Дунё тамаддунининг улкан хазинаси

/
Самарқанд сайёҳлик салоҳиятининг янги қирралари билан жаҳонни ҳайратга солмоқда
Шу йилнинг март ойида Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Маҳмуд Аҳмедов Ўзбекистон Республикасининг Индонезия Республикасидаги элчихонасига амалий мақсад билан ташриф буюрди. Бу ерда унга барча зарур шароитлар билан таъминланган қабулхона ажратиб беришди ва элчихона ваколати доирасида Индонезиядаги расмий ва норасмий идоралар, ўқув муассасалари, банк, бизнес тузилмалари, туристик компаниялар билан мулоқот олиб боришга кўмаклашиладиган бўлди.
Хўш, унинг элчихона қошида фаолият олиб боришидан мақсад нима? Унга қандай вазифалар юклатилган? Таъбир жоиз бўлса, бу вазифаларнинг ижросидан икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик қандай наф кўради? Бу ҳақда кейинроқ фикр юритсак-да, даставвал Самарқандда халқаро сайёҳликни ривожлантириш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталсак.
Суғдиёнада муз саройи
Бугун улкан қурилиш ва бунёдкорликлар майдонига айланган Самарқандда шаҳарликларни бир-биридан кўркам иморатлар барпо этилаётганлиги билан ҳайратга солиш қийин. Чунки ҳар бир бунёдкорлик, фарзандлар келажаги, бахт-иқболи учун қўйилаётган ҳар бир ғишт шаҳарликларнинг кўз ўнгида, уларнинг бевосита иштирокида қад ростлаб, ўз салобатини намоён этмоқда. Шаҳар меъморчилиги ва унинг тарихий қиёфаси учун мутлақо янги ёндашув юзага келмоқдаки, уни бемалол мўъжиза деб аташ мумкин. Амир Темур кўчасида дунё шаҳарсозлигининг энг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган “Сити Самарқанд” шаҳарчаси, Суғдиёна мавзесида улкан муз саройи ва картинг марказига асос солинмоқда, бу ҳақли равишда самарқандликларнинг фахр-ғурурига айланмоқда. Ахир тарихий шаҳарда ҳамманинг, ҳамюртларимизнинг ва хорижлик сайёҳларнинг ҳавасини келтирадиган муз саройи қурилиши қадим заминнинг дунё кўз ўнгидаги янгича чиройи, бетакрорлиги, жозибаси эмасми? Муз устида фигурали учиш завқидан баҳраманд бўлиш, уни ўз кўзи билан кўриб, томоша қилишни ихтиёр этганлар учун бу чинакам туҳфа бўлиши шубҳасиз.
Асли Самарқанднинг ҳар битта гўшаси, минора-ю мақбараси, кўча ва хиёбони, шарқона удумларни авайлаб келаётган маҳалла, қут-баракага сероб бозор расталари, ажойиб байрамлари хорижий сайёҳлар учун дилтортар, бетакрор таассуротлар манзили бўлиб келган. Бугун эса очиқ осмон остидаги музей шаҳарнинг сайёҳлик равнақини янада ошириш, унинг дунё кўриб, хабар топиб улгурмган чизгилари-ю боқий хислатларини янада кенг тарғиб этиш, сайёҳлик бизнесини иқтисодиётнинг муҳим, даромадли бўғини сифатида йўлга қўйишга қатъий киришилган. Мамлакатимиз Президентининг Самарқандда шаҳарсозликни ривожлантириш, сайёҳлик инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш ва хорижий сайёҳларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳақидаги кўрсатмалари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Туризм учун инвестиция
— Давлатимиз раҳбарининг эътиборида турган долзарб масалага самарқандликларнинг муносабати хусусида тўхталадиган бўлсак, ҳар бир қурувчи, меъмор, йўлсоз ёки чет эллик ҳамкор умумий ишимизнинг равнақи учун бизга мададкор бўлмоқда, — дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти шуъба мудири Азиз Каримов. — Фақат 2018 йилнинг ўзида ижро этилиши шарт қилиб қўйилган 34 та инвестиция лойиҳаси, 9 та замонавий меҳмонхона, 30 та меҳмон уйлари, 2 та тематик парк, 3 та туризм-ахборот марказини барпо этиш, 42 та автобус ва микроавтобус харид қилиш устида иш олиб бораяпмиз. Президентимизнинг 2018 йил 28 июндаги қарорига мувофиқ, “Ипак йўли” туризм халқаро университети ташкил этилганлиги, жорий йилдан эътиборан вилоятда туризмни ривожлантириш департаменти фаолият кўрсата бошлагани ва у 9 та янги сайёҳлик хизматини таклиф этгани ҳам соҳага давлат миқёсида ғамхўрлик кўрсатилаётганининг амалий ифодасидир.
