Яқин ўтмиш сабоқлари

/
Сўнгги йилларда авваллари ўқимаган, аммо ўқишим зарур бўлган кўплаб китобларни ўқидим. Кимнингдир таклифи билан эмас, ўзимда эҳтиёж пайдо бўлганидан ўқидим. Китобларни мактаб ёки олий ўқув юрти ўқитувчисига имтиҳон топшириш, баҳо олиш учун эмас, ўзинг учун ўқи, бу оламга ўзингни ўзинг бошла, деган маънода алоҳида рисола ёздим. Абу Райҳон Берунийнинг “Минералогия”, Атомалик Жувайнийнинг “Жаҳон фотиҳи тарихи”, Ф.Достоевскийнинг “Иблислар”, Светлана Алексиевичнинг “Уруш аёлларнинг иши эмас”, поляк адиби Луиш Монтейрунинг “Эркаклар йиғламайди”, туркман адиби Отажон Тоғоннинг “Бегона” асарлари мутолааси, таниқли публицист Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”, Фитратнинг “Шарқ сиёсати”, Исмоил Гаспринскийнинг Андалузияга доир туркум мақолаларини қайта ўқиш менга кўп нарса ҳадя қилди.
Яна тўртта асар ўқидим: Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзонинг “Каллахоналик йигитча”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилором Каримованинг “Пўртана”, таниқли иқтисодчи олимлар Баҳодир Умрзоқовнинг “Ойжамол”, Тоҳиржон Иминовнинг “Хотира саодати” китоблари. Ёзувчиликка даъволари йўқ, бутунлай бошқа касб соҳиблари бўлмиш тўрт муаллифнинг тўртта асари. Ушбу сатрларни қоғозга туширишимга сабаб, уларнинг ҳар бирини ўқиб, бағоят таъсирландим, собиқ тузумнинг халқимиз бошига солган адоқсиз азоб-уқубатлари, кулфатлар, қон қақшаган тақдирлардан кўзларимга ёш келди. Ён-дафтарим таъсирчан кўчирмалар, мен учун янгилик бўлган аянчли рақамлар, тафсилотлар билан тўлди.
Алишер Мирзо романининг бир қарашда жанр талабларига тўғри келмайдиган айрим “жиҳат”лари бор: асар воқелиги ҳаётда қандай содир бўлган, ёш Алишер онг-шуурига қандай муҳрланган, хотирасига қандай нақшланган бўлса, шундай тасвирланади. Муаллиф бадиий бўёқдан, ортиқча зеб-зийнатдан, сюжетни кучайтириш, уни қизиқарли қилиш учун ижодий тўқима, орттирма-бўрттирмадан, бошқа асарларда кўплаб учрайдиган сохта қўшимчалардан фойдаланмайди. Жўн, содда, халқона, енгил тушуниладиган жумлалар. “Каллахоналик йигитча”ни ўқиган китобхон кўз ўнгида ўзининг ҳам олис болалик, ўспиринлик йиллари бўлиб ўтган хуш-нохуш воқеалар, турфа тақдирлару турфа чеҳралар, қувончли-қайғули ҳолатлар намоён бўлади. Асарнинг ютуғи шунда.
“Ойжамол” романида ҳам деярли шундай “манзара”га дуч келамиз. Поён Равшанов, Рустамбек Шамсутдинов каби фидойи олимларнинг йиллар давомида олиб борган заҳматли тадқиқотларида акс этган советларнинг ёвуз ният билан босқичма-босқич, ҳар гал аниқ бир мақсадни кўзлаб, ўзимиздан чиққан шоввоз ижрочилар қўли билан режа асосида амалга оширган қатағон сиёсати ва унинг мудҳиш оқибатлари бу китобда бир оила бошига тушган азобу айрилиқлар, оғир йўқотишлар, бу қисқа ҳаётнинг англаб бўлмас интиҳосиз имтиҳонлари мисолида очиб берилади.
