Академиядан таралган тафаккур зиёси

/
Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг ҳар бир региони ва вилоятига ташрифи ва амалий кўрсатмалари ўша жойларда иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илм-фан, инновация, бунёдкорлик соҳаларида янги-янги муваффақиятларнинг юзага келишига имкон яратиб бермоқда. Булар эса юртнинг обод бўлишига, халқнинг фаровон яшашига хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 январда Хоразм вилоятига ташрифи бошқа соҳалар билан биргаликда Хоразм Mаъмун академиясининг фаолиятини юксалтириш учун ҳам кўплаб имкониятлар эшигини очиб берди.
Тарихи минглаб йиллар билан бўйлашадиган Хоразмда қадим-қадимдан илму фан, маърифат, адабиёт, санъат гуллаб-яшнаган. Буни ўрта асрларда яшаб ўтган Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Бакр ал-Хоразмий, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср ибн Ироқ, Маҳмуд аз-Замахшарий, Исмоил Журжоний, Носириддин Рабғузий ва бошқа шу каби кўплаб улуғ алломалар қолдирган мерос ҳам яққол кўрсатади. Шунинг учун муаррих Ибн Арабшоҳ “Хоразм азим шаҳарларга ва кенг вилоятларга бой мамлакат. Унинг пойтахти фозил кишилар жам бўладиган, уламолар манзил тутадиган, зарифлар ва шоирлар макони, адиб ва улуғ кишилар чашмаси”, дея улуғлайди.
Айниқса, Х асрнинг охири ХI асрнинг бошларида Хоразмда иқтисодий-ижтимоий ҳаётдаги юксалиш ва Хоразмшоҳ Маъмунийларнинг илм аҳлига ҳурмат-эътибори натижасида даврнинг энг машҳур олимларининг Гурганжда тўпланиши туфайли илм-фан, адабиёт, тарих янада ривож топади. XII асрнинг улуғ алломаси Низомий Арузий Самарқандий бу ҳақда шундай деб ёзади: “Хоразмшоҳ Абул Аббос Маъмуннинг бир вазири бор эди, оти Абу Ҳусайн Аҳмад ас-Суҳайлий эди, фалсафий тафаккур, олижаноб қалбга эга ва маърифатпарвар эди. Хоразмшоҳнинг ўзи ҳам фалсафага майли кўп, зукколарга мурувватли эди. Ана шулар туфайли саройда кўплаб файласуфлар ва уламолар тўпланди. Жумладан, Абу Али ибн Сино, Абу Саҳл Масиҳий, Абул Хайр Ҳаммор, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Ироқ ва бошқалар. Уларнинг барчаси шу хизматда ҳаётий эҳтиёжларнинг ҳаммаси билан тўлиқ таъминланган эди. Улар ўзаро дўст эдилар, суҳбатлар ва ёзишмалар билан ором олардилар”. Шу тариқа Хоразмшоҳлар саройида милодий 1000 йиллар бошида, ўша давр таъбири билан айтганда “Дор ул-ҳикма ва маъриф”, бугунги кун нуқтаи назари билан ифодаланганда Маъмун академияси деб аталган илм-фан маркази вужудга келди.