Дунё тажрибасидан шу нарса маълумки, инвестиция сиёсати бутун иқтисодиётда бўлгани сингари унинг истиқболли соҳаси ҳисобланган туризмни ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Самарқандда ҳам сайёҳликнинг моддий-техник базасини такомиллаштиришда инвесторларнинг иштирокини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Университет хиёбонидаги собиқ “Интурист” меҳмонхонаси негизида “Қоракул строй инжиниринг” компанияси томонидан янги 5 юлдузли меҳмонхона, “Нуробод”, “Отахўжаев” кўчалари кесишган жойда Туркиянинг АПЕАС компанияси томонидан 4 юлдузли меҳмонхона қуришга сармоя киритилди. “Афросиёб палас” меҳмонхонасини капитал реконструкция қилиш бўйича венгриялик инвесторлар томонидан 15 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишга келишиб олинди.
Ёки “Эл мероси” театрида маданий туристик мажмуа, тиббий сайёҳлик маркази ҳамда 4 юлдузли меҳмонхона қуриш учун “Yangon corporation” компанияси билан 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя тўғридан-тўғри киритишга қарор қилинди.
Булар туризм соҳасида хориж билан инвестицион ҳамкорликнинг бир қисми, албатта. Чет эллик ҳамкорлар билан зиёрат туризмини, экотуризмни, агротуризмни, тарихий-маданий, гастрономик, археологик туризмни ривожлантириш бўйича янги-янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш чоралари кўрилмоқдаки, бу саъй-ҳаракатлар вилоят иқтисодиётида янги бизнес ўз ўрнини топишга интилаётганидан далолат беради.
Бош мезон — жозибадорлик
Биргина зиёрат туризми бўйича жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида Регистон ансамблига 1 миллион 142 минг нафар сайёҳ, Имом ал-Бухорий мажмуасига эса 939 минг 600 нафар сайёҳ ташриф буюрди. Ёки шу вақт мобайнида Самарқандга 100 дан зиёд мамлакатлардан 180 минг хорижий сайёҳ, республикамиздан эса 1 миллион 320 минг маҳаллий сайёҳлар меҳмон бўлишди. Ташриф буюрган сайёҳлар рўйхатида Россия, Франция, Германия, Италия, Япония, Испания, Тожикистон вакиллари салмоқли ўрин эгаллаганлиги бу мамлакатлар билан туристик алоқалар кун сайин кучайиб бораётганини яққол намоён этмоқда. Ёки яна бир таҳлилга эътиборингизни қаратсак, шу етти ойда 80 минг нафар хорижий сайёҳнинг ҳар бири ўртача 3 кун давомида Самарқандни томоша қилган.
— Бу кўрсаткичлар Самарқандда хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқими тинимсиз кўпайиб бораётганидан далолат беради, — дейди вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Дилшод Нарзиқулов. — Президентимизнинг 2017 йил ноябрь ойида Самарқандга ташрифи чоғида сайёҳлик оқими бўйича прогноз кўрсаткичлари белгилаб берилган эди. Унга мувофиқ, 2018 йилда 350 минг нафар хорижий сайёҳни қабул қилиб, уларга хизмат кўрсатишимиз лозим. Бу ўтган йилдагидан деярли икки баробар кўпни ташкил этади. Демак, биз сайёҳларга муносиб даражада ташкилий, сервис хизматларини кўрсатишимиз лозим.
