БОЙ БЎЛИНГ...

/
Бу дунё — синов даври. Эҳтиёжлар олами. Бола туғилгани заҳоти эҳтиёжлари ҳам вужудга келади. Улар улғайганимиз сари каттариб бораверади. У ўсиб борувчидир.
Замон эҳтиёжларидан бири — молу дунё, бойлик. Инсон зоти унга етишиш, ўзида борини кўпайтириш учун нималарга қодир эмас дейсиз?! Айниқса, у “пул — жон”, “ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин”, “моддият маънавиятдан устун” ақидасига амал қилувчи бўлса! Орамизда бировларнинг тушириб қолдирган кўп пулини топиб олишни орзу қиладиганлар борлигини биламиз, ишламасдан, ақлини ишлатмасдан бирданига бойиб қолишни хоҳлайдиганларни кўрганмиз. Улар жиноятга мойил, ўзганинг ҳақидан қўрқмайдиган ва шу сабаб маънавий тарбияга муҳтож инсонлардир.

Қизиғи, мазкур масала азалдан олиму уламоларнинг ҳам диққат-эътиборида бўлган. Ҳатто у китобларнинг алоҳида бобларида муҳокама қилинган. Жумладан, таниқли теолог аллома Абу-л-Муин Насафийнинг “Баҳру-л-калом фи илми-л-калом” (“Калом илмида сўзлар денгизи”) асарида “Бойлик ва фақирлик” номи остида келтирилган махсус боб бор. Чунки ақида илми – каломнинг муҳим масалаларидан бири бойлик ва фақирлик мавзуларини ҳам ўз ичига олади. Аллома мазкур бобда бойлик ва фақирликнинг барча жиҳатларини таҳлил қилар экан, сўзларини исботлаш мақсадида Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ҳамда машҳур олимларнинг фикрларини келтиради.
Боб шундай бошланади: “Баъзи олимларимиз фикрига кўра, бойлик фақирликдан афзал. Аксар алломалар: “Сабрли фақир бахил ва исрофгар бойдан яхшироқдир”, дейишади.
Биринчи тоифа олимлар Аллоҳ таоло томонидан айтилган “Яна Сизни гумроҳ (ғофил) ҳолда топиб, (тўғри йўлга) ҳидоят қилиб қўймадими?!” (Қуръони карим. Зуҳо сураси, 7-оят.) сўзни далил келтирадилар.
Аллоҳ таоло Ўз ҳидояти сингари беҳожат қилиб қўйганини ҳам марҳамат қилмоқда. Агар фақирлик бойликдан афзал бўлганида, юқоридаги оятнинг маъносидан фойда йўқ эди”.
Насафий эътиборни бой инсонга хос фазилат ва қусурларга қаратади. Агар инсон бой бўлсаю исрофгар бўлса, ёмон. Чунки вақти келиб, ҳар биримиз Аллоҳ таоло олдида бойликларимизни нималарга сарфлаганимиз учун жавоб берамиз. Шунга кўра, исроф қилинган бойлик эгасининг зарарига хизмат қилиши аниқ. Бу ҳол замон нуқтаи назаридан таҳлил этилса, тўйлардаги дабдабабозлик, ноз-неъматларни меъёридан ортиқ сарфлаш ёки оддийгина, уларни ножоиз, ноўрин сарфлаш – барчасидан тийилиш учун хизмат қилган. Китобларда эҳсон қаратилган манбалар ҳам аниқ белгиланган. Масалан, зиёфатларнинг энг афзали унда муҳтож инсонлар жамланганидир. Демак, моддий таъминоти яхши бўлган инсонлар ўзлари ташкил этган тадбирларга кимларни таклиф этишлари хусусида тафаккур қилишлари лозим.
Насафий тарихга мурожаат қилади ва Довуд, Сулаймон, Юсуф, Иброҳим, Мусо каби аксар пайғамбарлар ва саҳобалар ҳам бой бўлишганини таъкидлайди. Ривоят қилишларича, Абдураҳмон ибн Авф ибн Абду-л-Ҳорис Қураший касал бўлганида хотинини талоқ қилибди. Кейин ўрталари ислоҳ қилинганда хотин маҳрининг тўртдан бири саккиз минг, бошқа ривоятда эса, саксон минг дирҳамни ташкил этгани айтилади. Кўриниб турганидек, кўплаб буюк инсонлар бой бўлганлар. Бу ўринда масала бойликда эмас, унинг қандай сарфланишида. Чунки мазкур инсонлар ҳар қанча бой бўлишмасин, эҳсонни кўп қилувчи, муҳтожларни ўйловчи, саховатпеша эдилар. Шунинг учун уларнинг бойлиги кундан-кун зиёд бўлиб бораверган.