Инсониятнинг ўтмишида илм-фан соҳасида бундай академиялардан бор-йўғи 3-4 таси ташкил этилганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, минг йиллик тарихга эга Маъмун академиясининг дунё миқёсида нуфузи янада яққол намоён бўлади. Бу академия тарихда қисқа вақт фаолият юритган бўлса ҳам, унда астрономия, математика, табобат, кимё, география, минералогия, геодезия каби табиий фанлар билан бир қаторда тарих, фалсафа, адабиёт, тилшунослик, ҳуқуқ ва бошқа ижтимоий фанлар соҳаларида ҳам бир қанча кашфиётлар, янгиликлар яратилдики, буларнинг ҳаммаси дунё тамаддунига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Айниқса, академияда математика, геометрия фанларида яратилган “Ҳаммор теоремаси”, табобат соҳасида Ибн Синонинг тиб қонунлари, кимё соҳасида моддаларнинг солиштирма оғирликларини аниқлаш, уларни иксирлаш масалалари, Берунийнинг астрономия, минералогия, гидрология, география соҳаларидаги янгиликлари, дунёда илк бор ер шарини акс эттирувчи рельефли глобуснинг кашф этилиши, эклиптика текислигининг экваторга нисбатан оғиш катталигининг аниқ ўлчаниши, географик кенгликларнинг ниҳоятда аниқликда белгиланиши, тарих, адабиёт, санъат, тилшунослик соҳаларида яратилган кўплаб асарлар илм-фаннинг бугунги тараққиётига ҳам хизмат қилмоқда. Бу академиянинг башарият тарихидаги хизматларининг беқиёслигини кўрсатади.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 1997 йил 11 ноябрдаги “Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ академия Хива шаҳрида фаолият бошлади. 2006 йил ЮНЕСКО шафелигида Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги халқаро миқёсда нишонланди. Фармонга кўра, Ўзбекистон илмий салоҳиятини юксалтириш, унинг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда фанни янада ривожлантириш ҳамда истеъдодли ва фидойи олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори интеллектуал муҳит яратишдаги миллий анъаналарни ривожлантириш, юртимиз, хусусан, Хоразмнинг қадим тарихини ўрганиш, маданий ёдгорликларни асраб-авайлаб сақлаш, қадимда фан, маърифат ва маданият соҳаларида эришилган ютуқларнинг омилларини тадқиқ этиш, бугунги кунда ишлаб чиқаришни юксалтиришга амалий ёрдам бериш ва бошқа кўплаб ишлар академиянинг асосий вазифалари қилиб белгиланди. Академияда тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология йўналишларида иш олиб борилди.
Ўтган вақт мобайнида академия Ўзбекистон Фанлар академияси билан биргаликда ушбу соҳаларда кўплаб ишларни амалга оширди. Хоразмдаги турли археологик ёдгорликлар очиб, ўрганилди. Улардан баъзилари тарихий обидаларга айлантирилди. Воҳанинг олис ўтмиши ҳақида тарихий асарлар битилди. Ўша даврларда яшаган алломалар асарлари илмий табдил қилинди. Маъмун академиясининг тарихий фаолиятини тадқиқ этувчи рисолалар, китоблар яратилди. Ўрта аср фалсафасининг асослари, илмий йўналишлари ўрганилди. Хоразмдаги тарихий асори-атиқаларнинг меъморий ечимлари тадқиқ қилинди ва уларни авайлаб-асраб сақлаш йўллари ишлаб чиқилди. Айниқса, биология соҳасида катта ишлар қилинди. Пахтачиликда ва деҳқончиликда бошқа экинларнинг воҳага хос навларини яратиш бўйича илмий ишлар олиб борилди. Хоразм тили ва адабиёти тарихи билан боғлиқ муаммолар хусусида тадқиқотлар яратилди. Академия бу борада мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари, илмий муассасалар, хорижлик олимлар ҳамда маърифий ташкилотлар билан илмий ҳамкорликларни йўлга қўйди.
Албатта, ҳаёт ўсишда, ўзгаришда давом этмоқда. Бугунги тараққиёт Хоразм Маъмун академияси олдига ҳам янгича талабларни қўймоқда. Хўш, шундай экан, бу академия эндиликда қандай фаолият юритиши керак? Мамлакатимиз Президенти 2017 йилнинг 27 январида Хоразм вилоятига сафари давомида академияга ташриф буюриб, бу ерда Хоразм давлатчилик тарихи, бу заминдан етишиб чиққан олимларнинг жаҳон фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, воҳадаги меъморий ёдгорликларни биологик, физик ва бошқа салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, воҳа шароитига мос қишлоқ хўжалиги ўсимликларини иқлимлаштириш, шўрланиш ва чўлланишнинг олдини олиш каби соҳаларда илмий йўналишларни кенгайтириш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, уларни амалиётга кенг жорий қилиш борасида таклифларини билдирган, академия томонидан археология соҳасида эришилган муваффақиятлардан фойдаланиб, бу илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритиш, халқимиз тарихини чет эллик сайёҳларга тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратган эди. Шундан кейин 2017 йилнинг 14 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм Маъмун академиясининг фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 211-сонли қарори қабул қилинди.