Дарвоқе, бугун Самарқанд шаҳри кўчаларида хорижий сайёҳлар учун икки қаватли 2 та янги автобус қатнови йўлга қўйилгани ва туристлар хавфсизлигини таъминлаш учун милициянинг махсус патруллик бўлимига 8 та “Сигвей” велоқурилмаси берилгани дарҳол ўз афзалликларини кўрсатди. Ислом Каримов кўчасида тарихий зиёрат учун 12 та электромобиль муттасил қатнаб тургани ҳам туризмга хос қулайлик ва жозибадорликни пайдо қилмоқда.
Ал-Бухорийни таниганлар Самарқандга интилади
Мусулмон давлатларидан ташриф буюрган аксарият меҳмонлар Самарқанд деганда буюк аждодимиз Имом ал-Бухорийни назарда тутишади ва унинг табаррук қадамжойини зиёрат қилишга ошиқади. Шуни назарда тутган ҳолда Имом ал-Бухорий мажмуасига туташган 60,4 гектар майдонда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режаси жадал амалга оширилмоқда. Бу ерда 27 та меҳмонхона, 3 та таҳоратхона ва ҳаммом, 2 та автотураржой, амфитеатр, бозор, 16 та миллий ҳунармандчилик буюмлари савдо дўкони, супермаркет, қаҳвахона қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилиб, инвесторларга тақдим этилган. Мазкур объектлар 2019 йил 1 сентябрига қадар тўлиқ қурилиб ишга туширилгач, биргина Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи йилига 250 минг хорижий сайёҳни қабул қила олади.
Ҳа, туризм йўналишидаги бунёдкорлик ишлари, ранг-баранг маданий-маърифий тадбирлар Самарқанд вилоятида сайёҳлик салоҳияти ортиб бораётганидан, бу кўҳна заминнинг ихлосмандлари кўпайганлигидан далолат бермоқда. Август ойининг иккинчи ўн кунлигида шаҳарнинг “Чорсу” майдони ва Ислом Каримов кўчасида шарқ бозори анъаналарини намоён этувчи “Silk Road Bazar” фестивали ташкил этилди. Юзлаб хорижий сайёҳлар бу жойга ташриф буюриб, Самарқанд ҳунармандларининг санъатларидан баҳраманд бўлишгани сайёҳлик китобидан ёрқин саҳифа сифатида жой олди.
Шу нуқтаи назардан олиб қараганда туризмни ривожлантириш бўйича вилоят департаменти соҳада ислоҳотларни амалга оширишда дадиллик, ташаббускорлик кўрсатмоқда. Департамент Буюк Британия элчихонаси билан ҳамкорликда видеоконференция шаклида алоқа ташкил этиб, хорижий мамлакатнинг энг йирик туристик компанияларига Самарқанднинг туризм потенциали тўғрисида зарур ва ишонарли маълумотлар тақдим этди. Сўзимиз аввалида қайд этилганидек, шу ўринда департамент вакили Маҳмуд Аҳмедов нега Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси қошида иш олиб бораётганини изоҳлаб ўтсак. Гап шундаки, Индонезияда Самарқандга саёҳат қилишга хайрихоҳлар бисёр. Туризм департаменти вакили ана шу хайрихоҳ кишилар ўртасида тарғибот олиб бориш, туроператорларни янги шартнома тузишга ишонтириши лозим. Бунинг учун вакил ихтиёрида барча электрон, босма тарғибот воситалари, энг муҳими, жонли сўз айтиш, юзма-юз мулоқотга киришиш имконияти бор. Бир сўз билан айтганда, Маҳмуд Аҳмедов Индонезияда Самарқанднинг туристик салоҳиятини ўз кўзи билан кўришга иштиёқмандлар сонини кўпайтира олди. Ҳа, хамюртларимиз ва хорижликлар назарида қалби обод, қадри баланд Самарқанд янги кун нафаси билан яшаб, ўз гўзаллиги билан дунёни ҳайратга солишда давом этмоқда. Буни хорижий сайёҳларнинг самимий эътирофларидан ҳам сезиш, ғурурланиш мумкин.