ўаний, яъни бой бўлишда ҳам илм бор. ўофил, яъни илмсиз бой жоҳил бўлади. Ундан бошқалар учун бирор манфаат етмайди. Аллома Абу Наср Форобий айтганидек, “жоҳил ва адолатсизлик учун эзгулик йўқ ва улар бахтга эриша олмайдилар. Улар учун ҳатто ҳаёт ҳам бир кулфатдир”. Демак, илм, ақл, фаросат билан орттирилган, тўғри йўналтирилган, ҳалоллик устига қурилган бойлик бардавом бўлиб, сўрови ҳам осон кечади. Бу қарашни Афлотун ҳам тасдиқлайди ва ҳалоллик билан тўпланадиган бойлик қашшоқликдан афзаллигини айтади.
Насафий пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни келтиради: “Фақирлик кофирликка яқин бўлди”. “Чунки бойлик ўзида икки – нафс ва мол ибодатини жамлайди. Шундай экан, бойлик фақирликдан, шубҳасиз, афзалдир”, – дейди у.
Бошқа бир ҳадисда: “Мол яхши кишининг қўлида бўлса, қандай яхши”, деб марҳамат қилинади. Бундан аён бўлаётирки, бойлик – улкан масъулият, адо этилиши мушкул мажбурият. Қўлида бойлик тўпланган яхши киши:
биринчидан, муҳтожларга беғараз ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади;
иккинчидан, ўзи, болалари, яқинларининг сифатли билим олишлари учун шароит яратишга қодир бўлади;
учинчидан, савобини кўпайтириши учун фурсати бўлади;
тўртинчидан, юрти равнақига хизмат қила олади.
Акс ҳолда, Насафий наздидаги иккинчи тоифа олимлар далилида келганидек, Аллоҳ таолонинг “Дарҳақиқат, инсон ҳаддидан ошар. (Бунга) сабаб ўзини бой – беҳожат санашидир” (Қуръони карим. Алақ сураси, 6-7-оятлар) сўзига мувофиқ, кибр, ҳаволаниш ҳосил бўлиб, молу дунё эгасини залолатга етаклайди.
Бой давлатидан эҳсон қилиб, савобга ноил бўлади. Камбағал-чи? Унинг тўғри ниятига, қилган шукрига савоб ваъда қилинган. Демак, бойликда фазилат, фақирликда эса ҳикмат бор.
Шу ўринда камбағалликнинг бойликдан афзаллиги кўринади. Ваҳоланки, бунда ҳам ҳикмат бор. Чунки Закариё, Яҳё, Исо, Хизр, Илёс алайҳис-салом каби бир қанча пайғамбарлар камбағал бўлишган. Кўпчилик олимларнинг ривоят қилишларича, 40 та пайғамбар очлик ва бит касалига йўлиқиб, вафот топган.
Абу-л-Муин Насафий манбаларга мурожаат қилади: “Бойлик дунёда хурсандлик, охиратда эса қийинчиликдир, фақирлик дунёда қийинчилик, охиратда хурсандчиликдир”. Насафий сўзини давом эттириб, “камбағал, фақирлар бойлардан ярим кун олдин жаннатга кириши” тўғрисидаги маълумотни етказади. Охиратда бир кун дунё кунларидан 500 йилга тенг келишини эътиборга олсак, фақирлик бой бўлишдан афзал экани аён бўлади. Албатта, бу ўринда ҳам шукр қилувчи фақир тўғрисида сўз бормоқда. Асло исён қилувчи камбағал хусусида эмас. Зеро, борига қаноат қилмасдан, касб-корига хиёнат қилиб, ўзга юртларни ихтиёр қилиш сира оқланмайди. Қуръони каримдаги “Сизни камбағал ҳолда топиб...” ояти “сизни қаноат билан беҳожат қилди” мазмунида бўлиб, у (қаноат) туганмас бойликдир. Чунки ҳақиқий бойлик – мол беҳожатлиги эмас, қалб бойлигидир. Демак, борига қаноат қилиш, кундалик ҳаёти учун етарли маблағга шукр қилиш ҳақиқий бойликдир. Билъакс, қалби таскин топмайдиган инсон дунё бойликларига эгалик қилса ҳам, қониқмаслиги тайин.
