Навоийнинг адолат мезони

/
Жамият тараққий этмоғи учун адолат мезонларига қатъий амал қилинмоғи зарур. Буюк бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий асарларида бунга алоҳида урғу берилган. Улуғ мутафаккир мана бундай ёзади: “Адл бир қўрғондирки, сув солиб йиқилмас ва ўт била куймас, манжаниқ била бузилмас. Ва адл ганжидурким, кўпрак олган сайин кўпрак бўлур, озроқ харж қилсанг, озроқ бўлур”. Ҳақиқатан, ҳар қандай моддий хазинадан бирор қисми сарфланса, шунча камаяди. Бироқ ҳазрат Навоий таърифича, адолат ўтда куймайди, сувда йиқилмайди, харж қилган билан адо бўлмайди.
“Хамса”нинг биринчи достони “Ҳайрат ул-аброр”да буюк шоир қаламга олган “Шоҳ ўозий” ҳикояти ҳам адолат ҳақида. Ҳикоят шоҳ ўозийнинг тахтни эгаллаш учун гоҳ Хоразмда, гоҳ Адоқ (Амударёнинг Жайҳунга қуйилиш жойидаги шаҳар ва унинг атрофидаги ерлар)да юриб, кураш олиб борган тасвиридан бошланади. Бу курашлар натижасиз қолмайди.
Бор эди зотида сазоворлиқ –
Ким, Ҳақ анга берди жаҳондорлиқ.

Яъни асли насли ҳукмдорликка муносиб бўлгани боис Тангри таоло унга подшоҳлик тахтини насиб этди. У тахтни эгаллагач, ушбу юксак мартабага муносиб эканини яна бир карра исботлади. Адолатли сиёсати туфайли эл шод, мамлакат обод бўлди:
Адл эшигин элга кушод айлади,
Тахт уза ўлтирдию дод айлади.
Тузди бузуқларни иморат била,
Зулмни даф этди адолат била.

Кунлардан бирида шоҳ сайрга отланаётган маҳалда телбанамо бир кампир унинг этагидан маҳкам тутди ва шундай сўзларни айтиб хитоб қилди: “Эй шариат қонунларини ўз ҳаётий аъмолига айлантирган шоҳ! Менинг сенда шаръий даъвом бор. Агар сен адолатли бўлсанг, менга ғазаб қилма! Менинг даъвомга шариат маҳкамасида, қозининг ҳузурида жавоб бер!” Шоҳ деди: “Агар даъвонг ҳақ, шариатга мувофиқ бўлса, жоним фидо бўлсин”.
Алқисса, иккаласи қозининг ҳузурига боргач, кампир ўз даъвосини қуйидагича изҳор этди: “Тахт учун курашиб юрган кезларида подшоҳ ёлғиз фарзандимнинг ўлимига сабаб бўлган эди. Мен жигарбандимнинг хунини талаб қиламан”. Табиийки, ҳукм чиқариш учун даъвонинг ўзи кифоя эмас. Қози кампирдан иккита гувоҳ келтиришини сўрайди. Доно кампир: “Гувоҳларимдан бири подшоҳнинг адолати бўлса, иккинчиси – унинг инсофи”, деган жавобни беради. Буни эшитган шоҳ ўозий ўз айбига иқрор бўлди. Қози эса адолатли ҳукм чиқарди:
Қози бўлуб адл ҳаримиға хос,
Қилди равон ҳукм: “Дият ё қасос”.