Елена Зум, Екатеринбург:
— Регистон нафақат Самарқанднинг, балки бутун Ўзбекистоннинг юзи, кўзи, ташриф қоғози десам адашмайман. Айниқса, кечки маҳал махсус ёритқич чироқлар остида Регистон майдонидаги миноралар янада маҳобатли кўринади. Барча кўчалар билан ёнма-ён пиёдалар йўлакчаси қурилгани хавфсизлик нуқтаи назаридан менга ёқди. Ислом Каримов кўчасида электромобиллар қатнаётгани экология учун айни муддао.
Ундер Тускан Сун, Дубай:
— Менга сайёҳларга очиққўл ва дўстона табассум билан пешвоз чиқадиган инсонлар, Самарқанд миллий ошхоналари ёқди. Бозорда новвот, нон, сомса ва қаймоқ татиб кўриб, роса ҳузур топдим. Таърифини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди.
Жохан Фисчер, Германия:
— Ҳар қандай мамлакатнинг равнақи, турмуш фаровонлиги, аввало, озиқ-овқат захиралари мўллиги ва хавфсизлиги таъминланганлиги билан ўлчанади. Сиёб бозорини кўриб Самарқандда айни шу масалада муаммо йўқ, деган хулосага келдим. Ҳунармандчилик фестивалида қатнашиб, уста кулолларнинг маҳоратига қойил қолдим. Сопол буюм ясаш жараёнини томоша қилибгина қолмай, ўз қўлим билан чархни айлантириб, лойга безак бердим.
Бундай фестиваллар тез-тез ўтказиб турилишини ва Самарқанд ҳунармандларининг ишини дунёга тарғиб қилишни жуда-жуда истайман.
Клое Петит, Франция:
— Регистоннинг салобати ҳар қандай сайёҳни ҳаяжонга солади. Бу ерда фақат улуғ ва гўзал ишлар ҳақида ўйлаб, хаёлга чўмасиз.
Менга нон фестивали ёқди. Бу ерда намойиш этилган турли ўлчамдаги ва безакли нонларни чинакам санъат асари дейиш мумкин. Шаҳрингиз расталарида адрасдан тўқилган матолар менга манзур бўлди, харид қилдим.
Бу эътирофларнинг ҳар бирида қадим шаҳарга, унинг одамларига нисбатан юксак ҳурмат ва самимиятни сезасиз. Аждодлар меросига, унинг шарқона маданият, санъат, одобу ахлоқ билан қоришиқ анъаналарига муносиб бўлиб яшаётган Самарқанд ва самарқандликлар меҳмондўстлик фазилатлари билан дунё сайёҳларининг қалбини ром этишмоқда. Бугунги кунда Самарқанд дунё сайёҳлари учун хавфсиз ҳудуд, обод маскан сифатида ном чиқарган. Шаҳарларда, амфитеатрларда куй-қўшиқ садоларини тинглаб ором оласиз. Беихтиёр бугунги кун нафаси билан яшаётган самарқандликлар бундан-да улуғвор, эзгу, савоб ишларга қодир, деган хулосага борасиз. Бу узоқ-яқиндан ташриф буюрган сайёҳ меҳмонларга очиқ қалб ва қирмизи нонлар билан пешвоз чиқадиган самарқандликларга берилган энг муносиб баҳодир.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
18 октябрь – Темурийлар тарихи давлат музейи очилган кун
01 янв 1970
Конституциямизда муҳрлаб қўйилган тамойил ва қоидалар асосида мамлакатимизда тўлақонли, самарали амал қиладиган қонунчилик ва ҳуқуқий база яратилди...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзт...
01 янв 1970
Куни кеча Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан “Сиёсий жараёнларда Ўзбекистон “Адолат&rd...