Озодалик посбонлари

/
Ҳар куни ишга келар эканман, ён-атрофнинг тозалиги, йўлакларнинг ёғ тушса ялагудай орасталиги, супурилиб, сув сепилганда димоққа уриладиган тупроқнинг ёқимли ифоридан руҳиятимда бир сокинлик, енгиллик пайдо бўлади. Кўча супурувчи аёлга яқинлашар эканман, унинг қилаётган ишига қалбимда алоҳида бир эҳтиром уйғонади.
У кўзимга озодалик, саришталик посбонидай кўринади. Шу онда онамнинг насиҳатларини хотирлайман: “Болам, ҳовлию йўлакларни супурсанг, ер: “Сен менинг юзимни очдинг, Оллоҳим сенинг бахтингни очсин,” дер экан. Бу гапда ҳикмат кўп,” дерди. Ўша пайтларда бу гапларнинг маъносига тушунмасдим. Улғайгач, супуриш-сидириш, орасталик озодалик билан бирга меҳнатсеварлик, камтарлик ва ўзгалар меҳнатини қадрлашга ҳам ўргатишини англадим.
Дарвоқе, йўлаклар бир кун тозаланмаса, турли қоғоз ва тўкилган хазонлардан, оёқ кийимига ёпишган чанглардан кўнгилга бир нохушлик чўкади. Шундай пайт кўнгилдан қани энди ҳамма ёқ озода, саришта, тоза бўлса эди, деган фикр кечади. Ана шундагина бу касбнинг нақадар муҳимлигини, аҳамиятлилигини яна бир карра тушуниб етасиз.
Шу касб эгалари ҳақида нимадир ёзгим келди. Шу мақсадда Чилонзор туман Ободонлаштириш бошқармаси билан боғландим.
— Манзура Шохўжаева ҳақида ёзинг. 40 йилдан бери шу касбда ишлайди. Суҳбатлашсангиз ўзингиз ҳам яхши кўриб қоласиз. 600 кишилик жамоамиздагиларнинг барчаси уни ҳурмат қилиб “она” деймиз, — дейди Чилонзор туман Ободонлаштириш бошқармаси касаба уюшмаси қўмитаси раиси Саида Муҳамедова.
Манзура Шохўжаева билан суҳбатимиз унинг болалик хотиралари ва ўзи танлаган касби ҳақида бўлди:
— Ёшим 70 га етди. Болалигим урушдан кейинги йилларга тўғри келди, оилавий турмуш шароитимиз оғир эди. Ўқитувчи бўлишни орзу қилар эдим. Олий ўқув юртига кириш учун имтиҳонларда омадим келмагач, Тошкент маданий-оқартув техникумининг кутубхоначилик йўналишига ҳужжат топширдим. Ўша пайтларда китоб ўқиш жону дилим эди. Ўқишни тугатгач, ота-онам оламдан ўтдилар. Кейин турмуш муаммолари бошланди.
— Кейинги ҳаётингиз ҳам осон кечмагандир?
— Оиладаги муҳит, ота-онанинг бир-бирига муносабати, ҳаётга қарашларининг ўзиёқ қиз болани турмушга тайёрлаб қўяди. Биз онамизнинг тарбияларидан шуни тушунганмизки, оилада тош келса кемириб, сув келса симириб, хонадоннинг ўти билан кириб, суви билан чиқишимиз керак эди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.
Мен келин бўлиб тушган хонадон ҳам моддий жиҳатдан анча қийналган оилалардан экан. Турмуш ўртоғимнинг касби ҳайдовчи бўлиб, бир кишининг маоши нимага етарди, дейсиз? Учинчи фарзандим дунёга келгач, иш сўраб, ободонлаштириш идорасига уч ой қатнадим. Дипломимни кўриб, барибир, кўча супуриш ишида узоқ вақт ишламайди, деб ишга олмай анча сарсон қилишган. Чунки ҳақиқатан ҳам бу касбнинг қийинчиликларига чидолмай ташлаб кетувчилар ҳам топилади. Йўл супуриш, ариқ-зовурларни тозалаш, гуллар, кўчатларни парваришлаш... Меҳнатда тобланган одамгина қилади бу ишни.
— Қўлимда дипломим бор, нега кўча супуришим керак, деган фикр кўнглингиздан кечмадими? Бунинг устига маҳалладошлар, дугоналарингиз...