— Мамлакатимиз раҳбарининг таклиф ва мулоҳазалари ҳамда ушбу қарор Республика Фанлар академиясининг минтақавий бўлими — Хоразм Маъмун академиясининг келгуси фаолиятини янада ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни кучайтириш, уларни ижтимоий ҳаётга татбиқ қилиш учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди, — дейди академия раиси, биология фанлари доктори Икром Абдуллаев. — Бугунги кунда академияда 82 та ходим фаолият олиб бормоқда. Шундан 42 таси илмий ходимлар бўлиб, 6 таси фан доктори, 13 таси фан номзоди, 3 таси докторантлар ҳисобланади. Бу катта илмий кучни ташкил этади. Айни пайтда, академияда давлат илмий техник дастурлари доирасида 5 та фундаментал, 6 та амалий лойиҳалар асосида иш олиб борилмоқда. Шунингдек, академия базасида “Биология”, “Тупроқшунослик”, “Математика”, “Қурилиш ва архитектура”, “Кимё ва кимёвий технологиялар”, “Тарих ва археология”, “Ўзбек тилшунослиги” кафедраларининг илмий-ўқув филиаллари ташкил этилди. Булар илмий соҳадаги фаолиятимизни янада кучайтиришга имкон берди.
Республикамиз Президентининг таклифлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 211-сонли қарори асосида академиянинг бир неча йўналишларда асосий вазифалари белгилаб берилган эди. Бугунги кунда ана шу йўналишларда илмий ишлар муваффақиятли давом этмоқда.
Биринчи йўналиш Хоразмнинг қадимий тарихини изчилликда ўрганиш, бетакрор цивилизацияси ва маданиятини, бой илмий салоҳиятининг жаҳон фани ва маданияти тараққиётидаги ўрни масалаларини тадқиқ этишга қаратилган. Бу борада жиддий ишлар қилинмоқда. “Хоразм тарихи” монографиясининг I ва II жилди таҳрир қилиниб, нашрга тайёрланди. II жилднинг иккинчи қисми учун тўпланган манбалар асосида “Амир Темур ва темурийлар даврида Хоразм” деб аталган боб тайёрланди. Бу жилдлар олий ва ўрта махсус ўқув юртлари учун ўқув қўлланмаси сифатида нашр этилади. Улуғ аллома Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “Муқаддимат ул-адаб” асари дунё адабиётининг энг яхши намуналаридан бири саналади. Ушбу асарнинг бир қисми академия олимлари томонидан араб ва форс тилидаги нусхалари асосида ўзбек тилига таржима қилиниб, босмадан чиқарилди. Яна бир муаррих Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқ ул-Муҳсиний” асари XIX асрда Муҳаммад Ризо Огаҳий томонидан форс тилидан ўзбек тилига ўгирилган. Аммо бу асарнинг бугунги ўзбек алифбосидаги нашри йўқ эди. Академия олимлари Огаҳий таржимаси асосида ушбу асарнинг ҳозирги алифбодаги илмий табдилини амалга оширдилар. Ушбу китоб чоп этилди.
Шунингдек, академияда Хоразм тасвирий санъати ҳақидаги маълумотлар тўпланиб, рассомлар, уларнинг асарлари, асарларидаги асосий йўналишлар илмий тадқиқ қилинди. Бу борада илмий асарлар яратилмоқда. Манбашунос олимлар яна бир жиддий тадқиқотга қўл урганлар. Улар “Жалолиддин Мангуберди — буюк ватанпарвар саркарда” деб номланган китобни тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Эски қўлёзма ва бошқа тарихий манбалар асосида яратилаётган бу монографик асар нашр этилиши режалаштирилган.
