Генерал Собир Раҳимовнинг сафдоши

/
...Машъум уруш бошланган кунларда Эшбек бувамнинг бир йўла тўрт ўғли жангга сафарбар этилган. 1941 йил июнь ойида Самарқандда зудлик билан ташкил этилган “Ўзбек дивизияси” сафида Суннатилла, Омон, Исмон амакиларим ва эндигина 19 ёшни қаршилаган отам Усмон Эшбековлар кўнгиллилар қатори фронтга отланган.
Кўп ўтмасдан Суннатилла ва Омон амакимларимдан “қора хат” келганида Эшбек бувамнинг кўзлари кўрмай қолган. Хаста юраги ҳам кўп ўтмай уришдан тўхтаган... Тўрт ўғлини қайта кўриш бувамга, отани сўнгги манзилга кузатиш ўғлонларига насиб этмаган...
Бувижоним Мактаб она зор қақшаб йиғлаганлари ҳақида онамдан эшитган эдим. Раҳматли бувим:
Оққина кафан мулойим,
Боламгами, худойим?
Эл бошига бало бўлган
Фашист ўлсин илойим —
дея кўксига мушт урганча мунгли йиғлаганларида еру кўк титрагандек бўлар экан...
Мустақиллик майдонидаги Мотамсаро она ҳайкали тимсолида Мактаб бувимни кўргандек бўламан. Урушдан қайтмаган собиқ жангчилар хотирасига ўрнатилган темир Китобларда раҳматли амакиларимнинг муборак исм-фамилияларини ўқиган чоғим кўзимдан шашқатор оқаётган ёшни тўхтата олмайман.
1943 йил адоғи ва 1944 йил бошларида отам ва акаси Исмон амаким ногирон ҳолда қайтиб келганлар.
Асли касби ўқитувчи бўлган отам мактабда фаолиятини давом эттирган.
Отамдан даҳшатли уруш ҳақида эшитганларим болалик шууримга муҳрланиб қолган. “Ўзбек дивизияси” ҳақида айтганларини ўшанда унча тушунмаган эканман. Яқинда Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан Олмазор туманида ўтказилган тадбирда севимли санъаткоримиз, истеъфодаги полковник Икромжон Бўроновдан шу ҳақда сўрадим. Саксонинчи баҳорини қаршилаган Икромжон ака ўша суронли дамлар ҳақида шундай деди:
— Урушнинг дастлабки кунлари Самарқандда генерал Миркомил Миршаропов бошчилигида “Ўзбек дивизияси” ташкил этилганини яхши биламиз. Ўзбек ўғлонлари кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида кўп китоблар ёзсак арзийди. Афсуски, шу кунга қадар ёзилганлари жуда кам...
Фронтнинг олд қисмига ташланган “Ўзбек дивизияси”да жанг қилган отамнинг айтганлари хотирамда жонлана бошлади. Бу дивизия Сталинград жангларида фашист газандалари билан даҳшатли жангга киришиб, урушда туб бурилиш ясашга катта ҳисса қўшган. Яъни фронтнинг қоқ ўртасидан вазият ўзгариб, босқинчилар чекинишни бошлаган.
Афсуски, қақшатқич жангларда кўп талофотлар кўрган “Ўзбек дивизияси”нинг қолган аскарлари бошқа қисмларга қўшилган экан. Отамларнинг ротаси Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-гвардиячи ўқчи дивизияси таркибида жангни давом эттирган.
— Ўзбек жангчилари ғурурланадиган қўмондонимиз Собир Раҳимовни кўпинча оддий аскарлар орасида кўрардик, — деб хотирларди отам. — У киши ҳар қандай вазиятда ҳам вазминлик ва мулоҳазакорлик билан иш тутарди. Энг оғир дамларда ҳам аскарларга ғамхўрлик кўрсатарди. Ўзининг шижоати ва қатъий иродаси билан ҳаммага руҳий тетиклик бахш этарди. «Бир қадам ҳам ортга чекиниш йўқ!» деган шиор қўмондонимизнинг қандай мардона қадам ташлашини кўрсатар эди.
1902 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Собир Раҳимов ота-онасидан эрта етим қолган. 1922 йили ҳарбий хизматга кўнгиллилар сафида кетган. 1922-1925 йилларда Бокудаги ҳарбий мактабда таҳсил олгач, Самарқанддаги ўзбек отлиқ дивизиясида ҳарбий фаолиятини бошлаган. Йиллар давомида армия сафларида чиниққан ўзбек ўғлони Иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар полковник унвонида масъул лавозимларда ишлаган. 1941 йил июль ойида у танк дивизияси таркибидаги моторлаштирилган полк командирининг ўринбосари бўлган. Унинг полки июль ойи бошларида биринчи марта жангга кирган. Қирғинбарот жангларда мард ва жасур командир ҳарбий маҳоратини кўрсатиб, душманнинг кўп режаларини чиппакка чиқаради. Қарши ҳужум душманни саросимага солади. Қақшатқич жангларда фашистлар бир неча бор чекинишга мажбур бўлган. Бироқ яқин атрофда портлаган мина Собир Раҳимовни ярадор қилган...
