Одамлар нега тоза ҳавога зор бўлмоқда?

/
Инсон тоза ҳаводан нафас олиш, тинч-хотиржам яшашга ҳақли эканини исботлашга асло ҳожат йўқ. Лекин бир гуруҳ аҳолининг оддий тоза ҳаводан нафас олиш истагида бормаган идораси, қоқмаган эшиги қолмади.
Уларнинг муаммосини ҳал этишга бел боғлаган депутатнинг ҳам ҳафсаласи пир бўлди.
Шайхонтоҳур тумани Маннон Уйғур маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролардан келган шикоят хатини ўрганиш асносида бунга амин бўлдик.
Шикоят мазмунига эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур маҳаллада фаолият юритаётган кушхона хонадонларга туташ бўлиб, бу ердан чиқаётган ҳид, шовқиндан одамлар анчадан бери қийналиб келаётган экан.
Бу муаммони ҳал қилиш учун Тошкент шаҳар халқ депутатлари Шайхонтоҳур тумани кенгаши депутати Бахтиёр Шамсиддинов кўп ҳаракат қилган.
– Аҳоли кушхонадан азият чекаётганини мурожаат қилиб олдимга келганида нақ ёзнинг чилласи эди, – дейди Б.Шамсиддинов. – Кушхонага яқин жойлашган хонадонларга бордим. Бадбўй ҳиддан димоғим ачишди. Энг ёмони, бу ҳид уйдаги мавжуд ҳамма нарсага, пардадан тортиб, гиламларгача, кийим-кечакларгача ўтириб қолганига гувоҳ бўлдим.
Кушхона бўлгандан кейин нафақат мол-ҳолнинг, қоннинг ҳиди, балки шовқини ҳам келиб туриши турган гап. Яна мол-қўйлар кўпинча тунда олиб келиниб, сўйилар экан. Бунинг атрофида ғала-ғовур бўлмаслиги асло мумкин эмас. Аҳоли шунинг дастидан тунда тинч ухлолмайдиган бўлган.
Депутат одамларнинг ҳолига ачиниб, бу масалани Сенатгача олиб чиқди. Кушхона фаолиятини ўрганиш учун Республика даражасидаги комиссия тузилди. Комиссия аҳволни ўрганиб кушхона аҳоли яшаш ҳудудида бўлмаслиги керак, деган хулосага келди.
– Афсуски, аҳоли манфаати таъминланиши керак, деган гаплар ҳавода қолди, – дейди Б.Шамсиддинов. – Кўпинча аҳоли манфаати ҳамма нарсадан устун, деган чиройли сўзлар баланд пардаларда жаранглайди. Амалда эса доим ҳам таъминланмаяпти. Балки бу ерда таниш-билишчилик роль ўйнаётгандир ёки кимларнингдир манфаати таъминланаётгандир? Агар шундай бўлса, Президентимизнинг халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни қарор топтирамиз, деган гапларига қарши кимсалар ҳам бор. Шундай кимсалар дастидан айрим одамлар оддий тоза ҳаводан нафас олишдан маҳрумлиги ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди.
Ҳақиқатан Маннон Уйғур маҳалласи Улуғбек кўчаси 145 “б”-уйда жойлашган кушхонага кирарканмиз, ёпиқ ва очиқ қўй қўралари борлиги, уларда ўнлаб қўйлар сақланаётганига гувоҳ бўлдик. Қўрага туташ очиқ эшикдан қўй сўяётган қассобларга кўзимиз тушди. Бир қарашда батартиб кушхона, аммо мол-ҳол бўлгандан кейин ҳиди ҳам шунга яраша.
Кушхонага яқин 141-уйда бўлганимизда кушхонадан чиқаётган ҳид бу хонадонга бемалол етиб келишига ишонч ҳосил қилдик.
Мазкур хонадонда истиқомат қилувчи 90 ёшдан ошган Аҳмарой ая Миёнова билан суҳбатда бўлдик.
– Анчадан бери тоза ҳаводан нафас олишга зор бўлиб яшаб келяпмиз, – дейди онахон. – Кушхонадан кечаси-ю кундузи бадбўй ҳид келиб туради. Уйдагилар иш, ўқиш баҳонасида кўчага чиқиб кетишади. Мен эса бир жойга боришга ярамагандан кейин шу бадбўйдан узлуксиз нафас олишга маҳкумман. Мени кўргани қўшнилар, танишлар тез-тез келиб туради. Лекин “уйингизда сассиқ ҳид бор”, деб дарров кетишга чоғланишади. Дардимизни эшитганларнинг ҳаммаси тўғри айтасиз, дейишади-ю, лекин ҳақиқат ҳеч қарор топмади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Санитария қоидалари ва меъёрлари” талабларида ҳам кушхоналар аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуддан 500 метр узоқликда жойлашган бўлиши шартлиги аниқ кўрсатиб ўтилган.
