Кўҳна тарихимизнинг сўнмас оҳанглари

/
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган камчилик ва муаммолар очиқ-ойдин айтилди. Мурожаатномани тинглар эканман, давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат – ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам маънавий юксалиш сифатида дунёни янада теранроқ англашимизга хизмат қилиб, ҳаётимизда катта ўзгаришларнинг юзага келишига сабабчи бўлаётганлигини ҳис қилдим.
Президентимизнинг “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Шу мақсадда, Ўзбекистон Миллий телерадио компанияси таркибида “Ўзбекистон тарихи” каналини ташкил этиб, илмий жамоатчилик, ижодкор зиёлиларимиз билан биргаликда унинг дастурларини пухта шакллантириш керак,” – дея қилган даъватлари тарихимиз ва маданиятимизни том маънода, янада чуқурроқ ўрганиш борасида қўйилган яна бир шиддатли қадам бўлди.
Муҳтарам Президентимизнинг миллий маданиятимиз ва санъатимиз истиқболини ўйлаб қабул қилаётган фармон ва қарорлари маданиятимиз тарихининг ҳали биз билмаган янги саҳифаларини очмоқда.
Ўтган давр мобайнида қадимий ва ноёб дурдоналаримиз ҳисобланган мақом, бахшилар ва достончилик санъатининг эътибордан четда қолиб келаётганлиги маданиятимиз тарихига бўлган салбий ҳолатлардан бири эди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий маданиятимизнинг туб илдизи ва жон томири бўлган мумтоз қўшиқчилик ҳамда халқ ижодиётининг дурдоналарини асраб-авайлаш борасидаги ғамхўрликлари туфайли санъатнинг ушбу турларини янада ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари мақом ижрочилари ва бахшиларнинг кўнгилларини шод этиб, кўп йиллар деворда осиғлиқ қолиб, чанг босиб ётган созларга жон ато этди десак, тўғри бўлади. Мазкур қарорлар миллий санъатимиз тарихини янада чуқур ўрганиш, тарғиб қилиш, асл санъатни сохтадан, яхшисини ёмондан ажратиш, шунингдек, ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг қадимий намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда такомиллаштиришга кенг имкониятлар яратмоқда. Президент қарори ижросини юқори савияда таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг буйруғи тайёрланиб, ташкилий, ижодий ишлар тизим ташкилотларига тақсимот қилиб берилди. Буйруққа кўра, Марказимизга топширилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали ва унинг доирасида ўтказиладиган илмий-амалий анжуман борасида бир қатор диққатга сазовор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Ўзбекистон бахшилари” номли китоб-альбом нашрга тайёрланиб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этиш учун “Ўзбекистон” нашриётига топширилди. Мазкур китобга қадимий бахшилик санъатини асрлардан асрларга, авлодлардан авлодларга олиб ўтган атоқли намояндалар — Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Бекмурод Жўрабой ўғли, Умир шоир Сафар ўғли, Бола бахши, Раҳматулла Юсуф ўғли, Қодир бахши Раҳимов ва мустақиллик йилларида бахшичилик санъатини тарғиб қилиб, халқимиз орасида ҳурмат қозонган 23 нафар Ўзбекистон халқ бахшилари ҳамда 5 нафар “Ниҳол” мукофоти совриндорлари бўлган ёш бахшилар киритилди.
Шунингдек, Президент қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида фестивални тарғиб этишга мўлжалланган ўзбек, рус ва инглиз тилларида видеоролик тайёрланди. Республикамизда фаолият олиб бораётган қарийб 240 нафар бахшилар рўйхати шакллантирилди.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан Марказ ҳамкорлигида телевидение ва радио архивида сақланаётган бахшилар ижросидаги достонларни магнит тасмалардан замонавий фармат – CD ва DVD дискларга ўтказиш йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар 20 нафар бахши ижросидаги достонларнинг аудио дисклари тайёрланди. Ушбу аудио ёзувдаги достонлар қоғозга туширилиб, рисолалар тайёрланмоқда. Ҳозиргача 10 та достон китоб ҳолатига келтирилди.
