Тил — миллат маданиятининг кўзгуси

/
Тил ва маданият масаласи жуда қадимдан ўта долзарб мавзулардан бири бўлиб келган. Чунки тил орқали ҳар бир миллатнинг хулқи, одоби, маънавияти, маданияти, қолаверса, миллат сифатида нечоғлик ўрин эгаллаганлиги маълум бўлган. Шу боис улуғ аждодимиз Юсуф Хос Ҳожиб “Одобнинг боши тилдир” деб бежиз айтмаган. Буюк Навоий бу тилда “Хамса”ни битиб, бу тилнинг ўрнини бежиз юксакликка кўтармаган. Устоз Навоий айтганидек, “Тилга эътибор — элга эътибор”дир.
Демак, ҳар биримиз ўз она тилимизга эътиборли бўлишимиз, уни ардоқлашимиз, келажак авлодга нафосат ва назокатли тилимизни бутун гўзалликлари билан етказишимиз лозим. Бу иш бугунги авлоднинг келажак авлод олдидаги энг муқаддас бурчидир.
Бугун юртимизда ҳар бир соҳада буюк ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуслари билан Ўзбекистоннинг буюк келажагини таъминлаш борасида катта марралар сари интилмоқдамиз. Бу юрт, бу ўлка қадимдан жаҳон маданияти ривожига катта улуш қўшиб келган. Манбаларда айтилганидек, “Цивилизация, жумладан, Юнонистонда нафосат, Ҳиндистонда дин, Оврупада моддий-техника тараққиёти, Туронда эса ахлоқ шаклида вужудга келган... Қадимий Туронда ахлоққа катта эътибор билан қарашган. Юксак инсоний фазилат, инсонни миллатидан қатъи назар, барча мавжудотларнинг сарвари сифатида қадрлаш, маънавий камолот ва етуклик, адолат, инсоф, диёнат ва имон каби хусусиятлар тирикликнинг бош мазмуни сифатида тушунилган”. Биз яхши биламизки, юртимизда ахлоқ масаласи бениҳоя серқамров, мағзи тўқ, қиёси йўқ тушунча сифатида ардоқлаб келинади. “Маънили ва бежирим гапира билиш, нутқ дарёсидаги мақбул ва номақбул тўлқинларни илғай олиш, сўзнинг орқа-ўнгини, муносиб ўрнини фарқлай билиш, нутқий фаҳму фаросат, нутқ одоби каби фазилатлар Туронда инсон умумий ахлоқининг, маънавий расолигининг таянч устунларидан саналган”. Демак, тил ва нутқ масаласи қадимдан миллат маънавияти ва маданияти такомилининг бош омилларидан бири бўлиб келган. Она тилимиз келажагини таъминлаш – халқимиз маданиятини асрашдир, унинг боқийлигини таъминлаш бугун учун, айниқса, муҳимдир.
Тил хусусида билдирилган фикрлар турлича, лекин ҳақиқат шуки, тил бениҳоя муқаддас ва мўътабардир. У инсонни шакллантирган, тараққиёт сари етаклаган, унинг ақл неъматларини ифода этиб, тафаккур гулшани дарвозаларини очган тенгсиз бир робитадир. Шундай бир буюк эҳтиром ва эъзозга сазовор бўлган тилларнинг кечмиши бир хил эмас, албатта. Тарих саҳнасида ўзбек тили не машаққатлар билан омон қолди.
Ахир, тил — миллатнинг руҳи, дейилади, тил ўлса, миллат ҳам тамом бўлади. Бунга мисоллар камми? Сибирь халқларини ўйлаб кўринг, уларнинг тиллари йўқ бўлиши билан бирга исмлари ҳам ўзгариб кетди. Бутун Европа тилларининг шаклланишида етакчи тил вазифасини бажарган буюк лотин тили, Шарқ тилларининг бобоси деб атаганимиз санскритча тамоман тугаб битди. Ёки яқин ҳудудларимизда кенг қулоч ёйиб тараққий этган сўғд тили, паҳлавий, парфиён тилларининг кечмишини эслайлик. Ёки Шимолий Америкадаги алгонкин тиллари микрооиласига кирувчи массачуси ҳамда могикан тилларининг тақдири ҳам йўқлик билан якунланди. Шунинг учун ҳам тилимизнинг бугунги ривожи ва жаҳон тиллари орасидаги муносиб ўрни учун беадад шукурлар қилишимиз керак. Тилимизнинг бугунга қадар омон-эсон келишининг асосий боиси халқимизнинг ўз она тилини жонидан севиши, ардоқлашидадир.
Зеро, бу ҳақда бундан минг йил аввал буюк бобокалонимиз Маҳмуд Кошғарий айтган эди: “Худо давлат қуёшини турклар (ўзбеклар – И.Й.) буржида яратди. Фалакни ҳам шулар мулкига мослаб айлантирди. Уларни турк (ўзбек) деб атади, мулкка эга қилди, уларни замонамизнинг ҳоқонлари қилиб кўтарди. Замон аҳлининг ихтиёр жиловини шулар қўлига топширди, халққа бош қилди, буларни тўғри йўлда юришга қодир қилди. Буларга қарашли кишиларни ғолиб қилди. Уларга қарашли кишилар мақсадларига етиб, бебошлар ҳалокатидан қутулди. Уларнинг ўқларидан сақланмоқ учун уларнинг хатти-ҳаракатларини маҳкам тутмоқ ҳар ақлли кишига лойиқ ва муносибдир. Буларга яқин бўлиш учун энг асосий йўл — уларнинг тилларида сўзлашишдир, чунки улар бу тилда сўзлашувчиларга яхши қулоқ соладилар, ўзларини яқин тутадилар, уларга зарар бермайдилар. Ҳатто улар тил туфайли ўз паноҳида турган бошқаларнинг гуноҳини ҳам кечиб юборадилар”.
