа тафсилотини қисқача баён қилсак. Шу йил 15 апрель куни эрталаб соат 900да Ургут тиббиёт коллежининг 306-гуруҳ, доришунослик бўлими ўқувчиси Одил Шаропов дарвоза олдида тартиб-интизомни назорат қилиб турган қоровул Суюн Мелиқулов билан ичкарига кириш масаласида тортишиб қолди. Қоровул ундан ҳамма ўқувчилар қатори кичкина эшикдан турникет орқали ўтишни сўраганида Одил катта дарвозанинг занжирини очиб беришни талаб қилди.
Эҳтимол, турникетдан ҳамма қатори навбат билан ўтиш унга ёқмагандир. Ёки ўқувчилик карточкасини унутиб қолдиргандир. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам хизмат вазифасини бажараётган қоровулга, бунинг устига отаси тенги одамга қўпол муомала қилиши, менсимай гапириши бу ҳолни кузатиб турган ўқитувчи Зокирхон Тоҳировни бефарқ қолдирмади. Устоз андишасиз шогирдни тартибга чақирмоқчи бўлган эди, қоровул четда қолиб, ўзи ҳақоратга нишон бўлди. Кимдир ачинди, кимдир кулди. Кимдир томошабин бўлди. Лекин нима бўлганда ҳам ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати учун яхши иш бўлмади.
Хўш, Ургут тиббиёт коллежида бўлиб ўтган бу ҳодиса тасодифий ҳолми? Битта воқеа туфайли ўқувчи ва ўқитувчи ўртасидаги муносабат коллеждаги таълим-тарбия натижаси деб узил-кесил хулоса чиқариш мумкинми?
“Мумкин”, деб ҳисобламоқда воқеадан хабар топган ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими таянч пунктлар фаолиятини ташкил этиш бўйича катта инспектори Акмал Ҳасанов.
— Таълим даргоҳида келгусида бундай салбий ҳолатлар газак олиб кетмаслиги, ижтимоий муҳитга зиён етказмаслиги учун воқеанинг келиб чиқиш сабабини зудлик билан ўрганиб, ҳуқуқий баҳо бермоғимиз керак, — дейди Акмал Ҳасанов. — Ҳозир мазкур иш бўйича терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар маъмурий тартибда кўриб чиқиш учун туман маъмурий судига тақдим этилди.
Воқеадан хабардор қилинган Одилнинг ота-онаси ички ишлар идорасига, профилактика инспекторларига қатнаб, фарзандининг одобсизлиги учун қайта-қайта кечирим сўрашди. Бу ҳол минбаъд такрорланмаслиги учун кўпдан-кўп ваъдалар беришди. Аммо бир ойча муқаддам Одил коллеждаги тенгдошларидан бирига қўпол муомала қилиб (шапалоқ тушириб), худди шундай ваъдалар билан қутулиб кетганини эслатишганида ота-она хижолат бўлиб қолишди. Ана энди ўзингиз хулоса чиқаринг: аввал тенгдошига қўл кўтарган, кейин коллеж қоровулини, ўз устозини ҳақорат қилган ўсмир ҳар гал енгил кечирим билан қутулиб қолаверса, у бундай хатти-ҳаракатни яна давом эттирмаслигига, бир навқирон ўсмир ҳаётда адашиб қолмаслигига кафолат борми?
Демак, коллеж ўқувчиси безорилик ҳаракатлари учун судда жавоб бериши керак ва шундай бўлди ҳам. Бу 1123 нафар ўқувчи таҳсил олаётган Ургут тиббиёт коллежининг нуфузига қай даражага таъсир кўрсатиши мумкин?
Албатта, салбий! Бироқ воқеа изидан журналист суриштируви ўтказиш мақсадида тиббиёт коллежига ташриф чоғида аниқлаганларимиз — 306-гуруҳ ўқувчиси О.Шароповнинг безорилик ҳаракати ва коллеж раҳбариятининг бу ҳолни хаспўшламоқчи бўлгани, очиғи, бизни таажжубга солди. Қаранг, мазкур ҳолат бўйича Ургут туман ички ишлар бўлимида зарур суриштирув ишлари олиб борилган, тушунтириш хатлари, гувоҳлар кўрсатмалари йиғилганига қарамай коллеж маъмуриятидан ҳеч қандай расмий маълумотнома, воқеа иштирокчиларининг ёзма гувоҳликларини топа олмадик. Коллеж директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Фазлиддин Мансуров “ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида шундай тортишув бўлган эди. Лекин тушунтириш хатларини олмай уларни яраштириб қўйган эдик. Иш милиция, суд идорасига етиб бормаган”, деб бизни тинчлантирмоқчи, аниқроғи, чалғитмоқчи бўлди. Коллеж директори Меҳрож Фазлиев эса, башарти иш маъмурий судгача етиб борган экан, бу аламзада ўқитувчининг “ташаббуси” билан уюштирилган шов-шув, дея масалага изоҳ бермоқчи бўлди. Нега? Ўқитувчининг “хонадон сирини кўчага чиқариши” директорга маъқул келмадими?