Марказ томонидан ушбу анжуман тўғрисида маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда МДҲ мамлакатлари ҳамда бошқа хорижий давлатлардаги тегишли ташкилот ва муассасалар билан алоқалар ўрнатилиб, мазкур фестивалда 100 га яқин хорижий давлатлар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда. Айни пайтда ушбу йўналишда илмий изланишлар олиб бораётган 30 нафар хорижлик олимлар анжуманда иштирок этиш истагини билдириб, ўз маърузаларини тақдим этганлар. Улар орасида АҚШ, Германия, Россия, Хитой, Япония ва Туркия каби йирик мамлакатлар вакиллари борлиги барчамизни хушнуд этмоқда. Бундан ташқари, фестиваль ва анжуман ҳақидаги анонслар уч тилда Марказ сайтига жойлаштирилди.
Халқаро фестивални мунтазам ёритиб бориш мақсадида вазирлик томонидан www.bakhshi.uz веб-сайти ишга туширилиб, мазкур сайтга бахшилар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уларга доир фото, видео ва аудио материаллар жойлаштирилди. Ушбу сайтда халқаро фестивалда иштирок этиш учун online аризалар қабул қилиш ҳам йўлга қўйилди.
Президентимизнинг бахшичилик санъатини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган қарори кўҳна тарихимизнинг сўнмас оҳангларини бутун дунёга эшиттириш ва бу ноёб санъатнинг ўзига хос ижрочилик услуби ва хусусиятларини намойиш этиш учун зарур бўлган барча имкониятларни яратади. Келгусида бахшиларимиз дўмбирасининг оҳангини, ўзбек халқи достонларидаги ибратли ва ҳикматли инсонпарварлик ғояларини мадҳ этувчи қўшиқларни дунё аҳли тинглайди. Фестивалга ташриф буюрадиган чет эллик меҳмонлар бой тарихимиз билан яқиндан танишиб, қалбларга фақат эзгулик уруғлари сочадиган дўмбиранинг ноёб оҳангидан ва бахшиларнинг юксак маҳорати билан инсонни комилликка етаклайдиган халқ оғзаки ижодининг нодир дурдоналаридан баҳра оладилар.
Бахшиларнинг халқаро биринчи фестивалини 2019 йилнинг 5-10-апрель кунлари ўтказиш режалаштирилган. Фестиваль Термиз шаҳридаги янгидан барпо этилган санъат саройида бўлиб ўтади. Айни кунларда Маданият вазирлигининг халқаро бахшилар фестивалини ўтказиш штабида иш қизғин. Фестивалга тайёргарлик ишлари авж палласида.
Хулоса шуки, халқимизнинг ривожланиш даражаси, аввало, миллий маданиятимизга қараб баҳоланади. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида Ўзбекистоннинг янги қиёфасини яратишга киришган эканмиз, демак, ҳаммамизнинг биринчи галдаги вазифамиз, аввало, миллий маданиятимиз ва санъатимизни ривожлантириш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этишдан иборат. Телерадиокомпания таркибида ташкил этиладиган “Ўзбекистон тарихи” телеканали эса санъатимиз тарихи, хусусан, мамлакатимиздаги бахшичилик мактаблари вакилларининг меросини ҳам халқимиз ва дунё миқёсида тарғиб этишга хизмат қилади.
Азамат ҲАЙДАРОВ,
Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий эътиборда....
01 янв 1970
Ўзбекистон Адвокатлар палатасида “Адолат” СДП Сайловолди дастури лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифалар муҳокамасига бағишланга...
01 янв 1970
Ватанни ҳимоя қилиш, унинг сарҳадларини дахлсиз сақлаш туйғуси онг-шууримизга меҳрибон оналаримизнинг мафтункор алласи, оқ сути, пок нияти билан си...
01 янв 1970
“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.