Мазкур фикрлардан кўриниб турибдики, халқимиз азалдан ўз тилини муқаддас билиб, ардоқлаб келган. Халқимизнинг ана шу хусусиятлари туфайли тилимиз тарихнинг барча синовларидан омон-эсон ўтиб, бугунги ёруғ кунларга етиб келди. Миллатимиз табиатидаги кўп минг йиллик тил севгисини бугун ҳам тўлиқ кузатишимиз мумкин. Эътибор беринг: агар Сиз бирон-бир хорижий тилда улар мамлакатида, улар тилида чиройли маъруза ўқисангиз, улар таажжубга тушишмайди. Гўёки, сиз уларнинг тилини билишингиз шартдек. Магарки, бир хорижлик меҳмон бизнинг юртимиздаги ҳар қандай тадбирда тилимизда қўпол қилиб бўлса ҳам икки оғиз сўз билан “Ассалому алайкум, азиз дўстлар” деса бўлди, биз ўрнимиздан туриб уни олқишлаймиз. Маърузадан кейин у билан юз йиллик дўстдек илиқ муносабатда бўламиз. Чунки бу хислат бизга минг йиллар аввалдан насиб этган.
Иккинчи бир ҳолат: XX аср ўзбек халқи маданий ҳаётида Давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши қанчалик муҳим бўлган бўлса, 2016 йилнинг 13 майида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан имзоланган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон ҳам XXI аср ўзбек халқи маданий ҳаётида оламшумул аҳамиятга эга бўлди. Демакки, биз тарихан тилимиз шайдосимиз. Шундай бўлиши ҳам керак. Ўзбек тилининг юрти, ватани — Ўзбекистон. Давлат сифатида уни ҳимоя қиладиган, тараққиётини, қонуний асосларини тўлиқ таъминлайдиган ҳам шу юртдир. Эндиги вазифамиз, асрлар давомида халқимиз томонидан кўз қорачуғидек асраб келинган тилимизни бутун борлиғи билан келажак авлодга етказишдир. Чунки тил — миллатнинг руҳи, тил яшаса, миллат ҳам яшайди. Демак, бугун ҳам она тилимиз олдидаги масъулиятимиз ортса ортганки, камаймаган.
Тил ҳодисаси – ажойиб ҳодиса. Ҳар қандай тил унинг сўзлари билан гўзал. Буни биз баъзида ё сезамиз, ё сезмаймиз. Бу ҳолатни буюк шоиримиз Эркин Воҳидов қуйидагича таърифлайди: “Дунёнинг энг ажиб, энг сирли ва сеҳрли саёҳатларидан бири сўз оламига саёҳатдир. Негаки, сўз яратилишдан мўъжиза. Аввал сўз бўлган, дейилади муқаддас китобларда. ... Сўзнинг илдизига етган киши дунёнинг тагига етгандек баҳра топади. Инсоният тарихи сўзлар қисматида яшириниб ётар экан”.
Кўпчилик ёши улуғларимиз ўтган асрнинг 90-йилларидаги ўзбек тили билан боғлиқ масалаларни яхши эслаймиз. Гўё юртимиздаги ҳар бир инсон – хоҳ муҳандис, хоҳ математик, умуман, қайси касб эгаси бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримиз тилшунос бўлиб кетдик. Тилимиздаги кўплаб сўзларни ўзбекчалаштириш бўйича ўз таклифларимизни бердик. Хусусан, “самолёт”ни “тайёра”, “аэропорт”ни “тайёрагоҳ”, “газета”ни “рўзнома”, “журнал”ни “ойнома” ёки “жарида”, “факультет”ни “куллиёт”, “институт”ни “олийгоҳ”, “университет”ни “дорулфунун”, “радио”ни “овознигор”, “автобус”ни “серкурси”, “республика”ни “жумҳурият”, “область”ни “вилоят”, “район”ни “ноҳия” ёки “туман” кабилар билан алмаштириш таклифлари оммавий ахборот воситаларида деярли ҳар куни муҳокама қилинди. Орадан салкам 30 йилдан кейин, яъни бугун эътибор бериб қарасак, таклиф этилган сўзларнинг айримларигина тилимиздан ўз ўрнини эгаллабди. Зеро, тилда қайси сўзни қўллашда асосий ҳакам – халқдир. Халқ қабул қилсагина, у сўз абадийдир.
Кўриниб турибдики, сўз ва унинг маъно-моҳияти шунчаки эътиборсиз қолдирадиган ҳодиса эмас. Демак, тил масаласи, унга эътибор ва эъзоз кўрсатиш миллат маданияти ва миллат маънавияти учун бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизнинг муқаддас ва беминнат бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Иброҳим ЙЎЛДОШЕВ,
филология фанлари доктори, профессор

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Очиғини айтсам, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши биноси олдида турган китоб жавонини кўздан кечириб, ҳафсалам пир бўлди. ...
01 янв 1970
“Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур. Етти пора қасабаси бор. Жанубий тарафидаги қасабалардан бири Андижондурким, Фарғона вилоятининг пойтахт...
01 янв 1970
Ҳаёт тараққий этгани сайин ҳар бир жабҳада янгиликлар, ихтиролар вужудга келгани каби тиббиёт соҳасида ҳам кўп кашфиётлар амалиётга татбиқ этилмоқд...
01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...