Таълимга бахшида умр

/
Таълим. Шу сўз эшитилганида кўз ўнгимизда жонкуяр муаллиму меҳрибон муаллималар гавдаланади. Албатта, ҳар биримиз ҳам ўқувчи бўлганмиз. Юзларидан меҳр томиб, кўзларидан нур чарақлаб турган ўқитувчиларимизнинг меҳнатини, бу улуғ касбнинг машаққатларини яхши биламиз.
Ана шундай ўқитувчилардан бири, бутун умрини таълимга бағишлаб, юзлаб, минглаб ёшларни билимли, маънавий баркамол ва жисмонан соғлом вояга етказиш йўлида хизмат қилиб, эл-юрт ҳурмати-ю эҳтиромига, олқишига сазовор бўлган, меҳрибон, софдил ва камтарин инсон, партиямиз фаоли, “Ўзбекистон Қаҳрамони” Муҳаббат Шараповадир.
Муҳаббат Шарапова 1949 йил 24 январда Қашқадарё вилоятида, азизу авлиёлар, соҳибқирону саркардалар бешиги бўлган гўзал ва мафтункор Шаҳрисабз шаҳрида таваллуд топди. 1956 йили Қарши туманидаги 29-ўрта мактабнинг биринчи синфига қабул қилинди. Ўқишини 9-синфдан Қарши шаҳридаги 5-ўрта мактабда давом эттирган Муҳаббат Шарапова ўзининг билимга бўлган қизиқиши ва иқтидори билан бу мактабда ҳам дарҳол устозларининг эътиборига тушди. Айниқса, бу чаққон қизчага математика фанининг таниқли ўқитувчиси Эркин Ашуров бефарқ бўлмади. Муҳаббат мактабни “Олтин медаль” билан тамомлаб, Самарқанд давлат университетида математика сирларини чуқур ўрганди.
1971 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, Қарши шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида математика фани ўқитувчиси ва 4-синф ўқувчиларига синф раҳбари сифатида иш бошлади.
Қаҳрамонимиз дарсларни хилма-хил усулларда ўтар, ҳар бир дарси ўзига хос услубда бўлиб, бири-бирига ўхшамас эди. Машғулотларни улуғ аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш, уларга муносиб авлод бўлишга қизиқишни уйғотувчи таъсирчан сўзлар билан бошлаши Муҳаббат Шарапованинг ўзига хос услуби эди. У ҳозирги илғор таълим технологиялари ютуқларини, тест ва рейтинг баҳолаш тизимини 70-йиллардаёқ қўллай бошлаган эди.
Муҳаббат Шарапованинг интилиш ва ташаббуси билан 1985 йилда Қашқадарё вилоятида биринчи бўлиб у таълим бераётган 5-ўрта таълим мактабида математика фани чуқурлаштириб ўтиладиган алоҳида синф ташкил этилди. Махсус синов асосида 84 та талабгор ўқувчилар орасидан 21 нафар энг сара ўқувчилар танлаб олинди. 1998 йилга қадар ушбу таълим муассасасидан 7 маротаба битирувчи синфларни учирма қилди.
Очиғи, Истиқлол эпкинлари йиллар давомида қадр топмаган маориф соҳаси ходимларининг қаддини баланд кўтарди, машаққатли меҳнатлари қадрланди. Мустақиллик Муҳаббат опа ҳаётида янги даврни бошлаб берди. У 1991 йилда “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” унвонига эришган бўлса, 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирланди. Давлат раҳбари томонидан билдирилган бундай рағбат ва ишонч уни янада руҳлантирди. Энди у аввалгиданда масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилишга, юксак ишончни оқлашга интилди.
Президент фармонига кўра, «Муҳаббат Шарапова 1996 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди. Ҳа, Мустақилликнинг дастлабки йилларида унинг меҳнати кетма-кет сийланди. Бундай юксак эътибор муаллимлар кўксига теккан истиқлолнинг ҳузурбахш шабадалари эди, аслида.
Шу кезларда Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрдаги қонунига мувофиқ 1 октябрь — «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» деб эълон қилинди. Муаллимлар, устозлар байрами — умумхалқ байрамига айланди. Ўқитувчига бўлган эътибор кун сайин ортиб борди. Бу вақтга келиб жамоасини юқори ўринлар сари етаклаган фидойи, меҳнаткаш ўқитувчи Муҳаббат опанинг донғи чиқиб улгурган эди. Бундай жонкуяр, ишнинг кўзини биладиган, тажрибали ўқитувчиларга ҳамма жойда талаб катта. Шу боис қаҳрамонимизни 1999 йилда Қарши давлат университети қошидаги лицей-интернатга ишга таклиф қилишди.
