Билим, малака ва ширинсўзлик энг яхши даво

/
Инсоният яратилибдики, бошқа жонзотлардан фарқли равишда фикрлаш, ўз фикрини баён этиш, ҳис қилиш, жисмоний ва руҳий ҳаракатларни амалга оширишга одатланган. Бу ва бошқа шу сингари фаолиятни юритиш, умуман атроф-муҳит ва одамлар билан муносабат ўрнатиш асаб тизимининг марказий бўлими ҳисобланмиш мия орқали бошқарилади.
Бир тасаввур қилинг, ойлар, йиллар, умри давомида эга бўлган ахборотларни ўзида сақлаб турувчи қобиқ ҳисобланмиш инсон мияси айрим сабабларга кўра яллиғланди, шикастланди ёки бел соҳангиздаги кучли оғриқ сизни анчадан буён қийнаб турибди. Бундай вазиятда ўз ҳудудингизда фаолият юритадиган ёки таниш-билишлар тавсия этган нейрохирург кўригидан ўтишга ошиқасиз. Лекин бу касаллик кутилмаганда, фавқулодда воқеа, ҳолатлар оқибатида юзага келса-чи?
Бу ўринда юртимизда аҳолига шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизимини ўзида намоён этиб келаётган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ), унинг ҳудудий филиаллари нейрохирургларининг хизмати ва масъулияти катта эканлигини кўпчилик яхши билади. Бу шундай масъулиятки, бемаврид “оёқ остидан” келган фалокатдан жабрланган фуқароларнинг мушкулини юксак маҳорат билан енгиллаштиришга хизмат қилмоқда. Бу шундай маҳоратки, ҳатто ўзини қийнаб турган касаллиги ҳақида сўзлаб беролмаган беморларга ўша вақтнинг ўзида, ҳеч бир тама ёки эътирозсиз малакали тиббий ёрдам кўрсатишга имкон беради.
— Бўлимимизда аҳолига бепул асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда, – дейди РШТЁИМ Нейрохирургия ва аралаш жароҳатлар бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Козим Маҳкамов. — Ҳукуматимиз томонидан шошилинч тиббий ёрдам сифатини тубдан яхшилашга қаратилаётган эътибор натижасида бўлимимиз янги, жаҳон талабларига жавоб берадиган, юқори технологик тиббий ускуна ва дори воситалари билан таъминланган. Биргина Германияда ишлаб чиқарилган OPMI Pentero 900 русумли микроскопини олайлик. Ушбу қурилмадаги махсус тизим ва дастурлар ёрдамида бош мия ўсмалари, марказий нерв тизимидаги нуқсонлар ва яллиғланиш касалликларини даволашда яхши натижаларга эришмоқдамиз.
Мутахассислар қайд этишича, кейинги йилларда нисбатан кўп учраётган касалликлардан бири ҳисобланмиш бош мияга қон қуйилиши касаллиги — инсультнинг ҳам олдини олиш имкони бор. Масалан, ота-боболари, яқин қариндошлари инсульт касаллигига дучор бўлган, қон босими даврий равишда ошиб турадиган ҳар қандай инсонга миянинг қон томирларини ангиография, МРТ, КТ ускуналари орқали текширтириб туриш ва асосийси, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш тавсия этилади.
Марказ нейрохирурглари таъкидлаганидек, соҳада эришилган яна бир муҳим натижалардан бири синган умуртқа поғонасини самарали даволашда жуда қўл келмоқда. Хусусан, илгари умуртқанинг дарз кетган бўлакларини бир-бирига жипслаштириш учун темирли мосламалардан фойдаланилган ҳолда бемордан бутунлай қимирламаслик талаб этилган бўлса, бугунги кунда транспедикуляр фиксатор деб номланувчи мослама қўлланилиши жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳеч бўлмаганда беморга ўтириш имконини бермоқда. Муҳими, бундай мосламаларнинг барчаси давлат бюджети маблағлари ҳисобига аҳолига бепул ўрнатилмоқда.