Яъни, ё подшоҳ кампирнинг ўғлини ноҳақ ўлдиргани учун хун тўлаши ёки кампир подшоҳдан қасос олиши лозим. Шунда Шоҳ ўозий ҳеч бир иккиланмасдан, ўз бўйнини рўмол билан маҳкам боғлаб, кампирнинг қўлига тиғ тутқазади. Бир томонга эса хун миқдоридаги олтин-кумушларни тўкиб қўяди. Шоир мана бундай ёзади:
Деди: “Қасос айласанг оллингда бош,
Сиймни ол, гар ғаразингдур маош.
Мен эдим ул амрда беихтиёр,
Ҳар не сан этсанг, менга не ихтиёр”
.
Ҳазрат Навоийнинг таъкидлашича, шоҳнинг бу даражадаги адолати ва зўр инсофи қасос тиғини худди кампирнинг тишларидек ўтмаслаштириб қўйди. Кампир ўзини шоҳ ўозийнинг оёғи остига ташлайди.
Тушди аёғига бўлиб узрхоҳ,
Дедики: “Эй хусрави анжумсипоҳ!
Гар йигитим қилди фидо жон санга,
Мен қари жони дағи қурбон санга.
Мендин агар бўлди аён изтироб,
Лутф ила афв этки, мен ўлдум хароб”
.
Шоҳнинг бу янглиғ адолати кампирга шу даражада таъсир қилдики, у “Сендек адолатли шоҳ учун нафақат фарзандим, ўзимнинг ҳам минг жоним фидо бўлсин!”, дея мурожаат қилди. Ҳазрат Навоий бу воқеага қуйидагича муносабат билдиради:
Ваҳ, бу не изҳори хижолат бўлур,
Бу не деган лутфу адолат бўлур.
Зол кечиб даъвию дастонидин,
Йўқки ўғил қонидин, ўз жонидин.

Одил подшоҳ кампирни ўз адолати билан бой-бадавлат қилди. Кампир шоҳнинг адолати туфайли гўё ёшариб кетди. Халқ орасида “Золи зар”, яъни “Тилла кампир” номи билан шуҳрат қозонди. Ҳазрат Навоий ўз фикрларини мана бу тарзда хулосалайди:
Золи фалакдин неча кўрсанг алам,
Шоҳ чу қилур адл, Навоий, не ғам?

