Лоқайдликдан қачон халос бўламиз?

/
Инсон туғилибдики, у ўсиб-улғайишга, ўзини англашга ҳаракат қилади. Эсини танигач эса “бу меники” дея ўз буюмига эгалик қила бошлайди. Қани энди шу сўзни ўз кўчаю маҳалласини обод қилиш учун ишлатганда эди, барчаси кўнгилдагидек бўларди.
Тошкент — гўзал шаҳар. Буни инкор этиб бўлмайди. Бироқ шаҳримиз ҳуснини бузиб турувчи бир қанча омиллар ҳам учраб турадики, бу ҳолат киши кўнглини хижил қилади.
Мисол учун, кўчалардаги турли қоғоз, пластик пакет ва идишлар, тамаки, намланган салфеткалар қолдиқлари шаҳримиз меҳмонлари олдида бизни хижолатга қўймоқда. Гўё юқоридагилар камлик қилгандек, симёғочларга ёпиштирилган “куплю мебель”, “безарар озиш” каби мавзулардаги ранг-баранг эълонлар “кўзимизни қамаштиради”. Шу ўринда бир савол одамни қийнайди. Наҳотки, шу ахлатни махсус қутига ташлашга эринсак ёки эълонларимизни эълонлар тахтасига бориб ёпиштириш малол келса?! Йўқ! Эринчоқлик қилиб бу ишни қилмаймиз! Худбинлигимиз сабаб эълонларни махсус жойларга елимламаймиз! Дуч келган жойга ёпиштирсак, барча эълонимизни ўқийди, деб ўйлаймиз!
Кўчалардаги ахлатлар-у эълонлар ўз йўлига. Аммо эгасиз дайди ҳайвонларга нима дейсиз? Бу ҳолат, менимча, ҳеч қандай санитар ва гигиеник қоидаларга тўғри келмайди, аниқроғи, зид келади. Келинг, яхшиси, “Қўйлиқ” бозори атрофига бир назар ташласак: ерга ташланган ахлатлар-у дарахт ва симёғочларга ёпиштирилган эълонлар ... Қўшимчасига дайди ит ва мушуклар... Бу дайди ҳайвонлар ахлат титиб, турли юқумли касалликлар тарқалишига хизмат қилмаяптимикан?..
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 59 000 киши қутуриш касаллигидан вафот этади. Уларнинг 99 фоизи қутурган ит томонидан тишланган. Кўриниб турибдики, бу ҳолатнинг олдини олиш лозим. Тўғри, бундай вазиятларни бартараф этгувчи бир қанча ташкилотлар бор: Ободонлаштириш, “Махсустранс”, Санитария-эпидемиология хизмати кабилар. Лекин юкни фақат бир елкага ортиб бўлмайди. Юқоридаги ташкилотлар ҳам юртни, атроф-муҳитни обод қилишга ҳаракат қилмоқда. Шу шаҳарда яшар эканмиз, шаҳар озодалигига биз ҳам масъулмиз. Шундай экан, нега юқоридаги ҳолатларга дуч келсак, бепарво ўтиб кетаверамиз?
Бу саволни ҳар биримиз ўзимизга берсак, шаҳримиз янада гўзал ва обод бўлар эди.
Робия АБДУХОЛИҚОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети талабаси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар Сурхонда...
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Шу кунларда парламент қуйи палатаси қўмиталарида бир қатор қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинмоқда....
01 янв 1970
Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” ижтимоий лойиҳаси амалиётга кенг татбиқ ...