— Сиз назарда тутган одамлар ҳамиша, ҳамма замонларда бўлган. Ҳатто устимдан кулганлар ҳам бўлди. Аммо мен учун ўзгаларнинг фикри эмас, турмуш ўртоғимга оила тебратишда ёрдамлашишим, шу билан бирга, болаларимни қаровсиз қолдирмаслигим, бир сўз билан айтганда, оиламнинг тинчлиги ва тўкинлиги муҳим эди. Болаларим жуда ёш, бунинг устига 2 ойлик чақалоғим бор. Рўзғорга қарашмасам бўлмасди. Ўшанда мен учун энг қулай иш ҳам шу эди. Ҳам болаларимнинг тарбиясига қарайман, ҳам кўчамизни супуриб, маош оламан. Ярим йил фаррош бўлиб ишлагач, мени бригада бошлиғи қилишди, 30 йил бригадирлик қилдим. Мана, ўн йилдирки, устаман. Қирқ нафарга яқин ишчига бошман. Уларнинг ҳар бирини ўз фарзандимдек яхши кўраман, оилаларининг қувончу ташвишларида биргамиз. Қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Шу иш орқали 7 нафар фарзандимнинг барини уйли-жойли қилдим.
Меҳнат қилиб, ҳалол луқма ейиш уят эмас – шараф. Меҳнат заҳматини тотган инсон борига шукр қилиб яшайди.
— Фалончининг касби баракали эмас, — деган гапни эшитиб қоламиз гоҳида.
— Мен бундай деб ўйламайман. Ўз ишини яхши кўрган, ризқини ҳалол меҳнат билан топишни хоҳлаган ҳар бир киши ўз ишининг қадрига етади. Фидойилик билан ишлаган одам асло кам бўлмайди.
— Ҳар куни ўз вазифангизни бажараётганда кўнглингиздан нималар кечади?
— Қаҳратоннинг совуғию саратоннинг жазирамаси бўлмасин, эрта тонгданоқ ёшу қари ширин уйқудалигида биз аллақачон ўз вазифамизни бажаришга киришган бўламиз. Шундай қуёшли ўлкада яшаётганимдан фахрланаман ва қуёш нури тушадиган заминнинг ҳар бир қаричи озода бўлишини хоҳлайман. Қаранг, она шаҳримиз кундан-кунга чирой очаяпти, қанчадан-қанча бинолар қад ростлаяпти. Тасаввур қилинг: биз ва касбдошларимиз бўлмаса, чанг ва турли ахлатлар орасида гўзаллик бўй кўрсатармиди?! Аслида гўзалликнинг асоси озодалик ва орасталикдадир.
Шаҳримизнинг ҳар бир кўчаси мен учун қадрдон. Айтайлик, шаҳримизнинг “Мукат” кўчасидан то “Байналмилал” кўчасигача, “Қозиработ”, “Катта Чилонзор”, “Новза” маҳаллаларидаги “Гагарин”, “Муқимий”, “Арнасой”, “Лаби Ҳовуз”, “Катта Қозиработ” каби бир неча кўчаларнинг ҳар бир хонадони, у ердаги ҳар бир дарахт мен учун таниш. Гулларни кўрсам баҳри-дилим очилади. Ана шу маҳаллалар, кўчаларда яшовчи аҳоли ҳурматимни жойига қўйишади.
— Одамлар ҳақида қандай фикрдасиз?
— Одамлар турфа хил: улар орасида саломлашиб, ҳол-аҳвол сўрашиб ўтадиганлар ҳам, эндигина тозалаган йўлакка қоғозми, сигарет қолдиғи ёки музқаймоқ қутисими ташлаб кетувчилар, ҳатто бемалол юзингга қараб туриб писта чақиб ўтувчилар ҳам, нописандлик билан бурун жийириб кетувчилар ҳам бор. Баъзида невараларим тенги ёшгина қизлар бирон гапи ё ҳаракати билан дилимни оғритиб кетишади. Начора, кўчада, йўлда ҳар одам ўзининг асл қиёфасини намоён қилади. Бунга кўп парво қилавермайман. Лекин ҳаётда яхши инсонлар кўп. Озодалик, орасталик, яхшилик, гўзаллик ҳам ана шуларнинг борлиги туфайли ҳаётда барқарор.
Мен ҳам устаман, деб қараб турмайман, ёшим 70 га етган бўлса ҳам ишчининг чарчаганини сезсам, унинг ўрнига ўзим ишга тушиб кетаман. Ёрдамимни аямайман. “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” кўкрак нишони билан тақдирланганимда бутун бошқармамиз ишчилари ўзлари мукофотлангандай қувонишган. Бу ҳам бир бахт!
Онахон билан хайрлашар эканман, унинг сўзлари қулоғим остида жаранглайди: “Кўча супурувчилар, озодалик посбонлари бўлмаса, шаҳар бугунгидай гўзаллик касб этармиди?!” Ҳақиқатан ҳам шундай!
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар Сурхонда...
01 янв 1970
Астойдил ҳаракат қилинса фуқароларни ўйлантираётган ҳар қандай масалага ечим топиш мумкин. ...
01 янв 1970
Суднинг қора курсисида инсонийликни унутганлар, жаҳл отига минганлар, бир сўз билан айтганда, гуноҳга ботганларнинг қанчадан-қанчаси ўтиришган....
01 янв 1970
“Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани Марказий деҳқон бозорида жойлашган озиқ-овқат дўконларидан бирига 2012 йилдан буён эгалик қилиб келар эдим....