— Ростов шаҳри атрофида жанглар қаттиқ бўлганди, — дея хотираларини сўзлашда давом этарди отам. — Полкимиз душманнинг катта қисмини асир олгани сира ёдимдан чиқмайди. Уларнинг 30 та танки, 17 та тўп ва 30 пулемёти, 250 та ҳарбий машиналари, анжом-аслаҳалари қўлга киритилганди. Ўшанда Собир Раҳимов ва кўплаб жангчилар турли орден ва медаллар билан тақдирланган эди. 1942 йил ёз ойларида Собир Раҳимов дивизия командири этиб тайинланди. Ўзбек ўғлонининг жанговар салоҳияти, саркардалик қобилиятига яраша берилган бу вазифа биз учун шараф эди. Шундай ғурур билан жангга кириб, уч ой орасида душманнинг 8 минг аскар ва офицерини қириб ташлаганимиз ҳақида фронт газеталарида ҳам мақолалар ёзилган. Собир Раҳимов бошлиқ дивизия Краснодар йўлидаги душман мудофаасининг уч чизиғини босиб ўтиб, шаҳар озод этилишига улкан ҳисса қўшгани катта воқеа бўлганди. 1943 йил март ойида Собир Раҳимовга генерал-майор унвони берилганида ўзбек аскарлари қанчалик фахрланганини тасвирлаш қийин. Шу тариқа полкимиз жангчиларини ардоқлаб «Раҳимовчилар» деб атайдиган бўлишди. «Раҳимовчилар» энг қийин шароитларда зафар қозониш рамзи бўлиб қолгани билан фахрланардик. Оддий халқ ичидан чиққан меҳрибон инсон Собир Раҳимов ҳар бир аскар учун туғишган оғадек бўлиб қолган эди. Биз Собир ака тимсолида ўзбекнинг ҳақиқий ғурурини, матонатини кўрардик ва у кишидан ўрнак олишга интилардик. Белорусь тупроғида кечган жангларимизда Собир Раҳимовнинг ҳарбий саркардалик маҳоратига маршаллар тан бергани ҳақида эшитиб, ғурурланардик.
1943 йил охирларида омонсиз жангларда отамнинг ўнг қўлидан бир қисмини снаряд парчаси узиб кетади. Отам ҳарбий госпиталда анча даволанади. Бу пайтга келиб уруш тақдири ҳал бўлиб қолган, фашист босқинчилари тум-тарақай чекинаётган эди. Шунда Олий қўмондонлик томонидан “Оғир ярадор бўлган ўқитувчилар захирага бўшатилсин, уларга юртига қайтиб, мактабларни қайта очиш вазифаси юклатилсин”, деган мазмунда буйруқ чиқади. Шу тариқа кўкси ордену медалларга тўлганча юртига қайтиб келган отам уруш туфайли ёпилган Иштихон туманидаги қадрдон мактабини қайта очишда бош-қош бўлади.
— 1945 йил 26 март куни генерал-майор Собир Раҳимовнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақида машъум хабарни эшитганда ўз туғишган жигаргўшамиздан айрилгандек йиғлагандик, — дея хотирларди отам. — ўалабага эришиш арафасида қаҳрамонларча ҳалок бўлган қўмондонимиздан жудо бўлиш нақадар оғир эди. Кўз ўнгимда ўзбек генерали ҳамон савлат тўкиб тургандек туюлаверади. Фақат... шунча қаҳрамонлик кўрсатган генерал-майор Собир Раҳимовга нега қаҳрамонлик унвони берилмаганини тушунмасдик. Унга ҳатто маршаллик унвонини беришса ҳам арзирди...
Шукрки, она шаҳри Тошкентда дафн этилган ўзбек генералига вафотидан 20 йил ўтиб бўлса-да Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди.
Отам қачон Тошкентга келса, албатта, Собир Раҳимов ҳайкалини зиёрат қиларди. Собиқ қўмондони билан руҳан дардлашаётгандек бўларди. Маҳобатли ҳайкал қошида ўйга чўмиб ўтирган отамнинг кўзларида шашқатор ёшларни кўриб, эзилиб кетардим...
1995 йили отажонимни сўнгги манзилга кузатдик...
Ўз даврининг «темир генерали» деб ном қозонган Собир Раҳимов ҳайкали олиб ташланганида юрагим дарз кетгандек бўлди...
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан Собир Раҳимов ҳайкали Олмазор туманидаги тарихий жойига қайтарилганида енгил тортдим, отамнинг ҳам руҳлари шод бўлганини ҳис этдим.
Оталар жасорати — фарзандлар мероси, деган гап бежиз айтилмаган. Ана шу меросимиз умрибоқий бўлсин.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон умри давомида қандайдир хатолар қилади. Гап хатода эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришда ва хатони такрорламасликда, албатта.  ...
01 янв 1970
Энг муҳими, барча жарроҳлик амалиётлари ва даволаш ишлари шу ернинг ўзида бажарилади. ...
01 янв 1970
“Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани Марказий деҳқон бозорида жойлашган озиқ-овқат дўконларидан бирига 2012 йилдан буён эгалик қилиб келар эдим....
01 янв 1970
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни