“Ишончингизни оқлаймиз, меҳридарё устозлар!”

/
Наргиза БОЛТАБОЕВА,
кикбоксинг бўйича икки карра Ўзбекистон чемпиони:

Бугунги кунда халқаро спорт мусобақаларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларга эришаётган юртдошларимиздан беҳад фахрланамиз. Улар орасида кўплаб тенгдошларимиз ҳам бор. Юртимизда ёшларга, ўқувчиларга ўз иқтидорини намоён этиши учун яратилган бебаҳо имкониятлар туфайли улар ана шундай ютуқларга эришмоқда.
Ҳар бир умумтаълим мактабида спортнинг бир қанча турлари бўйича тўгараклар ташкил этилган. Ушбу тўгаракларда тенгдошларимиз энг севимли машғулотлари билан шуғулланиб, тажрибали мураббийлардан сабоқ олмоқда.
Сергели туманидаги 267-умумтаълим мактабимизда ташкил этилган кикбоксинг тўгаракларида ҳам ўнлаб ўғил-қизлар катта орзулар билан спорт сирларини ўрганмоқда. Ушбу спорт туридан илк сабоқларни берган устозим, кикбоксинг бўйича Осиё чемпиони Ниғмат ака Иноятов биринчи машғулотдаёқ мени қатъиятли бўлишга ўргатди. Устознинг “Аввало, спортчининг ўзига ишончи бўлиши керак, спорт — менинг ҳаётим, деб қараши лозим”, деган сўзлари ҳар биримизни ана шундай қатъият билан шуғулланишга ундади.
Мактабимизда спортнинг ушбу турига қизиқувчилар кўп, буни кикбоксинг бўйича иккита тўгарак борлигидан ҳам билиш мумкин. Таълим даргоҳимизда 2017 йилдан буён устозим, кикбоксинг бўйича жаҳон чемпиони Муниса опа Қорабоева раҳбарлик қилаётган тўгаракка қатнашиб келмоқдаман. Шу икки йил ичида мамлакатимизда ўтказилган бир неча мусобақаларда муваффақиятли иштирок этдим. Кикбоксинг бўйича Тошкент шаҳар очиқ чемпионатида 1-даражали диплом билан тақдирланиб, икки карра республика чемпиони номига сазовор бўлдим. Қувонарлиси, тўгарагимизнинг яна бир аъзоси Одина Ҳабибуллаева ҳам икки карра республика чемпиони бўлди ва иккаламиз ҳам Қозоғистонда жорий йил октябрь ойида ўтказиладиган халқаро мусобақада юртимиз шарафини ҳимоя қилиш имконига эга бўлдик.
Спортчи ёш бўлса ҳам унга доим катта тажриба керак бўлади. Ҳозир 12 ёшдаман, 7-синфда ўқияпман. 2018 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган “Комбат айкидо” VI халқаро турнирида фахрли 1-ўринга сазовор бўлдим. Бу менга халқаро ареналарда иштирок этиш борасида жиддий сабоқ берди.
Устоз-мураббий Муниса опа спортчи маҳоратли, ҳар томонлама етук, билимдон, ватанпарвар, юртга фидойи инсон бўлиб камол топиши лозим, деб уқтиради. Шу боис тўгарак аъзолари мактабда дарсларни қандай ўзлаштираётганидан устоз ҳар доим хабардор бўлади. Барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, билимимни мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қиляпман. Шу билан бирга, спортга оид китобларни мутолаа қилиб тураман.
Мураббийларимиз бизнинг ҳар бир ютуғимиздан ота-оналаримиз каби беҳад қувонади. Айниқса, ғалаба онларида буни дилдан ҳис этамиз. Эришган муваффақиятларимиз азиз мураббийларимизнинг сабоқлари, меҳнати натижасидир. Уларга чексиз ҳурмат, меҳр ва эҳтиром билан ишончингизни оқлаймиз, меҳридарё устозлар, деймиз.  

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Келгусида Президентимиз, давлатимиз билдирган юксак ишонч ва эътиборга лойиқ бўлишни шарафли бурчим деб биламан....
01 янв 1970
Сўзни нотўғри ёзган бир синфдошимиз “саховат” сўзининг ёзилиши ҳақида ўқитувчимиз билан баҳслаша бошлади:...
01 янв 1970
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида ҳам иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасининг сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишла...