Ватанпарварлик — миллий ғоямиз асоси

/
Ватанпарвар инсонларни тарбиялашда халқимизнинг тарихий мероси катта аҳамиятга эга. Шу сабабли тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва келажак авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
2018 йил 23 февралда эълон қилинган “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепцияси”да ёшларни миллий ғоя ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини чуқур сингдириш, қадимий тарихимиз ва маданиятимиз, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантириш кабилар асосий вазифалар этиб белгиланган.
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида: Ватан — кишининг туғилиб ўсган ўлкаси, шаҳри, она юрти, диёри, ҳар бир фуқаро учун мамлакат, турар жой, бошпана, маскан, уй маъноларини ифодалаши кўрсатилган.
Инсон улғайган сари унинг Ватан ҳақидаги тушунчалари ҳам кенгая боради. Юртимизда туғилиб-ўсган ҳар бир инсон “Ватаним” деганида ўз уйини, қишлоғини ёки шаҳрини эмас, балки Ўзбекистон Республикасини назарда тутади. Бу эса Ватан туйғусининг, ватанпарварликнинг халқимиз қалбидаги ифодасидир.
Ватан туйғуси — бу азиз ва гўзал юртимизга ҳурмат ва садоқатли бўлиш. Ватан туйғуси — бу Турон, Мовароуннаҳр, Туркистон ва ҳозирда Ўзбекистон дея аталган заминда яшаб келаётган халқимизнинг олтин меросини, унинг тарихини ўрганишга интилишдир.
Ватан озодлиги учун жонини фидо қилган Тўмарис, Широқ, Спитамен, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик сингари халқимизнинг мард ва жасур фарзандлари биз учун, ўсиб келаётган ёш авлод учун ўрнак-намуна тимсолидир. Масалан, бобомиз Нажмиддин Кубронинг ўчмас жасоратини эслайлик. Бу жасорат замирида она Ватанга чексиз муҳаббат ва садоқат туйғуси ётади.
Ўз даврида “Юртим, Туроним, сендан айрилмоқ — менинг ўлимим, сенинг учун ўлмоқ — менинг тириклигимдур”, деб ёзган эди Фитрат. Бу сўзларда ватанпарвар инсоннинг қалб нолалари ифодасини топган.
Ўсиб келаётган ёшларни, яъни Ватанимизнинг бўлғуси ҳимоячиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш — давр талаби. Ватанпарварлик инсоннинг ўз оиласига, авлод-аждодларининг ор-номусига чуқур эҳтироми, виждонига, бурчига ва ўз сўзига содиқлигидир. Агар инсонни болалик чоғидан ўз халқига, унинг анъаналарига, тили ва маданиятига муҳаббат ҳамда ҳурмат руҳида тарбия қилмасак, унда ватанпарварлик ҳисси бўлмайди.
Ватан ҳисси инсонга Ватанидан олисда бўлганида яққол сезилади. Турли сабаблар билан ўзга юртларда яшаган кўплаб ватандошларимизнинг ҳаёти аянчли ва қайғули кечгани бизга тарихдан маълум.
Бунинг ифодасини буюк салтанат эгаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида ҳам кўрамиз. Бобур барча имкониятларга эга бўлишига қарамай, туғилиб ўсган Ватанидан олисда бўлгани учун ўзини бахтиёр инсон деб ҳисобламайди.
Ватан равнақи — миллий ғоямизнинг юксак тушунчаларидан бири бўлиб, у фуқароларимизнинг билими ва камолига боғлиқ. Ҳар бир юртдошимиз, қайси соҳада хизмат қилишидан қатъи назар, бу ҳақиқатни тўлиқ англаган ҳолда, ўзининг маънавий камолоти учун масъулиятни ҳис этиши, шахсий манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшаши ва ўсиб келаётган ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаши лозим. Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади”, дея бу жараёнга юксак баҳо берган эди.
Комил НОсиров,
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси катта ўқитувчиси,
Тоҳир БУРХОНОВ,
ўқитувчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда эришилаётган ҳар бир муваффақиятимиз, илм-маърифат, спорт, иқтисод, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча-барча соҳаларнинг ривожланиши ўқитув...
01 янв 1970
Инсон туғилибдики, у ўсиб-улғайишга, ўзини англашга ҳаракат қилади. Эсини танигач эса “бу меники” дея ўз буюмига эгалик қила бошлайди....
01 янв 1970
Ҳар куни ишга келар эканман, ён-атрофнинг тозалиги, йўлакларнинг ёғ тушса ялагудай орасталиги, супурилиб, сув сепилганда димоққа уриладиган тупроқн...
01 янв 1970
Маълумки, шу йилнинг 1 февралида пойтахтимиздаги “Tashkent Сity” қурилиш майдонида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилиб, матбуот а...