Дилором Каримованинг “Пўртана” асари ҳам шу изтиробли давр ҳақида. Ўқувчи кўз ўнгида жадид боболаримизнинг аянчли тақдири, амалга ошмаган орзу-умидлари, уларга қўйилган асоссиз айбловлар, оила аъзоларининг таҳқирланиши, “большовой”ларнинг ғоратлари, Ватанни тарк этишга мажбур бўлган не-не иқтидор эгаларининг мунгли қиёфалари намоён бўлади. Адабиётшунос олим Сувон Мели бу китобни ҳақли равишда “Ота ҳақида мунгли қўшиқ”, деб атабди.
Чиндан ҳам мунгли қўшиқ. Аммо буни, муаллиф қалбида адолат, ҳаловат излаб исён кўтараётган ботиний туйғуларни, ҳамон жавобсиз қолаётган саволларни фарзандлар, набиралар, уларнинг фарзандлари ҳис этадиларми? Бугунги дориломон кунлар, миллатнинг тикланган эрки, фахри-ғурури қандай оғир мусибатлар, ҳақсизлик, ҳуқуқсизлик, таҳқиру зўравонликларни чидам билан енгиш эвазига қўлга киритилганини тушунадиларми, қадрига етадиларми? Очиқ ҳавода, эркинликда туғилиб вояга етган булбул қафас нималигини билмайди. Буни эътибордан соқит қилмаслигимиз керак. Шунинг учун ҳам яқин ўтмиш тарихимиз ҳақида ёзилган мана шундай асарлар бугунги авлод учун ниҳоятда зарур.
Таниқли олим Тоҳиржон Иминовнинг “Хотира саодати” китобини ўқиш мен учун осон бўлгани йўқ. Аслида қизиқарли китоб ҳеч бир қийинчиликсиз ўқилади, асар воқеалари сизни ўзига жалб қилади. Бош кўтармай ўқийсиз. Бу китоб ўқувчидан мавзуга доир маълум тайёргарликни ҳам талаб этади. Боиси, сўзбошида ушбу китоб бир сулола шажараси хусусида дейилган бўлса-да, аслида мавзу қамрови анча кенг: шўролар даврида илм-маърифатли, имон-эътиқодли, диёнатли инсонларнинг аянчли тақдири, алифбонинг икки марта ўзгартирилиши оқибатлари, қулоқлаштириш сиёсати келтирган жабру жафолар... Буларнинг барчаси жонли ҳикоялар, аниқ мисоллар, сулола вакиллари тақдирига доир ҳаяжонли хотиралар асосида очиб берилади.
Китобни ўқир эканман, ёшлиги Украинада сургунда ўтган Тўрахон домлага эътибор бердим, гарчи у кишини ҳаётда кўрмаган, суҳбатларидан баҳраманд бўлмаган бўлсам-да, менга танишдай, худди кўпдан бери биладиган одамимдай кўриниб кетди. Муаллифнинг таърифи: “Тўрахон домла ва у киши кабилар ахлоқ, эътиқод, маънавият ва маърифат бобида ўз даврининг пешқадамлари бўлган. Ёшлигимизда мактабда “Эски домлалар дин вакилларидир, дин эса афюндир” деган фикр онгимизга сингдирилган эди. Бу муҳтарам зот таъсирида кўплар ислом динининг асл ва чин маърифатидан баҳраманд бўлишди. Бундай инсонлар зиммасига исломий маданият ва ақидалар асосида миллатнинг илғор фикрлари, урф-одатлари ва маънавий бойлигини асраб-авайлаш, ёшларга руҳий-жисмоний покликка эришиш йўлларини кўрсатиш масъулияти юкланганини аста-секин англаб бордик”.
Шу жумлаларни ўқир эканман, у кишининг менга таниш туюлиши сабабини англадим: Тўрахон домла менга қўқонлик марҳум Жўрахон тўра ва тақдир тақозоси билан туғилган қишлоғим Сафед Булонга бориб қолган, охират сафаригача шу ерда истиқомат қилган, ўзларидан қобил фарзандлар қолдирган Абдуназар қорини эслатган экан.