Иккинчи йўналиш воҳада жойлашган археологик ёдгорликларни ўрганиш бўйича доимий археологик экспедициялар олиб бориш, этнологик тадқиқотлар, манбашунослик ишларини тизимли ташкил этиш ва уларнинг натижаларини жаҳон илмий жамоатчилиги олдида кенг тарғиб қилиш билан боғлиқ. Бу борадаги ишлар кейинги йилларда бевосита вилоятдаги Хумбузтепа ёдгорлиги асосида амалга оширилди. Археологик тадқиқотлар натижасида Хумбузтепа милоддан аввалги VI асрга оидлиги аниқланди. Шу билан бирга бу ҳудуддаги милоддан олдинги V асрга оид зардуштийлик ибодатхонаси ва оташгоҳ ҳам очиб, ўрганилди. Ибодатхонадан шимолда тўғри бурчакли 3 та ертўла бор экан. Ертўлалар қолдиқлари материк устида жойлашган бўлиб, улар ибодатхонадан аввал барпо этилганлиги аниқланди. Иккинчи ертўладаги одам суяклари унинг зардуштийлик даври дафн маросимлари билан боғлиқлигини кўрсатди. Милоддан аввалги IV асрга оид даҳманинг юқори сатҳидан сиртида ёзув намунаси бўлган сопол бўлаги топилди. Бу ёзув Россия Давлат эрмитажи мутахассиси Павел Лурье фикрига кўра, қадимги Хоразм алифбосида битилган, деган хулосага келинди. Хоразм тарихи яна бир эпиграфик манба билан бойиди. Хумбузтепадаги қазишмалар натижасида бу ердан VI-IV асрларга мансуб хумлар, косалар, қадаҳлар, сопол буюмлар намуналари ва қолдиқлари қазиб олинди. Бу ушбу ёдгорлик Ўрта Осиёнинг милоддан аввалги VI-II асрларга доир ҳунармандчилик марказларидан бири эканлигини кўрсатди. Археологик тадқиқотлар натижасида бу ёдгорликда бир қанча ишлар амалга оширилган. Ибодатхонанинг оташгоҳ қисми консервация қилинган. Ибодатхонанинг деворлари 1 метргача тикланган. Оташгоҳ усти бостирма шаклида ёпилган. Ёдгорлик ҳақида илмий мақолалар чоп этилган, буклетлар тайёрланган. Келгусида бу масканни нафақат тарихий ёдгорлик сифатида сақлаш, балки сайёҳлик мажмуаларидан бирига айлантириш ҳам кўзда тутилган. Воҳада бундай тарихий археологик ёдгорликлар эса кўп. Демак, бу борада ишлар давом этади.
Учинчи йўналиш Хоразм меъморий ёдгорликларини биологик, физик ва турли салбий таъсирлардан муҳофаза қилишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга қаратилган. Маълумки, бу йўналишда академияда кўп йиллардан бери илмий изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоятда аҳоли турар жойлари, турли иншоотлар ва тарихий биноларга жиддий зарар етказаётган термитларга қарши курашда “Bauveria tenella” замбуруғининг биологик самарадорлиги ўрганилди. Лаборатория шароитида термитлар танасига ушбу замбуруғлар сунъий равишда киритилганда 90-95 фоиз термитларнинг нобуд бўлиши аниқланган. Илк бор кунгабоқар пояси, “Bauveria tenella” (Del) Siem BD-85 df Bacillus thuringiensis штаммлари асосида термитлар миқдорини бошқариш хусусиятига эга бўлган патогенли ем-хўрак яратилган. Тадқиқот натижалари асосида 2015 йил 30 июнда “Термитларга қарши ем-хўрак қурилмаси” мавзуида Р.Эшчанов, И.Абдуллаев, Р.Рўзметов, А.Нуржонов муаллифликларида фойдали моделга патент олинган. Термитларга қарши яратилган заҳарли ем-хўрак кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари Давлат комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ишлатиш учун рухсат этилган пестицидлар ва агрохимикатлар” рўйхатга киритилган.
