Сўқоқда нима гаплар?

/
Паркент тумани, Сўқоқ қишлоғи, “Сойлоқ” маҳалла фуқароларидан халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳузуридаги жамоатчилик назорати гуруҳи номига ариза келиб тушди. Ўрганиш юзасидан Паркент тумани ҳокимиятига бордик. У ердан ҳафсаласи пир бўлиб чиқаётган бир гуруҳ одамлар билан суҳбатлашдик.
– “Сойлоқ” МФЙ ҳудудида истиқомат қиламан, уч ўғлим оиласи билан кўп йиллардан бери ижарада яшайди, – дейди Ўтбосар Қозоқбоев. – Улар уй-жойли бўлишсин, деб аукционда қатнашиш учун ҳужжат топширгани келган эдик. Ҳужжатлар негадир пойтахтдаги Олмазор тумани, 1-Қорақамиш кўчаси, 1А-уйда қабул қилинаётган экан...
– Ер Сўқоқдан берилса, нега ҳужжатни Тошкентда қабул қилишади? – ҳайрон бўлиб сўради Шолдор Нишонов. – Сўқоқликларнинг фарзандлари 4 сотих ер ололмай сарсон-саргардон бўлиб, ижарама-ижарада юрган бўлса?..
Биз ҳам ҳайрон бўлдик. Йўлда дуч келган одамдан “Сойлоққа қандай боради?” деб сўрадик.
– Сойлоқликман, — деди ўзини Мировут Мирзиёевман деб таништирган киши ва бизга ҳамроҳ бўлди...
Ўнқир-чўнқир, тошлоқ, баъзи жойлар лой, кўлмаклардан иборат кўчалардан ўтдик. Кимнингдир остонаси тагига шағал, асфальт, яна бошқасиникига бетон-цемент ётқизилган, баъзиларникида лой, қатқалоқ. Ёмғир майдалаб ёғарди. Кўчалардаги электр ёғоч устунлари аллақачон ишлаш муддатини ўтаб, чириб бошлаган. Баъзилари қийшайиб қолган. Бирортасига ёритқич ўрнатилмаган. Кечқурун аҳоли бу ерда қандай юради? Тасаввур қилиш қийин. Бугун ҳамма жойда ичимлик суви муаммо бўлиб турган бир пайтда, маҳалладаги водопроводлар жўмраксиз. Бир неча ўн йиллардан бери сув исроф бўлиб оқаётганлигини кўриб, маҳалла аҳлига ва уни бошқараётган раисга “балли”, дегимиз келди. Бахтимизга ёмғир ҳам тинди. Келганлигимизни эшитиб, хонадон эгалари бирин-кетин кўчага чиқа бошладилар.
– Биз яшаётган жойлар илгари Калинин номли колхозга қарашли бўлиб, тепаликлардан иборат эди, — дея гап бошлади Мировут ака. — 1986 йилда ушбу ҳудуддан 18 та ер участкаси ажратилди. Кўчиб келганимизда бизга ажратилган томорқалар жар ўрни эмасми, узун-қисқа ёрилган жойлар эди. Кўп йиллар давомида ёмғир, қор сувлари юқоридан пастга — биз яшаётган томонга оқарди. Ёрилган жойларнинг узунлиги 5 метрдан 15 метргача, эни 5 сантиметрдан 25 сантиметргача, чуқурлиги 2 метрдан 5 метргача етарди. Бошида бу жойларда яшашга қўрқдик. Чунки жар илонлар, калтакесаклар, турли қурт-қумурсқалар макони эди. Ёшу қари ҳашар қилиб, ёрилган жойларнинг юза қисмини тупроқ, шох-шаббалар билан тўлдириб, ерларимизга ёнғоқ, олма, гилос ва бошқа мевали дарахтлар экиб, боғу бўстонга айлантирдик. Шу пайтгача ҳокимиятдан бирорта мутасадди келиб: “Ҳой, нима қилаяпсан, ҳолинг нима”, деб сўрамади. Уларни қўя туринг, ҳатто маҳалла раиси Учқун Ҳомидов сайланганига 2,5 йилдан ошди. Бирорта байрам тадбири ёки йиғилиш, учрашув ўтказганини, биз билан маслаҳатлашиб, иш қилганини билмаймиз.
Суҳбатимизга Жумабой Йўлдошев ҳам қўшилди:
– 1986 йилда уйимиз тепасидан 50-60 метр чамаси юқорироқда колхознинг дала шийпони, сув ҳавзаси, боғлар бўларди. Ер қимирлашлари, сел оқибатида тепаликлар ўпирилиб, ёриқлар пайдо бўла бошлади. 1987 йилда республика телевидениесининг журналистлари келиб, “Сойлоқдагиларни ким ўйлайди?” номли лавҳани эфирга узатишди. У пайтларда матбуотда танқид берилавермасди. Кўрсатувдан сўнг бир неча ташкилотлардан комиссия келиб, ҳолатни ўрганишди. Улар “Юқори зонада суғориладиган ерлар, боғлар бўлиши мумкин эмас”, деган қарорга келишди. Жигаристон воқеаларидан кейин эса юқоридан текширувчилар келиб, колхоз шийпонини, сув ҳавзасини, боғларини буздириб ташлашди. 2002 йилгача ер ёрилишлар кузатилмади. 2003-2004 йилларда қўшни маҳалладошларимиз ўзбошимчалик билан тепаликдан тупроқ олиб, ерларни қазиб ташладилар. ўишт қуйдилар. Натижада ўнга яқин хандақлар пайдо бўлди. Ёғингарчилик мавсумида тепамизда кўлмаклар пайдо бўлиб, улардаги сув ер остидан ўзига йўл очиб, ертўлаларимиздан сув чиқа бошлади. Хандақларни, чуқурларни тупроқ билан тўлдирдик. Ерларни текислаганимиздан кейин ертўлаларимиздан зах қочди.