Жўрахон тўра Қўқоннинг илм-маърифатли, серфазилат инсонларидан бири эди. У киши билан бор-йўғи бир марта суҳбатлашган, юз ёшли оталари ҳақидаги хотираларини тинглаган, ёқимли талаффузда шоҳ Машрабдан, Бедилдан, Фузулийдан ўқиган ғазаллари маъносидан баҳраманд бўлган кишининг, агар кўнгли тошдек қотиб қолган бўлса ҳам, мойдек юмшар, ғуссага ботган бўлса, дилида умид чироғи ёнар, жаҳл отига минган бўлса, эгардан тушар, йўлидан адашганлар диёнат кўчасига бурилиб кетарди. Бу ёруғ оламни эрта тарк этган яна бир қўқонлик маърифатпарвар инсон — Нуриллахон ака билан бу мўътабар зотнинг табаррук суҳбатларини кўп бор тинглаганмиз. У кишининг чоғроққина хонадонидан узоқ йиллар маънавий зиё, ҳикматлар ёғдуси узоқ-узоқларгача таралиб турганига гувоҳман.
Абдуназар қори ҳақида ҳам шундай дейишим мумкин. У кишининг исломий ва дунёвий илмлари чуқур, бунинг устига, кўп жиҳатдан ўзаро уйғун эди. “Дил ба ёру даст ба кор” деган ҳикматни илк бор шу устоздан эшитганман. Бу қоидага, аввало, ўзлари амал қилар эдилар. Қишлоғимизга келганларидан бошлаб узоқ вақт сувоқчилик қилдилар. Уй қураётган киши ишга айтса, ким бўлишидан қатъи назар, йўқ демасдилар. Исломий маърифат, одоб-ахлоқ, ҳалол ва ҳаром, ризқ-насиба, бировнинг ҳақи, омонат, гувоҳлик масъулияти, ғийбатнинг оғир юки, иззанинг ҳаромлиги ҳақидаги суҳбатлари қулоғимда қолган. Жўрахон тўра, Абдуназар қори каби инсонлар Тоҳиржон Иминовнинг китобида тавсиф этилган Тўрахон домла каби “минг шамлик чироқ” эдилар. Таассуфки, собиқ тузум бундай даҳоларнинг қадрига етмади, таълим-тарбия ишида улардан таралаётган зиё нуридан фойдаланмади, аксинча, бошларига кўп кулфатлар ёғдирди.
Бундай кулфатлардан бирини Тоҳиржон Иминов китобда ғоят таъсирчан қилиб кўрсатган: собиқ тузум улуғ оталарнинг имон-эътиқодига қарши курашди, уларнинг фарзандларини эса эътиқодсизлик деб аталмиш ғайри ахлоқий йўлга бошлади, айрим ҳолларда бунга эришди ҳам. Оталар фожиаси ёнига фарзандлар фожиаси қўшилиб, жамиятни жарлик ёқасига олиб келди.
“Хотира саодати”да ғоят муҳим бир маълумот келтирилади. Қуръони каримни рус тилига ўгириш ҳаракатлари Русияда Пётр I даврида бошланиб, биринчи марта 1716 йили амалга оширилган экан. Узоқ йиллар давомида турли даражадаги таржималар ўн олти марта нашр этилган. Аммо уларнинг аксарияти араб тилидан эмас, бошқа тиллардан таржима қилингани боис, кўп ноаниқликларга йўл қўйилган. 1871 йили Д.Н.Богуславский биринчи марта Оллоҳнинг бу каломини рус тилига араб тилидан ўгирган. Лекин бу таржима ҳам, бошқалари ҳам мукаммал бўлмаган. Рус исломшунослари академик И.Ю.Крачковскийнинг таржимасини нисбатан мукаммалликка яқин деб ҳисоблашади. Бу вариант 1998 йилгача беш марта чоп этилган.
Бу маълумотларни келтиришдан мақсад шуки, маърифий дунёда (илм-маърифат дунёсида) бундай уринишлар бўлиб турган бир пайтда собиқ совет тузуми бутунлай бошқача йўл тутган. Шўролар мафкураси диний эътиқодга қарши кескин кураш олиб боргани, мамлакатда узоқ йиллар ялпи даҳрийлик ҳаракати ҳукм сургани, никоҳ ўқитиш қоралангани, уйида Қуръон китоби бор киши устидан чақув авж олгани эндиликда ҳеч кимга сир эмас. Бу ғайриахлоқий сиёсат кўплаб одамларнинг, не-не алломаларнинг умрига зомин бўлди.
