Ўзбекистон — меҳр-муҳаббат юрти

/
Юртимизга келиб-кетувчи меҳмонлар кўп. Айниқса, кейинги икки йил ичида улар сони янада ошди. Меҳмонлар орасида эса қачонлардир юртимизда бўлган ёки яшаган, ҳаётини ўлкамиз билан боғлаган, эндиликда тақдир тақозоси билан хорижий элларда умргузаронлик қилаётган, мамлакатимизни яна бир бор кўриш, зиёрат қилиш истагида келганлар ҳам учрайди. Агар танишларимдан бири Дони ва Юсуф Абаевларни “Чет эллик меҳмонлар, зиёрат ниятида келишибди” демаганида, уларнинг гап-сўзларидан, қиёфаларидан, ўзини тутиши, хатти-ҳаракатларидан булар ўз юртдошларимиз, деб хулоса чиқарган бўлардим. Аслида Абаевлар ҳам Исроилдан келган меҳмонлар, ҳам ўз юртдошларимиз экан. Дони Абаев билан суҳбатимиз яҳудийларнинг Ўзбекистонда кечган тарихи, ҳаёти, уларнинг ота юрти — Исроилга қайтиб кетиши, кейинги йилларда Ўзбекистон — Исроил мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликларнинг яхшиланиши, юртимизда рўй бераётган жиддий ўзгаришлар, янгиланишлар хусусида бўлди.
— Дунёда халқи, юрти тарихини, аждодлари тақдирини, ота-боболари ҳаётини билишга қизиқмайдиган одам бўлмайди. Бу борада Сиз аждодларингизнинг тарихи ҳақида, уларнинг юртимиз билан боғлиқ тақдири ҳақида нималарни биласиз?

— Мен асли савдо одамиман, тижоратчиман. Бу соҳани яхши биламан. Тарихни эса мукаммал биламан, деб айтолмайман. Аммо тарихимизни озми-кўпми, ўрганганман. Хусусан, яҳудийларнинг Ўзбекистон билан боғлиқ тақдирини ўрганувчи қадимшуносларнинг фикрига кўра, олис аждодларимизнинг бу ўлкага келиб қолиши VIII-IX асрлик ўтмиш билан боғлиқ экан. Уларнинг айтишларича, энг катта аждодларимиз дастлаб Исроилдан Ироққа, Бағдод атрофларига кўчириб олиб кетилган. Кейин Бағдоддан Эронга боришган. Эрондан эса Бухорога келиб қолишган. Бундай кўчишлар бежиз бўлмаган. Биласиз, халқимиз ҳунармандчилик ва савдо соҳасига алоҳида эътибор берган. Бухоро эса ўша даврларда савдо ва ҳунармандчилик соҳасида Шарқнинг улуғ шаҳарларидан бири ҳисобланган. Вақт ўтиши билан миллатдошларимиз Самарқандга, Тошкентга, Насафга, Термизга ва водий шаҳарларига кўчиб бориб, ўтроқлашиб қолишган.
Бизнинг боболаримиз ҳам дастлаб Бухорода яшашган. XV-XVI асрларда улар ҳозирги Самарқанд вилояти ҳудудидаги Дабусия қалъасига ва Мирбозор шаҳарчаси атрофларига кўчиб келишган. Кейинчалик улар Хатирчида муқим ўрнашиб қолишган. Аввал бу ерда 50-60 оила яшай бошлаган бўлса, кейин улар сони 700-800 оилага етган. Бобомнинг айтишига кўра, дастлаб бу ерга кўчиб келганлардан кимдир вафот этса, унинг майитини Бухорога олиб бориб дафн қилишган. Тахминан 250-260 йиллар илгари миллатдошларимиз орасидан чиққан бир донишманд туфайли бундай сарсонгарчиликларга чек қўйилган. Ана ўша донишманд вафот этганидан сўнг Хатирчида яҳудийларнинг қабристони пайдо бўлган. Эндиликда бу қабристонда уч-тўрт авлоддан иборат аждодларимиз мангуликка бош қўйишган.
