YouTube маънавиятимизни ютиб юбораяпти(МИ)?!

/
Бугунги замонавий ҳаётимизни интернетсиз, ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кўпчилик, айниқса, ёшларимиз ижтимоий тармоқларда “яшайди”, десак ҳам бўлаверади. Албатта, Youtube видеохостинги ранг-баранглиги, турфа қизиқарли видеоларга бойлиги билан ҳам кўп миллионлик аудиторияга эга. Лекин минг афсуски, ушбу тармоқда тенгдошларимиз тарбиясига салбий таъсир қилувчи турли порнографик, экстремистик ёхуд бизнинг миллий маънавиятимизга ёт ғояларни тарғиб қилувчи видеороликлар ҳам учраб турадики, биз яшаётган “ахборот асри”да бу ҳолатга кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, бугун биз эркин, демократик жамиятда яшаяпмиз. Бирон-бир ижтимоий тармоқни ёки сайтни тақиқлаш ёки блоклаш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Лекин тақиқлаш мумкин эмас деб, ёш авлод тарбиясини ҳам ўз ҳолига ташлаб қўя олмаймиз-ку. Келинг, хулоса чиқаришдан аввал Youtube ижтимоий тармоғи ҳақида турли соҳа вакилларларининг фикрлари билан танишайлик.
Шаҳноза ТЎРАМУРАТОВА,
талаба:

— Бу атамани кўп эшитганман, дуч келганман ҳам. Лекин шу кунгача фойдаланиб кўрмаган эканман. Замонавий телефон аппаратидан фойдалана бошлаганимга тахминан 7 йилча бўлди. Аммо шу пайтгача Youtubeдан фойдаланиш зарурати туғилмаган. Ўзимга керак бўлган маълумотларни ҳар доим Googleдан топаман.
Кўпчилик тенгдошларимизнинг фикрича, Youtube орқали энг сўнгги клип, кино ва шунга ўхшаш бошқа кўнгилочар видеолар бериб борилади. Бу тармоқдан фойдаланиш жой танламаслиги, ҳатто метрода кетаётганда ҳам бемалол кўриб кетавериш мумкинлиги билан ёшлар орасида маълуму машҳур.
Дилноза АТОЕВА,
талаба:

— Youtube яхши. Лекин интернет трафиги — мегабайтни кўп “еб қўяди”. Ушбу тармоқда сарлавҳалар шундай танланадики, кўзингиз тушса бас, ўзига жалб қилмасдан қолмайди. Албатта, жарангдор ва жозибадор сарлавҳа остидаги маълумот, аниқроғи, видеороликни очсангиз, унинг ичидан бутунлай бошқа мавзудаги видео келиб чиқади. Баъзан насиҳатнома сарлавҳалар остида шундай уятсиз нарсалар чиқиб қоладики, ўша материални очганингдан хижолат чекиб кетасан. Бир сўз билан айтганда, Youtubе вақт ўғриси. Ҳали юқорида айтганимдай, ўзимга керакли мавзуда видео қидирсам, “бошқа” видеолар чиқиб келади. Улар орасидан муқобилини топиб олгунча китоб ўқиш ёки дарс тайёрлаш минг карра афзал, деб ўйлайман.
Оламгир АБДИЕВ,
Youtubeнинг доимий фойдаланувчиси:

— Россия Федерациясига ишлаш мақсадида борган пайтларим иш билан банд бўлганман ва китоб ўқишга вақтим бўлмаган. Қўлимда доим телефон бўлгани учун Youtubeга кирардим. Ўқимоқчи бўлган китобимнинг видеосини ёки киносини юклаб олиб, томоша қилардим. Мен бу тармоқдан ёмонлик кўрмадим. Янаям аниқроғи, ёмонлик ахтармадим. Фикримча, ижтимоий тармоқдан қандай ва қай мақсадда фойдаланиш, шубҳасиз, ҳар бир инсоннинг ўзига, унинг дунёқараши, маънавий-маърифий билимига боғлиқ.
Нуржаҳон ФАРМОНОВ,
блогер:

— YouTube энг катта видеоблогерлар портали. Унда асосан влогерлар фаолият юритади. Улар видеоблог, яъни биз YouTubeда кўрадиган видеоларни яратишади. Youtubеда видео қўядиганлар Youtuбер ёки влогер дейилади. Шахсан мен блогер сифатида бу тармоқдан доимий фойдаланаман ва бунда бирон-бир ёмонлик кўрмайман. Келинг, бир ижтимоий тармоққа тош отишдан аввал уни чуқурроқ таҳлил қилиб кўрайлик.
Хўш, маиший мавзудаги видеороликлар, дейлик, кўчада икки фуқаронинг муштлашиши, самарқандлик ёшларнинг кекса аёлнинг бошига челак кийдиришгани ёки турли ахлоқсиз видеолар аввал телеграм тармоғида тарқайди. Кейин Youtubeга жойлашиб олган айрим “шоввоз”лар ўз обуначилар сонини кўпайтириш учун бу видеоларни YouTubeга жойлашади. Тан олиб айтиш керак, бу ҳолат умуман профессионализмгаям, этикагаям тўғри келмайди. Ақлини йиғиб олган, ўзини шахс, деб билувчи одам бундай ишга қўл урмайди.
Шу ўринда яна бир гап. Хорижий давлатларда кимнингдир устидан кулсангиз, у сизни судга беради. Бизда эса ижтимоий тармоқда яланғоч ҳолида масхара қилинган фуқаро ҳам судга мурожаат қилмайди. Демак, бу фуқаро ё ўз ҳуқуқини билмайди ёки шунчаки қўл силтаб қўя қолади. Назаримда, ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумот тарқатаётган ёки бирон-бир фуқаронинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи видео материал эълон қилган шахсларга нисбатан қонуний жазо чорасини қатъийлаштириш керак. Ана шундагина маънавиятимизга зид видео маҳсулотларни тарқатаётган блогер, влогерлар тармоққа жойлаштираётган видеосига эътиборли бўлади.
Алишер МАТЯҚУБОВ,
филология фанлари номзоди, доцент:

— Биз биламизки, Youtubeда чегара йўқ. Хоҳлаган одам видеоканал очиб, видеоблог жойлаштириши мумкин. Сўнгги пайтларда ҳар хил кўнгилсиз видеоларнинг гувоҳи бўлаяпмиз. Биргина фарғоналик қассоблар видеоси мисолида ҳам бунинг яққол тасдиғи бор. Балки тегишли ташкилотлар ўша туҳмат видеони била туриб тарқатган шахсга нисбатан бирон-бир чора кўргандир. Бу бизга номаълум. Мен ҳам бу борада қонунларимиз қатъийлаштирилиши тарафдориман. Шунингдек, турли ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, миллий маданиятимизга ёт, оммавий маданиятни тарғиб қилувчи видеоларни тарқатаётган шахсларга нисбатан қўлланаётган жазо чоралари ҳақида айнан ана шу тармоқларнинг ўзида хабар бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш лозимки, фақатгина Youtube ёшларимизнинг ахлоқини бузаяпти дейиш ҳам тўғри эмас, назаримда. Интернет — бу бизга берилган имконият. Ундан тўғри фойдаланиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Демак, ҳали ёшларимиз орасида интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш масаласида муаммоларимиз бор.
Мана, турли ёшдаги юртдошларимизнинг бир ижтимоий тармоқ — Youtube ҳақидаги фикрлари билан танишдингиз. Биз хулоса қилиш ёки у ҳақ, бу ноҳақ деб, ҳукм чиқариш ниятида эмасмиз. Фақат сизни баҳсга чорламоқчимиз. Хўш, сиз нима дейсиз? Youtube маънавиятимизни ютиб юбормаяптими?!
Нодира РОМАНОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда бир хориж электрон нашрида қизиқ хабарга кўзим тушди. Унда айтилишича, бутун баданига татиуровка туширтирган йигит ўз танини бир ярим миллио...
01 янв 1970
Азал-азалдан аждодларимиз, момо ва боболаримиз бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанднинг тарбияси, истиқболига жиддий эътибор қаратиб келишган....
01 янв 1970
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи чоғида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари билан ҳам танишди....
01 янв 1970
Абдубакир ота келини сузиб келган ошга қўлини ҳам теккизмади.