“Ичон қалъа”даги тарихий ёдгорликлар ўрганиб чиқилиб, ем-хўракдан фойдаланиш учун тавсиялар берилди. Бу атроф-муҳитнинг, тарихий ва замонавий иншоотларнинг термитлардан биологик зарарланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Тўртинчи йўналиш воҳанинг экологик ҳолати бўйича кузатишлар олиб бориш, ер-сув ва биологик ресурсларидан фойдаланиш, тупроқ-иқлим шароитига мос қишлоқ хўжалиги ўсимликларини иқлимлаштириш орқали шўрланиш, чўлланишнинг олдини олиш, қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида инновацион ишланмаларни яратиш кабиларни ўз ичига олади. Бу йўналишда академияда кўплаб ишлар қилинган. Айтайлик, воҳада сув таъминоти Туямўйин сув омбори орқали амалга оширилгани сабабли академия олимлари ҳавзадаги сувнинг сақланиш даражаси, ҳарорати, қаттиқ ва юмшоқлиги, ифлосланиш кўрсаткичлари, микроорганизмларнинг сони ва бошқа жараёнлар борасида доимий илмий тадқиқотлар олиб борадилар. 2016 йилнинг баҳорида олиб борилган текширишлар ҳавзада сувнинг сақланиши меъёрида эканлигини кўрсатди. Ёки бўлмаса, олимларнинг Хоразм воҳасида йўқолиб бораётган, ноёб ҳисобланган, “Қизил китоб”дан ўрин олган Амударё сохта куракбурун балиғи турини сақлаб қолиш борасидаги тадқиқотлари ҳам диққатга сазовор. Бу борада академия билан “Умумроссия чучук сув балиқчилик хўжалиги ИТИ” ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган.
— Академиянинг давлат лойиҳаси асосида Хива тумани ҳудудига мослашувчи ғўза навларини яратиш борасидаги ишлари ҳам эътиборни тортади. Шу мақсадда “Хурма” ва “Ният” гўза навлари академиянинг экспериментал базасида экилиб, тажриба синовларидан ўтказилди. Улар учун патент ҳам олинди, — дейди табиий фанлар бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Шавкат Қодиров. — Бугунги кунда ушбу навлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги “Илмий ва илмий-техникавий фаолият натижаларини тижоратлаштириш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тижоратлаштириш рўйхатига киритилган. Шунга биноан ушбу навлар Хоразм вилояти фермер хўжаликларида 2019 йилдан бошлаб экиш учун “Ипотека банк” билан шартномалар тузиш орқали амалга оширилади. Айни пайтда, Хоразм вилоятида экилаётган кузги буғдойнинг 15 та навидан энг яхшиларини саралаб олиш борасида ҳам илмий тадқиқотлар давом этмоқда. Ҳозиргача 7 та навнинг глютен оқсиллари бўйича қиёсий ўрганиш амалга оширилди. Маҳаллий буғдой навлари орасида “Яксарт”, “Ёнбош”, “Аср” каби навлар юқори сифат кўрсаткичларига эгалиги маълум бўлди. Бу йўналишда ҳам изланишлар давом этмоқда.