Буваларимиз, оталаримиз хатирчиликлар билан жуда иноқ, дўст-қадрдон бўлиб кетишган. Отам Абаев Гавриилни улар яхши билишади. Шўролар даврида амаким жамоа хўжаликларидан бирини бошқарган. Отам эса яхши хизматлари учун вилоят кенгашига депутат қилиб сайланган. Биз бешта ака-ука — Раҳмен, Жўра, Мишка, Михаил, Дони мана шу заминда туғилиб ўсганмиз. Хатирчидаги 20-умумтаълим мактабида таълим олганмиз. Ҳаёт йўлларимизни шу ерда бошлаганмиз. Ота-оналаримизнинг хоклари шу тупроқда ётибди.
— Ўзбекистондан Исроилга қачон кўчиб кетгансизлар? У ердан мамлакатимизга қайтиб келиш, туғилиб-ўсган масканларни зиёрат қилиш, дўстлар билан учрашиш осон кечмагандир? Умуман, Исроилга борганда Ўзбекистон ҳақида, Ўзбекистонда бўлганингизда Исроил ҳақида қандай хотиралар уйғонади?
— Исроилга, боболаримиз юртига 1974 йилда кетганмиз. Ўшанда Шўролар давлатидан рухсат олиб кетишимиз осон бўлмаган. Ҳар хил тўсиқларга, қаршиликларга дуч келганмиз. Исроилда бизни яхши кутиб олишган, яшаш учун ҳамма имкониятларни яратиб беришган. Лекин қалбдан туғилиб-ўсган, яшаган жой — Ўзбекистон соғинчини ҳам ўчириб бўлмас экан. Шунинг учун у ерда Ўзбекистонни, Бухорони, Хатирчини, дўст-ёрларни эсламаган кунимиз камдан-кам бўлади. Кўнгли бўшроқ яқинларимиздан баъзилари соғинч туфайли кўзига ёш ҳам олади. Бошқачароқ айтганда, боболар, оталар юрти биз учун қанчалар қадрдон, азиз бўлса, туғилиб-ўсган, киндик қонимиз тўкилган маскан шунчалар ардоқли, севимли. Бу бежиз эмас. Инсон қачон ўз уйида яшаб туриб, бошқа жойни қўмсайди, соғинади? Қачонки, ўша жойдан меҳр-мурувват, яхшилик кўрган бўлса. Ўзбекистон бизнинг қалбимизга нафақат киндик қонимиз тўкилган маскан, балки меҳр-муҳаббат юрти бўлиб муҳрланган. Лекин ўша пайтларда бизларга Ўзбекистонга келишга рухсат йўқ эди. Фақат 1991 йилга келиб, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин бундай имконият туғилди. Бу юртни, бу ердаги дўстларни жуда соғингандик, ўша йили самолётда эмас, гўё ўзимиз қанот боғлаб учиб келдик. Дўстлар билан дийдорлашдик. Хатирчига бориб, аждодларимиз ётган қабристонни обод қилдик. Атрофини иҳоталадик. Унга борадиган йўлларга асфальт тўшатдик. Йўлни кесиб ўтадиган сув йўлига кўприк қурдирдик. Қабристон олдида бино тиклатиб, унга газ, сув олиб бордик. Электр таъминотига уладик. Хуллас, қабристон ва унинг атрофида ободлик юзага келди. Аждодларимиз руҳи ҳам шод бўлди. Ўшанда бизни хатирчилик дўстимиз Сайфулла Шомуродов (Ҳозирда марҳум. Охирати обод бўлсин.) оиласи кутиб олди. Унинг аёли Муқаддам опа ўз хонадонидан жой берди. Улардан ва фарзандларидан бир умр миннатдормиз. Шундан бери турли сабабларга кўра — гоҳ дўстлар тўйларига, гоҳ маъракаларига, анжуманларига тез-тез келиб турамиз.