— 2018 йилда бўлимимизда 4 мингдан зиёд беморлар ётиб даволанишган бўлса, уларнинг 2 минг нафарида турли даражадаги жарроҳлик амалиётлари ўтказилди, — дея давом этади суҳбатдошимиз. — Хусусан, лапораскопия, торакоскопия, нейроэндоскопия сингари замонавий қурилмалар жарроҳларнинг мушкулини енгиллаштиришга хизмат қилаяпти. Қолаверса, кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Шу боис дунёнинг манаман деган давлатларидан кам бўлмаган ҳолатда замонавий тиббий муолажалар, ташхис қўйиш ва даволаш технологиялари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Билимли, изланувчан, бир нечта хорижий тилларни ўзлаштирган, ўз устида ишлаётган ёш мутахассисларимиз кўплигидан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Дониёр Исроилов, Самандар Юнусов, Маҳкамжон Маҳкамов, Шохрух Бойменов, Темур Дусчанов, Иброҳим Икромов ва бошқа кўплаб умидли шифокорларимиз ўз билими ва тажрибаси ҳамда хушмуомаласи билан беморларнинг меҳрини қозониб келишаяпти.
Бинобарин, РШТЁИМ нейрохирургия ва қўшма жароҳатлар бўлими мудири Дониёр Исроилов бир неча маротаба Россия Федерациясидаги нуфузли тиббий муассасаларда малака ошириб қайтиши натижасида умуртқа поғонасини даволаш бўйича республикамизнинг энг етук нейрохирург мутахассисларидан бири сифатида фаолият юритмоқда. Марказнинг Болалар нейрохирургияси бўлими мудири Маҳкамжон Маҳкамов эса Финляндияда замонамизнинг энг буюк нейрохирургларидан Юха Хернесниеми раҳбарлиги остида малакасини оширди ва ҳозирда мия қон томири жарроҳлиги бўйича республикамизнинг энг моҳир нейрохирургларидан бири десак, муболаға бўлмайди.
Сўнгги йилларда Марказ нейрохирурглари дунёнинг ривожланган мамлакатлари, хусусан, Германия, АҚШ, Япония ва бошқа давлатларда муваффақиятли малака ошириб, нейрохирургия соҳасига доир ўтказилаётган халқаро илмий анжуманларда ўз маърузалари билан муносиб даражада иштирок этишди.
Шунингдек, юртимизга ташриф буюраётган хорижий ҳамкорларимиз, ҳамкасбларимиз билан амалга оширилаётган мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётлари айниқса, ёш мутахассисларимизнинг тажрибасини янаям оширишга хизмат қилаяпти.
Хусусан, 2018 йилда РШТЁИМ нейрохирурглари Бутунжаҳон нейрохирурглари жамғармасининг вице-президенти, Осиё нейрохирурглар жамғармаси директори Ёко Като ҳамда дунёнинг таниқли 30 га яқин нейрохирурглари иштирокидаги делегацияга мезбонлик қилишди. Делегатлар иштирокида Осиё нейрохирурглари семинари бўлиб ўтди, қолаверса, республикамизда фаолият юритаётган нейрохирурглар билан биргаликда мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётларини ўтказишди.
Билмаганни сўраб ўрганган олим дейишганидек, инсон саломатлигини тиклаш билан боғлиқ амалиётларни ўзлаштиришга интилаётган мутахассисларимиз бор экан, эртанги кунимиз ишончли қўлларда эканлигини ҳис қилади, киши. Зотан, бир маромда турмайдиган ҳаётимизни саломатликни тиклашга эмас, балки аввало уни ўз вақтида қадрлаш, асраш, авайлашга сарфласак, соғлом турмуш тарзига амал қилиб, шифокорлар кўригидан ўтишга одатлансак, нур устига нур бўлади.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Фотима Собирова (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) 27 ёшида Саид Тожиевга турмушга чиқади. Орадан вақт ўтиб, оилада ўғил туғилади....
01 янв 1970
Қаҳрамонимиз эллик бирнинг устида. Шу кунгача турли сабабларга кўра ўлимни кўп кўрди....
01 янв 1970
Шафқатсиз экстремизм ва терроризмнинг тарқалиши бутун дунёда хавфсизликка рахна солмоқда. ...
01 янв 1970
Агар биз бу ноёб санъатни сақлаб қолиш учун бугун барчамиз биргаликда ҳаракат қилмасак, эртага, афсуски, кеч бўлади, келгуси авлодлар, тарих бизни ...