Бешинчи йўналиш Хоразмнинг тарихий анъаналари ҳамда мавжуд илмий салоҳиятдан фойдаланган ҳолда математика фани соҳасида фундаментал илмий изланишлар олиб бориш билан бевосита боғлиқ. Бу йўналишда ўрта аср, хусусан, Маъмун академиясида математика соҳасида фаолият юритган алломаларнинг мерослари ўрганилди. Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Абу Наср Ироқ, Ибн ал-Хаммор, Ҳасан ал-Ҳубубий, Исо ал-Масиҳий асарлари тадқиқ этилди. Шу билан бирга, бугунги кунда математика соҳасида муҳим бўлган комплекс фазоларда Вейрштрасс алгеброид тўпламлари тўлдирувчисининг регуляр параболиклиги ўрганилди ва кўп хилликларда кўпҳадлар фазоси структураси аниқланди. Поляр тўпламларнинг юқорида чегараланган субгармоник функциялар синфи учун четлатилиши мумкин бўлган махсус тўплам бўлиши исботланди. Кўп ўзгарувчан Гончар квазианалитик функциялар синфида ягоналик теоремаси исбот қилинди. Буларнинг бари математикада ўзига хос янгиликларни очиб берди ва фан тараққиётига катта ҳисса бўлиб қўшилди. Келгусида академиянинг барча йўналишларида илмий тадқиқот ишлари изчил олиб борилиши режалаштирилган.
— Маъмун академиясининг илмий йўналишларда қўлга киритган ютуқлари кам эмас, — дейди академия раисининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, кимё фанлари номзоди Шодлик Ҳасанов. — 2014-2018 йиллар давомида ходимларимиз томонидан 4 та монография, 196 та илмий мақола, шулардан 26 таси хорижий мамлакатларда нашр этилди. 212 та илмий тезисларнинг 171 таси мамлакатимизда, 41 таси эса чет элларда ўтган халқаро конференцияларда эълон қилинди. 6 та ихтирога, фойдали моделга патентлар ва муаллифлик гувоҳномалари олинди. 2 та ихтирога талабномалар берилди. Кейинги йилларда академиянинг юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш ва унинг илмий салоҳиятини оширишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Шу мақсадда 2019 йил учун таянч докторантурага 12 та ўрин ажратилди. Айни пайтда, академияда Урганч давлат университетининг 7 кафедраси филиаллари ташкил қилинган бўлиб, ўқув машғулотлари базамизда ўтказилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм Маъмун академиясига ташрифи пайтида академия билан хориждаги етакчи илмий марказларнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу илмий муассасани сайёҳлик йўналишларига киритиш, халқимиз тарихини чет эллик туристларга тарғиб қилиш, академиянинг довруғини дунёга танитиш борасидаги таклиф ва мулоҳазаларини ҳам ўртага ташлаган эди. Бу борада ҳам академияда бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, АҚШнинг Калифорния, Индиана, Блумингтон университетлари билан академия ўртасида “Функцияларнинг геометрик назарияси” мавзуидаги лойиҳа юзасидан ҳамкорлик ўрнатилди. 2017 йилнинг июнь ойида “Лейбниц алгебраси” бўйича Ўзбекистон — АҚШ ҳамкорлик дастури юзасидан Калифорния университети профессорлари, талабалари академияга келишди. Академия билан Германиянинг Бонн университети қошидаги “Илмий тадқиқотни ривожлантириш маркази” ўртасида меморандум имзоланди.
Хоразм Маъмун академиясини тарихий сайёҳлик йўналишига киритиш юзасидан 2017 йил 30 ноябрда академия ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси асосида ишлар йўлга қўйилди. Юртимиздаги сайёҳлик фирмалари билан шартномалар тузилди. Академия музейини тарғиб қилувчи флайерлар тарқатилди. Шу йилнинг 9 сентябрида академия ва қўмита ҳамкорликда “Буюк Ипак йўли бўйлаб халқаро туризмнинг барқарор ривожланишида маданий мероснинг ўрни” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция ўтказдилар.
Академия раҳбарияти академия билан мамлакатимиздаги сиёсий партиялар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Маълумки, “Адолат” социал-демократик партиясининг фаолият дастурида республикамизда илм-фанни ривожлантириш, шу асосда инновацион тараққиётга эришиш масалалари муҳим ўрин эгаллаган. Шу сабабли академия билан “Адолат” СДП ўртасида илм-фан ва илмий тадқиқотлар жабҳасида, инновация соҳасида ўзаро ҳамкорликка хизмат қилувчи меморандум имзоланди.