Коллеждаги таълим-тарбия жараёнлари, педагогик жамоанинг фаолияти билан яқинроқ танишганимизда маъмуриятнинг хавотири беҳуда эмаслигига ишонч ҳосил қилдик. Очиғини айтганда, ҳуқуқ-тартибот ёки назорат-тафтиш идораларининг мазкур коллежга ташрифи аҳён-аҳёнда содир бўлиб турмагани ва ҳар сафар янги қинғирликлар фош бўлаётгани жамоатчиликда турли тасаввурларни пайдо қилмоқда. Акс ҳолда бир йил давомида коллежнинг бир эмас, уч нафар ўқитувчиси тергов ва судга тортилганини қандай изоҳлаш мумкин? Айблов эса мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, тамагирлик! Чунончи қабул комиссиясига мутахассис сифатида қўйилган ўқитувчи ўолиб Исаев 2018 йил кузида ўқувчилар кўз ўнгида қўлга олиниб, педагогик жамоани саросимага солиб қўйди.
Аҳвол шундай бўлгач, ўқувчининг ўқитувчига бўлган муносабати, андишасизлиги ёки ахлоқсиз муомаласи ҳақида нима дейиш мумкин? Ахир тарбиячининг айтган сўзи, ҳақ йўлидаги каломи бир тараф, шахсий ибрат, маънавияти бир томон. Ахир ойнадаги аксингдан ўпкалама, деганлари бежиз эмас. Таълим даргоҳида ҳамма нарса, ҳар бир ўгит, ҳар бир насиҳат устознинг шахсий ибратига асосланиши керак. Зинҳор коррупцияга, тамагирлик, алдов ва кўзбўямачиликка эмас!
Журналистик суриштирувимиз давомида бизга шикоят билан мурожаат қилган 217-гуруҳ ўқувчиси Рушана Шербоева коллеждаги қизиқ бир муносабатдан хабардор этди. Унинг ёзишича, 2018 йил ноябрь ойида тиббиёт коллежига контракт-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган. Шунда у 1 миллион 220 минг сўмлик дастлабки тўловни, кейинроқ 500 минг сўмлик тўловни амалга оширган. Аммо контракт шартномасининг қолган 720 минг сўмини тўлаш учун бош ҳисобчи Нишон Ҳамроевга рўбарў бўлганида ҳисобчи унга аввал директорга учрашишни маслаҳат беради. Директор Меҳрож Фазлиев эса контракт тўлови учун кирган ўқувчига “сизни ким ўқишга киритган бўлса, шу кишини менга юборинг” дея хонасидан чиқариб юборди. “Ахир мен ўзим ҳужжат топшириб ўқишга кирган бўлсам, директор ҳузурига кимни етаклаб киришим керак”, дейди “савол тагидаги савол”ни тушунмаган Рушана Шербоева. Директор Меҳрож Фазлиев эса бу “савол-жавобни” контракт асосида ўқиётган ўқувчининг келгусида дарсларни қай даражада ўзлаштириши, коллеж қоидаларига амал қилиши учун ота-онасини суҳбатга таклиф этмоқчи бўлгани билан изоҳлади. Коллеж раҳбарининг ўқувчи билан контракт шартномаси тузилгандан сўнг орадан олти ой ўтиб унинг яқинларини суҳбатга таклиф этаётгани, шартнома қоғозини беришни ортга сураётгани қизиқ эмасми?
Аммо нима бўлганда ҳам газета мухбирининг айни шу масалага қизиқиб қолганининг эртасигаёқ коллеж ҳисобхонасида кераксиз сўраб-суриштиришлар тўхтаб, контракт тўловлари учун “яшил йўлак” очилди.
Энди асосий гапга келсак. Тиббиёт коллежида таълим-тарбия жараёнлари замонавий тиббиёт муассасалари учун муносиб мутахассис-кадрлар тайёрлаш талабларига жавоб берадими? Бу борада яратилган ўқув-амалиёт базаси, ўқитувчиларнинг салоҳияти, коллеж раҳбарияти бошқарувидаги очиқлик принциплари ҳақида қандай фикр юритиш мумкин?