Насафий мазкур оятнинг иккинчи маъносини ҳам шарҳлайди ва “Илм билан беҳожат қилди”, – дейди. Насафий ушбу масалага дақиқ ёндашар экан, пайғамбарлар ҳаётини мисол келтиради ва уларнинг “қалб бойлиги билан зийнатланишганини, дунёга эътибор бермасдан, мол қўлларида бўлса-да, шу мол билан хотиржам бўлиб, кўникиб қолишмаганини – қўл меҳнати билан ҳалол меҳнат орқали ризқ-рўз топишган”ини зикр қилади. Ақл эгаси Яратгандан давлат сўраши, аммо унинг меҳрини сўрамаслиги лозим. Чунки меҳри билан сўралган давлат тўпланади-ю, сарфланмайди. Ундан на эгасига ва на эҳтиёжмандларга манфаат бор.
Илми билан қаноат қилишнинг бир ҳикмати бор. Манбаларда таъкидланишича, “дунё ва унинг ичидаги барча нарса лаънатлангандирки, илм ва илм олувчи бундан мустасно”. Бинобарин, илмга ошно – у хоҳ бой бўлсин ва ё камбағал – эзгулик истовчи, бани башарга яхшилик соғинувчи бўлади. Мазкур қараш “куфрга яқин фақирлик”ка ҳам ойдинлик киритади. Бу ўринда “фақирлик”дан мурод илм ва сабрдаги камбағалликдир. Насафий молу дунёси кам одамларга таъриф берар экан, “камбағал ғоятда азизлигидан одамлар кўзидан бекинди”, – дейди. Агар у илмда комилликка эришса, буюклашади, улканлашади, азизу мукаррам бўлади. Барча замондошларию келажак авлод назарига тушади. Зеро, Пайғамбаримиз (а.с.)дан шундай ривоят қилинади: “Дунё хазиналарининг калитлари менга кўрсатилди, уларни қабул қилмадим ва айтдим: “Икки кун оч юраман, бир кун тўқ юраман. Эй, Раббим! Мени мискин ҳолда яшат, ўлдир ва шу мискинлар ичида қайта тирилтир”.
Хуллас, Насафий ва кўплаб алломаларнинг қарашларига биноан, молу дунёдаги бойлик ёки камбағаллик инсоннинг имкониятлари билан боғлиқ. Одам қудратидан ортиқ масъулиятни зиммасига олмаслиги, уни Яратгандан сўрамагани маъқул. Аксинча, адашади. Ҳайвонлар ва қушлар тилини тушунишни истаб, охир-оқибат ҳалок бўлганнинг ёки Пайғамбаримиздан қўйлари кўпайиши учун дуо сўраб, умрининг сўнгига қадар надомат чекиб, пушаймонда ўтганнинг ҳолига тушади. Бундай инсонлар меъёрни билиши муҳим. Шунда ҳам дунёвий, ҳам ухровий ишлари бадастур бўлади. Бир ҳадисда келтирилганидек, “дунёни истаган тижорат қилсин. Охират истаган зуҳд қилсин. Буларнинг иккисини ҳам истаган илм қилсин”. Тижорат – бой бўлишнинг самарали ва синалган усули. Зоҳидлик – бу дунёдан юз ўгириб, таркидунё қилиш. Бунда инсон ибодатдан ўзга нарсани тан олмайди. Илм эгаллаган олим эса бу икккисини онгли амалга оширади. Бу дунёни ҳам, унисини ҳам унутмайди – маҳкам тутади. Бошқача айтганда, қўли ишда, қалби Аллоҳда бўлади. Бинобарин, барча замонларда ҳам ҳар бир жамият ўзидан маънавият нурини таратиб турувчи бойларга эҳтиёж сезган.
Бу эса моддиятдан МАЪНАВИЯТ ва МАЪРИФАТ афзал эканини тасдиқлайди. Азалдан шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади.
Иргаш ДАМИНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар кўлами янада кенгайди. ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг бир қатор лойиҳалари асосид...
01 янв 1970
Халқимиз олис ўтмишдан бошлаб тарихнинг барча даврларида шаҳарсозлик маданиятида, гўзал иншоотлар, иморатлар қуриш борасида бунёдкор миллат сифатид...
01 янв 1970
Бобом “Олим бўлсанг, олам сеники” деб кўп айтарди, ҳар куни “китобингни ўқи”, дейишни канда қилмасди....