Булардан ташқари, ўтган йилда бевосита академиянинг ташаббуси билан ЮНЕСКО ташкилоти вакиллари ҳамкорлигида “Тарихий обидалар муҳофазаси” мавзуида илмий семинар, АҚШнинг Калифорния университети ҳамкорлигида “Америка — Ўзбекистон математикларининг II конференцияси”, Яҳё ўуломов номидаги “Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи” республика илмий семинарининг 74-йиғилиши ва “Хоразм тарихи ўқишлари” туркумидан I республика анжумани кабилар ўтказилди. Бундай халқаро миқёсдаги илмий анжуман ва конференциялар ҳам академиянинг дунёвий нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
— Президентимизнинг академияга ташрифи унинг нафақат ижтимоий, илмий салоҳиятини юксалтиришга, балки иқтисодий фаолиятини яхшилашга ҳам хизмат қилди. Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси билан академия олимлари, илмий ходимлари учун 24 хонадондан иборат турар жой биноси қурилди, — дейди академия илмий ходими Мансур Аширов. — Шулардан 12 та хонадон “Ипотекабанк” АТИБнинг узоқ муддатли кредитлари асосида ходимларга берилди. Ҳамкасблар орасида мен ҳам оилам билан уйлик бўлганимдан хурсандман. 12 та хонадон эса академия ходимлари ҳамда республика ва хориждан бу ерга келиб фаолият юритувчи олимларга хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун топширилди. Бундай эътибор академия фаолиятини янада яхшилашга хизмат қилади.
Бугунги кунда Хоразм Маъмун академиясида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар мамлакатимизда илм-фан, илмий тадқиқотлар, инновацион янгиликлар соҳаларига катта эътибор берилаётганини кўрсатади. Зеро, тараққиётни, юксалишни, тамаддунни илм-фан ривожисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам илм-фанни ривожлантириш ва уни амалий фаолиятга татбиқ этиш Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.
Илм-фан инсонга, жамиятга қудрат бахш этувчи, уни юксалтирувчи куч эканлиги ҳаётда аллақачон ўз исботини топган. Шу ўринда Хоразм Маъмун академияси тарихининг зукко билимдонларидан бири, Германиянинг Франкфурт университети профессори Ханс Дайбернинг сўзлари хаёлимдан ўтди: “Илм қуёшга ўхшайди. Қуёшнинг нурлари сўнмагани каби илмнинг ҳам нурлари сўнмайди. Агар қуёш дунёга нур таратиб, бу оламда ҳаётнинг абадий давом этиши учун хизмат қилса, илм инсон онгига, тафаккурига нур сочиб тараққиётнинг, тамаддуннинг барқарорлигини таъминлайди. Бу ҳолатни агар Маъмун академияси фаолияти мисолида кўрадиган бўлсак, ушбу илм-фан марказида минг йиллар муқаддам яратилган, тафаккурга қанот бағишловчи зиё чашмалари барча даврларда башарият учун хизмат қилиб келганига ва бундан кейин ҳам хизмат қилишига, шак-шубҳасиз, ишонамиз. Демак, илмнинг нурлари сўнмайди, улар ҳаёт, инсоният бор экан мангудир!”
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, туркий тилда ижод қилган адиб ва шоирлардан бирортаси ҳазрат Алишер Навоий қадар тил назарияси билан шуғулланмаган....
01 янв 1970
“Инсон бу дунёда яшар экан фақат яхшилик қилиши зарур, халққа хизмат қилиши керак. Инсонийлик ҳиммати ҳамма нарсадан устун бўлмоғи шарт!&rdqu...
01 янв 1970
Айни пайтда солиқ, коммунал соҳа, божхона, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга ахборот тизимлари кенг жорий этилган....
01 янв 1970
Тадбирларда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш йўллари ва бартараф этиш усуллари ҳақида батафсил маълумотлар бериб борилади.&nbs...