Қадрдон мактабидан, севимли ўқувчиларидан ажралиш Муҳаббат Шарапова учун жуда оғир кечди. Нима қилсин, “Гап қаерда ва қайси лавозимда ишлашда эмас, муҳими жон-дилдан ишлашда”. Орадан бир йил ҳам ўтмасдан Муҳаббат Шарапова “Қашқадарё фидойиси” сифатида эътироф этилди.
Албатта, ўз касбининг фидойиси кимни ҳам қизиқтирмайди, дейсиз. Муҳаббат Шарапова 2001 йилдан Қарши шаҳридаги 2-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ўтказилди ва бу мактаб-интернат унинг учун серқирра ижод майдонига айланди. Шу боис унинг ўқувчилари фан олимпиадаларининг вилоят, республика ва халқаро босқичларида иштирок этиб, кетма-кет ғолибликни қўлга кирита бошлашди. Ана шундай билимли ўқувчиларнинг бири Бекзод Акбаров 2006-2008 йилларда АҚШда магистратура йўналишида таҳсил олди. Улуғбек Каримов 2008 йилда Россияда бўлиб ўтган халқаро математика олимпиадасида иштирок этиб, совриндор бўлди. Аслиддин Алимов эса 2009-2011 йилларда Япониянинг Нагоя университети магистратурасини тугатиб, айни вақтда илмий изланишлар олиб бормоқда.
Кўплаб етук ва малакали кадрларни тайёрлашга ҳисса қўшган Муҳаббат Шараповани ҳозир меҳнат қилаётган даргоҳ омад, бахт ҳамда фаолият пиллапояларининг энг баланд чўққисига етаклади. У Юртбошимиз фармонига кўра, 2007 йили «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халк таълими ходими» фахрий унвони билан тақдирланди. Бу унвон унинг зиммасига янада улкан масъулият юклади.
Қарангки, 2013 йилда ўтказилган фан олимпиадаси ва «Билимлар беллашуви»нинг Қарши шаҳар босқичида 17 нафар, Қашқадарё вилоят босқичида 9 нафар, республика босқичида эса 2 нафар ўқувчи фахрли ўринларни эгаллашган бўлса, 2015 йилда Хитой Халқ Республикасида 14 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтган ва йигирма тўққизта давлатдан 600 нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этган халқаро олимпиадада интернат-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Саидали Муродуллаев математика фанидан фахрли 2-ўринни эгаллади.
Ўтган йилларда Муҳаббат Шарапованинг ўқувчилари 22 маротаба республика, 7 маротаба халқаро танлов ва фан олимпиадаларининг якуний босқичида иштирок этишган. Ўқитувчининг кўплаб шогирдлари бугунги кунда хориж ва республикамиз нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. Шогирдларидан Азизбек ва Авазбек Норматовлар Англияда Лондон-Уэлс университетини «Бизнес менежменти» мутахассислиги бўйича тамомлаганлигини мисол келтириш мумкин.
Яна ўнлаб шогирдлари Англиянинг Вестминстер университетининг акридитланган институти, И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг (МТУ) Тошкент шаҳридаги филиали, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкентдаги филиалида ҳамда Москва давлат халқаро муносабатлар институтида (МГИМО)да таҳсил олишди.
Фан олимпиадаларида иштирок этган ва ғолиб бўлган ўқувчилари жаҳоннинг энг нуфузли олий ўқув юртларида таълим олиб, эндиликда масъулиятли вазифаларда фаолият юритишмоқда.
Қашқадарё вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг тавсиясига биноан Муҳаббат Шарапованинг 2011 йилда «Тригонометрия тарихи ҳақида қисқача маълумот» ҳамда «Планиметрия» бўлимини такрорлаш бўйича ноанъанавий дарс ишланмаси, 2012 йилда математика фанидан 5-синф дарслигига илова тариқасида «Масалалар тўплами», 2014 йилда «Модулли функциялар» ва «Кўпҳадлар» қўлланмалари нашр этилди. Ушбу қўлланмалap ўқитувчилар, юқори синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, айни пайтда улардан таълим жараёнида кенг фойдаланилмоқда. Муҳаббат Шарапова 1998 йилдан буён давлат таълим тизимини такомиллаштириш жараёнида фаол иштирок этиб, ўзининг фикр-мулоҳаза, таклифларини Республика таълим марказига тақдим этиб келмоқда. 1993 йилдан бошлаб «Давлат тест маркази» томонидан чиқарилган тест ахборотномаларида у томонидан тузилган тестлар чоп этилган. Математика фани ўқитилиши бўйича ўқувчилар учун 6500 дан зиёд тест топшириқлари тузган, улардан ҳозирда дарс жараёнларида самарали фойдаланиб келинмоқда.
