Уйида бахти борлар чинакам бахтиёрдир

/
Инсон маънавиятида ўз изини қолдираётган бугунги “ахборот асри”да оила қадриятларига, ўзаро муносабатлар, бурч, садоқат, меҳр-оқибат каби гўзал тушунчаларга путур етаётгани, никоҳга беписанд муносабат юзага келаётганини ҳеч биримиз инкор эта олмаймиз. Оилавий ажримлар фарзандларнинг кўнгли кемтик, ҳаётдан аламзада бўлиб вояга етиши ёки зарарли одатларга ружу қўйиши, жиноят кўчасига киришига сабаб бўлаётгани ҳақида қанча бонг урилмасин, оила муқаддаслиги, шаъни, обрўйи, анъана ва қадриятларига ҳурмат ҳисси саёзлашиб бораётгани ачинарлидир.
Таҳлиллар эса, ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмаётган, ажрашиш туфайли кўчада қолаётган аёллар сони тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Республика Хотин-қизлар қўмитаси берган маълумотга кўра, ҳозирги кунда 48 мингдан зиёд хотин-қиз ҳаётда қийналган сифатида рўйхатга олинган. Бу рўйхат давом этаркан, муаммонинг оқибатлари эмас, сабабларини ўрганиш тақозо этиляпти.
Ажримлар оиладаги доимий жанжал ва можаролар, эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш ва тотувликнинг йўқлиги, моддий етишмовчилик, қайнона-келин муносабатлари, оиладаги маънавий нотенглик, алкоголизм, йигит ёки қизнинг янги ҳаётга тайёр эмаслиги туфайли юзага келяпти. Барбод бўлаётган оилалар, боши қотган эркак, сарсон-саргардон аёллар ҳаётини кузатар, кўнгил кечинмалари, изтиробларига қулоқ тутар экансиз, беихтиёр машҳур ёзувчи Лев Толстойнинг “Ҳамма бахтли оилалар бир-бирига ўхшайди, ҳар бир бахтсиз оила — ўзича бахтсиз” деган гапи ёдингизга тушади. Юқорида келтирилган сабаблар бу ғанимат умрда инсонга берилган бебаҳо неъмат — оила бутунлигига соя солишга арзирмикан? Наҳотки муаммонинг бошқа ечими бўлмаса?!
Халқимизда келин танлашда қиз қанча ёш бўлса, шунча яхши, деган тушунча устунлик қилади. Чунки уни тез мослаштириш, йўлга солиш осон. Аммо, у бир матоҳ эмаски, бир жойга олиб қўйса, ўша жойда тошдай қотадиган. Ҳаёт ҳар доим ҳам бир текис кечмайди. Унинг паст-баланди, чиғириқлари бор. Фақат рўзғор тутумига ўргатилган қиз оғир кунларда оила аъзоларига қўш-қанот, моддий ва маънавий суянчиқ, ҳамкор-ҳаммаслак бўла оладими?
Ўрганишлар натижасида 16 ёшдан ошган қизларнинг 11 фоизигина ўзларини турмушга чиқишга тўлақонли тайёр, деб ҳисоблаши маълум бўлди. 89 фоиз қизлар эса, тасаввурида келажакдаги оналик, эр-хотин, қайнона-келин муносабатларида низоли ҳолатлар вужудга келишидан хавотирланишини билдирди. Эртанги кунга нисбатан хавотирланиш ва ўзига ишончи кам бўлган бу қизлар турмушга чиққач ҳаёт синовларига бардош бериши даргумон. Оқибатда эса...
— Боғимизда бир ниҳол эксак, шу ниҳол ўсиб, мевага киргунга қадар атрофида неча марта парвона бўламиз, — дейди “Оила” илмий-амалий маркази ходими Инобат Каримова. — Гулласа, мева тугса, хурсанд бўламиз. Фарзандларимиз ҳам худди шундай. Ўғлимизни катта тўю томошалар қилиб уйлантирамиз. Бировнинг жонига жойлаб ўстирган қизини уйимизга олиб келарканмиз, унинг ҳам бир ниҳол эканлигини унутмайлик. Уни қанча ардоқласак, билмаганларини ўргатсак, етакласак, шунда келиннинг оилага мослашиши осон бўлади, оиласи мустаҳкам бўлади. Набираларимиз ҳам кўзимизни қувонтириб, бағримизда яшайди. Қизларимизни фақатгина уй тутиш, кир ювиш ва овқат пиширишга эмас, ҳаёт синовларига бардошли қилиб тарбиялашимиз лозим. Дунёқараши кенг, маълум бир касби-корнинг бошини тутган қиз оиланинг ҳам қадрига етади. Ёшларимизни ана шундай тарбиялашда биз, катталарда айрим ҳолларда қаноат, сабр, тоқат, кечиримлилик етишмаяпти.
Ажримлар сабабини ўрганганимда қизиқ бир статистикага дуч келдим. “Оила” илмий-амалий маркази ўтказган тадқиқотда 57 фоиз иштирокчи ота-онаси бадавлат қизга уйланган йигитларнинг ҳаёти моддий қийинчиликсиз ўтади, деган фикрни қўллаб-қувватлаган. Қайнота-қайнонанинг куёвига берган моддий кўмагига ишониб қолиш йигитларимизда масъулиятсизлик, боқимандалик хусусияти шаклланганлигини кўрсатади. Бундай қарашлар бугунги кунда катта оилавий муаммоларга сабаб бўлаётгани сир эмас. Бу, айниқса, тўйларимизда яққол кўзга ташланмоқда. Келин олиб келган мебеллар хорижники бўлмаса, сарпо-суруғлар ва ўйлаб топилган бошқа расм-русумлардаги камчилик қайнонанинг эътирози, хархашасига сабаб бўлаётгани, натижада қуда-андалар ўртасига совуқчилик тушаётгани, арзимаган гап-сўзлар туфайли оилалар бузилиб кетаётганининг кўп бор гувоҳи бўлганмиз.