— 2000 йил баҳор ойида ёғингарчилик кўп бўлди, сел келди, — дея сўзини давом эттирди у. — Ярим кечада қисир-қисир товуш эшитилди. Чиқиб қарасам, ошхона, молхона деворлари тупроқ остида қолган экан. Ҳали ҳам шундай турибди. Вилоят фавқулодда вазиятлар бўлимидан мутахассислар келиб, ерлар анча бўшаб қолибди, шу ерларда қўрқмасдан яшаётганларингизга қойилмиз, деб кетишган. Шундан кейин ҳаммамиз тепаликдан тушаётган ёмғир суви йўлларига қувурлар ётқиздик. Ҳар ким баҳоли қудрат дарахт борми, бута борми ўз ҳовлиси тепасига экиб чиқди. 2018 йилгача бир неча бор ер ёрилиши, силжиши кузатилди. Вақт ўтиши билан бу жойларга хазон, тупроқ тушиб, ёпилиб кетди. Лекин ҳамон ёриқ излари, ўпирилган жойлар сақланиб турибди.
Жамоа фикрини, дардини эшитмасдан, давлат комиссияси бўлмиш экология, геология, фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг текширув хулосаларини олмасдан туриб юқори зона ерларини аукционга қўйиш мумкинми? Низомиддин ака саволимизга жавоб топиб беринглар, дея илтимос қилди. Суҳбатлашиш учун маҳалла раиси Учқун Ҳомидов билан учрашдик.
– Учқун ака, “Сойлоқ” маҳалласи ҳудудига қарашли ерлар аукционга қўйилганидан хабарингиз борми? Тегишли ташкилотларнинг хулосасини кўрдингизми? Фуқароларингиз билан маслаҳатлашиб, уларнинг норозилигини ҳокимиятга етказдингизми? – деб сўрадик.
– Мен кичкина одамман. Ҳамма гап юқорида ҳал қилиб бўлинган, – деб қисқа жавоб берди Учқун Ҳомидов...
Раиснинг маҳалла учун қанчалик жонкуярлиги шундан маълум бўлди. Эртаси куни халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоатчилик назорати гуруҳи раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфли жараёнларни кузатиш хизмати бошлиғи ў.Бимурзаевнинг мутахассиси билан боғланди. Маълум бўлишича, бу ердаги ишлар уларнинг хулосаларисиз амалга оширилаётган экан. Аризачиларнинг хати орқали бу ернинг аҳволини ўрганиш учун мутахассислар Ришод Камолиддинов ва Акмал Туробов юборилган экан.
– 16 ноябрь кечки пайт Ришод Камолиддинов келди, – деди аризачилардан бири Жумабой Йўлдошев. – У билан юқорига чиқдик. Р.Камолиддинов ён-атрофни суратга олди. Бу ерлар хавфли зонага киритилиши кераклигини айтди. Негадир эртасига Акмал Туробов билан келиб, яна нималарнидир ёзиб, хулосасини юқорига берамиз, деб кетишди.
19 ноябрда Паркент тумани ер ресурслари ва давлат кадастр хизмати бўлими бошлиғи Саиджаббор Аҳролов билан учрашдик. Аукцион тўғрисидаги қарор, ҳужжат, схема контурларини сўраган эдик, у иккиланиб қолди. Ярим соатлардан кейин бизга мутахассис Шуҳрат Холтоевни рўпара қилди. Ҳужжатларни кўрар эканмиз, Шуҳрат аканинг аччиғи чиқа бошлади. Орага шайтон тушдими, билмадик, биздан ҳужжатларимизни, бизга мурожаат қилганларнинг шикоят аризасини кўрсатишимизни сўрай бошлади. Аввалига тушунмадик, кейин биз ўтирган хона чироғи ўчирилди. Бошқа хонага чиқдик. Бироз ўтгандан сўнг у ернинг чироғи ҳам ўчирилди. Ҳокимиятнинг ҳамма хонасининг чироғи бор, бироқ биз кирган хоналар чироқлари негадир ўчаверди. Хуллас, на Саиджаббор Аҳролов ва на Шуҳрат Холтоев биз сўраган ҳужжатларни, тегишли хулосаларни топиб беролмади. Шу куни “Сойлоқ” МФЙ аҳолиси билан учрашдик. Яна ўша гаплар, ўша дардлар. Лекин ер тўғрисида хулоса ҳам йўқ, ўзгариш ҳам йўқ. Фақатгина бир аёлнинг гапи юрагимизни ўртаб юборди. Ён қўшнилар улар устидан кулибми ёки аҳволларига куйибми, “Ана жигаристонликлар келаяпти”, дейишаётганмиш. Биз “Жигаристон” қишлоғи фожиасини ўз кўзимиз билан кўрганмиз. “Жигаристон” нималигини биламиз. Сойлоқ фожиаси бўлишини эса асло хоҳламаймиз!
Қолаверса, кимдир эртанги кун учун жавоб бериши керак-ку, ахир!
Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси,
Даврон АҲМЕДОВ,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳузуридаги
жамоатчилик назорати гуруҳи аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ижроси доирасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. ...
01 янв 1970
Бугунги озод ва обод турмушнинг рангин манзараларини ўз кўзларим билан кўриш бахти менга насиб этмаган, — дейди Мардон бобо Маматқулов....
01 янв 1970
Барча етук шоир ва адиблар сингари Бобур ҳам фақат алоҳида шахс тақдири билан эмас, балки бутун халқ маънавий, ахлоқий ҳаёти билан қизиққан....
01 янв 1970
Таниқли тилшунос олим Рўзимбой Йўлдошев билан Урганч давлат университетида учрашдик....