Ана шундай салмоқли меҳнат самараси ўлароқ Муҳаббат Шарапова 2016 йилда Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон микёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш борасида давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳалардаги кўп йиллик фидокорона меҳнати ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси учун давлатимизнинг энг юксак мукофоти — “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони, олий нишон – “Олтин юлдуз” медали билан тақдирланди.
— Айнан истиқлол туфайли устоз-мураббийларнинг қадри юксалди — дейди Муҳаббат Шарапова. — Меҳнатлари муносиб рағбатлантирилмоқда. Ўтган йилларда мен каби яна етти нафар педагог давлатимизнинг энг юксак унвонига муносиб кўрилгани ҳам аслида таълим соҳасида меҳнат қилаётган юз минглаб фидойи ўқитувчилар меҳнатига берилган олий баҳодир.
Аслида, бу касбга бўлган қизиқишни мактабда ўқиб юрган кезларимда устозларим уйғотишган. Ўшанда, агар ўқитувчи бўлсам, устозларимдек дарс бераман, деб кўнглимга тугиб қўйгандим. Шукрки, ниятимга етдим. Ўқувчиларим ҳар гал “устоз” деганларида кўнглим тоғдек кўтарилади. Шу касб туфайли элда ҳурмат-эътибор топдим. Бугун мен ўқитган, таълим берган ўқувчилар улғайиб, турли соҳаларда ишлаб, юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшаётганлигини кўриб, беҳад қувонаман.
Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ўқитувчиларга янада катта ҳурмат-эътибор кўрсатилаётганлиги, ушбу касбнинг жамиятдаги обрўси ва нуфузини оширишга, уларнинг меҳнати ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани бизни янада яхшироқ ишлашга руҳлантирмоқда.
Айниқса, кейинги икки йилдан ошиқ вақт давомида таълим тизимини сифат жиҳатдан ислоҳ қилиш, мамлакатимиз дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин эгаллашига ҳисса қўша оладиган замонавий, юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар барчамизни хурсанд қилмоқда.
Ҳа, Муҳаббат опанинг ўз касбига бўлган меҳри, ишга бўлган шижоатини кўрган инсон уни муборак 70 ёшга кирган деб ўйламайди. У ҳамон келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга математика фани сир-асрорларини ўргатишдан чарчамайди.
Дарҳақиқат, умрини, билим ва тажрибасини ёш авлод келажаги учун бағишлаган муаллимани чин маънода касбидан саодат топган аёл дейиш мумкин. Муҳаббат опа умрининг 48 йилини таълимга, математиканинг сеҳр ва жозибасини шогирдларига сингдиришга бағишлади, бор меҳрини, билимини болаларга берди.
Ҳар қандай давлатнинг эртанги куни, шубҳасиз, интеллектуал салоҳияти юқори, мустақил фикр ва кенг дунёқарашга эга кадрларни тайёрлашга, қолаверса, уларнинг меҳнати ва интилишига боғлиқ. Ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашдек ўта муҳим ва долзарб вазифа кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийлар зиммасига юкланади. Ушбу жавобгарликни чуқур ҳис қила билган Муҳаббат Шарапованинг ҳозиргача эришган ютуқлари тўғрисида бир неча томдан иборат асар ёзса арзийди аслида. Энг муҳими, у каби замонамиз қаҳрамонларининг шарафли ҳаёт йўли ва меҳнат фаолияти келажак авлод учун устозлар мактабидир.
Қуёш ўзининг заррин нурлари билан табиатга жон ато этгани сингари устозлик маҳорати, салоҳияти ва тажрибаси билан ўз шогирдлари қалбини илм зиёси ила тўлдира олган Муҳаббат Шарапова бугун нафақат давлатимизнинг энг юксак унвони соҳиби, балки чин маънода замонамиз қаҳрамонидир. Зеро, унинг босиб ўтган умр йўли, меҳнатсеварлиги, ватанпарварлиги, муаллим сифатида яратган ўзига хос ҳаёт мактаби ёш авлод учун ибрат ва намуна мактабидир.
Абдукамол РАҲМОНОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Шу йилнинг 14 июнь куни эрталаб Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғининг ичида ўнга яқин кўринишидан зиёлинома аёлларнинг ўт юлиб, а...
01 янв 1970
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ...
01 янв 1970
Қувончли воқеаларнинг, хушхабарларнинг қаноти бор, дейишади. Бу ҳақ гап! Мана, бир мисол....