Биз Тель-Авив шаҳрида яшаймиз. Ўша ерда ҳам Ўзбекистонда ўрганган урф-одатларимизга амал қиламиз. Тўй-томошаларимиз, азаю маъракаларимиз, байрамларимиз, қувончли кунларимиз ҳудди сизларникидек ўтади. Фарзанд туғилишидан то никоҳ тўйигача ўтказиладиган барча йиғинлар ўзбекона урф-одатлар асосида бўлади. Бу жиҳатдан урф-одатларимиз Исроилда яшайдиган миллатдошларимизникидан фарқ қилади. Шунинг учун улар бизларнинг — ўзбекистонлик яҳудийларнинг ўзимизга хосликларимизга эътибор қаратиб, “Булар Бухоро яҳудийлари”, деб аташади.
— Исроилда Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига қизиқиш қандай? Улар, айниқса, ёш авлод халқимиз ҳаётини қай даражада билади?
— Мен сиёсат одами эмасман. Мамлакатимиз миқёсида яҳудийларнинг Ўзбекистон ҳаёти ҳақидаги мулоҳазалари борасида тўла маълумот беролмайман. Лекин ўзим гувоҳи бўлган икки воқеа ҳақида сўз айтсам, бу тўғрисида фикрлар, эҳтимол, бир қадар ойдинлашар. Биринчи воқеа. Сизларга яхши маълумки, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов Исроилга давлат ташрифи билан келди. У киши ҳукумат доирасида ниҳоятда эътибор билан кутиб олинди. Улардан ташқари, биз ҳам у кишининг келишига ўзимиз тайёргарлик кўрдик. У киши биз билан учрашишга ҳам вақт топди. Бу ердаги ўзбекона урф-одатлар, кийимлар, овқатлар у кишига ниҳоятда маъқул келди. Учрашув охирида бу ерга тўпланганларнинг ҳаммаси бир овоздан у кишига “Сиз бизнинг Президентимизсиз!” дея дил изҳорини ифода қилишди. Мен бирор мамлакатнинг халқи бошқа давлат раҳбарига бундай меҳр-муҳаббат билдирганини эслай олмайман. Бу аслида бир халқнинг давлат раҳбари орқали бошқа халққа меҳр-муҳаббат ифодаси эди. Иккинчи воқеа. Бундан етти-саккиз йил илгари Исроил шаҳарларидан бирида давлат маъмурияти қарорига кўра улуғ ўзбек шоири ўафур ўулом номидаги майдон очилди. Бу майдонда ҳозирги кунда ҳам мамлакат миқёсидаги байрамлар, тадбирлар ўтказилиб турилади. У халқнинг севимли масканларидан бирига айланган. Эндиликда бу майдонга улуғ ўзбек шоирининг ҳайкалини қўйиш ҳақида таклифлар билдирилмоқда. Унча-мнча шахснинг номини улуғлашга эътибор берилавермайдиган Исроил давлатида бу шахсга эҳтиромнинг ифодаси нимада, деб ўйлайсиз? Бунинг асосида нафақат ўафур ўуломнинг, балки ўзбек халқининг яҳудий халқига эҳтироми натижасида унга нисбатан туғилган эътироф ҳам ўз ифодасини топган. Бу эътирофлар бугунги кекса ва ўрта авлодлар билан бирга вояга етаётган ёш авлод қалбида ҳам акс-садо бериши шубҳасиз. Улар қалбида ҳозирданоқ бизнинг ўзаро суҳбатларимиз, хотираларимиз туфайли Ўзбекистонга алоҳида меҳр-муҳаббат уйғонган.
— Юртимизга тез-тез ташриф буюриб турар экансиз. Шундай экан, кейинги икки йил ичида мамлакатимизда рўй берган ва рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида қандай фикрдасиз?