Совет тузуми дунё дунё бўлганидан бери ҳеч бир давлатда, ҳеч бир жамиятда ва ҳеч бир ҳолатда қўлланилмаган ғайриинсоний ишга қўл урди: диндорлик учун жазо белгилади, тадбиркорликни тақиқлади, зиёли, илмли кишиларни “халқ душмани” деб эълон қилди, ишбилармонларнинг мол-мулкини мусодара қилиб, юртидан, оиласидан ажратиб, олис-олисларга бадарға қилди. Кўплари ном-нишонсиз бўлиб кетишди. Ўзбекистондан олис йўл босиб, не-не машаққат билан Украинанинг Херсон вилоятидаги Михайловка қишлоғига бориб, шу ердаги қабристонлардан бирида бобо ва бувилари, бошқа ҳамюртлари қабрини излаб топиб, уларга ёдгорлик тоши ўрнатаётган, кўзда ёш билан Қуръон тиловат қилаётган, қаровсиз жойларни тозалаётган жабрдийда ватандошларимизни кўз олдингизга келтиринг. Бобо-бувиларининг чирқиллаб ётган руҳларини тасаввур қилинг.
Энди олис Украинанинг шу манзилидаги туманнинг собиқ раҳбари, уруш қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, Ўзбекистон ҳақида яхши таассуротга эга Злих исмли кишининг “Хотира саодати”да келтирилган сўзларига эътибор берайлик. Бу инсон аждодлари хотирасини унутмаган андижонлик меҳмонларга қараб шундай дейди: “Ўзбекистондан бу ерларга сургун қилинганларнинг аслида ҳеч қандай айби йўқ, бегуноҳ одамлар. Уларни бу ерга қулоқлик баҳонасида пахта етиштириш учун ишчи кучи сифатида олиб келишган. Аждодларингизнинг заҳматли меҳнати билан ўша йиллари бу ерда ташкил этилган кўплаб хўжаликлар оёққа турган. Биз, украиналиклар буни ғоят қадрлаймиз. Машаққатли йўл босиб шу ергача келганингизнинг ўзи ҳаммамизга ибрат ”.
Тинч-тотув яшаётган, ҳалол меҳнат қилиб, ўзига яраша даромад топаётган имон-эътиқодли одамларни “қулоқ” деб эълон қилишдан кўзланган мақсаднинг нималиги шу сўзларда аниқ-равшан кўринмоқда.
“Хотира саодати”ни мутолаа қилган ўқувчи ўзи учун бундан-да кўп ва муҳим маълумотларга эга бўлади, дунёқараши тиниқлашади. Михайловка қишлоғига туташ дала четида сақланиб қолган “Ўзбеклар қабристонига йўл” деган белгининг ўзи уруш нималигини тасаввур қиладиган, ҳеч бўлмаса, Уильям Фолкнернинг “Дунё дунё бўлганидан бери бирорта жангда ғолиб бўлмаган. Жанг майдони инсоннинг идрок кўзини очиб, унга хатоларини кўрсатади, холос”, деган фикридан хабардор киши учун янада чуқур мушоҳада юритишга асос беради. Муаллиф матн устида ишлашни давом эттирса, уни янги мушоҳадалар билан бойитса, талабчан китобхонларимиз жавонларида олис ва яқин ўтмишимизнинг машъум саҳифалари ва улардан англашиладиган сабоқлар ҳақида ёшлар тарбияси учун ғоят муҳим бир асар пайдо бўлиши шубҳасиз.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “С.Нажимов” чегара божхона постига қўшни давлатдан пиёда кириб келган фуқаро Р.Т.нинг қўл юклари бел...
01 янв 1970
Шаҳрисабз шаҳрида 6 сентябрь куни Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида сўзлаган нутқи депутатлик фао...
01 янв 1970
Шу йил 13 июнда мамлакатимиз Президентининг “2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қи...