Яъни кўҳна фалакдан қанча алам етса ҳам, подшоҳ адолатли бўлса, ғаминг қувончга, аламинг шодликка айланади. Маълумки, ҳазрат Навоий шоҳ ўозий деганда ўз дўсти, ўша замон ҳукмдори Ҳусайн Бойқарони назарда тутган. Шуни эътиборга оладиган бўлсак, мазкур ҳикоятнинг шунчаки бир афсона ёки тўқиб чиқарилган воқеа эмас, балки тарихий ҳақиқат экани тўғрисида тўхтамга келиш мумкин. Бинобарин, ҳазрат Навоий “Хамса”ни ёзиб тугатгач, бу беназир сиймони отга миндириб, ўзи жиловдорлик қилган улуғ ҳиммат эгаси подшоҳнинг шундай йўл тутиши зинҳор таажжубланарли эмас. Бу ҳодиса аждодларимизнинг нечоғлик юксак маънавият соҳиблари бўлгани исботидир.
Ҳазрат Навоийнинг адолат ҳақидаги қарашлари “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг “Қуззот зикрида” (“Қозилар ҳақида”), “Муфтийи фақиҳлар зикрида” (“Қонуншунос муфтийлар зикрида”) сарлавҳали бобларида ҳам таъсирчан ёритилган. Шунинг ўзиёқ буюк мутафаккирнинг жамият ҳаётида адолатнинг тутган ўрнига нечоғлиқ эътибор кўрсатганига далил бўла олади. Жумладан, муаллиф бундай ёзади: “Қози ислом биносиға аркондир ва мусулмонлар хайр ва шарриға нофизи фармондур”. Яъни қози ислом биносининг таянчи ва мусулмонларнинг яхши-ёмон ишлари юзасидан ҳукм чиқарувчидир. Модомики шундай экан, қози (судья) ҳар жиҳатдан бунга муносиб бўлмоғи зарур. Ҳуқуқий билимларни пухта эгаллаш ва унга қатъият билан амал қилиш бу соҳа мутахассисларининг муқаддас бурчидир. Ҳазрат Навоий фикрича, қози диний ва дунёвий билимларни чуқур эгаллаган бўлиши керак. Табиатида шахсий манфаатга майл бўлмаслиги, соф кўнгли иккиюзламачилик иллатидан холи, билимдонлигидан ва қалби поклигидан кишилар кўнглида унга ҳурмат ва шукуҳ, ишга диққат-эътибори ва фаросатидан диёнатсиз ва виждонсизлар юрагида ғам-андуҳ бўлмоғи лозим. Илмда ва унга амал қилишда барчага ўрнак бўларли камолот соҳиби бўлсагина қози (судья) тор шахсий манфаатлар исканжасига тушиб қолмайди, ҳар бир ҳукми инсон тақдири билан боғлиқ эканини ҳис қилади. Ўз ишига катта масъулият ва адолат туйғуси билан ёндашади.
Буюк мутафаккир қарашича, ҳуқуқ соҳаси ходими қонун йўлидан бир қадам ҳам тоймаслиги, ҳалоллик унинг учун ҳаётий мезон бўлиши зарур. “Маҳбуб ул-қулуб”нинг “Муфтийи фақиҳ (қонуншунос)лар зикрида” деб номланган бобида ҳам қонун ва қонуншунос, инсон ва жамият, адолат ва ҳақсизлик муносабатлари тўғрисида тафаккурга қувват, руҳга озиқ бўладиган фикрлар баён қилинади. Уларни ўқир экансиз, улуғ бобокалонимиз салкам олти аср нарида туриб, бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган қимматли мулоҳазаларни айтаётганига иймон келтирасиз. Қалбингиз маърифат туйғуси билан мунаввар бўлади. Ҳазрат Навоий фикрича, қонуншуноснинг фикри ғайриқонуний тарафга оғмаслиги, кўнгли ҳийлагарликдан холи, фикр мезони тўғри, ёзганлари буюк фақиҳлар (қонуншунослар) сўзига мувофиқ келмоғи шарт. Қонуншунос ахлоқсизликдан йироқ бўлиши, жоҳил одамлардек бадкирдор ва шафқатсиз бўлмаслиги, бир танга учун юз ҳақни ноҳақ ва озгина марҳамат учун кўп “йўқ”ни “бор” деб битмаслиги зарур. Бир сават узум учун бир боғнинг куйиб кетишидан ғам чекмайдиган ва бир ботмон буғдой учун бир хирмоннинг совурилишидан ташвишланмайдиган қонуншунос жамиятга зарар келтиришдан бошқасига ярамайди.
“Вақфия” асарида ҳазрат Навоий жамият адолатсизликдан, тараққиётга тўсиқ бўладиган турли иллатлардан холи бўлиши зарурлигини қуйидагича бадиий талқин этади:
То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жониға бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Ана шу фикрларнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибдики, ҳазрат Алишер Навоийнинг адолат мезони юксак бўлган. Унинг учун қонун ҳар нарсадан устун ҳисобланган. Қонун олдида шоҳу фақир ҳам, кексаю ёш ҳам, паҳлавон эру ожиз заифа ҳам тенг саналган. Бу ҳол она заминимизда ўрта асрлардаёқ ҳақиқий демократик жамият ҳукм сурганидан ва улуғ алломалар, ижодкорлар бундай жамиятни улуғлаб асарлар ёзганидан далолат беради. Маълум бўладики, бугунги ҳуқуқий-демократик жамият қуриш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар замини узоқ тарихимизга бориб тақалади. Зеро, қонун ва адолат устувор бўлган жамиятдагина чин маънода юксак тараққиёт юзага келади. Улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий сабоқларидан баҳраманд бўлиш барча яхшиликлар, ютуқлар гаровидир.
Нурбой Жабборов,
филология фанлари доктори, профессор

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1966 йилнинг бошлари анча ташвишли бўлди. 4-10 январь кунлари Тошкентда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида музокаралар ўтказилиб, Тошкент Декларацияси ...
01 янв 1970
9 февраль — буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуд топган кун
01 янв 1970
Ўзининг табаррук 91 ёшида саҳар туриб сигир соғишни ёки томорқасидаги сабзавотга ишлов беришни хуш кўрадиган Майрам момо ҳақида эшитганмисиз?...
01 янв 1970
Ёши улуғ отахонлар билан суҳбатлашар экансиз, улар тилидан тушмаётган шукроналик, эл-юртга тинчлик-омонлик, элга тўкин-сочинлик тилаб қилинаётган д...