— Яқинда шундай бир воқеага гувоҳ бўлдим, — дейди Республика Хотин-қизлар қўмитаси Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўлими бошлиғи Дилором Қўзиева. — Келин томон бўлажак куёвга сарпо қилиш мақсадида уни магазинга чақиради. Куёвга улар танлаган сарпо ёқмайди. Ўзи ундан уч баравар қимматроқ сарпо танлайди ва сотувчига “Қайнотамга айтарсиз, пулини тўлаб кетади”, дейди. Сотувчи бўлажак қайнотанинг яқин дўсти бўлиб, бу ҳолатдан ҳайратга тушади. У дўстига бундай йигитга қиз бермаслигини маслаҳат бериб, “Ҳали тўй бўлмасдан туриб, қайнотадан тама қиладиган йигит эртага оилани таъминлашда муаммоларга учрамайди, деб ким айта олади”, дейди. Тўй тўхтатилади.
Ўғил бола улғайиб йигитга айланади. Сўнг, уйлангач, оиласини ҳар томонлама таъминлаш учун ўзини ўтга-чўққа уриб ҳаракат қилади. Эркак айни шу иш учун яратилган. Тўғри, бозор иқтисодиёти пайтида йигитларимиз оила боқишда муаммоларга дуч келаётгандир. Буни кечириш мумкиндир, аммо астойдил ҳаракат қилмасликни кечириш мумкин эмас. Бунда аёлларнинг ҳам қисман айби бор. Аёл оила таъминотининг оғир қисмини зиммасига олгани сари, эркаклар асосий масъулиятни зиммаларидан соқит қилаётишгани ҳам бор гап.
Яна бир қизиқ факт: қаранг-ки, айрим йигитларимизда “Эр-хотин бир-бири билан қанча кам мулоқот қилса шунча низолар кам бўлади” деган фикр устун экан. Шундай фикрлайдиган йигит оилада соғлом муҳит ярата оладими? Йўқ. Аслида оиладаги кемтикликлар мулоқотнинг етишмаслиги, руҳан ва маънан ёлғизлик туфайли юзага келади. Ҳар қандай суҳбат бир-бирини тушуниш, маънавий жиҳатдан тўлдириш, руҳнинг озиқланишига хизмат қилади, инсонни яқинлаштиради. Мулоқот орқали оиланинг каму кўсти, маънавий муҳити, фарзандлари тарбиясидаги ижобий ёки салбий қирралар очилади. Ноаниқ масалаларга ойдинлик киритилади, саволларга ечим топилади.
— Охирги марта турмуш ўртоғингиз билан қачон дилдан суҳбатлашдингиз? — дея савол бердим ажрашиш арафасидаги бир йигитга. — Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, унинг ҳам сизга айтадиган гапи бордир. Унинг ҳам ўз муаммоси, кўнглининг тубида пинҳон бир орзуси бордир.
— Феъли ёмон уни, йўқ жойдан жанжал чиқаради, — деди суҳбатдошим.
— Аслида ёмон феъл эътиборсизлик натижаси эмасмикан?
— ...
Суқротнинг аёли ўта жанжалкаш бўлган экан. Шогирдлари ундан бундай худбин аёлга қандай чидаб яшаётганлиги ҳақида сўрашганда, Суқрот: “Жанжалкаш рафиқам мен учун гўё чавандознинг асов оти кабидир. Асов отни бўйсундиролган чавандоз ҳар қандай тулпорни бемалол мина олганидек, мен ҳам Ксантиппа билан муроса қилиш воситасида ўзга кишилар билан осонгина муомалада бўла оламан”, деган экан. Ҳа, муросаи мадорада гап кўп.
— Оила ҳаёти ҳар доим ҳам қувончли, сурурли кунлардан иборат бўлмайди, — дейди пойтахтимизнинг Тепагузар маҳалласида истиқомат қилувчи ўаффор ака Насриддинов. — Турмушда қийинчилик ва етишмовчилик, низо ва зиддият, келишмовчиликлар учрайди. Қийинчиликларда ҳамжиҳат бўлинмаса, камчиликларни кечириб, бир-бирини тушуниб, самимий бўлинмас экан, ундай оилада тотувлик бўлмайди.
Биз оилавий ажримларнинг айрим манзаралари хусусида мулоҳаза юритдик. Гапирсак гап кўп. Аммо орамизда ҳаёт синовларидан мардона ўтиб, ўзи учун бахт қўрғонини яратаётганлар ҳам кам эмас. Улар ҳақида “Уйида бахти борлар, чинакам бахтиёрдир”, деб ёзганди шоир. Сабр-қаноат, ўзаро ҳурмат муҳити устун бўлган оилани завол билмас қўрғонга қиёслаш мумкин. Бундай оилада хотиржамлик, барака ва осойишталик ҳукм суради. Мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшлар шу оддий ҳаёт ҳақиқатини билмас экан, оила аталмиш қўрғонни асраб қолишлари қийин кечади.
Рисолат Мадиева
ЎзА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигин...
01 янв 1970
Ватани, ўз маҳалласи, оиласи шаънини ҳимоя қилиш эр йигитларнинг энг олий бурчидир. ...
01 янв 1970
Она табиат инсон учун буюк неъматларни инъом этган экан, ҳар биримиз ундан унумли ва оқилона фойдаланмоғимиз лозим. ...
01 янв 1970
Барча юртдошларимиз қатори имкон даражасида ижтимоий тармоқларни кузатиб боришга, юртимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ислоҳотл...