Дастлаб шундай маълумотни эътиборингизга ҳавол этишни лозим топдик. 2017-2018 ўқув йиллари мобайнида тиббиёт коллежини 391 нафар мутахассис кадр битириб чиқди. Аммо уларнинг атиги 26 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олди. Коллеж маъмурияти бу ҳолни ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжга нисбатан битирувчилар сони кўплиги билан изоҳлайди.
Аммо мутахассис кадрларнинг сифат даражаси талабга жавоб берадими? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бериш қийин. Коллеж дипломини олган айрим битирувчилар бирор-бир даволаш муассасасида мустақил ишлаб кетишлари учун кўп вақт ва меҳнат талаб қилинмоқда. Чунки коллежда чала-чулпа ўтилган назарий ва амалий машғулотларнинг ўрнини даволаш муассасасида тўлдириш қийин кечаяпти. Хусусан, ўрганишларимиз жараёнида аниқланганидек, 3 май куни туман марказий поликлиникасида ўтказилган амалий машғулотда 211-гуруҳнинг 11 нафар ўқувчиси иштирок этди. 7 нафари эса йўқламада кўринмади. Врач-ўқитувчи Ш.Нурмуҳаммедова эса озчилик билан машғулот ўтиб, коллеж маъмуриятини бу ҳолдан хабардор этмади. Худди шунингдек, офталъмологиядан амалий машғулот ўташ учун туман поликлиникасига келган иккинчи босқич ўқувчиларидан 6 нафари йўқламада кўринмади. Дарс эса белгиланганидан 40 дақиқа барвақт тугади. Қизиғи шундаки, бу ерда амалий машғулотга жалб этилган ўқитувчи-врачлар жарроҳлик қилиб, офтальмологиядан ёки жарроҳлик реанимацияси мутахассиси терапиядан “сабоқ” беришлари аллақачон одатга айланган. Директор Меҳрож Фазлиев амалий машғулотга жалб этилганлар ягона тарификация асосида тасдиқдан ўтганлиги ва талаб этилган мутахассислик бўйича дарс ўтишаётганини тасдиқлайди. Амалий машғулотга қатнаётган ўқувчилар эса кўпинча дарс жадвалида белгиланмаган маърузаларни тинглашга мажбур бўлишаётганини таъкидлашади. Ким ҳақ, ким ноҳақ? Эҳтимол масъул ташкилотлар, мутахассис экспертлар масалани ўрганиб, ойдинлик киритишар. Лекин нима бўлганда ҳам таълимдаги сифат, дарс жараёнлари савияли ўтиши учун биринчи галда коллеж раҳбарияти жавобгар эмасми?
— Коллежнинг стоматология ва доришунослик бўлимларида, айниқса, давомат пасайиб кетган, — дейди ўқитувчи Мурод Бўлатов. — Бу бўлимларнинг айрим ўқувчилари бозорда тадбиркорлик масаласида ота-оналарига кўмаклашиш учун икки-уч кунлаб дарсга келишмайди. Лекин ўқиш сўнггида ҳамма қатори “муваффақиятли” имтиҳон топшириб, диплом олиб кетаверишади. Ахир кераксиз ғамхўрлик ва ноўрин “сийлов” билан ўз ишига “майиб” мутахассис тайёрлаш кимга керак?
— Коллеж раҳбариятининг ўзлари ҳам ўқувчиларга назарий дарс ўтишадими? — деб сўраймиз директор М.Файзиевдан. — Ахир дарс жадвалида директор, ўқув ишлари бўйича унинг ўринбосари ва бошқа масъул вазифадагиларга алоҳида дарс соатлари ажратилган экан...
— Вақт бўлганда, албатта, дарс ўтамиз. Машғулот қолиб кетмайди. Имкон топилмаганда бошқа ўқитувчи ўрнимизга дарс беради.
Ана халос! Дарсни ким ўтиши муҳим эмас экан-да. У ҳолда директор ёки ўринбосарнинг мажлису йиғилишлардан бўшаб, қачон маъруза ўқишини интиқлик билан кутадиган ўқувчи уларнинг ўрнида ўтилган саёз дарслардан ҳафсаласи пир бўлмайдими?
Алқисса, айтаверсак Ургут тиббиёт коллежида гаплар кўп. Бу ердаги маънавий муҳит, ўқув-тарбия ишларини соғломлаштириш ҳақида, тиббиёт соҳаси учун муносиб кадрлар тайёрлаш ҳақида ким хулоса чиқарар экан? Ахир таълимдаги бефарқлик, масъулиятсизлик, кўзбўямачилик келажак илдизига болта уриш билан баробар эмасми?
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда юқори салоҳияти эътироф этилган олимлар кўп.
01 янв 1970

Айш, Навоий, неча дилкашдурур,

Лек адаб бирла ҳаё хушдурур
01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
01 янв 1970
Ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилиниши керак....