Қонунни менсимаган банкир мижозлар билан тил бириктирди

/
Маълумки, молиявий қўллаб-қувватлаш тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш ва фаровон турмуш тарзини яратишнинг энг муҳим омилларидан биридир. Шу боис тижорат банклари фаолиятида истиқболли лойиҳаларни кредитлаш, қолаверса, кредит маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш муҳим мезон саналади.
Аммо акциядорлик-тижорат “Асака банк”нинг Қўқон филиали кредит бўлими бошлиғи Қоҳоржон Зиямиддинов банк мижозлари — “Ҳамзахон Агро инвест” фермер хўжалиги раҳбари Ҳасан Ахунжанов, “Замин Бағдод чорваси” фермер хўжалиги раҳбари Шавкат Абдуллаев, “Алмонд Агро инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аваз Маҳмудов ва “Боғи Бағдод узумлари” фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Азамжоновлар билан жиноий тил бириктирди.
Гап шундаки, Қ.Зиямиддинов кредит маблағлари ажратилишида ноликвид хўжалик юритувчи субъектларнинг кафиллиги қабул қилинишига, кредит таъминоти сифатида 4 та субъектнинг такрорий кафиллигига йўл қўйган ҳамда кафилликка қабул қилинган субъектларнинг салбий маълумотларини эътиборга олмаган. Оқибатда “Ҳамзахон Агро инвест”, “Асл Боғдод толаси”, “Замин Бағдод чорваси”, “Бағдод янги замини”, “Боғи Бағдод узумлари” фермер хўжаликлари томонидан 522.600.000 сўм муддати ўтган кредит ва унинг фоизлари банкка қайтарилмай, банк ва давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлган.
Бундан ташқари, Қ.Зиямиддинов 2016 йил 10 майда муқаддам бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг кредити бўйича кафилликка қабул қилинган “Лебас текс” МЧЖнинг сохта солиқ ҳисоботларидан фойдаланиб, ўзининг ўғли Қобилжон Турсунов раҳбарлик қилаётган “Бағдод Янги Замини” фермер хўжалигига узумчиликни ривожлантириш учун 1 миллиард 497 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишига эришган. Сўнгра фермер хўжалигининг 2016 йил 1 июндаги 2-сонли буйруғига биноан хўжаликка раҳбарлик қилишни ўз зиммасига олиб, юқоридаги кредитнинг 1.164.150.000 сўмини 12.100 дона узум кўчатлари сотиб олиш, ер майдонини экишга тайёрлаш, симток, замонавий иссиқхона қуриш ва булғор қалампири сотиб олиш учун “Ҳамзахон Агро инвест” фермер хўжалигига, қолган қисмини эса “Фарғона қишлоқ қурилиш сервис” ва “Хард стел плюс” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Севар сув” хусусий корхонасига пишган ғишт, темир маҳсулоти харид қилиш ва дренаж қазиш учун ўтказиб берган. Лекин “Ҳамзахон Агро инвест” фермер хўжалиги томонидан бажарилган ишлар банкка тақдим қилинган ҳужжатлар билан таққосланган ҳолда назоратли ўлчовдан ўтказилганда Қ.Зиямиддинов ва Ҳ.Ахунжанов 59 миллион 341 минг сўмлик ишлар ҳамда қурилиш материалларини қўшиб ёзганликлари аён бўлди. Бу ҳам етмагандек, Қоҳоржон ўзининг фермер хўжалигига ажратилган кредит учун ҳисобланган 55 миллион 322 минг сўмлик кредит фоизларини муддатида қайтармаган.
Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмасди. Негаки, Қ.Зиямиддинов кредит бўлими бошлиғи сифатида зиммасига юклатилган вазифаларни ҳам қасддан бажармаган. Яъни ажратилган кредитларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан мониторинг ишларини, кредит маблағларининг ундирилишини ўз вақтида ва режа асосида ташкил этилмагани ҳамда кредитни қайтариш режасини бузган мижозлар ҳақидаги маълумотларни банк ҳуқуқшуносига тақдим қилмагани натижасида мижозлар томонидан 795 миллион 566 минг сўмлик кредит маблағларининг мақсадсиз сарфланишига йўл қўйган. Хусусан, кредит бўлими бошлиғининг масъулиятсизлиги туфайли “Ҳамдамали узумлари” фермер хўжалиги узумчиликни ривожлантириш ва янги узумзор барпо этиш учун ажратилган 450 миллион сўм, фуқаро Расулов Абдураҳмон Маликжон ўғли чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилган 11 миллион 800 минг сўм кредит маблағларининг барчасини, “Қўқон Ал Собир” МЧЖ ошхона жиҳозлари, идиш-товоқ, маиший техника ва мебеллар сотиб олиш мақсадида ажратилган 200 миллион сўм кредитнинг 115 миллион сўмини, “Мангу Умид” МЧЖ ҳам ошхона жиҳозлари, идиш-товоқ, маиший техника ва мебеллар харид қилиш учун ажратилган 200 миллион сўм кредит маблағининг 56 миллион сўмини мақсадсиз сарфлаган.
Албатта, “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам чиқади” деганларидек, юқоридаги ҳолатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бағдод туман бўлими томонидан олиб борилган текширишлар жараёнида аниқланди. Пировардида Қ.Зиямиддинов, Ҳ.Ахунжанов, Ш.Абдуллаев, А.Маҳмудов ва У.Азамжоновга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди эса айбдорларни қонуний жазога маҳкум этди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, тилга олинган жиноят иши ва унинг оқибатлари бошқа банклар ходимларига ҳам сабоқ бўлиши лозим. “Асака банк”нинг республика бошқаруви ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Фарғона вилоят бош бошқармаси мутасаддилари эса келгусида бундай қонунбузилиш ҳолатлари такрорланмаслигини таъминлаш чораларини кўришлари шарт. Энг муҳими, нафс майли ҳеч қачон инсонга наф келтирмаслигини унутмаслик зарур.
Давлатжон АШУРОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши
курашиш департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси катта инспектори,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
5 июнь — Жаҳон атроф- муҳитни муҳофаза қилиш куни
01 янв 1970
Республикамизда кейинги йилларда илм-фан соҳасини ривожлантиришга, илмий технологик янгиликларни яратишга, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишга...
01 янв 1970
“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни изчил бажариш партиядошларимиз олдида турган асосий вазифалардан бир...
01 янв 1970
Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳи олдида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Кари...