— Ҳақиқатан ҳам, кейинги йилларда Ўзбекистонда катта ўзгаришлар амалга оширилди. Шаҳарлар ва қишлоқларда барпо этилаётган турар жойлар, ўнлаб саноат корхоналари қурилаётгани, йўллар, транспорт тизими яхшиланаётгани, савдо тизимидаги, тадбиркорлик фаолиятидаги эркинлар, ҳамма-ҳаммаси инсонни ҳайратга солади. Бугун чинакамига Ўзбекистон дунёга, дунё эса Ўзбекистонга бағрини очмоқда. Мамлакатда эркин, демократик тамойиллар қарор топмоқда. Бу, эҳтимол, шу ерда яшаётган одамлар учун унчалик сезилмас, лекин четдан келган одамга дарров билинади. Мен шулардан бир-иккитасини айтиб ўтсам.
Эътибор беринг, бундан 3 йил бурун келган одам бир шаҳардан иккинчи шаҳарга бормоқчи бўлса, йўлдаги милиция ва давлат автомобиль назорати пунктларининг кўплигини кўриб, “Нима бало, бу мамлакатда жиноятчилик ва автомобиль ҳалокати шунчалик кўпайиб кетганми, ҳамма жойда текшир-текшир ҳаддан ошиб кетган”, деган фикрга келарди, Текширишлар натижасида ҳайдовчилар ҳам, йўловчилар ҳам ҳар бир пунктда вақт йўқотарди. Энди эса ана шундай назорат пунктлари камайтирилибди. Бундан аҳоли хурсанд. Ёки бўлмаса, Марказий Осиёдаги давлатлар ўртасидаги чегараларнинг очилишидан бу мамлакатларда яшовчиларнинг миннатдорликларини сўз билан ифодалаш қийин.
Ёҳуд илгарилари Ўзбекистонга бирор нарсани олиб кириб ҳам бўлмасди, олиб чиқиб кетишга ҳам имкон беришмасди. Бир гал дўстларимга совға-салом олиб келаётганимда аэропорт божхонасидан ўтказишмаган. Бу ердаги дўстларим менга совға қилиб берган зар чопон ва дўппини ҳам аэропорт божхонасига топширишимга тўғри келган. Уч йил илгари Хатирчидан оиламиз учун бир қозон сотиб олгандим. Аэропорт божхонасидан уни олиб ўтиш учун 100 баровар ҳақ тўлаганман. Энди эса ана шундай чекловларга имкон қадар барҳам берилибди. Шу гал Ўзбекистонга учиб келганимда аэропортда хориждан келганлар учун яратилган қулайликларни кўриб ҳайратга тушдим. Ишонасизми, 15 минутда барча ҳужжатларимни текширишдан ўтказиб, мамлакатингизга киришга руҳсат беришди. Илгарилари бундай ишлар, текширишлар учун 5-6 соатлаб сарсон бўлардик. Мен дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шаҳарларига борганман. Эндиликда бу мамлакат дарвозасида яратилган бундай қулайликни дунёнинг бошқа давлатларидан бирортасида учратмайсиз, десам ишонаверинг.
Ўзбекистонга келиш учун айрим мамлакатлар фуқароларига визасиз режим ўрнатилиши, хорижий тадбиркорларнинг бу ерда фаолият юритишлари учун барча қулайликлар яратилаётгани, буларнинг ҳаммаси Ўзбекистон ҳаётида чинакам ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатади. Албатта, бу ишларни амалга ошириш осон эмас. Ана шундай ўзгаришларни, янгиланишларни амалга ошираётган мамлакат Президентига мингдан-минг раҳмат!
Суҳбатдош:
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Рио-де-Жанейрода ўтказилаётган XXXI ёзги Олимпия мусобақаларида Ватан шаъни, обрў-эътибори учун курашаётган спортчиларимиздан ҳар куни хушхабарлар ...
01 янв 1970
Барча юртдошларимиз қатори имкон даражасида ижтимоий тармоқларни кузатиб боришга, юртимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ислоҳотл...
01 янв 1970
Азиз ўқувчи, газетамизнинг бугунги сонидан бошлаб янги рукнимиз остида ҳафта давомида одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлган, эл орасида энг кўп му...
01 янв 1970
Мутахассислар таъкидлашича, ҳаракатларимиз, хоҳиш-иродамиз — барчаси бош мия фаолиятига боғлиқ....