Шу асосга кўра, маҳалла аҳолиси Давлат санитария-эпидемиология назорати марказига бир неча марта мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан ўрганиш натижасига кўра кушхонада аниқланган камчиликлар учун мутасадди шахслар жаримага тортилган, кушхона ёпиб ҳам қўйилган. Лекин сал вақт ўтмай яна ўз ишини давом эттираверган.
Икки йилдан ортиқ вақт давомида бир гуруҳ маҳалла аҳлининг ўнлаб шикоятлари катта-ю кичик идораларда кўриб чиқилди. Жавоб хатларида аҳолига ён босишган-у, лекин дардига дармон бўлгувчи топилмаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июнь куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш, аҳоли яшаш жойларини обод масканга айлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳридаги маҳаллаларни ўрганиш борасида бошланган ишлар хусусида тўхталар экан, пойтахтимиздаги аҳвол вилоятлардаги энг чекка қишлоқлардан ҳам ачинарли эканини афсус билан қайд этган эди.
Бу афсус замирида пойтахтдай шаҳри азимда тоза ҳаводан нафас олишга зор одамлар борлигига ачиниш бўлса ажаб эмас. Чунки ушбу видеоселектор мажлиси баёнида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат ветеринария қўмитаси ва Давлат санитария-эпидемиология назорати марказига уч кун муддатда барча чорва ҳайвонларни сўйиш корхоналари фаолиятини тўхтатиш ҳамда келгусида шаҳар ичкарисида бу каби корхоналарни ташкил этишга йўл қўймаслик қайд этилган.
Шунга асосан Тошкент шаҳар ветеринария бошқармаси 2018 йил 28 июнда Шайхонтоҳур тумани Улуғбек кўчаси 145 “б”-уйда жойлашган “Бизнес-феникс” масъулияти чекланган жамиятига қарашли кушхона фаолияти учун 2017 йил 15 декабрда берилган ветеринария-санитария хулосасини бекор қилган.
Бундан кўриниб турибдики, кушхона шу кундан фаолиятини тўхтатиши даркор эди. Чунки юқорида тилга олинган видеоселектор йиғилишидан сўнг Тошкент шаҳрида жойлашган кўплаб кушхоналар ёпилиб, шаҳар ташқарисига кўчирилган. Лекин биз тилга олаётган манзилдаги кушхона ҳамон фаолият юритмоқда.
Аҳолининг бизга маълум қилишича, кушхона манзилида “Искандар Насрулло Хуррамбек” фермер хўжалиги, “Mirfayzi lux” масъулияти чекланган жамияти, “Бизнес-феникс” масъулияти чекланган жамияти фаолият юритган. Бу номлар шикоятлар марказида бўлгач, суд қарорларида акс этгач, ўзгариб борган. Бироқ, моҳият ўзгармаган. Кушхона кушхоналигича қолаверган.
– Баъзан кушхонага кўп мижозлар келиши оқибатида йўл четлари автомобилларга тўлиб кетади, – дейди мазкур маҳаллада яшовчи Наргиза Раҳимова. – Дарвозадан бемалол кириб-чиқиб ҳам бўлмай қолади. Қон ҳиди анқиб тургач, ит-мушуклар, каламушлар ҳам бу ердан ҳеч аримайди. Шунинг ўзи аҳоли яшайдиган ҳудуднинг антисанитар аҳволда эканини англатмайдими?
Бир сўз билан айтганда, ободлиги билан донг таратган Тошкентдай шаҳарда юқоридаги каби ҳолатнинг борлиги жуда ачинарли. Тўғри, аҳолига гўшт керак. Уни тайёр ҳолда бозорларга етказиб бераётган тадбиркорлар керак. Бироқ, ҳар бир иш ўз ўрнида амалга оширилгани маъқул эмасми? Кушхона эгалари ҳам аҳолини йиллаб норози қилмай, ўз жойини ўзгартирса, талаб қилинаётганидек, кушхонани шаҳар чеккасига кўчирса олам гулистон бўлмайдими?
Мутасаддилар эса муммонинг ечими ҳақида бош қотирмасдан, уни хаспўшлаб юбораётгани ажабланарли. Хаспўшланган жойнинг тагидаги муаммо эса тобора газак олиб кетаётгани уларни хавотирга солмасмикин?
Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” ижтимоий лойиҳаси амалиётга кенг татбиқ ...
01 янв 1970
Маълумки, туркий тилда ижод қилган адиб ва шоирлардан бирортаси ҳазрат Алишер Навоий қадар тил назарияси билан шуғулланмаган....
01 янв 1970
Ҳаётда бировни алдаб пулини олишдан лаззатланадиганлар ҳам учраб турар экан. Бу худди наркотик моддага ружу қўйиш билан баробар....
01 янв 1970
Qalampir.uz интернет нашри раҳбари Қамариддин ШАЙХОВга очиқ хат